Home / АЛЛОМАЛАР / АБУЛ ФАЗЛ МУҲАММАД МАРВАЗИЙ ҲАЁТИ ВА ИЛМИЙ МЕРОСИ

АБУЛ ФАЗЛ МУҲАММАД МАРВАЗИЙ ҲАЁТИ ВА ИЛМИЙ МЕРОСИ

  Абул Фазл Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Абдуллоҳ ибн Абдулмажид ибн Исмоил Суламий Марвазий Балхий 855 йили Марв шаҳрида туғилган. Самъонийнинг маълумотига кўра, у Бухоро қозикалони бўлган ва Сомонийлар амири Нуҳ ибн Насрга фиқҳдан таълим берган. Амир катта ҳурмат ва ихлос билан уни бош вазир этиб тайинлаган.

  Абдулкарим Самъоний унинг ўн тўрт устози номини келтириб, олтмиш минг ҳадисни ёддан билганини ва доимо вақтини мутолаа ва ибодат билан ўтказгани сабабли давлат ишларига жуда оз вақт ажратганини ёзган. Бу ҳарбийларнинг норозилигига сабаб бўлган ва кўтарилган исён натижасида у қатл этилган[1]. Шу сабабли унинг исмига “шаҳид” номи қўшиб айтилган ва “Ҳоким шаҳид” номи билан машҳур бўлган.

Наршахийнинг ёзишича, ўша норозилик исёнига Абул Фазлнинг вазирлик даврида аскарларнинг маоши кечиктирилиши сабаб бўлган.

Абул Фазл Муҳаммад ҳам йирик фақиҳ, ҳам етук муҳаддис бўлган. У Хуросон, Эрон, Миср ва Мовароуннаҳр диёрларида сафарларда бўлиб, кўплаб муҳаддислардан ҳадис ривоят қилган.

Аллома Марвда Абу Ражо Муҳаммад ибн Ҳамдавайҳ Ҳурқоний ва Яҳё ибн Сосуядан, Найсобурда Абдуллоҳ ибн Шеруядан, Райда Иброҳим ибн Юсуфдан, Бағдодда Ҳайсам ибн Халаф Қудурийдан, Маккада Муфаззал ибн Муҳаммад Жандийдан, Мисрда Али ибн Аҳмад ибн Сулаймондан, Бухорода Ҳаммод ибн Аҳмад, Ҳасан ибн Суфён Насавий ва бошқалардан ҳадис ривоят қилган.

Абул Фазлдан эса Хуросон ва унинг атрофларидан чиққан кўплаб муҳаддислар ҳадис ривоят қилган. Абу Бакр Муҳаммад ибн Саид Зарахший, Абу Мансур Ҳусайн ибн Али Фирабрий ва бошқалар шулар жумласидандир. Абу Исҳоқ Иброҳим ибн Муҳаммад Хизрий (ваф. 1010-й) ҳам Абул Фазлдан ҳадис илмидан таълим олган[2].

  Алломанинг ҳуқуқий билимни кимлардан ўргангани маълум эмас. Унинг ислом ҳуқуқшунослиги, хусусан, ҳанафий мазҳабига кўрсатган катта хизмати “Ал-Кофий” асаридир[3].

Абул Фазл Муҳаммад фиқҳга оид жами саккизта, жумладан, “Ал-Кофий” (“Кифоя қилувчи китоб”), “Ал-Мунтақий” (“Танланган китоб”), “Шарҳул жомиъ” (“Жомиъ тўпламга шарҳ”), “Усулул фиқҳ” (“Фиқҳ асослари”) каби асарлар ёзган[4]. Булардан “Ал-Кофий” ва “Ал-Мунтақий” асарлари ҳанафий мазҳабида Муҳаммад Шайбонийнинг китобларидан кейинги ўринда турувчи асосий манбалар ҳисобланади. Аммо “Ал-Мунтақий” асари бизгача етиб келмаган.

