Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Алломаларимизнинг илмий ва диний мероси намуналари ёшлар нигоҳида

Алломаларимизнинг илмий ва диний мероси намуналари ёшлар нигоҳида

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи ва Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ҳамкорлигида Марказ томонидан нашр этилган китоблар тақдимотига бағишланган “Аждодлар меросининг баркамол авлод тарбиясидаги ўрни” мавзусида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Унда Марказ илмий ходимлари, Ғ.Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи масъул вакиллари, Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети профессор ўқитувчи ва талабалари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Тадбир аввалида Марказ бўлим бошлиғи Тоҳир Эвадуллаев талаба ёшлар билан улуғ алломаларимиз, хусусан Имом Бухорий ҳаёти ва асарлари хақида жонли мулоқот қилди. Ўзаро қизғин савол-жавоблар тарзида ўтган мулоқот давомида ёшлар Бухорий ҳақидаги ва ҳадисларга оид билимларини намойиш этдилар.

Буюк аждодларимизнинг бой илмий-маънавий меросини ёшлар орасида кенг тарғиб қилиш мақсадида ташкил этилган тадбир доирасида Имом Бухорий халқаро-илмий тадқиқот маркази томонидан нашр этилган 15 номдаги, жумладан Имом Мотуридийнинг “Таъвилот ал-Қуръон” асари 30-жузи, Абдуллоҳ ибн Муборакнинг “Муснад”, Имом Бухорийнинг “Сулосиётул Бухорий”, Жалолиддин Суютийнинг “Лубоб ул-ҳадис”, Абу Бакр Розийнинг “Туҳфатул мулук” асарларининг ўзбек тилидаги илмий-изоҳли таржималари, шунингдек Марказ илмий ходимларининг бир неча муаллифлик китоблари тақдим этилди. Тақдимотда Марказ муассислигида чоп этиладиган “Имом Бухорий сабоқлари” маънавий-маърифий, илмий-адабий журналининг нашрдан чиққан янги сони ҳам намойиш этилди.

Тадбир очилишида сўзга чиққан Марказ директори Шовосил Зиёдов, Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори Шерзодхон Қудратхўжаев ва Ғ.Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи бош муҳаррири Воҳид Аҳмедов Марказ томонидан чоп этилган нашрларнинг алломаларимиз илмий ва диний меросини кенг жамоатчиликка етказишдаги аҳамияти ва ҳозирги даврдаги глобаллашув жараёнида исломнинг инсонпарварлик моҳиятини очиб беришда тутган ўрни ҳақида фикр-мулоҳазаларини баён қилди.

Тадбир маърузачилари халқимизнинг диний саводхонлигини ошириш, юртимизда виждон эркинлигини таъминлаш ва ўсиб келаётган авлодни азалий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш борасида олиб борилаётган диний-маърифий соҳадаги ислоҳотлар ислом маърифатини кенгроқ ёйиш, ўтмиш аждодларнинг бой маънавий меросини янада чуқур ўрганишга хизмат қилаётганини алоҳида қайд этишди. Таъкидланганидек, илмий ходимларнинг кенг кўламдаги таржима ва китобнавислик ишлари йирик илмий натижалар сифатида Марказда тадқиқотлар олиб бориш учун етарли шароит яратилганининг юксак самараси эканини эътироф этиш ўринли. Янги Ўзбекистон шаклланиши даврида ташкил топган Марказнинг бугунги салоҳияти эришилган ютуқлар воситасида илм ва маърифатнинг янги чўққилари сари дадил одимлашга замин ҳозирламоқда.

Тақдимотда иштирокчилар томонидан бу каби нашрлар дин соҳасида илмий-маърифий фаолиятни янада жадал ташкил этиш ва ислом дини софлигини сақлаш, уни турли ёт ғояларидан холи эканини ёш авлод онгига сингдиришда муҳим ўрин тутиши нуқтаи-назаридан мазкур йўналишдаги тадқиқот ишларига бўлган боқий эҳтиёж мавжудлиги таъкидланди.

Тадбир якунида Марказ номидан университет жамоасига адабиётлар тўплами ҳадя қилинди. Университет ректори ҳам ўз навбатида тадбир ташкилотчиларига эсдалик совғаларини тақдим этди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Тарғибот тадбирлари бошланди

Ўтаётган ҳафтада Самарқанд вилоятидаги маҳалла ва таълим муассасаларида “Жаҳолатга қарши – маърифат” шиори остида кенг …