Home / ХАЛҚАРО ЯНГИЛИКЛАР / Ўзбекистонда маънавий тикланиш — глобал илҳом манбаи сифатида

Ўзбекистонда маънавий тикланиш — глобал илҳом манбаи сифатида

Миср Араб Республикасида чоп этиладиган юксак нуфузга эга диний-маърифий нашрлардан бири — “Савтул Азҳар” (“Ал-Азҳар овози”) газетасида шу йилнинг 23 июль куни Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори ўринбосари, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) Отабек Муҳаммадиевнинг “Ўзбекистонда маънавий ислоҳотларнинг янги босқичи бошланди” номли мақоласи эълон қилинди.

Мақолада Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган диний-маърифий ислоҳотлар самараси, виждон эркинлигини таъминлаш, бағрикенглик муҳитини шакллантириш ва исломнинг инсонпарвар моҳиятини кенг тарғиб қилиш масалаларига қаратилаётган эътибор таҳлил қилинган.

Муаллиф Ўзбекистонда давлат ва дин муносабатларининг мутаносиблик асосида қайта шакллантирилаётгани, виждон эркинлигини таъминлаш, тарихий-маънавий меросни тиклаш, ёшлар маънавиятини янада юксалтириш ҳамда жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш каби устувор йўналишларга алоҳида урғу берган.

Таъкидланганидек “Ўзбекистонда диний соҳадаги сиёсатнинг асосий мақсади ўтмишда йўл қўйилган хатоларни тузатиш, жаҳолат ўрнига маърифатни, низо ўрнига бағрикенгликни қарор топтириш, ёшларни динимизнинг асл моҳияти асосида тарбиялашдан иборат”. Шу маънода, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ислом цивилизацияси маркази ва бошқа тегишли муассасалар нафақат илмий фаолият олиб бориш, балки ислом динининг инсонпарвар, илмпарвар ва тинчликсевар моҳиятини жаҳон жамоатчилигига етказишда муҳим ўрин тутмоқда.

Мақоланинг ғоявий хулосаси сифатида Ўзбекистонда амалга оширилаётган маънавий ислоҳотлар ўзининг туб моҳияти билан халқнинг қалбига йўл топиб, фақатгина диний соҳани қамраб олмасдан, давлат бошқаруви, таълим, маданият ва жамиятнинг барча жабҳаларидаги жараёнларнинг пойдеворига айланаётгани қайд этилган.

Ўзбекистондаги маънавий жараёнларнинг мазкур муфассал тавсифи араб тилли илмий доира ва кенг ўқувчилар оммаси учун муҳим манба бўлиб хизмат қилади. Бу мақоланинг Ал-Азҳардек йирик илмий муассасага тегишли нашрда чоп этилиши эса Ўзбекистондаги диний-маърифий ислоҳотлар тажрибасига қизиқиш халқаро миқёсда ошиб бораётганини яна бир бор тасдиқлайди.

Манба: ЎзА

Check Also

Онг қудрати ва маърифат масъулияти

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ташаббуси билан Жиззах вилояти Зарбдор тумани ҳокимлигида “Жаҳолатга қарши маърифат” …