Home / АЛЛОМАЛАР / БУРҲОНУДДИН МАРҒИНОНИЙНИНГ ФАРОИЗ ИЛМИ РИВОЖИДА ТУТГАН ЎРНИ

БУРҲОНУДДИН МАРҒИНОНИЙНИНГ ФАРОИЗ ИЛМИ РИВОЖИДА ТУТГАН ЎРНИ

Мовароуннаҳр фиқҳ мактабининг йирик вакили Шайхулислом Бурҳонуддин Марғинонийнинг асл исми Али ибн Абу Бакр ибн Абдулжалил Фарғоний Ришдоний Марғинонийдир.

Бурҳонуддин Марғиноний 1118 йили ражаб ойининг саккизинчи куни душанбада чошгоҳ пайти таваллуд топган. Дастлабки сабоқни Марғилонда олган аллома ёшлигидаёқ Қуръони каримни ёдлаб, ҳадис илмидан мукаммал таълим олган.

Кейинчалик Мовароуннаҳрнинг ўша даврдаги маданий ва маърифий маркази бўлган Самарқандга кўчиб бориб, ўша ерда истиқомат қилган ва илмий фаолият юритган.

Манбаларда алломанинг ўзга юртларга сафар қилгани ҳақида маълумотлар учрамайди. “Бидаятул мубтади” асарининг ёзилиши тарихида зикр этилган Бағдод сафари унинг ҳажга кета туриб, йўл-йўлакай бу шаҳарда тўхтаб ўтганига ишорадир. Шу боис кўпчилик аллома Самарқандда яшаб ижод этган, деган фикрда.

Манбаларда ёзилишича: “Марғиноний ўз оиласининг тарбиясида улғайиб, энг машҳур ва иқтидорли олимлардан дарс олиб, юксак истеъдоди ва изчил фаолияти туфайли Ҳанафий мазҳаби бўйича буюк фақиҳ ва мужтаҳид даражасига кўтарилиб, Шайхулислом унвонига сазовор бўлди”[1].

Абдулҳай Накнавий: “Унинг насаби Абу Бакр Сиддиққа бориб тақалади”, деб таъкидлаган. У алломани қуйидаги иборалар билан мадҳ этган: “Имом Марғиноний фақиҳ, Қуръон ҳофизи, муҳаддис, муфассир, барча илму фанни ўрганиб ўзлаштирган иқтидорли устоз, ўткир назар билан текширувчи ва диққат билан иш юритувчи зоҳид, муттақий, маҳорат ва фазилатлар эгаси, илму адабда мисли кўрилмаган адиб ва шоир, илмул хилоф ва мазҳаб соҳалари бўйича юксак салоҳиятга эга бир зот эди”[2].

Манбаларда Бурҳонуддин Марғинонийнинг бобоси Умар ибн Ҳабиб алломанинг биринчи устози деб айтилган. Ўз замонасиниг илмли кишиларидан бўлган Умар ибн Ҳабиб набирасининг тарбиясига жиддий эътибор билан қараган ва унинг келажакда етук аллома бўлиб етишиши учун кўп хизмат қилган.

Марғинонийнинг бошқа устозлари тўғрисида аллома ўзининг “Китаб ал-машаих” (“Шайхлар ҳақидаги китоб”) номли асарида маълумот бериб ўтган. Унда қирқдан ортиқ алломанинг номи келтирилган. Устозлари рўйхатининг бошида Нажмуддин Абу Ҳафс Умар Насафийнинг исми турган.

Алломанинг ҳозирги кунда маълум бўлган асарлари қуйидагилар:

  1. “Китаб мажмуъ ал-навазил” (“Нозил бўлган нарсалар тўплами”).
  2. “Китаб тажнис вал мазид” (“Ажратиш ва илмни зиёда қилиш китоби”).
  3. “Китаб ал-фароиз” (“Мерос ҳақидаги китоб”).
  4. “Китаб ал-мунтақо” (“Танланган нарсалар ҳақидаги китоб”).
  5. “Бидаят ал-мубтади” (“Бошловчилар учун илк таълим”).
  6. “Кифаят ал-мунтаҳий” (“Якунловчилар учун тугал таълим”).
  7. “Нашр ал-мазҳаб” (“Мазҳабнинг ёйилиши”).
  8. “Манасик ал-ҳаж” (“Ҳаж арконлари”).

9.“Ал-Ҳидая фи шарҳ Бидаят ал-мубтади” (“Бошловчилар учун дастлабки таълим” асарининг шарҳи – “Тўғри йўлга бошловчи китоб”).

