Home / АЛЛОМАЛАР / МУҲАММАД ИБН АБУЛҚОСИМ ХОРАЗМИЙ БАҚҚОЛИЙ ИЛМИЙ ФАОЛИЯТИГА НАЗАР

МУҲАММАД ИБН АБУЛҚОСИМ ХОРАЗМИЙ БАҚҚОЛИЙ ИЛМИЙ ФАОЛИЯТИГА НАЗАР

Хоразмий нисбаси билан танилган алломаларнинг ёрқин вакилларидан бири Муҳаммад ибн Абулқосим ибн Бабжукдир. Тўлиқ исми – Абу Фазл Муҳаммад ибн Абулқосим ибн Бабжук Хоразмий Баққолий. У “устоз”, “суннат қиличи”, “машойихлар зийнати” каби юксак номларга сазовор бўлган.

Аллома ҳанафий мазҳабида бўлган, мазҳабга оид бир қанча китоблар ёзган.

Ибн Арслон “Хоразм тарихи” асарида алломани “Адабиётнинг йирик вакили, араб тилида ҳужжат ва фойдаларни ўзида жамлаган илм одами, ноёб олим, кўплаб асарлар муаллифи” деб таърифлаган.

Кафавий аллома ҳақида: “Тақводор, фозил имом, зукко тилшунос, маънолар ва баён билимдони, умматнинг улуғларидан ва араб тили соҳасида ҳужжат эди. “Буюк шайх”, “суннат қиличи” каби номлар билан аталган”, деб таъкидлаган.

Имом Суютий у ҳақда бундай дейди: “Муҳаммад ибн Абулқосим Баққолий Хоразмий тилшунос, адабиётда моҳир, араб тилининг билимдони эди. Унинг иймони, ахлоқи, қадр-қиммати беназир эди”.

Баққолийнинг устозлари борасида маълумотлар кам учрайди. Лекин, у ўша даврнинг йирик олимларидан таҳсил олганига шубҳа йўқ. Буни унинг илмдаги мартабаси, бошқа алломаларнинг эътирофи тасдиқлайди.

Унинг устозлари борасида сўз кетганда, аввало, Хоразм фахри – Абулқосим Маҳмуд Замахшарийни алоҳида таъкидлаб ўтиш керак. Баққолий ундан араб тили грамматикасини ўрганган, ҳадис тинглаган. Замахшарийдан сўнг унинг ўрнини айнан Муҳаммад Баққолий эгаллаган ва дарс ҳалқаларини давом эттирган.

Шунингдек, аллома Марвда Умар ибн Муҳаммад ибн Ҳасан Фарғулийдан (ваф. 1144) ҳадис сабоқларини ўрганган. Шу ернинг ўзида Абу Тоҳир Муҳаммад ибн Абу Бакр Муҳаммад Синжийдан (ваф. 1153) ҳадис тинглаган. Бундан Баққолийнинг Марвга илмий сафар қилгани келиб чиқади.

Таъкидланганидек, Баққолий Замахшарийдан сўнг унинг дарс ҳалқасига бошчилик қилган. Бу унинг кўплаб шогирдлари бўлганини билдиради. Лекин манбаларда исмлари айнан санаб ўтилганлари кўп эмас.

Абу Фатҳ Носир ибн Абдусаййид ибн Али Мутарризий (ваф. 1213) 1144 йилда – айнан шу йили Замахшарий вафот этган – Хоразмнинг Журжонийя (ҳозирги Кўҳна Урганч) шаҳрида туғилган. Ўзининг буюк ватандоши каби юксак салоҳият, илм­фаннинг турли соҳаларида мукаммал билимга эга бўлгани туфайли ҳам кейинчалик “Халифатуз Замахшарий” (“Замахшарийнинг ўринбосари”) деган ўта шарафли ном билан ҳам машҳур бўлган. Мутарризий Баққолийни устозлари қаторида санаб ўтган. Ундан фиқҳни ўрганган.

Ёқут Ҳамавий: “Муҳаммад ибн Саъд ибн Муҳаммад Дебожий Марвазий (ваф. 1212) Замахшарий билан учрашган ва шогирди Баққолийдан таҳсил олган”, деб таъкидлаган.

Али ибн Абдуллоҳ ибн Имрон Имроний фиқҳ ва грамматикани Бабжук Хоразмийдан ўрганган.

Муҳаммад Баққолий кўплаб асарлар муаллифи сифатида танилган. Таассуфки, уларнинг аксарияти бизгача етиб келмаган. Қуйида аллома тасниф қилган асарларни келтириб ўтамиз:

  • “Асрорул адаб ва ифтихорул араб”. Бу асарнинг бошқа номлари ҳам бор. Қўлёзма нусхаси Гамбург (Германия) кутубхонасида сақланмоқда.
  • “Асмо фи сардил асмо”. Аллоҳ таолонинг гўзал исмлари шарҳига бағишланган.
  • “Тафсирул Қуръон”. Бу асар ҳақида Ибн Соий: “Тўрт жилддан иборат. Мен уни кўрганман”, деган бўлса, Довудий: “Уни муаллиф “Мифтоҳут танзил” деб номлаган”, деб таъкидлаган.
  • “Тақвимул лисон фин наҳв. Бу асарнинг йигирмага яқин нусхаси турли кутубхоналарда сақланади. Аҳмад ибн Саййид Рамазон Марзуқий бу китобга “Тасҳилул азҳон ала матни тақвимул лисон” номли шарҳ ҳам ёзган.
  • Фатово. Ҳанафий уламоларнинг асарларида “Баққолий ўзининг “Фатово”сида зикр қилган” деган жумла кўп учрайди. Бу асарнинг Истанбулда битта нусхаси бор.
  • Булардан ташқари, “Такмилу тақвимил лисон”, “Танбеҳ ала эъжозул Қуръон”, “Жамъут тафориқ”, “Шарҳул арбаин”, “Солатул Баққолий”, “Азкорус салот”, “Иъжоб фил эъроб”, “Уммул фазоил”, “Бидоя фил маоний вал баён”, “Тарғиб фил илм”, “Кофит тарожим бисонил аожим”, “Мухтасар фил фиқҳ ва “Манозилул араб” каби асарлари бўлгани манбаларда кўрсатилган.

Абу Фазл Баққолий 562/1167 йили Хоразмнинг Журжонийя шаҳрида вафот этган. Унинг илмий меросини ўрганиш, тадқиқ этиш биз, авлодлар зиммасидаги доимий долзарб вазифа бўлиб қолаверади. Чунки, бу йўналишдаги тадқиқотлар грамматика, фиқҳ, ҳадисшунослик, тафсир каби илмларни ўрганишда янги манбаларни очиш, шу тариқа бугунги авлоднинг билим ва кўникмаларини янада бойитиш имконини яратишига шубҳа йўқ.

Баҳодир МИРЗАЕВ
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

АРБИНЖОН ВА УНГА ЁНДОШ ҚИШЛОҚЛАРДАН ЧИҚҚАН РОВИЙЛАР

Арбинжон шаҳри тарихда “Арбинжон”, “Арбинжони”, “Арбинж”, “Рабинжон” ва “Арабнажн” номлари билан аталган[1]. Аксар араб манбаларида …