Home / МАҚОЛАЛАР / АЛИШЕР НАВОИЙ – ШАРҚ РЕНЕССАНСИНИНГ УЛКАН НАМОЯНДАСИ

АЛИШЕР НАВОИЙ – ШАРҚ РЕНЕССАНСИНИНГ УЛКАН НАМОЯНДАСИ

Ўзбек халқининг улуғ шоири ва мутафаккири Алишер Навоий жаҳон адабиётининг буюк намояндаларидан биридир. Унинг номи ва мероси Гомер ва Данте, Рўдакий ва Фирдавсий, Низомий ва Шота Руставели, Саъдий ва Жомий, Шекспир ва Бальзак, Пушкин ва Толстой, Рабиндранат Тагор ва Лу Син каби улкан сўз санъаткорларининг номи ва меросидек ўлмасдир.

Адабиётшунос, шунингдек, навоийшунос олим Натан Маллаев Навоийнинг яхши ният ва орзулари асрлар оша башариятга хизмат қилаётганини қайд этган, яъни Навоий: “Умидим улдурки ва хаёлимға андоқ келурки, сўзим мартабаси авждан қуйи энмагай ва бу ёзган асарларимнинг тантанаси аъло даражадан ўзга ерни ёқтирмагай” деган эди. Навоий янглишмади. Унинг орзулари айниқса, бизнинг замонда рўёбга чиқди [14:400].

Алишер Навоий – Шарқ Ренессансининг йирик намояндаси сифатида жаҳон цивилизацияси тарихида, айниқса, туркийзабон халқлар маданий ва маънавий ҳаётининг ривожида алоҳида ўрин тутади. У ўз асарларида маънавий поклик, халқсеварлик ва маърифатпарварликни куйлаб, авлодларга катта адабий-фалсафий ва илмий мерос қолдирди. Навоийнинг жамият тараққиёти, шахс камолоти билан боғлиқ фикр ва мулоҳазалари қадимги дунё файласуфлари ғоялари билан ҳамоҳангдир. Навоий ижодининг бош хусусиятларидан бири, сўзсиз, кишилар ўртасидаги меҳр-муҳаббат, ўзаро ҳурмат, бағрикенглик ва эзгуликнинг марказий ўринга қўйилишидир. Навоий бутун онгли ҳаётини туркий халқларнинг нуфузини, миллий ғурур ва миллий ўзига хослигини қайта тиклашга сарфлаган буюк ватанпарвардир. Навоий туфайли дунё халқлари туркона маданият ва маънавиятга алоҳида эҳтиром кўрсата бошлаган. Ҳазрат Навоий ўз ҳаётини халқимиз илм-фани ва санъатини ривожлантиришга, мамлакат равнақи, халқ ва миллатнинг тинч-тотув яшаши ҳамда давлат қудратини мустаҳкамлашга бағишлади. Султон Ҳусайн Бойқаро ул зотни “мамлакат устуни, давлат таянчи” деб бежиз атамаган [3:499]. Навоийдаги бағрикенглик, адолатлилик, донолик, сиёсатдонлик ва фуқароларга ғамхўрлик фазилатлари султонга давлатни адолатли бошқаришда яқиндан ёрдам берган. Шунинг учун ҳам султон Навоийни дўст сифатида бениҳоя улуғлади ва қадрлади. Ҳар қандай шароитда ҳам уни ёнидан узоқлаштирмасликка ҳаракат қилди. Уларнинг бирга бўлиши давлатни мустаҳкамлаш, адолат ўрнатиш, ҳар соҳада, жумладан, тил, маданият, санъат, илм-фан соҳаларини ривожлантириш билан бирга, давлатнинг мудофаа қудрати, халқаро обрў-эътиборини оширишга хизмат қилди. Ҳазрат Навоий гарчи ҳаётининг мазмунини ижод қилишда деб билса ҳам, давлат ва халқ манфаатини ўйлаб, халқ осудалиги йўлида султон ёнида туриб муҳим давлат ишларини бажарди. Навоий Амири кабир – бош вазир сифатида узоқ йиллар давлат бошқарувининг энг муҳим ва нозик бўғинларида, суд – адлия, ички ишлар, солиқ тизими, ташқи дипломатик алоқалар, ички низолар, чегара муаммолари, умумхалқ йиғинлари ва тадбирларида давлат ва халқ манфаатларини уйғунлаштирди ва ҳимоя қилди. Навоий давлат хизматини мансаб ва обрў эмас, балки миллат қадриятларини тиклаш ва бутун дунёга тан олдиришдек улкан вазифани амалга ошириш учун бир имконият ва восита деб билди [17:3-4].

“Бобурнома”дан: “Фарғона вилояти бешинчи иқлимдиндур… Етти пора қасабаси бор. Беш Сайҳун суйининг жануби тарафида, икки шимол жонибида, Жанубий тарафидаги қасабалар: бир – Андижондурким, васатта воқеъ бўлибдур, Фарғона вилоятининг пойтахтидур… эли туркдур. Шаҳар ва бозорида туркий билмас киши йўқтур. Элининг лафзи қалам била ростдур. Ани учунким, Мир Алишер Навоийнинг мусаннофоти, бовужудиким Ҳиротда нашъу намо топибдур, бу тил биладур” . “Алишербек назири йўқ киши эди. Туркий тил била то шеър айтибдурлар, ҳеч ким онча кўп ва хўб айтқон эмас” [10:214].

Хуросон ва Мовароуннаҳр тарихида “Темур ва темурийлар даври” деб аталадиган давр  Навоийнинг таҳсин ва ғурурини уйғотар эди, чунки бу давр “турк улуси” зодагонларининг ҳокимият бошига келиши ва миллий маданият ҳамда адабиётининг тараққиёти даври ҳам бўлди. Зотан, Хуросон ва Мовароуннаҳрнинг бу давр тарихи гениал шоирнинг бунёдга келишига замин ҳозирлаган эди.

Навоий туғилган йили Темурнинг оламдан ўтганига 35 йил тўлган эди. Бу йиллар ичида (1369-1405 йиллар орасида) эса “Темур давлати” деб аталмиш катта империя ҳам вужудга келиб, ҳам парчаланиб кетган эди [11:20].

XV аср жаҳон маънавиятининг буюк сиймоси Низомиддин Мир Алишер Навоий ҳижрий 844 йил рамазон ойининг 17-куни (1441 йил 9 февраль)да Ҳиротда туғилган. Ҳирот шаҳри XV аср биринчи ярмида Соҳибқирон Амир Темур асос солган улуғ салтанатнинг иккинчи пойтахти, Темурнинг кенжа ўғли Шоҳрух Мирзонинг қўл остидаги обод манзилларидан бири эди.

Алишер туғилган хонадон темурийлар саройига азалдан яқин ва юртда муайян нуфуз соҳиби эди. Бўлғуси шоирнинг отаси Ғиёсиддин Муҳаммад ўғлининг тарбиясига жиддий эътибор берган.  Алишернинг шеъриятдаги илк устози тоғаси Мир Саййид Кобулий ва Муҳаммад Али Ғарибийлардир. Навоий “Мажолисун нафоис” асарида Кобулий ҳақида: “Яхши табъи бор эрди, туркчада майли кўпроқ эрди…” – деса, Ғарибий ҳақида: “Хуш муховара (хушсуҳбат) ва хушхулқ ва дардманд йигит эрди. Kўпроқ созларни яхши чалар эрди. Уни овози  ва усули хўб эрди. Мусиқий илмидин ҳам хабардор эрди…” – дейди.

1447 йилда Шоҳрух вафот этгач, темурий шаҳзодалар ўртасида тож-тахт дарди хуруж қилиб, юртда талотўп бошланди ва Ғиёсиддин Муҳаммад хонадони ҳам кўп қатори ватанни тарк этди. Ёш Алишер учун тақдир синовлари бошланди. Шоҳрухнинг набираси Абулқосим Бобур 1452 йилда Ҳирот тахтига ўтиргач, Алишернинг отасини Сабзаворга ҳоким этиб тайинлади. Лекин орадан кўп ўтмай Ғиёсиддин кичкина дунёдан кўз юмди. Бу пайтда Алишер эндигина 12 ёшга қадам қўйган эди. Абулқосим Бобур Алишер ва унинг мактабдош дўсти  Ҳусайнни ўз тарбиясига олди, 1456 йили эса ўзи билан Машҳадга олиб кетди. Кейинчалик Ҳусайн Бойқаро сипоҳийлик йўлини танлади, Алишер эса замонанинг “маликул калом”и мавлоно Лутфий таҳсини ва ҳайратига сазовор бўлган истеъдод эгаси бўлиб етишди. “Фақирнинг назмлари Хуросонда шуҳрат тутиб эрди”, деб ёзади Навоий 1455-1458 йиллар ҳақида [15:208].

Алишер Навоийнинг ўзи уруғ-аймоғи борасида деярли маълумот қолдирмаган. Фақат тоғалари Мир Саид Кобулий ва Му­ҳаммад Али Ғарибий, укаси Дарвишали хақида “Мажолис”да бир оз тўхталади, у ҳам бўлса, тазкира талаби нуқтаи назардан жуда қисқа [6:66-67]. Отаси тўғрисида эса мавзу талаб қилганда бир оз гапиришга мажбур бўлган жойлари мавжуд. Масалан, “Мажолис”да Мир Шоҳий номли шоир жасади Астрободдан ватани Сабзаворга олиб келинган пайтда отаси бу ерда ҳукумат ишларини бошқариб турганини айтиб ўтади [6:28]. Унинг қанча пайт ҳокимлик қилгани ва Алишерлар оиласининг Сабзавордаги ҳаётига доир бошқа маълумот келтирмаган. “Бадое ул-бидоя”да “отам бу остон хокбези, онам ҳам бу сарой бўстон канизи”, – деб уларнинг темурийлар хонадони хизматида бўлганини камтарона тарзда таъкидлаб ўтган [4:17]. “Вақфия” асарида “бу ҳоксорнинг ота-бобоси ул хазратнинг бобо ва аждоди хизматларидаким хар бири салтанат конининг гавҳари ва шужоат бешасининг ғазанфари эрдилар – улуғ маротибха сазовор ва бийик маносих комгор бўлғон эрдилар”, деб [5:246] ўзининг насл-насабига ишора қилган. Аммо негадир бирон бир асарида ота-онаси ҳақида аниқ маълумот қолдирмаган.

Фахрий Ҳиротийнинг “Латоифнома”сида ёзилади: “Мирнинг таржимаи ҳолидан хабардор мўйсафид тарихчилар ва тўғри сўзли дунё кўрганлар ўз асарларида шундай келтирадиларким, Мирга амирлик мансаби меросийдур. Унинг отаси Амир Кички­на султон Абусаиднинг хизматида эди. Гарчи муҳру мансаби бўлмаса хам, катта ҳурматга эга эди. Она томондан бобоси Амир шайх Абусаид Чанг Мирзо Бойқаро хонадонида амирул умаро эди. Мир ўн ёшлигидан Бобур мирзо хизматида бўлиб, (сул­тон) уни фарзандидек кўрарди. Мир замон султони (Ҳусайн Бой­қаро) билан мактабда ҳамсуҳбат ва ҳамсабоқ эди. Улар қачон бошларига бахт қуши қўнса, бир-бирини унутмасликка аҳду паймон боғлашган экан” [20:133]. Фахрийнинг тазкираси Навоий вафотидан сўнг – 1521-1522 йили яратилган.

Манбаларда келтирилишича, Навоий ёшлик даврининг бир муддатини Абулқосим Бобур саройида ўтказган. Абулқосим Бобур 1456 йили қишлаш учун Машҳадга кўчганда Алишер ва Ҳусайн Бойқаро ҳам у билан кетади. Ўша қиш (1457) Абулқосим Бо­бур вафот этади. Хондамир “Ҳабибус сияр”да аниқ кўрсатишича, Алишер Навоий Абулқосим Бобур билан бирга Машҳадда бўлган ва султон вафотидан кейин шаҳарда қолиб, илм такомили билан шуғулланган [21:217].

Алишер Навоий “Ҳолоти Паҳлавон Муҳаммад” асаридаги Паҳлавон билан учрашуви зикрида ўзини Машҳадга “айни ифлосу фалокат ва сарнавишу ранжуриш” етаклаб келгани  ва бу замонда Хуросон Абусаид Мирзо қўлида бўлиб, Ҳирот аҳли Самарқанд аҳлига асир ва муте бўлганини кўрсатади [7]. Диққат қилсангиз, Навоий айтмоқчи, уни Машҳадга тортган сабаблар, бу ифлослик, яъни ўрта асрларда бу калима чорасизлик маъносида ишлатилган; иккинчиси – фалокат, учинчиси эса сарнавишт, яъни тақдир, пешона ҳамда тўртинчиси – ранжуриш. Мазкур охирги калима ҳам форсий бўлиб, хафачилик маъносини билдиради. Демак, Алишер чорасизлик, фалокат, тақдир ва хафагарчилик оқибатида Машҳадга келган. Бу аламзада оҳангни биз билган Абулқосим Бобур даврига боғлаб бўлмайди. Алишер Абулқосим Бобурга фарзанд ўрнида ҳисобланарди (Давлатшоҳ  Самарқандий) ва уни Машҳадга Бобур келтирган эди. Кўриниб турибдики, воқеа Абусаид замонасида рўй берган. Маълумки, Абусаид Абулқосим Бо­бур вафот этган йилдаёқ Хуросонни эгаллайди.

Бобур аслида “Абусаид Навоийни Самарқандга нега сур­гун қилди?” деб эмас, балки “Билмайман, қайси гуноҳи учун Ҳиротдан чиқариб юборди?” деган мазмунда гапирган. Мана шу фарқни тушунишнинг ўзиёқ шоир таржимаи ҳолидаги баъзи тўқималарни бекор қилади. Бобур Навоийнинг саройдан кетиши Абусаид билан боғлиқлигини билиб, шоҳнинг хатти-ҳаракатини қоралаган. Чунки шоирлар ва илм аҳлига ҳомийлик қилиш шоҳлик расми бўлган. Шоирлар ва илм аҳли сиёсатда бетараф бўлган. Улар бир подшоҳдан қанчалик мурувват кўрса, унинг вафотидан кейин унга мухолиф (ҳатто қотили) бўлган кейинги подшоҳлардан ҳам шунчалик мурувват кўрган.

Хуросондан Самарқандга кетиб, Хожа Жалолиддин Фазлуллоҳ (Абулайс) хонақосида яшади. Бу ҳаёт шунгача давом этдики, Султон Аҳмад – Ҳусайн Мирзога қарши Амудан кечиб, Хуросонга юриш қилганда Амир Алишер ҳам унинг ўрдусида эди. Абусаид Мирзо ўлими воқеаси ва Ҳусайн Бойқаронинг Ҳиротни истило этгани ҳақидаги хабар аниқлангандан сўнг Аҳмад Ҳожибекдан рухсат олиб, Ҳиротга юзланди.

Бу эса Абусаид Навоийдан мутлақо хавфсирамаганини билдиради. Агар султон Навоийнинг Ҳусайн Бойқарога яқин алоқаси борлиги учун душманона кайфиятда бўлганда эди, унда Абулқосим Бобурнинг амирларини ўз хизматига олганини қандай изоҳлаш мумкин? Уларнинг кўпчилиги Ҳусайннинг устози ва яқинлари бўлган. Худди шундай: султон Ҳусайн Бойқаро ҳам Абусаиднинг амирларини ўз хизматига олган. Темурий султонлар наздида кўкалдошлар ва амирлар қайси бир темурий султонга хизмат қилганига қараб эмас, балки, умуман, темурийлар сулоласи султонларига содиқлигига қараб қадрланган. Шунинг учун ҳам султонлар ўзгараверса-да, кўпчилик амирлар иззат-ҳурматда қолаверган. Кўкалдошлар темурийларга яқин кишилар сифатида шу давлат ҳудудида хос эътиборга эга бўлган. Темур тузукларига биноан, ғаним тарафидан кимки ўз давлатидан умидини узиб, бошқа бир подшоҳ қошига келиб, хизматига кирса, бу подшоҳ уни азиз тутиши, унинг мухолиф подшога вафодорлигини унутиб, мартабасини улуғ қилиши лозим бўлган. Бу жиҳатдан ҳам тадқиқотларда айтилган Абусаиднинг Навоийга Ҳусайн билан бирга ўсгани учун ёмон муносабатда бўлиши ҳақиқатга тўғри келмайди[1].

Хуллас, Навоийнинг Абусаид Мирзога салбий муносабати унинг ўзигагина маълум сир бўлиб қолди. Масаланинг иккинчи томони муҳимроқ. Навоий Ҳиротдан чиқиб, Машҳадга борган экан, нега муайян вақт ўтиб, Самарқандга кетиш истаги туғилди экан? Ахир, Самарқанд шу пайтлари ҳам Абусаиднинг жиддий назорати остида эди-ку.

Шу ўринда қуйидагиларга эътибор қаратиш лозим. Ҳижрий 869 (1464 – 1465) йили Ҳирот дорус салтанасининг ҳокими – Вафоий тахаллуси билан ажойиб шеърлар ёзган Аҳмад Ҳожибек Абусаид Мирзонинг фармони билан шаҳзода султон Аҳмад Мирзонинг эшик оғаси сифатида унинг номидан ҳукуматни бошқариш учун Самарқандга юборилади [16:290]. Агар Алишер Ҳиротда яшаб юрганида Абусаид тарихини ёзаётган Мавлоно Абусамад Бадахший [13:44] ва султоннинг хос мулозими Шайхим Суҳайлий билан яқиндан ошнолиги ҳисобга олинса, Аҳмад Ҳожибек билан ҳам яқин муносабатда бўлгани аниқлашади. Чунончи, “Мажолисун нафоис”да у ёзади: «…Вафоий тахаллус қилур. Сурати хуш ва сийрати дилкаш, ахлоқи ҳамида ва атвори писандида йигитдур. Хуросонда тарбият топти. Ҳирот дорус салтанатида ўн йилга яқин ҳукумат қилди. Самарқанд маҳфузасида ҳам муддате ҳоким эрди…» [13:151].

Машҳадда тушкун кайфият билан юрган Алишер иложи борича узоқроққа кетишни истаган ва бунинг исботини “Илк девон” ғазалларида кўриш мумкин [9:168]. Аҳмад Ҳожибек Са­марқандда Навоийга қулай шароит яратиб бериши мумкин эди. Юқорида “Равзатус сафо”дан келтирилган иқтибосда Навоийнинг Аҳмад Ҳожибек билан суҳбатдош бўлгани ҳақидаги маълумот шундай хулосага олиб келади.

Эҳтимол, Алишер шоиртабиат ва фозил ҳукмдорни қора тортиб, Самарқандга боришни ихтиёр этган бўлса, ажаб эмас.

Навоийгача Навоий бўлмаган, Навоий даврида Навоий Навоийнинг ўзи, Навоийдан сўнг Навоийдай бўладими, йўқми – бу даргумон – деган ҳикматомуз таъбир Самарқандда пайдо бўлган. Дарвоқе, Шарқ адабиётида Бобосултон На­воий, Мулло Шамсиддин Муҳаммад Навоий, Мир Муҳаммад Шариф Навоий, Бақоий Навоий каби Навоийлар ўтган. Бироқ ҳар қайсиси ўзича Навоий бўлган ва бирортаси ҳам Алишер Навоий бўла олмаган. Шу сабабдан ҳам Самарқандга Алишер Навоийнинг пойқадами 1465 йили тушгандан бошлаб қадимий ва ҳамиша навқирон шаҳримизнинг аҳли донишлари Алишер Навоий ҳақида гап бошлаган ва йиллар, ўн йиллар, юз йиллардирки уни ўз шаҳрининг барҳаёт фуқароси сифатида ардоқлаб, қаерда шеър ва шуаро, маърифат ва маданият, ақл ва одоб, маънидонлик ва ҳозиржавоблик тўғрисида гап кетса, унга мурожаат этган, унинг битмас ва туганмас меросидан баҳраманд бўлган, ундан жавоб ахтариб топган [2:79].

“Ҳайратул аброр”нинг 11 мақолатидаги:

Тонгла қилиб сайр мадорис аро,
Мадрасалар ичра мажолис аро…

мисраларидан равшанки, Алишер Навоий ўз мактабдошлари Юсуф Андижоний, Юсуф Сафоий, Мирзо Хожа Сўғдий ва Ҳаримий Қаландар билан бирга ўша вақтдаги Самарқанд фозилларининг “аъламул уламоси” Фазлулло Абулайс мадрасасида ўқиб, ўша ердагина сокин бўлиб қолмади, бал­ки Самарқанд қаерида мадраса, мударрис, “мажолис” – илмий мажлислар бўлса, ўша ерда  ҳозир бўлишга уринди. Алишер Навоийга хос бўлган дилкашу дилрабо ҳаракат ва ғайрат Самарқанднинг ўша кезлардаги маданий муҳитидан баҳраманд бўлишга мухлис бўлган хоразмлик, ҳиротлик, андижонлик, тошкентлик, қаршилик, бадахшонлик, марвлик толиби илмларни ҳам қизиқтирмай қўймас эди.

Алишер Навоий Мирзо Улуғбекни “…камолоти бағоят кўп эрди” деб таърифлаган экан, бу таъриф заминида баркамолликда Улуғбек даражасига кўтарилиш лозим деган мақсадни кўзда тутган эди. “Ҳайъат ва риёзийни кўп билур эрди. Андоқким зич битди ва расад  боғлади ва ҳоло анинг зичи арода шоеъдур» деганида, унинг «Юлдузшунослик жадвали” ни биз ўрганар эдик, ҳисобдонлик, юлдузшуносликда Улуғбекдан ибрат олиш лозим, деган муҳим ғояни илгари сурди. Унинг XV аср илмий шеъриятида муҳим ўринни ишғол этиб, мангуликка ўлмас фазилат касб этган Улуғбек, расадхона, ундаги илмий кашфиётлар таърифотига доир мана бу мисралари самарқандликларнинг ҳам  дили, ҳам тилида мангулик касб этган эди:

Темурхон наслидин султон Улуғбек,

Ки олам кўрмади султон анингдек.

Расадким боғламиш зеби жаҳондур,

Жаҳон ичра яна бир осмондур.

Валек ул илм сори топди чун даст,

Кўзи олдида бўлди осмон паст.

Билиб бу навъ илми осмоний,

Ки андин ёзди Зичи Кўрагоний.

Қиёматга деганча аҳли айём,

Ёзарлар онинг аҳкомидин аҳком [8:74].

Орадан йигирма йил вақт ўтади. Бу йилларда Алишер Навоий жуда катта ҳаётий ва ижодий тажриба орттиради. Навоий Самарқандда яшаган йилларида Туркистон томонларда ҳам бўлган, деб тахмин қилиш мумкин. Чунки “Насойимул муҳаббат”да Аҳмад Яссавийнинг маънавий ворислари бўлган Ҳаким ота, Исмоил ота, Занги ота, Хожа Боязид каби тарихий шахсларнинг алоҳида эҳтиром билан қаламга олиниши, уларнинг ҳаётига оид тафсилотлар ва шеърларидан намуналар келтирилиши Навоий­нинг Аҳмад Яссавий ва унинг ворислари яшаган муҳит билан яқиндан таниш бўлганини кўрсатади.

Шу билан бирга, Навоий Балх, Марв, Астрободда яшайди. Хоразмга сафар қилади. Ҳусайн Бойқаронинг яқин мусоҳиби сифатида бошқа сафарларда ҳам унинг йўлдоши бўлган [12:134].

Султон Ҳусайн Бойқаронинг тахтга ўтириши муносабати билан келтирилган тафсилотларда, “Тақдир жафокорлиги” ибораси Хондамир Навоийнинг пойтахтдан узоқлигини назарда тутган. У, эҳтимол, ихрож сабабларидан тўла бўлмаса-да, қисман хабардор бўлиши ҳам мумкин. Чунки Навоий вафотидан сўнг яратган “Ҳабибус сияр” асарида худди шу воқеалар баёнига аниқлик киритиб: “Султон Абусаид замонида Ҳирот дорус салтанатига қайтиб, бир муддат ул иқбол ошиёнлик остона хизматида бўлди. Аммо ўз ҳолига яраша даража ва риоят топмагач, Хуросондан Самарқандга кетди” тарзида Абусаид номини очиқ-ойдин кўрсатиб ўтган [21:217].

“Султон соҳибқирон (Ҳусайн Бойқаро) мазкур амирни (Алишерни) талаб қилиб султон Аҳмад Мирзога хат ёзган, (уни олиб келиш учун) киши юборган. (Султон Аҳмад Мирзо) уни муносиб анжомлар билан султон соҳибқирон ҳузурига жўнатди. Амир Ҳиротга қараб йўл олди ва хизмат қилиш давлатига муяссар бўлди” [20:134]. Шу фактнинг ўзи ҳам унинг Самарқандда чор-ночор ва кимсасиз яшамаганига далолатдир. Гарчи у муайян лавозимда бўлмаган эса-да, ҳокимга яқин инсон мақомида бўлган кўринади, акс холда, уни Ҳиротга келтириш учун Самарқанд ҳокимига махсус нома юборилмас эди.

Самарқанд Алишер Навоий ҳаётида алоҳида ўрин тутади. XV асрнинг иккинчи ярмида Самарқанд илм-фан маркази сифатида ўз аҳамиятини йўқотгани борасидаги рус олимларининг таъкидларини баҳс доирасига тортишнинг ҳожати йўқ. Чунки бундай қарашлар анча йиллар олдин академик Воҳид Абдул­лаев томонидан анча жиддий қораланган ва етарлича далиллар асосида унинг акси исботлаб берилган эди [1:14].

Шоирнинг Самарқанддаги ҳаётини ойдинлаштирувчи айрим маълумотлар мавжуд. “Равзатус сафо”да қуйидагича ёзилади: (… Хуросондан Самарқандга кетиб, Хожа Жалолиддин Фазлуллоҳ (Абулайс) хонақосида яшади. Асосий вақтини мутолаа билан ўтказди. Гоҳида Мовароуннаҳр давлати ишларининг соҳиб ихтиёри Амир Дарвеш Муҳаммад Тархон ва Амир Аҳмад Ҳожибек билан суҳбат қурарди. Бу ҳаёт шунчага давом этдики, Мирзо Султон Аҳмад – Ҳусайн Мирзога қарши Амудан кечиб, Хуросонга юриш қилганда, Амир Алишер ҳам унинг ўрдусида эди. Абусаид Мирзо ўлими воқеаси ва Ҳусайн Бойқаронинг Ҳиротни истило этгани ҳақидаги хабар аниқлангандан сўнг Аҳмад Ҳожибекдан рухсат олиб Ҳиротга юзланди [18:121].

1469 йил Ҳусайн Бойқаро Абусаид Мирзонинг шаҳид бўлганидан фойдаланиб, Ҳирот тахтини ўз тасарруфига киритади. Султон Ҳусайн Хуросон тахтини эгаллагандан сўнг илгари ўзига ёрдамлашган, содиқ одамларига салтанат лавозим ва мансабларини улашади. Зеро, Амир Темур ўз “Тузуклар”ида ёзади: “… мол-дунёга ҳирс қўйган очкўз ва тамагирларга мол-дунё ваъда қилдим, мансаб-мартабага ва мамлакатларни бошқаришга кўз тиккан амалпарастларни қўлим остидаги мамлакат ва вилоятлардан бирига (ҳокимлик) қилишга номзод қилиб кўрсатдим… қилган бир хизматини ўн баробар қилиб тақдирлаб, дилларини хушнуд қилдим” [19:31].

Алишер Навоийдек обрўли ва тадбирли кишиларга муҳтож бўлган Ҳусайн Бойқаро Навоийнинг Ҳиротга қайтишидан мамнун бўлиб, уни саройга чақирди ва муҳрдорлик вазифасини топширди. Бу мансаб энг катта мансаблардан бири бўлиб, давлатнинг ҳар қандай ҳужжати муҳрдор орқали расмийлаштирилар, муҳрдор муҳр  босар ва имзо чекар эди [18:114]. Навоий Ҳусайн Бойқаро давлатини мустаҳкамлашда ва мамлакатни майда қисмларга бўлиб юборишга интилаётган шаҳзода ва амир-амалдорларга қарши курашда катта иш кўрсатди. Ёдгор Муҳаммаднинг фитнасини фош қилиб, мамлакат ва халқнинг осойишталигига бутун кучини сарф қилди. Солиқларни халқдан орттириб олаётган баъзи бир амалдорлар Навоийнинг талаби билан ишдан четлаштирилди. Бу эса, Навоийнинг халқ орасидаги обрўсини янада ошириб юборди. 

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:
  1. Абдуллаев В. Навоий Самарқандда. – Т.: Адабиёт ва санъат, 1968.
  2. Абдуллаев В. Навоий ва Самарқанд шоирлари. Навоий ва адабий таъсир масалалари. – Т.: Фан, 1969.
  3. Абдуррахман Джами. Хирадномаи Искандари. Критический текст и предисловие Г.Тарбията. – Москва: ГРВЛ, 1984.
  4. Алишер Навоий. Бадоеул бидоя // Мукаммал асарлар тўплами. – Т.: Фан, 1987. T.I.
  5. Алишер Навоий. Вақфия // Мукаммал асарлар тўплами. – Т.: Фан, 1998. T. XIV.
  6. Алишер Навоий. Мажолисун нафоис. II Мукаммал асарлар тўплами / Нашрга тайёрловчи Ғаниева С. – Т.: Фан, 1997. T. XIII.
  7. Алишер Навоий. Ҳолоти Паҳлавон Муҳаммад // Мукаммал асарлар.
  8. Алишер Навоий. Ҳайратул аброр. – Т.: Янги аср авлоди, 2014.
  9. Навоийнинг илк лирикаси. – Т.: Фан, 1965.
  10. Заҳириддин Муҳаммад Бобур. Бобурнома. – Т.: Камалак, 1991.
  11. Иззат Султон. Навоийнинг қалб дафтари. – Т.: Ғафур Ғулом номидаги бадиий адабиёт нашриёти, 1969.
  12. Қодиров Пиримқул. