Home / МАҚОЛАЛАР / “САҲИҲУЛ БУХОРИЙ” НИНГ МАҚДИСИЙ НУСХАСИ

“САҲИҲУЛ БУХОРИЙ” НИНГ МАҚДИСИЙ НУСХАСИ

Мамлакатимизда ислом маданияти ва маърифатини ўрганиш, татбиқ  этиш аждодларимизнинг илмий меросини ўсиб келаётган авлодга етказиш учун олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар ва тарихий манбаларни ўрганаётган тадқиқотчилар қайси мавзуни ёритишидан қатъи назар, уни кенгроқ ва янги маълумотлар билан тўлдириб, асосий манбага таянган ҳолда иш олиб боришга ҳаракат қилади. Тадқиқотчиларимиз мустақилликнинг дастлабки давридан Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ҳузуридаги Абу Райҳон Беруний номидаги қўлёзмалар фонди, СамДУ қўлёзмалар фонди, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази фонди, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази фонди, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси фонди ва бошқа фондларда сақланаётган мана шундай улкан меросни тадқиқ этиб, кенг афкор оммага тақдим этиб келмоқда.

Жаҳонда бирорта машҳур кутубхона йўқки, у ерда аждодларимиз қаламига мансуб қўлёзма асар бўлмасин. Британия музейи, Париж Миллий кутубхонаси, Оксфорд, Кэмбриж кутубхоналари, Голландия, Германия, Франция, Испания, Италия, Туркия, Эрон, Ҳиндистондаги кутубхоналарда юртимиз алломаларига тегишли кўплаб қўлёзма асарларнинг намуналари сақланиб келинмоқда. Имом Бухорийнинг “Саҳиҳул Бухорий” асарини билмайдиган, буюк муҳаддисни номини эшитмаган бирор кимса бўлмаса керак. Алломанинг ҳаёти ва илмий меросига оид илмий изланиш ва тадқиқотлар неча асрлардан буён давом этиб келмоқда.

Юртимизда ҳам буюк муҳаддис алломанинг маънавий мероси ва ибратли ҳаёти жадаллик билан тадқиқ этилмоқда. Исломшунос, манбашунос олим Убайдулло Уватовнинг “Ҳадис илмининг султони”, “Имом Бухорий”, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг “Одоблар хазинаси”, “Олтин силсила”, Усмонхон Темурхон ўғли ҳамда Бахтиёр Набихон ўғлининг “Имом Бухорий-муҳаддислар султони”, Аҳмад Муҳаммад Турсуннинг “Соҳилсиз денгиз Имом Бухорий” асарлари, шунингдек, Абдуғани Абдуллоҳ, Хожа Музаффар Набихон ўғли, Мирзо Кенжабек, Дониёр Муратов, Дурбек Раҳимжонов, туркиялик олимлардан Ф.Сезгин [4], А.Айдин, Ф.Гокче, М.Мужир, В.Шимшек, ғарб шарқшуносларидан К.Броккельман [1], Ж.Бертон [7: 56], Г.Грюнбаум [9], И.Гольдциер [8], У.Рудольф [11], Ж.Робсон [3: 164] нинг илмий тадқиқотлари диққатга сазовордир. Бугунги кунда дунёнинг турли давлатларида бошқа йўналишлар фаолият олиб бораётган олимлар ҳам Имом Бухорийнинг илмий меросини ўз соҳаси доирасида тадқиқ этмоқда.

Имом Бухорий асарларининг қўлёзма нусхалари дунё кутубхона фондларини илмий ва моддий жиҳатдан бойитиб келмоқда. Ушбу мақолада “Саҳиҳул Бухорий” нинг машҳур беш нусхасидан бири бўлган “Мақдисий” нусхасининг тавсифи берилади. Ислом оламида ҳадис илми билан шуғулланган кўплаб муҳаддис алломалар ҳадис илмини тараққий эттиришига муносиб ҳисса қўшган. Улар ҳаддан зиёд кўп бўлгани боис ҳаммасини номма-ном келтириб ўтирмаймиз.

Уларнинг ҳаёти ва илмий мероси ҳақидаги қимматли маълумотлар араб тилидаги Ўрта аср манбаларида ҳам келтирилган. Жумладан, Хатиб Бағдодий [6], Нажмиддин Умар Насафий [10], Абу Саъд Самъоний [12], Шамсиддин Заҳабий [14], Ҳожи Халифа [13] асарларини зикр этиш мумкин.

Шом диёри кўплаб диний ва дунёвий фанлар ривожига ўз ҳиссасини қўшган етук алломалар вояга етган заминдир. Шундай олимлардан бири имом, ҳофиз, фақиҳ, муҳаддис Тақиййуддин Абу Муҳаммад Абдуғани ибн Абдувоҳид ибн Сарур ибн Рофиъ ибн Ҳасан ибн Жаъфар Мақдисий бўлиб, уламоларнинг айтишича, насаби Жаъфар ибн Абу Толибга бориб тақалади. Аллома 541/1146 йили Наблусда  Жамоилий қишлоғида туғилган. Ота-боболари зиёлилар сулоласи оиласи бўлгани учун ёшлигидан илм ўрганишга қаттиқ киришган. Ўта тақводор, ибодатгўй, зеҳни ўткир, хотираси кучли бўлиб, ҳадис илмига иштиёқи баланд бўлган. Дамашқнинг машҳур шайх, олимларидан дарс олиб, Байтул Мақдис, Миср, Искандария, Бағдод, Ҳаррон, Мўсул, Ҳамадон, Исфаҳон каби катта шаҳарларга илмий сафар қилган, замонасининг буюк алломаларидан сабоқ олган ва кўплаб ҳадислар тинглаган [14].

Сўнгра Дамашққа қайтиб келиб, китоб таълиф қилиш билан шуғулланган ва исломий билимларнинг турли соҳаларидан дарс берган. Имом Абдуллоҳ Басирийнинг маълумотига кўра, Мақдисий 50 дан ортиқ асар ёзган бўлиб [2], энг машҳурлари: “ал-Мисбоҳу фил уйун ас-саҳиҳ ал-ҳадис”, “Ниҳаятул мурод”, “ал-Камол”, “ал-Умда ал-аҳком” асарларидир. Алломанинг фиқҳ, калом илмига оид бошқа асарлари ҳам мавжуд. Ундан Ибн Баттий, Абу Мусо Мадиний ва бошқалар мингдан зиёд ҳадис тинглаган ва ёзиб олган. Ибн Халил, ибн Абдудаим ва Муҳаммад ибн Муҳалҳал Ҳусайний ва бошқа кўплаб шогирдлари ҳам алломадан ҳадис ривоят қилган.

Абдулғани Мақдисийнинг яна буюк хизматларидан бири Шарқда самимий меҳр-муҳаббат, катта ҳурмат-эътибор билан тилга олинадиган муҳаддис аллома Имом Бухорийнинг шоҳ асари — “Саҳиҳул Бухорий” дан ўз дастхати билан нусха кўчирганидир. Ушбу қўлёзма бугунги кунда Германиянинг Лейпциг универститети кутубхонаси фондида сақланмоқда. Кутубхона фондида XIII-XIX асрларга оид 11900 та қадимги нодир Шарқ қўлёзмаси ва санъат тарихига оид асар мавжуд [5]. №1326 рақам остидаги “Саҳиҳул Бухорий” ни муҳаддислар “Жамоилий нусхаси” деб ҳам атайди. Қўлёзманинг  ҳошиясидаги ёзувларда Дамашқ шаҳрида 630/1233 йили Рамазон ойининг охири, пайшанба кунида аллома Забидийдан тинглангани ва  бу мажлисда иштирок этган Шоҳ Арман ибн Маликул Одил Абу Бакр Муҳаммад ибн Айюб, Али ибн Муҳаммад ибн Аҳмад Юниний, Ҳофиз Абдулғани Мақдисийнинг набиралари ва бошқа олимлар бирма-бир санаб ўтилган. Айнан шу нусхадан аллома Али ибн Муҳаммад ибн Аҳмад Юниний кўчириб, уни “Юниний нусхаси” деб номлаган.

