Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / БОБУР СИЙМОСИГА ЭҲТИРОМ

БОБУР СИЙМОСИГА ЭҲТИРОМ

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Андижон вилояти ҳокимлиги, Андижон давлат университети ҳамкорлигида “Заҳириддин Муҳаммад Бобур диний ва дунёвий билимлар соҳиби” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.

Туркий халқлар илм-фани ва адабиётининг буюк намояндаси, давлат арбоби, саркарда Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллуд топган сана муносабати билан ташкил этилган тадбирда Марказ илмий ходимлари, Андижон давлат университети профессор-ўқитувчилари, бобуршунос олимлар ва талаба ёшлар иштирок этди.

Тадбирнинг очилишида сўзга чиққан Марказ бўлим бошлиғи Т.Эвадуллаев ва университет ректорининг ёшлар билан ишлаш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари А.Ҳамроқулов шоҳ ва шоир, буюк бобокалонимиз Заҳириддин Муҳаммад Бобур сиймосига ҳурмат, ижодига эҳтиром кўрсатиб, унинг илмий-маънавий меросини ўрганиш борасидаги янги изланишлар ва тадқиқотларга оид қимматли маълумотларни берди.

Тадбирда Марказ илмий ходими Ж.Жумаев, университетнинг ёшлар билан ишлаш ва маънавият-маърифат бўлими бошлиғи Д.Абидова ва ўзбек адабиётшунослиги кафедраси мудири, доцент З.Мамажоновлар маъруза қилиб, ёшларга моҳир саркарда, улуғ давлат арбоби, шоир ва мутафаккир Бобур тимсолини ибрат қилиб кўрсатиш баробарида мумтоз адабиётимизнинг йирик намояндаси бўлган бобокалонимиз ҳаёти, илмий ва адабий меросининг аҳамиятли жиҳатларини гапириб бердилар. Шунингдек, Бобурнинг инсон сифатида кўрган-кечирганлари, қудратли империя қуришдаги машаққатлари ва мардлик сифатлари ҳақида ҳам сўз юритилди.

Рубоийларида “Ҳижрон аро ёд этиб мени шод этинг ” дея лутф қилган Бобур Мирзони ёд этиш, унинг беназир илмини ўрганиш, ҳаёт йўлларини тадқиқ қилиш биз авлодлар бурчидир. Маънавий кечада талаба ёшлар томонидан Бобур ижодига оид тайёрланган саҳна кўринишлари намойиш этилди.

Тадбир доирасида Имом Бухорий халқаро-илмий тадқиқот маркази томонидан нашр этилган китоблар тақдимоти ҳам ўтказилди. Унда Андижон давлат университети педагог-ходимлар жамоаси ҳамда талабаларига Марказ илмий ходимлари тайёрлаган нашрлар тақдим этилди.

Тақдимот тадбири иштирокчиларига Марказ фаолияти ва ютуқлари, айни пайтда олиб борилаётган тадқиқот йўналишлари, шунингдек, режалаштирилган илмий лойиҳалар хусусида ҳамда иштирокчиларни қизиқтирган саволлари юзасидан батафсил маълумот берилди.

Имом Бухорий халқаро-илмий тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Марказ олими – йирик анжуманда

Бугун, 24 апрел куни Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида “Ислом дини асл манбаларини талқин …