“Зоҳирур ривоя” туркумидаги асарлар ҳанафийлик фиқҳида мурожаат қилинадиган асосий манбалар бўлиб, “Зоҳирур ривоя” мазҳаб асосчиларидан тўғри ва ишончли йўл билан ривоят ва нақл қилинган масалалар тўпламидир. Шу сабабли ҳам уламолар аввалдан бу китобларга катта эътибор қаратган, уларни шарҳлаган, усулларини аниқлаган, масалаларини фуруъларга ажратган[5]. Бу туркумдаги асарларни бир китобга жамлашга уриниш кўп бўлган. Имом Муҳаммад Шайбоний (749 805)нинг муҳим асарлари “Зоҳирур ривоя” деб аталган олтита фиқҳий асар бўлиб, қуйидагилардан иборат:

  1. Ал-мабсут;
  2. Зиёдот;
  3. Ал-жомиъул кабир;
  4. Ал-жомиъус сағир;
  5. Ас-сиярул кабир;
  6. Ас-сиярус сағир.

“Зоҳирур ривоя” китобларини Ҳоким Шаҳид ўзининг “Ал-Кофий” асарида тўплаган[6].

Ҳоким Шаҳид Муҳаммад Шайбонийнинг “Ал-жомиъус сағир”, “Ал-жомиъул кабир” ва бошқа китобларида такрор келган масалаларни олиб ташлаган ва қисқартирган ҳамда шу асосда “Ал-Кофий” асарини тузган. Унинг бу хизмати кейинги ҳанафий фақиҳлар томонидан юксак даражада эътироф этилган[7].

“Ал-Кофий” асарининг аҳамияти шундан иборатки, у “Зоҳирур ривоя” туркумига кирувчи олти асарда такрор келган нормаларни чеклаб, битта ягона тизимга жамлаган. Бу асарга кейинги олимлар шарҳлар ёзган. Масалан, Шамсулаимма Сарахсий (ваф. 1096) ўзининг “Ал-Мабсут” номли китобида “Ал-Кофий” асарини шарҳлаган.

  Наршахий ўзининг “Бухоро тарихи” китобида: “Мухтасари Кофий”нинг муаллифи марҳум Абул Фазл ибн Муҳаммад ибн Аҳмад Марвазий Суламий кўп йиллар давомида Бухорода қозилик қилди ва ўзига заррача ҳам айб юқтирмади; у барчага (баробар) адолат ва инсоф юзасидан иш кўрар ҳамда унинг даврида олимлик ва зоҳидликда бутун дунёда унга тенг келадиган киши йўқ эди”[8], деб келтиради.

Зириклийнинг “Аълом” асарида келтирилишича, Абул Фазл Муҳаммад 945 йилда Райда вафот этган.

[1] Ислом энциклопедияси. “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” Давлат илмий нашриёти, 2004. – Б.182.
[2] Абдулкарим Самъоний. Ал-Ансоб. Абдулғафур Раззоқ Бухорий, Комилжон Раҳимов таржимаси. Тошкент –2017. – Б.29.
[3] А.Сарсенбаев. М.Атаев. Мовароуннаҳр фақиҳлари. Т:.“Мовароуннаҳр”, 2011. – Б.13.
[4] Абдуллоҳ Абдулҳамид Саъд. Ўрта Осиё олимлари қомуси. Т:. “Имом Бухорий республика илмий-маърифий маркази нашриёти”, 2007. – Б.241.
[5] Муҳаммад Абу Заҳра. Абу Ҳанифа: ҳаятуҳу ва асруҳу, арауҳу ва фиқҳуҳу. – Байрут: “Дорул фикр ал-арабий”, 1945. – Б.244.
[6] Жузжоний А. Ислом ҳуқуқшунослиги. – Б.162-163.
[7] А.К.Муминов. Ханафитский мазхабв истории Центральной Азии. Алматы:.Қазақ энциклопедиясы, 2015. –Б.116.
[8] Абу Бакр Муҳаммад ибн Жаъфар Наршахий. “Бухоро тарихи”. А.Расулев таржимаси. Т:. “Мерос”. – Б.6.
Равшан ЭЛМУРОДОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

АБУ БАКР АҲАВАЙНИЙ – МОҲИР ЖАРРОҲ ВА ФАЙЛАСУФ

Абу Бакр Аҳавайний – Сомонийлар даврида яшаган файласуф ва тиббиёт олими. Бухорода табиблар оиласида туғилган. …