Home / МАҚОЛАЛАР / “УСУЛУЛ ФИҚҲ” ИЛМИНИНГ УЧ УСТУНИ

“УСУЛУЛ ФИҚҲ” ИЛМИНИНГ УЧ УСТУНИ

Ислом илмлари орасида энг кўп мурожаат этиладиган фан фиқҳ бўлиб, у ислом қонунчилигидан одоб-ахлоқ меъёрларигача бўлган барча соҳаларни ўз ичига олган. Фиқҳ мавзулари инсон ҳаётининг ҳамма жабҳаларини қамраб олгани сабабли уни ўрганишга талаб доим юқори бўлган. Ислом фиқҳи икки йирик тармоқ ёки икки асосий қисм: усулул фиқҳ, фуруъул фиқҳга бўлинади.

Усулул фиқҳ шариатнинг асосий манбалари ҳисобланган Қуръон, суннат, ижмоъ ва қиёсга таянган ҳолда шаръий ҳукмлар ишлаб чиқиш қоидаларини ўрганувчи фандир. Темурийлар даври олимларидан Саййид Шариф Журжоний (1340-1414) “Таърифот” (“Таърифлар”) асарида: “Усулул фиқҳ шаръий-амалий ҳукмларга етказувчи қоидалар мажмуидир”, деб ёзган. Мутахассислар мазкур таърифни шарҳлаб, усулул фиқҳ мавзуси шаръий далиллар, вазифаси эса ислом ҳуқуқшуносларида далиллардан амалий ҳукм ишлаб чиқиш кўникмаларини шакллантиришдан иборат, дейди. Шунингдек, мазкур фан калом, тафсир, ҳадис, ислом тарихи каби фанлар билан бир қаторда, тилшунослик, мантиқ, фалсафа ва жамиятшунослик фанлари билан ҳам узвий боғлиқ экани таъкидланади [1: 26]. Ушбу илмни мукаммал ўзлаштирган мутахассисларга усулий олим, фақиҳ деб ном берилган ва улар ижтимоий ҳаётда пайдо бўлаётган янги масалаларга шариатнинг муносабатини кўрсатиб, унга ислом ҳуқуқи бўйича баҳо беради.

Усулул фиқҳ даставвал фиқҳ фани таркибида Ироқда II-III (м.VIII-IХ) асрда шакллана бошлаган бўлса, кейинги асрда айнан мовароуннаҳрлик олимлар саъй-ҳаракати билан ривожланиб, мустақил фан сифатида тараққий топган. Улардан Абу Зайд Убайдуллоҳ Дабусий (ваф. 1038 й.), Фахрул ислом Али Паздавий [2: 201] (1010-1089) ва Шамсул аимма Муҳаммад Сарахсий (1009-1090) каби фақиҳларнинг усулул фиқҳ илми тараққиётидаги хизматлари улкан бўлиб, илм аҳли томонидан “уч устун” (аркон ас-саласа) деб эътироф этилган[3: 16]. Қуйида уларнинг ҳанафий усулул фиқҳи ривожига қўшган ҳиссаси тадқиқ этилади.

Усулул фиқҳ илмининг тарихий тараққиёти давомида уч услуб, йўналиш шаклланган. Улар “Фақиҳлар йўналиши” номи билан аталувчи ҳанафийлик, “Мутакаллимлар йўналиши” билан номланувчи шофеъийлик ва уларнинг бирикуви ҳамда мувофиқлашуви асосида шаклланган “муҳаққиқлар йўналиши” услубларидир.