Бу асарларнинг барчаси ҳам сақланиб қолган эмас, лекин турли манбаларда шундай асарлар битилгани ҳақида зикр қилинган.

Бурҳонуддин Марғинонийнинг турли манбаларда зикр қилинган ўнга яқин асари[3] қаторида унинг “ал-Мажмуъ ал-Усмоний” (“Усмоний тўплам”) номли асари бўлгани,[4] нусхаси фақат Ирландиядаги Честербити кутубхонасида сақланиши ҳақида маълумот бор. Бу асар фиқҳнинг муҳим соҳаларидан бўлган мерос илмига бағишланган.

“Ал-Мажмуъ ал-Усмоний”нинг нусхаси мамлакатимиз қўлёзмалар хазинасида мавжуд эмас, деган фикрда юрар эдик. Кейинги изланишлар натижасида унинг бир нечта қўлёзма нусхаси Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Шарқшунослик институтининг қўлёзмалар хазинасидан топилди. Шу пайтгача топилмагани ва эътибордан четда қолиб келганининг асосий сабаби унинг алоҳида қўлёзма шаклида эмас, балки алломанинг набираси Имодуддин Марғинонийнинг “ал-Фусул ал-имодийя” асари таркибида экани билан боғлик бўлиб чикди. “Ал-Мажмуъ ал-Усмоний” “ал-Фусул ал-имодийя” таркибига унинг фаслларидан бири сифатида киритилган бўлган. Чунки қирқ фаслдан иборат бўлган китобнинг ўттиз еттинчи фасли мерос тақсимоти масалаларига оид бўлиб, Имодуддиннинг эътирофича, у бу мавзуга оид янги асар ёзиб ўтирмасдан, бобосининг “ал-Мажмуъ ал-Усмоний” асарини қўшиб қўя қолишга қарор қилган.[5]

Асар ҳақидаги маълумотларнинг таҳлилига ўтишдан аввал баъзи мулоҳазалар. Гап шундаки, алломанинг буюк асари – “Ҳидоя” ислом оламида алоҳида эъзоз ва эътиборга сазовор бўлган. Лекин ундан “фуқаролик ҳуқуқининг муҳим йўналиши ҳисобланган мерос илми мавзуси ўрин олмаган. Асар алоҳида китоб бўлиб таълиф этилгани учун шундай бўлса керак. Бир томондан, унинг ҳажми унчалик катта эмас. Ёзувнинг майда-йириклиги ва асар битилган қоғознинг катта-кичик ҳажмда эканига қараб 8-10 варақни ташкил этиши мумкин. Иккинчи томондан, мерос илми ислом илмлари орасида энг қийин соҳа ҳисобланиб, асардан фақат шу соҳага алоқадор мутахассислар фойдаланиши мумкин. Эҳтимол, шунинг учун ҳам бошқа фиқҳий асарлар сингари кўплаб нусхаларда кўчирилмаган.

Назаримизда, Ўрта асрларда бир муддат меросга оид асарларни йирик фиқҳий асарлар таркибига киритиш одат бўлмаган. Аксинча, мерос мавзусига доир асарлар алоҳида ёзилган. Шундан бўлса керак, X-XII асрларда битилган фиқҳий асарларнинг аксариятига бу мавзу киритилмаган. Фақат мўғуллар босқинидан кейинги даврда битилган фиқҳий асарларда мерос мавзуси ўрин ола бошлаган.

Иккинчи мулоҳаза – Марғиноний қаламига мансуб ушбу асар “ал-Мажмуъ ал-Усмоний” деб номлангани. Бу хусусда турли тахминлар бор. Биринчидан, Абдулқодир ибн Абул Вафо (1297-1373) “ал-Жавоҳир ал-Музиъа фи Табақот ал-Ҳанафия” (“Ҳанафийлар таржимаи ҳолларида зиё таратувчи жавоҳирлар”)да бу асарни халифа Усмон ибн Аффонга ёки унга эргашганларга нисбатан таълиф қилингани ҳамда “Китоб ал-Фароиз” унга тегишли эканини зикр қилган[6]. Лекин Усмонийнинг кимлиги ҳақида бирорта маълумот бермаган, лекин  унинг Бурҳонуддин Марғиноний қаламига мансублиги ҳақида ҳам сўз юритмаган. Иккинчи томондан, асар айни шу тарзда номланганининг аниқ сабаблари бевосита қўлёзма манбаларда зикр қилингани ёки изоҳлангани топилмаганидир.

