Home / ЯНГИЛИКЛАР / НАВОИЙ ТАБИАТГА ХИЁНАТНИ НИМАГА ҚИЁСЛАГАН ЭДИ?

НАВОИЙ ТАБИАТГА ХИЁНАТНИ НИМАГА ҚИЁСЛАГАН ЭДИ?

Юртимиздаги улкан тарихий ислоҳотлар халқимиз фаровонлигини ошириш, мамлакатимизнинг жаҳон ҳамжамиятидаги ўрнини юксалтиришда муҳим омил бўлмоқда. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан 2022 йил — “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили” деб эълон қилиниши ушбу бунёдкорлик, ободлик ва халқ фаровонлиги йўлидаги ислоҳотларга янада чуқур мазмун касб этди.

“Инсон қадри” ва “фаол маҳалла” тушунчалари бир-бирига жуда ҳамоҳанг. Инсон қадри қаерда юксак бўлади? Албатта, обод ва фаровон маҳаллада. Донишманд ота-боболаримиз бежиз “Обод маҳалла — обод юрт” иборасини ишлатмаган. Қачонки, маҳаллаларимиз кўркам ва ораста, кўчаларимиз яшил маконга айланиб, фуқароларимиз тинч, фаровон экан, юртимиз обод бўлади ва инсон қадри ҳам юксалади.

Президентимизнинг 2021 йил 30 декабрдаги “Республикада кўкаламзорлаштириш ишларини жадаллаштириш, дарахтлар муҳофазасини янада самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси амалга ошириляпти. Жорий йил баҳор мавсумида умуммиллий лойиҳа доирасида 125 миллион туп дарахт кўчатини экиш режалаштирилган. Аҳолига камида 10 миллион туп мевали ва манзарали дарахт кўчати бепул тарқатилиши ҳам назарда тутилган.

Давлатимиз раҳбари мазкур лойиҳа нинг аҳамияти ҳақида тўхталиб: “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси бир йиллик тадбир эмас. Унинг доираси да келгуси беш йилда 1 миллиард туп дарахт кўчати экишни мақсад қилган миз. Бу умуммиллий ҳаракатнинг натижаси ҳар бир маҳаллада кўриниши керак, бу савобли ишни ҳавас билан қилиш керак”, деган эди.

Жорий йил 2 февралда Президентимиз раислигида бўлиб ўтган видео селектор йиғилишида мазкур лойиҳа доирасида 1 мартдан “Яшил йиллик” умуммиллий тадбири бошланиши эълон қилинди. Унга мувофиқ, ҳар бир ҳудуднинг иқлимига мос, кам сув талаб қиладиган кўчатларни танлаб, уларни етиштириш учун кўчатхоналарни кўпай тириш, халқаро ва республика аҳамиятига эга йўллар четида 1,5 миллион туп дарахтдан иборат иҳота дарахтзорлар барпо этиш вазифаси белгилаб берилди. Мутасадди идораларга барча туман ва

шаҳарларни қамраб оладиган “мобиль экопатруллар” фаолиятини йўлга қўйиш топширилди.

Уйимиз, ариқлар, кўчалар, қабристон ларни, уларнинг атрофини ҳашар йўли билан тозалаш қадимдан халқимизда урф бўлган. Мана, неча асрларки, бу урф-одат халқимиз қадриятларида ўз ифодасини топмоқда.

Аммо сўнгги пайтларда юртдошларимиз бу қадриятлардан узоқлашгандек гўё. Шу боис, давлатимиз раҳбари бу масалага маҳалла фаоллари, нуроний лар, оммавий ахборот воситалари ва кенг жамоатчиликни эътибор қаратишга чақириб, барчанинг зиммасидаги муҳим вазифани қуйидагича баён этди: “Албатта, бундай муаммоларни фақат маъмурий йўл билан ҳал этиб бўлмайди. Бунга ёш авлод қалбида она табиат га дахлдорлик ҳиссини тарбиялаш орқали эришиш мумкин. Маҳаллада, кўчаларда чиқинди ташлаган кишини кўрганда “бу ишингиз нотўғри бўлди”, дейдиган муҳитни шакллантириши миз, одамларни бунга ўргатишимиз керак. Бу — ҳаммамизнинг ишимиз ва инсоний бурчимиз”.

Муқаддас ислом динимиз кўкаламзорлаштириш ишларини кенг тарғиб қилади. Бунга Пайғамбаримизнинг ҳатто уруш пайтида ҳам дарахтни сабабсиз кесмас ликни, ўрмонни ёқмасликни буюрганлари атроф-муҳит муҳофазасига эътибор нинг юксак кўринишидир.

Анас ибн Молик Пайғамбаримиздан ривоят қилган ҳадисда бундай дейила ди: “Агар бир мусулмон банда кўчат ўтқазса ёки экин экса, ундан қушми, инсонми ё ҳайвонми еса, бунинг учун унга садақа (қилган савоби) бўлади”.

Дарахт экиш инсонга нафақат тирик лигида, балки вафотидан сўнг ҳам манфаат етказиб туради, қиёмат кунигача садақаи жория сифатида банда фойда сига хизмат қилади. Бошқа бир ривоят да: “Агар мусулмон банда бирор кўчат экадиган бўлса, ундан инсон, ҳайвон ёки қуш еса, бу ўша бандага қиёмат кунигача садақаи жория бўлади”, дейилган.

Бундан Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) умматларини кўчат ўтқазиш ва экин экишга тарғиб қилган лари маълум бўлади. Ҳатто Анас ибн Моликдан ривоят қилинган ҳадисда: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) “Агар қиёмат қоим бўлиб қолсаю ва шу вақтда бирортангизнинг қўлида хурмо кўчати бўлса, уни экиш га улгурса, экиб қўйсин дедилар”, дейилади.

Қуръони каримдаги 750 га яқин оят табиат ҳодисалари ҳақида мулоҳаза юритишга ва бутун яратилган мавжудотлар ўртасидаги муносабатларни ўрганишга ундайди.

Улуғ алломалар асарларида ҳам атроф-муҳитга оид қатор масалалар баён этилган. Абу Али ибн Сино “Тиб қонунлари” асарида атроф-муҳитнинг инсон саломатлиги ва руҳиятига таъсирини очиб берган. Амир Темур бўз ерларни ўзлаштирган кишилар ёки боғ ташкил этганларни рағбатлантирган. Алишер Навоий эса табиатга хиёнатни дўстга хиёнатга қиёс қилган.

Ҳар биримиз ўзимиз яшаб турган шаҳару қишлоғимизни, маҳалламизни обод қилиб, жорий йилнинг 1 мартидан бошланган “Яшил йиллик” умуммиллий тадбири доирасида кўкаламзорлаштириш ишларида фаол бўлиб, масжидларимиз атрофига, маҳаллаларимизга, кўчаларимизга бир тупдан кўчат ўтқазсак, бутун мамлакатимиз обод бўлиб, боғу бўстонга айланади.

Шоазим МИНОВАРОВ,
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори
Манба: “Янги Ўзбекистон” газетаси 2022-йил 5-апрел, 67(589)-сон

Check Also

Тадқиқотини кутаётган қўлёзмалар бисёр

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Германиянинг Гамбург университети ҳузуридаги Осиё-Африка тадқиқотлари институти билан ҳамкорликда “Зарафшон …