Сураларнинг фазилати ва аҳамияти ҳақида кўплаб ҳадислар бор. Улар шу сураларнинг улуғлиги, шарафи ва ўқиган кишига кўплаб ажрлар берилишига ишора ўлароқ келган. Қуръоннинг “очувчи”си бўлган Фотиҳа сураларнинг энг улуғидир. У Маккада нозил бўлган ва етти оятдан иборат.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ Тавротда ҳам, Инжилда ҳам Уммул Қуръон (Фотиҳа) каби сура нозил қилмаган. (Аллоҳ таоло айтади:) У Ўзим билан бандам ўртасида тақсимлангандир. Бандамга сўрагани (берилади)”, дедилар (Имом Термизий ривояти).
Қуръондаги суралар улар ўз ичига олган мазмун-моҳият, воқеа-ҳодисалар ё сўзлардан келиб чиқиб номланган. Шунга биноан Фотиҳа сурасининг бир нечта номи мавжуд:
- Фотиҳа. Мусҳафда биринчи келиши ва намозлар ҳам у билан бошлангани учун шундай номланган.
- Намоз. Ҳадиси қудсийда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан бундай ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Аллоҳ таоло айтди: “Намозни Ўзим билан бандам ўртасида иккига бўлганман, ярми менга, ярми эса бандамга. Бандамга сўраганини бераман”. Агар банда “Алҳамду лиллаҳи роббил ъаламийн” деса, Аллоҳ азза ва жалла “Бандам менга ҳамд айтди” дейди. Агар у “ар-Роҳманир Роҳийм» деса, Аллоҳ “Бандам менга сано айтди” дейди. Агар банда “Малики явмиддийн” деса, Аллоҳ “Бандам мени улуғлади” дейди. Агар банда “Иййака наъбуду ва иййака настаъийн” деса, Аллоҳ “Бу мен билан бандам ўртасидаги нарса, бандамга сўраганини бераман” дейди. Агар банда “Иҳдинас сиротол мустақийм, сиротоллазийна анъамта алайҳим ғойрил мағзувби алайҳим валаззоллийн”, деса Аллоҳ “Бу бандам учун, бандамга сўраганини бераман”, дейди”, деганларини эшитганман” (Имом Муслим ва Имом Насоий ривояти).
- Ҳамд. Сурада ҳамд айтилгани ва дастлабки сўз ҳамд бўлгани учун ҳам шу ном берилган.
- Уммул Китоб.
- Уммул Қуръон. Абу Ҳурайрадан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Алҳамду лиллаҳи Уммул Қуръондир, Уммул Китобдир ва Сабъул масонийдир”, деганлар (Имом Термизий ривояти). Мусҳафдаги биринчи сура, намозда биринчи қироат қилинадиган сура бўлганидан ҳам шундай номланган.
- Сабъул масоний. Сабъ – етти, масоний – икки, такрор, сано, истисно маъноларида бўлиши мумкин. Бу ҳақда Аллоҳ таоло: “Ва батаҳқиқ, сизга етти такрорланувчини бердик”, деган (Ҳижр сураси, 87-оят). Унинг бундай номланишига бир қанча сабаблар бор: у намознинг ҳар ракатида такрорланади, аввалги умматларга бунинг каби бирор сура берилмаган, фақат ушбу умматга истисно тариқасида махсусдир, етти оятдан иборат ва икки марта нозил бўлган маъносида.
- Қуръони Азим. Сура Қуръоннинг барча илмларини ўзида жамлагани учун шундай номланган. Зеро, сурада Аллоҳ таолога ҳамд, ибодатларга буйруқ ва улардаги ихлос, Аллоҳ таолонинг иноятисиз бирор ишни қилишдан ожизликни эътироф этиш, ҳидоят йўлини сўраш ва бузғунчилар йўлидан паноҳ тилаш бор.
- Шифо. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Фотиҳа сурасида ҳар қандай дардга шифо бор”, деганлар (Имом Доримий ривояти).
- Руқя – шифо. Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан бир гуруҳи араб қабилаларидан бирининг ҳузурига келган эди, уларни меҳмон қилишмади. Шу аснода бирдан ўшаларнинг бошлиғини чаён чақиб олди. Улар: “Сизда бирор дори-дармон ёки дам солувчи борми?” дейишди. Шунда булар: “Сизлар бизни меҳмон қилмадингиз, энди то бизга бирор ҳақ белгиламагунингизча ҳеч нарса қилмаймиз!” дейишди. Уларга бир пода қўй белгилашди. (Дам солувчи) “Уммул Қуръон”ни ўқий бошлади ва суф-суфлай кетди. (Бошлиқ) тузалиб қолди. Улар айтилган қўйларни келтиришди. Шунда (саҳобалар): “То Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўрамагунимизча олмаймиз”, дейишди. Кейин у зотдан сўрашган эди, у зот кулдилар ва: “Унинг (Фотиҳанинг) руқя эканини қаердан билдинг? Уларни олаверинглар ва менга ҳам улуш ажратинглар”, дедилар”[1].
- Асос. Бундай номланишига қуйидагилар сабаб бўлган: Қуръондаги биринчи сура бўлгани учун асос каби бўлади. Имондан кейинги улуғ ибодатлардан бири бу намоздир. Имоннинг зарурий жиҳатлари ушбу сурада жам ва намоз ҳам усиз тўлиқ бўлмайди.
- Вофия – тўлиқ, мукаммал. Имом Саълабий Абдулжаббор ибн Алодан ривоят қилади: “Суфён ибн Уяйна Фотиҳани Вофия деб номлар эди”.
- Кофия – етарли, кифоя қиладиган. Имом Саълабий Афиф ибн Солимдан ривоят қилади: “Абдуллоҳ ибн Яҳё ибн Абу Касирдан имом орқасида Фотиҳани қироат қилиш ҳақида сўрадим. У: “Кофия ҳақида сўраяпсанми?”, деди. Мен: “Кофия нима?”, дедим. У: “Фотиҳа”, деди”[2].
Имом Абу Бакр Қуртубийнинг “Ал-Жомиъ ли аҳкомил-Қуръон” [3] ва Имом Фахриддин Розийнинг “Ат-Тафсирул кабир ва мафотиҳул ғайб” [4] номли тафсирларида юқоридагиларга қўшимча тарзда “Сўраш”, “Шукр” ва “Дуо” номлари ҳам келтирилган.