Асарнинг бошланишида Бурҳонуддин Марғинонийнинг ўзи эътироф этиб, “Бир қориндан туғишганлик риштаси, муртадлар каби ва шунга ўхшаш масалалар бўйича ҳукмлар мусанниф зикридан четда қолгани…”[7] деган ибораларни ёзган. Демак, бу билан аллома асарнинг дастлабки шаклида бошқа бир муаллиф бўлгани ва у қандайдир сабаблар билан қатор масалаларни унинг таркибига киритмагани ҳақида зикр қилади. Бу ҳолат бизга Ўрта асрларда яшаб ижод этган ҳанафий алломалардан Абул Ҳасан Али ибн Хизр ибн Ҳасан Қураший Димашқий Усмоний (ваф. 1067)га эътибор қаратишимизга туртки бўлди. Бу киши фароиз илмининг билимдони, математик олим бўлиб, “Илм ал-Ҳисоб” (“Ҳисоб-китоб илми”), “ал-Вафийёт” (“Садоқатлилар”), “Ат-Тазкира би усул ал-ҳисоб ва ал-фароиз” (“Мерос тақсимоти ва ҳисоб-китоб асосларини билдириш”) номли асарлар муаллифи бўлган[8].

Бурҳонуддин Марғиноний айни шу алломанинг меросга оид асарини тўлдириб, қайта ишлаган ва шу сабабдан унинг дастлабки шаклини муаллифнинг ҳуқуқини бузмаслик мақсадида “ал-Мажмуъ ал-Усмоний” деб атаган бўлиши мумкин, деган фикрга келдик.

“Ал-Мажмуъ ал-Усмоний” асарининг умумий ҳажми барча нусхаларда деярли бир хил.

Асарда дастлаб мерос мулкининг таърифи келтирилган. Ундан маълум бўладики, бирор инсоннинг вафотидан кейин қолган мол-мулки мерос мулки ҳисобланган. Бу мулкнинг марҳумни дафн қилиш билан боғлик бўлган сарф-харажатлар, агар унинг қарзи бўлса, қарзларини адо этишга сарфланган маблағдан кейин қолган қисми меросхўрлар орасида тақсимланадиган улуш ҳисобланган. Фароиз илмида марҳумнинг мерос мулки хусусида қолдирган васияти, тақсимланиш учун қолган мерос мулкининг учдан бир қисми миқдоридан ошмаслиги белгилаб қўйилган. Асарда мерос олиши мумкин бўлган қариндошлар ва уларнинг даражалари муфассал баён қилинган. Меросхўрларнинг марҳумга қариндошлик нуқтаи назаридан уларга тегиши мумкин бўлган миқдор белгилаб қўйилган. Бу меъёр ва мезонлар одамлар ўртасидаги қариндошлик ришталари ва даражалари ниҳоятда хилма-хил бўлгани сабабидан мураккаб арифметик тенгламалар ва ҳисоб-китоблар асосида ишлаб чиқилган. Улар фароиз илмининг асосий мазмун-моҳиятини ташкил этади.

“Ал-Мажмуъ ал-Усмоний”да беш фасл ва икки мавзу қизил сиёҳ билан алоҳида ажратиб ёзилган. Дастлабки фасл “Она томонидан бўлган қариндошларга оид фасл” деб номланган бўлиб, унда қариндошлик даражаси белгилаб берилган. Бу ерда она томонидан бўлган қариндошлар беш турга бўлиниши ва бу турларнинг номлари зикр қилинган. Умумий таъриф берилгандан сўнг ҳар бир синфга оид меъёр ва мезонлар алоҳида фаслларда бирма-бир баён қилинган.

“Биринчи тур қариндошлар ҳақидаги фасл”да тенг шароитда меросга бошқалардан кўра ҳақлироқ бўлган қариндошлар ҳақида маълумот берилади ва уларнинг даражалари белгиланади.

“Иккинчи тур қариндошлар ҳақидаги фасл”да бу тур қариндошлар сирасига кимлар киритилиши белгилаб берилган. Фасл мазмунидан бу тоифага она томонидан бўлган бобо ва бувилар киритилиши маълум бўлади.

“Учинчи тур қариндошлар ҳақидаги фасл”да опа-сингилларнинг ўғил фарзандлари ва ака-укаларнинг қиз фарзандлари ҳақида сўз юритилади.

“Тўртинчи тур қариндошлар ҳақидаги фасл”да она амакиларининг ўғил фарзандлари ва уларнинг меросдаги улуши ҳақида фикр билдирилади.

“Бешинчи тур қариндошлар ҳақидаги фасл”да ота ва она томонидан бўлган бошқа қариндошлар ва уларнинг мерос тақсимотидаги ўринлари ҳақида маълумотлар зикр килинади.