Усулул фиқҳга оид бизгача етиб келган асарларнинг энг қадимгиси Муҳаммад ибн Идрис Шофеъий (767-820) қаламига мансуб “Рисола” (“Мактублар”) асари ҳисобланади. Шофеъий мазҳаби усулул фиқҳи мазкур асар асосида шаклланган бўлиб, “мутакаллимлар йўналиши” деб номланган. Фарқли равишда ҳанафий мазҳаби асосчиcи Абу Ҳанифа (699-767) ва унинг шогирдлари – Абу Юсуф (731-798), Муҳаммад ибн Ҳасан (749-805)дан фиқҳнинг “усул” тармоғига оид бирор асар кейинги авлодга етиб келмаган. Балки улардан қолган асарлар фуруъул фиқҳга оид бўлиб, энг асосийлари “Зоҳирур ривоя” тўпламига кирувчи олти асардир. Мазкур олти асар Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний қаламига мансуб бўлиб, уларда Абу Ҳанифа ва унинг шогирдлари томонидан берилган фатволар, айтилган шаръий масала ва аҳкомлар жамланган. Ҳанафий усули ва назарий қоидалари мазҳаббошилардан кейинги икки аср давомида мазкур олти асарда мавжуд ижтиҳодлар, фатволар ва аҳкомлар асосида шакллантирилган [4: 39]. Шунинг учун ҳанафийлик усулида фаръий-фиқҳий масалаларга нисбатан кўп мурожаат этилади.

Ироқлик фақиҳ Абул Ҳасан Убайдуллоҳ Кархий (ваф. 342/952 й.) қаламига мансуб “Рисола фил усул” (“Усул илмига оид рисола”) асари бизгача етиб келган ҳанафийлик усулига оид биринчи асардир. Аммо манба усулга оид ўттиз тўққиз қоиданигина ўз ичига олган уч-тўрт саҳифалик кичик рисоладир. Мазкур қоидалар Абу Хафс Умар Насафий (1067-1142) томонидан “Шарҳу Мадорул усул” (“Усул асоси бўлган қоидалар шарҳи”) номли рисолада шарҳланган ва у ҳам ҳажман кичик бўлиб, Фахрул ислом Али Паздавий (1010-1089)нинг фанга оид “Канзул вусул ила маърифатил усул” (“Усулни ўрганишга етказувчи хазина”) номли асарига илова ҳолда нашр этилган [5: 372]. Кархийнинг яқин шогирди Абу Бакр Жассос (ваф. 370/981) қаламига мансуб “Фусул фил усул” (“Усул илмига оид фасллар”) асари эса ҳанафий усулул фиқҳига бағишланган дастлабки тўлақонли асардир. У тўрт жилддан иборат йирик манба бўлиб, фаннинг асосий мавзуларини батафсил ёритиб берган[6: 564].

Абу Бакр Жассосдан сўнг ҳанафий усулул фиқҳи унинг набира шогирди Абу Зайд Убайдуллоҳ ибн Умар Дабусий (ваф. 1038 й.) томонидан ривожлантирилди, янги мавзулар билан такомиллаштирилди. Абу Зайд Бухоро ва Самарқанд оралиғида жойлашган Дабусия шаҳарчасида дунёга келгани сабаб, ўзига Дабусий нисбасини олган. Устози Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Амр Устуршаний (ваф. 404/1013 й.) Абу Бакр Жассоснинг яқин шогирди бўлиб, Ироқда узоқ муддат таълим олганидан сўнг юртига қайтиб, талабаларга дарс бериш билан машғул бўлган. Абу Зайд Дабусий келажакда ислом ҳуқуқининг усулул фиқҳ (ҳуқуқ назариялари) ва илмул хилоф (қиёсий ҳуқуқшунослик) соҳалари бўйича етук олим бўлиб етишишида устози Устуршанийнинг хизмати беқиёс бўлган [7: 22].

Абу Бакр Жассосдан кейин усулул фиқҳ илми муаллимлиги Бухоро тарихидаги “Етти машҳур қози” (“Қуззоти сабъа”)нинг бири – Абу Зайд Дабусий қўлига ўтди. Абу Зайднинг усулга оид “Тақвимул адилла фи усулул фиқҳ” (“Усулул фиқҳга оид далилларни мустаҳкамлаш”), “Таъсисун назоир” (“Ўхшаш масалаларни асослаш”), “Амадул ақсо” (“Атрофлича фикрлар”) “Асрор фил усул вал фуруъ” (“Усул ва фуруъ илми сирлари”) асарлари бизгача етиб келган.

