Home / МАҚОЛАЛАР / “УСУЛУЛ ФИҚҲ” ИЛМИНИНГ УЧ УСТУНИ(2-қисм)

“УСУЛУЛ ФИҚҲ” ИЛМИНИНГ УЧ УСТУНИ(2-қисм)

Аммо муаллиф “Усул” асарини қачон ёзиб тугатгани ҳақида хабар қолдирмаган. Асарни ёзишга киришганидан вафотига қадар бўлган муддат қисқалиги ҳамда асар мавзуларини тақсимлаш, тартиблашда очиқланмаган айрим мавҳумликлар борлиги уни якунлагандан сўнг қайта кўриб чиқиш, таҳрирлаш имкониятига эга бўлмаганини билдиради. Шундай бўлса-да, асар юқори илмий савияда ёзилгани сабабли ҳар доим илм аҳлининг эътибор марказида бўлган.

“Усулус Сарахсий” 1954 йил Абул Вафо Афғоний томонидан икки жилдда нашрга тайёрланиб, Ҳиндистоннинг Ҳайдаробод шаҳрида “Дорул маориф Нўмония” нашриётида чоп этилган. Кейинчалик Байрутда 1973, 1993 ва 1997 йиллари қайта нашр этилган.

Ҳанафийлик усулул фиқҳи Фахрул ислом Али ибн Муҳаммад Паздавий илмий фаолияти орқали ўзининг энг юқори даражасига кўтарилди. Олим ўзининг “Усулул Паздавий” номи билан машҳур бўлган “Канзул усул ила маърифатил усул” асарида ўзигача бўлган усулга оид барча қараш, ёндашув, ривоят ва далилларни жамлади ҳамда уларни янгича услуб билан таҳрирлаб, ихчамлаштириб, аниқлаштириб берди. Натижада мазкур китоб усулул фиқҳ хулосаси ўлароқ юзага келди ва кейинги давр манбалари асосан унга таяниб ёзилди. Машҳур араб тарихчиси Ибн Халдун (1332-1406) ўзининг машҳур “Муқаддима”сида: “Усулул фиқҳнинг ҳанафийлар йўналишида жуда кўп асарлар ёзилган. Аввалгилардан Абу Зайд Дабусийнинг китоби, кейингилардан Сайфул ислом Паздавийнинг асари энг фойдали ва мукаммалидир”, деб эътироф этади [13: 428].

“Усулул Паздавий” асари муқаддимасида муаллиф уни ёзишдан кўзлаган мақсади ҳақида тўхталиб ўтган: “Фанни мухтасар ҳолда, аниқ ва тизим билан ёритиб бериш, амалий мисоллар билан боғлаб тушунтириш токи ўз бобида мурожаат этиладиган манба бўлсин”. Муаллифнинг мақсади қанчалик амалга ошганини асарлар ҳақида маълумот берувчи машҳур манба – “Кашфуз зунун” (“Шубҳаларни очиш”)да келган қуйидаги жумлалардан билиш мумкин: “Усулул Паздавий ўзида қимматли маълумотларни жамлаган муҳим манбадир ва фақиҳлар унга шарҳ ёзишда гўё мусобақа қилган”. Мазкур сатрлар муаллифи Ҳожи Халифа сўзининг давомида асарга ёзилган шарҳлардан ўндан ортиғи ҳақида маълумот бериб ўтган [14: 182].

Усулул фиқҳга оид кейинги давр адабиётларининг барчаси “Усулул Паздавий”га бевосита ёки билвосита боғлиқ эканини кўриш мумкин. Асарга бевосита шарҳ, ҳошия, тахриж, мухтасар ва мунтахаб туркумида ёзилган китоблар сони жуда кўп бўлиб, тадқиқотларда ҳозиргача аниқланган элликка яқин ана шундай асар ҳақида маълумот берилади [15: 198]. Жумладан, Ҳамидуддин Али Ромиший Бухорий (ваф. 667/1268 й.)нинг “Фаваид ала усулил Баздавий”, Ҳусомиддин Ҳусайн Сиғноқий Бухорийнинг (ваф. 714/1314 й.) “Кофий шарҳул Баздавий”, Алоуддин Абдулазиз ибн Аҳмад Бухорий (ваф. 730/1330 й.)нинг “Кашфул асрор ан Усули Фахрил ислом Баздавий” ва Акмалуддин Бобартий Мисрий (ваф. 786/1398)нинг “Тақрир ли усулил Баздавий” номли шарҳлари, Абулфидо Зайнуддин Қосим ибн Қутлубуғо (ваф. 1474 й.)нинг “Тахриж аҳадиси Усул Баздавий” асари ҳамда Ҳусомуддин Ахсикатий Фарғонийнинг (ваф. 644/1246 й.)нинг “Мунтахабул Ҳусомия” ва Абул Баракот Насафий (ваф. 710/1310)нинг “Манорул анвор” номли мухтасар (қисқартма)лари “Усулул Паздавий” асосида ёзилган машҳур манбалардир. Улар бир неча марта нашр этилган [16: 142].

“Усулул Паздавий”нинг 2016 йилги нашрини амалга оширган Доктор Саид Бекдош Фахрул ислом Паздавий ва унинг сабоқдош дўсти Шамсул аимма Сарахсийнинг соҳага оид “Усул” асарлари қиёсий ўрганиб, бундай хулоса қилади: “Паздавийнинг “Усул” асари Сарахсийнинг шу соҳадаги китобидан анча олдин ёзилган эди ва “Усулул Паздавий” ҳамда “Усулус Сарахсий” ўртасида услуб ва маълумотларда ўхшашликлар мавжудлиги, ҳатто баъзи ўринлар бир-бирига ҳарфма-ҳарф монанд эканидан, Паздавийнинг асари муаллиф давридаёқ илм аҳли эътиборига тушгани ва асосий таянч манба сифатида қабул қилинганини билиш мумкин” [17: 29].

Манбаларда Фахрул ислом Паздавий Дабусийнинг “Тақвимул адилла”сига изоҳ ва қисқартма сифатида “Шарҳ Тақвимул адилла” ҳамда “Мунтахаб Тақвимул адилла” номли асарлар ёзгани келтирилса-да, уларнинг фақат иккинчиси бизгача етиб келган [18: 126].

“Усулул Паздавий”нинг дунё бўйлаб қўлёзма нусхалари ҳам кенг тарқалгани илмий доираларда уни тан олинган манба сифатида қабул қилинишини билдиради. Ғарб олими Карл Брокелман асарнинг Европа, Осиё, Шимолий Африка мамлакатларидаги китоб фондларида сақланаётган йигирма бешта қўлёзма нусхаси ҳақида маълумот келтирган [19: 289]. Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти асосий фондида ҳам асарнинг учта нодир қўлёзма нусхаси № 1397, № 3112, № 4739 инвентар рақамлари билан сақланмоқда[9: 187].

Дабусий, Сарахсий ва Паздавий асарлари орқали усулул фиқҳ илми ўзининг якуний шакли ва мазмунига эга бўлди ва улар ҳақли равишда фаннинг “арконус саласа” (“уч устуни”) унвонига сазовор бўлди. Бутун мусулмон уммати уларнинг сўзларини, асарларида билдирган фикрларини энг тўғри ва якуний хулоса сифатида қабул қилади [3: 16].

Хулоса қилиб айтганда, усулул фиқҳ илми даставвал Ироқ ўлкасида юзага келган бўлса-да, кейинги асрларда мовароуннаҳрлик фақиҳлар саъй-ҳаракатлари билан ривожланиб, тўлақонли фан сифатида шаклланди. Мазкур фақиҳлардан Абу Зайд Дабусий, Фахрул ислом Паздавий ва Шамсул аимма Сарахсий ўз илмий ишлари орқали ҳанафийлик усулини тўлиқ шакллантирди, мавзуларини тизимга ва тартибга солиб чиқди ҳамда барча қараш ва фикрларни умумлаштириб, таҳрирдан ўтказди.

Мовароуннаҳрлик уламоларнинг усулул фиқҳга оид асарлари бутун мусулмон оламида эътиборли манбалар сифатида қаралади. Уларда кўтарилган масалалар бугунги кунда ҳам долзарблик касб этиб, илмий даргоҳларда дарслик сифатида ўқитилади. Ислом дини мақсади ва мазмун-моҳиятини теран англашга бағишланган мазкур асарлар жамиятимизда динни тўғри тушуниш билан боғлиқ айрим муаммоларни ҳал этишда муҳим аҳамиятга эгадир.

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:

  1. Саййид Шариф Журжоний. Таърифот. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 1983.
  2. Паздавий – арабча манбаларда Баздавий (البزدوي) шаклида қўлланган. Аммо ўзбек олимлари тил хусусиятидан келиб чиқиб, “Паздавий” шаклида қабул қилинган. У.Уватов. Буюк алломалар юрти. – Т.: “Ўзбекистон” НМИУ, 2016.
  3. Фаҳриддин Аттор. Усулул фиқҳ. – Истанбул: IFAV, 2013.
  4. Абдулҳамид Ҳайсам. Татоввур ал-фикр ал-усулий. – Ар-Риёд: Муҳаммад ибн Саъуд университети, 1998.
  5. Фахру-л-ислом Али ибн Муҳаммад Паздавий. Усулул Паздавий. – Карачи: Мир Муҳаммад кутубхонаси, 1909.
  6. Абу Бакр Жассос. ал-Фусул фи илмил усул. – Баҳрут: Дорул кутуб ал-илмия, 1996. – Ж I.
  7. З. Нажмиддинов. Абу Зайд ад-Дабусий илмий меросининг Мовароуннаҳр фиқҳ илми ривожидаги ўрни. – Т.: ЎзХИА нашриёт-матбаа бирлашмаси, 2019.
  8. Абу Зайд Дабусий. Тақвимул адилла // ношир Халил Муҳйиддин ал-Мис /. Дор ал-кутуб ал-илмия, 2001.
  9. ЎзССР фанлар академиясининг шарқ қўлёзмалари тўплами (СВР) // муҳаррир А.А.Семёнов. Т.: ЎзССР ФА нашриёти, 1957. –Ж. IV.
  10. Фуад Сезгин. Тарих ат-турос ал-арабий. Ар-Риёд: Муҳаммад ибн Саъуд университети, 1991. – Ж. 3.
  11. Абу Зайд Дабусий. Таъсис ан-назар. – Қоҳира: Mактабату Субайҳ, 1974.
  12. Муҳаммад Абу Бакр Сарахсий. Усул //Абул Вафо Афғоний таҳрири остида /. – Ҳайдаробод: Дор ал-маъориф ан-Нўмония, 1957. – Ж. I.
  13. Абдулҳаким Шаръий Жузжоний. Ислом ҳуқушунослиги. Ҳанафий мазҳаби ва Ўрта Осиё фақиҳлари. –Т.: “ТИУ” нашриёти, 2002.
  14. Ибн Халдун. Ал-Муқаддима. – Қоҳира: Mактабату Ибн Таймия, 1980.
  15. Ҳожи Халифа. Кашфуз зунун ан асамил кутуб вал фунун. – Байрут. Дор кутуб ал-илмия, 1992. – Ж. 1.
  16. С.Ғайбуллаев. Усулул Паздавий асосида ёзилган асарлар. – Самарқанд: “Имом Бухорий сабоқлари” журнали. 2021 (махсус сон).
  17. Ҳисомиддин Сиғноқий. Ал-Кофий //Фахруддин Муҳаммадсаййид Муҳаммадқонит таҳрири остида/. – Ар-Риёд. Мактаба ар-Рушд, 2001.
  18. Фахрул ислом Али ибн Муҳаммад Паздавий. Усулул Паздавий //доктор Саид Бекдош таҳрири остида/. – Мадина: Дорус сирож. 2016.
  19. К.Брокелман. Тарихул адаб ал-араби // араб тилига таржимон Доктор Абдулҳалим Нажжор /. – Қоҳира: Дор ал-Маъориф, 1989. – Ж. III.
Саидаҳмадхон ҒАЙБУЛЛАЕВ,
Ўзбекистон халқаро ислом академияси таянч докторанти

Check Also

ШАМСУЛ АИММА ҲАЛВОНИЙ ҚАЛАМИГА МАНСУБ АСАРЛАР

Абдулазиз ибн Аҳмад ибн Наср ибн Солиҳ Ҳанафий Бухорий ал-Ҳалвоний (ваф. 448/1056-1057) ижтимоий-сиёсий фаолияти учун …