Мерос мавзуси билан боғлиқ турли ишлар “Китобга илова қилинган масалалар ҳақидаги фасл”да талқин қилинган. Жумладан, мусулмон бўлмаганларнинг мероси масаласи, отасининг қотили ҳисобланган ўғилнинг меросхўрлик масаласи, герафродит (хунаса)ларга мерос масаласидаги ҳукм, қулликдан озод қилингани боис қариндош бўлганларнинг мерос масаласидаги мақоми, бедарак йўқолганларга оид мерос масалалари шулар жумласидандир. 

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР РЎЙХАТИ
  1. А.Ш.Жузжоний. “Ислом ҳуқуқшунослиги ҳанафий мазҳаби ва Ўрта Осиё фақиҳлари”. “Тошкент ислом университети” нашриёти, 2002 йил.
  2. Қориев О.А. “Ал-Марғиноний машҳур фиқҳшунос”.Тошкент: Абдулла Қодирий номидаги халқ мероси нашриёти. 2000.
  3. Қориев О.А. “Фарғона фиқҳ мактаби ва Бурҳонуддин ал-Марғиноний”. Тошкент. “Фан”, 2009.
Журнал ва газеталардаги мақолалар
  1. Қориев О.А. “Ислом ҳуқуқшунослиги ва Бурҳонуддин ал-Марғиноний”. “Ҳаёт ва қонун” журнали.1994. № 3. – Б.54;
АРАБ ТИЛИДАГИ АДАБИЁТЛАР
  1. Бурҳонуддин Марғиноний. “ал-Ҳидоя” китоби. 1-жуз. 1990 йил. Байрут: Илмий китоблар уйи.
  2. Бурҳонуддин Марғинонийнинг набираси Имодуддин ал-Марғиноний “Ал-Фусул ал-Имодийя”. ЎзР ФА ШИ қўлёзмалар фонди қўлёзмаси № 3166 — В. 86.
  3. Абдулқодир ибн Абул-Вафо. “Ал-Жавоҳир ал-музиа фи табақот ал-ҳанафийя”. – Байрут: Дорул кутубил илмийя. 2005.
  4. Бурҳонуддин Марғиноний “Ал-Мажмуъ ал-Усмоний”. ЎзР ФА ШИ қўлёзмалар хазинаси. Инв № 5916.452.
  5. Хайриддин аз-Зириклий. “Ал-Аълом”. IV-жуз. Байрут: Дорул илм лил малайин. 2002.
[1] Абдулҳаким Шаръий Жўзжоний. Ислом ҳуқуқшунослиги “Тошкент Ислом университети” нашриёти, 2002 йил, 182-196 бетлар.
[2] “Ҳидоя” китоби. 1- жуз 1990 йил. Байрут: Илмий китоблар уйи, 3-бет.
[3] Қориев О.А. “Ислом ҳуқуқшунослиги ва Бурҳониддин ал-Марғиноний”. “Ҳаёт ва қонун” журнали.1994. № 3. – Б.54; Одил Қориев. “Ал-Марғиноний машҳур фиқҳшунос”.Тошкент: Абдулла Қодирий номидаги халқ мероси нашриёти. 2000. – Б.25
[4] Қаранг: Қориев О.А. “Фарғона фиқҳ мактаби ва Бурҳониддин ал-Марғиноний”. Тошкент. “Фан”, 2009. – Б 203-209.
[5] “Ал-Фусул ал-Имодийя”. ЎзР ФА ШИ қўлёзмалар фонди қўлёзмаси № 3166 — В. 86.
[6] Абдулқодир ибн Абул-Вафо. “Ал-Жавоҳир ал-музиа фи табақот ал-ҳанафийя”. – Байрут: Дорул кутубил илмийя. 2005. — Б. 496.
[7] ЎзР ФА ШИ қўлёзмалар хазинаси.Инв № 5916.452
[8] Хайриддин аз-Зириклий. “Ал-Аълом”. IV-жуз. Байрут: Дорул илм лил малайин. 2002.- Б. 284.
Сарвар МУҲАММАДИЕВ,
Ўзбекистон халқаро Ислом академияси
1-босқич магистранти

Check Also

АРБИНЖОН ВА УНГА ЁНДОШ ҚИШЛОҚЛАРДАН ЧИҚҚАН РОВИЙЛАР

Арбинжон шаҳри тарихда “Арбинжон”, “Арбинжони”, “Арбинж”, “Рабинжон” ва “Арабнажн” номлари билан аталган[1]. Аксар араб манбаларида …