Дабусий “Тақвимул адилла” асари орқали Абу Бакр Жассоснинг усулул фиқҳга оид илмий қарашларини ривожлантирди, уларга қўшимчалар қўшди, тўлдиришлар қилди. Илк марта шаръий далиллар лафзини тўрт турга бўлиб, изоҳлаб берди ва сентиментал (ҳиссий) ва шаръий ҳаракат ўртасидаги фарқларни кўрсатиб, асослаб берди. Шунингдек, усулул фиқҳга аҳлийят (лаёқат) мавзусини олиб кириб, вужуб аҳлияти ва адо аҳлияти ўрасидаги фарқларни кўрсатиб бериш билан фаннинг мавзуларини тўлиқ шакллантирди [8: 228, 260].

Илм аҳлининг “Тақвимул адилла”га қизиқиши сабабли унинг қўлёзма нусхалари дунё бўйлаб кенг тарқалган. Асар устида олиб борилган тадқиқотларда унинг ҳозир мавжуд йигирмадан ортиқ қўлёзмаси ҳақида маълумот берилади [7: 30]. Жумладан, Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтининг асосий фондида Дабусий вафотидан сўнг 58 йил ўтиб, 489/1096 йили кўчирилган нодир қўлёзма нусхаси сақланмоқда [9: 199].

Дабусий “Таъсисун назоир” асари орқали мазҳаблараро фарқли бўлган ҳуқуқий қарашларни тартибга солиш, уларни илмий услубда ўрганиш қоидаларини ишлаб чиқиш билан “қиёсий ҳуқуқшунослик” (“илмул хилоф”) фанига асос солди[10: 39].

Дабусийдан кейин усулул фиқҳ илми байроқдорлиги унинг набира шогирдлари Фахрул ислом Али Паздавий (1010-1089) ва Шамсул аимма Mуҳаммад Сарахсий (1009-1090) қўлига ўтди. Шамсул аимма Сарахсий Дабусийнинг “Тақвимул адилла”сига қўшимча, тўлдиришлар қилган ҳолда, ўзининг машҳур китоби – “Усул”ни ёзган [11: 9].

Шамсул аимма Сарахсий (ваф. 1090 й.) ҳанафий фақиҳларнинг биринчи авлоди “мутақаддимин”нинг сўнгги вакили ҳисобланади (Бартольд В., 1990:101). Олимдан ислом ҳуқуқига оид катта илмий мерос қолган бўлиб, фиқҳга бағишланган “Мабсут” (“Кенгайтирилган”) асарининг ўзи ўн олти жилддан иборат ва у ислом ҳуқуқи мавзуларини тафсилотлари билан тўлиқ қамраб олган. “Мабсут” Муҳаммад Ҳасан Шайбонийнинг “Зоҳирур ривоя” тўпламига ёзилган ўзига хос шарҳ бўлиб, унда мазҳаб таълимоти ва ҳуқуқий қарашлар ва ечимлар тизимли тарзда, батафсил ёритиб берилган. Сарахсийнинг мазкур йирик асари кейинчалик юзага келган ҳуқуқий таълимотларга манба вазифасини ўтади [12: 73].

Сарахсийнинг усулул фиқҳга оид “Усул” (Сарахсий тартиблаган усул қоидалари) асари фан бўйича асосий қўлланмалардан бири ҳисобланиб, муаллиф муқаддимада асарни 479 йил шаввол ойининг охири (1087 йил 6 февраль)да Ўзкент қалъасидаги ҳужрада ёза бошлаганини қайд этади. Унгача шоҳ асари бўлмиш “Мабсут” узоқ муддат давомида ёзиб тугатилганини қўшимча қилади [12: 12]. Давоми бор…

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:
  1. Саййид Шариф Журжоний. Таърифот. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 1983.
  2. Паздавий – арабча манбаларда Баздавий (البزدوي) шаклида қўлланган. Аммо ўзбек олимлари тил хусусиятидан келиб чиқиб, “Паздавий” шаклида қабул қилинган. У.Уватов. Буюк алломалар юрти. – Т.: “Ўзбекистон” НМИУ, 2016.
  3. Фаҳриддин Аттор. Усулул фиқҳ. – Истанбул: IFAV, 2013.
  4. Абдулҳамид Ҳайсам. Татоввур ал-фикр ал-усулий. – Ар-Риёд: Муҳаммад ибн Саъуд университети, 1998.
  5. Фахру-л-ислом Али ибн Муҳаммад Паздавий. Усулул Паздавий. – Карачи: Мир Муҳаммад кутубхонаси, 1909.
  6. Абу Бакр Жассос. ал-Фусул фи илмил усул. – Баҳрут: Дорул кутуб ал-илмия, 1996. – Ж I.
  7. З. Нажмиддинов. Абу Зайд ад-Дабусий илмий меросининг Мовароуннаҳр фиқҳ илми ривожидаги ўрни. – Т.: ЎзХИА нашриёт-матбаа бирлашмаси, 2019.
  8. Абу Зайд Дабусий. Тақвимул адилла // ношир Халил Муҳйиддин ал-Мис /. Дор ал-кутуб ал-илмия, 2001.
  9. ЎзССР фанлар академиясининг шарқ қўлёзмалари тўплами (СВР) // муҳаррир А.А.Семёнов. Т.: ЎзССР ФА нашриёти, 1957. –Ж. IV.
  10. Фуад Сезгин. Тарих ат-турос ал-арабий. Ар-Риёд: Муҳаммад ибн Саъуд университети, 1991. – Ж. 3.
  11. Абу Зайд Дабусий. Таъсис ан-назар. – Қоҳира: Mактабату Субайҳ, 1974.
  12. Муҳаммад Абу Бакр Сарахсий. Усул //Абул Вафо Афғоний таҳрири остида /. – Ҳайдаробод: Дор ал-маъориф ан-Нўмония, 1957. – Ж. I.
  13. Абдулҳаким Шаръий Жузжоний. Ислом ҳуқушунослиги. Ҳанафий мазҳаби ва Ўрта Осиё фақиҳлари. –Т.: “ТИУ” нашриёти, 2002.
  14. Ибн Халдун. Ал-Муқаддима. – Қоҳира: Mактабату Ибн Таймия, 1980.
  15. Ҳожи Халифа. Кашфуз зунун ан асамил кутуб вал фунун. – Байрут. Дор кутуб ал-илмия, 1992. – Ж. 1.
  16. С.Ғайбуллаев. Усулул Паздавий асосида ёзилган асарлар. – Самарқанд: “Имом Бухорий сабоқлари” журнали. 2021 (махсус сон).
  17. Ҳисомиддин Сиғноқий. Ал-Кофий //Фахруддин Муҳаммадсаййид Муҳаммадқонит таҳрири остида/. – Ар-Риёд. Мактаба ар-Рушд, 2001.
  18. Фахрул ислом Али ибн Муҳаммад Паздавий. Усулул Паздавий //доктор Саид Бекдош таҳрири остида/. – Мадина: Дорус сирож. 2016.
  19. К.Брокелман. Тарихул адаб ал-араби // араб тилига таржимон Доктор Абдулҳалим Нажжор /. – Қоҳира: Дор ал-Маъориф, 1989. – Ж. III.
Саидаҳмадхон ҒАЙБУЛЛАЕВ,
Ўзбекистон халқаро ислом академияси таянч докторанти

Check Also

ЎЗБЕКИСТОН ФАЛСАФА ТАРИХИ РИВОЖИДА НАЖМИДДИН КОМИЛОВ ТАСАВВУФШУНОСЛИК МАКТАБИНИНГ ЎРНИ ВА ИЗДОШЛИК АНЪАНАЛАРИ

Инсоннинг ақлий кашфиёти, интеллектуал салоҳияти юқори даражага етган глобал даврни рақамлашган дунё бошқармоқда. Аммо башарият …