Мазҳаблар гарчи муайян бир имом исми билан номланган бўлса-да, бу “шу мазҳабни Фалон имом тузган, фақат ўз фикрига суяниб, мустақил фатволар берган” деган маънони англатмайди. Тўрт мазҳаб имомлари Имом Абу Ҳанифа, Имом Шофеий, Имом Молик ва Имом Аҳмад саҳоба ва тобеинлардан мерос қилиб олган илмларини муайян қоидаларга солиб, бир дастур сифатида оддий инсонлар ҳам тушунса бўладиган қилиб одамларга етказган. Мазҳаблар шаклланишида қоида ва манҳажлари асосий дастур бўлгани учун уларнинг номига нисбат бериладиган бўлди.
Доктор Мустафо Хон айтганидек: “Бугунги кунимиздаги муаммо – имомларнинг ўзи мазҳабларни тўқиб чиқарган, деган гумон. Ваҳоланки, аслида Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ ўз имоми Ибн Масъуд розияллоҳу анҳуга эргашади. Имом Молик Ибн Умар ва Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо йўлини тутади. Имом Шофеий ҳам шу саҳобаларга эргашади. Аллоҳ таоло саҳобаларни Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам етказган омонат ва рисолатни ўз зиммасига олиш ва бошқаларга етказиш учун танлаб олган”.
Одамлар асрлар давомида тўрт мазҳабдан бирига амал қилиб келган, бирор киши буни инкор қилмаган, рад этмаган. Тарихга назар солсак, мазҳабга эргашмаган бирор муҳаддис, муфассир ё фиқҳ олимини топа олмаймиз. Байҳақий, Хатиб Бағдодий, Ибн Ҳажар Асқалоний, Ибн Асокир, Ибн Салоҳ, Суютий, Жассос, Байзовий, Заркаший, Ибн Ҳожиб, Сарахсий, Паздавий, Бағавий, Ғаззолий, Субкий, Шерозий, Имом Нававий ва бошқа етук уламоларнинг барчаси, албатта, бирор мазҳабга мансуб ва бир мазҳабни маҳкам тутганини кўриш мумкин.
Имом Ёфеий айтади: “Ислом тарихига назар ташлаган инсон, албатта, тўрт мазҳаб юзага келгандан кейин, неча-неча замон ўтсин, имомлар, саркарда ва султонлар муайян бир мазҳабни тутганига гувоҳ бўлади”.
Деҳлавий: “Бир мазҳабни тутиш керак эканига бутун уммат ижмо қилган, хусусан, бизнинг бу нафслар шаҳватга мойил бўлиб кетган кунларда”, деб таъкидлайди.
Ибн Салоҳ нақл қилиб айтади: “Имом Шофеийнинг асридан кейин мустақил мужтаҳид топилмади, дейишади”.
Имом Ғаззолийдек уламо бир муайян мазҳабни тутган ва ижтиҳод даъвосини қилмаган бўлса, унинг айтганларини тушунишга қодир бўлмаган одамлар қандай қилиб ижтиҳод даъвосини қилиши мумкин?!
Бир мазҳабни лозим тутиш бошқасини инкор қилишни билдирмайди. Бу – манзилга элтадиган, кўрсаткичлари қўйилган, қаерда қандай юриш кераклиги баён қилинган бир неча йўлдан биттасини танлаш, демакдир.
Бемазҳабликни тарғиб қиладиган, мазҳабларга тош отувчи кимсалар аслида бузуқ ғояни бошлаб берганларга, сохта устозлари ё маслакдошларига эргашаётган бўлади. Ё ҳеч кимнинг йўлини тутмасдан, гоҳ унинг, гоҳ бунинг, баъзида яна бошқасининг айтганига тобе бўлиб юраверади. Уларнинг аниқ бир дастури, манҳажи ва услуби йўқ. Бир масалада икки ё уч хил жавобдан ҳавойи нафсига ёққанини, ўзига қулайини танлаб кетаверади. Оқибатда беамалликка, залолатга, тафриқага ўтиб кетганини билмай ҳам қолади. Ислом эса аслида одамларни бирдамликка, тотувликка, жамоатга ундайди.
Ҳадиси шарифлар ҳам мусулмонларни бирлашишга, жамоатни лозим тутишга ундайди. Улардан бирида Пайғамбаримиз алайҳиссалом бундай деганлар: “Аллоҳ умматимни залолат устида тўпламайди. Аллоҳнинг “қўли” жамоат устидадир. Ким ажралса, дўзах учун ажралади” (Имом Термизий ривояти).
Имом Заҳабий: “Ҳозирги кунимизда фақат шу тўрт мазҳабгина қолди, лекин шуни ҳам лозим бўлганидек тушунадиган одамлар саноқлигина, мужтаҳид бўлишни-ку қўяверинг”, деб таъкидлайди.
Ҳар бир юртда битта мазҳабга амал қилиниши мусулмонларнинг бирдамлигига хизмат қилиши тажрибадан маълум. Бирдамлик ислом динининг асосий мақсадларидан биридир. Аллоҳ таоло: “Албатта, мўминлар бир-бирига биродардир. Бас, ўзаро муносабатларингизни ислоҳ қилинг!” (Ҳужурот сураси, 10-оят) деган. Мўминлар бир-бири билан иттифоқ бўлиб яшаши вожиб экан, уларнинг муайян бир мазҳабда бўлиши ҳам вожибдир. Чунки вожибга элтувчи нарса ҳам вожиб ҳисобланади.