Шунингдек,  асар “Ҳусайн ибн Забидий йўли билан Абулвақт Сижзийдан, у Абулҳасан Довудий, у Сарахсийдан, у Фирабрийдан, у Бухорийдан ривоят қилган” деган маълумот мавжуд[1]. Бу маълумот, нусханинг ишончли ва тўлиқ эканидан далолат беради. Асар 263 бетдан иборат ва насх хатида ёзилган. Нусханинг котиби ва соҳиби юқорида таъкидланганидек, аллома Абу Муҳаммад Абдулғани Мақдисийдир.

Имом Абдулғани Мақдисий умрини илмга хизмат қилиш учун бағишлаган. У ҳижрий 600/1203-йил 59 ёшида Қоҳирада вафот этган.

Дарҳақиқат, Имом Бухорий асарларининг қўлёзма нусхалари дунё мамлакатлари кутубхона фондларининг ўзига хос фахри ва бойлигининг аломатлига айланган. Қўлёзмаларнинг энг аҳамиятли жиҳати шундаки, мисол қилиб ҳадис манбаларини олсак, ҳозир нашр қилинаётган ҳадис китобларининг охирида, албатта, унинг аслига тўғрилигини тасдиқлайдиган манба кўрсатилади. Яъни, қўлда кўчирилган бу ноёб тарихий ҳужжатлар маълумотларни ўзгариб кетишдан, илмий адабиётларни уларга нотўғри маълумотлар қўшилиб қолишидан сақлайди. Шунинг учун ҳам асл манбаларни авайлаб-асраш муҳим вазифалардан бири ҳисобланади.

Фойдаланилган адабиётлар:
  1. Brockelmann C. Geschichte der arabischen Litteratur. I. – Weimar. Verlag von Emil Felber, 1898.; ўша муаллиф. Geschichte der arabischen Litteratur. Erster Supplementband. – Leiden. E.J.Brill, 1937.
  2. Robson J. “Al-Darimi” // Encyclopedie de IʼIslam. Nouvelle ed. 2. – Leiden – London: Brill, 1965.P-164.
  3. Sezgin F. Geschichte des arabischen Schrifttums. I. – Leiden, 1967.
  4. www. Wikipedia.org/wiki/Universitätsbibliothek Leipzig
  5. Абу Бакр Аҳмад ибн Али Хатиб Ҳофиз Бағдодий “Тарих Бағдод ав мадинат ас-салом”. 14 жилд. – Байрут: Дор кутуб илмиййа, 1997.
  6. Бёртон Дж. “Мусульманское предание: введение в хадисоведение” / Пер. с англ. – Спб., – М.-С.:56 2006.
  7. Гольдциер И. “Лекции об исламе” / пер.с немецкого А.Н.Черновой. – Брокгауз-Ефрон, 1912.
  8. Грюнбаум Г. “Классический ислам. Очерки истории” (600-1258). – М.: Наука, 1986.
  9. Нажмиддин Умар ибн Муҳаммад ибн Аҳмад Насафий. “Китобул қанд фи зикр уламо Самарқанд” / Назар Муҳаммад ал-Фарёбий таҳрири остида. “Мамлака Арабийа Саудийа” Мактабат кавсар,
  10. Рудольф У. “Аль-Матуриди и суннитская теология в Самарканде” – Алматы. 1999.
  11. Самъоний Абу Саъд Абдукарим ибн Муҳаммад ибн Мансур Тамимий. “Ал-Ансоб” 5 жилд. Абдуллоҳ Умар Барудий таҳрири остида. – Байрут: Дор ал-фикр,1998.
  12. Ҳожи Халифа “Кашф аз-зунун ан асами ал-кутуб ва-л-фунун” 2 жилд. – Истанбул, 1941-43.
  13. Шамсиддин Муҳаммад ибн Аҳмад Заҳабий. “Сийар аълом ан-нубало” 23 жилд – Байрут: Муассасат ар-рисола, 1992., https://islamweb.net/ar/library, http://hadithtransmitters.hawramani.com
  14. Шамсиддин Муҳаммад ибн Аҳмад Заҳабий. “Сийар аълом ан-нубало” 23 жилд. – Байрут: Муассасат ар-рисола, 1992.
Ирода Даурбекова,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими 

Check Also

БУЖАЙРИЙ НИСБАЛИ РОВИЙЛАР СИЛСИЛАСИ

IX-XII асрлар ислом оламида илм-фан ривожининг олтин даври сифатида эътироф этилган. Кўплаб манбаларда айни ўша …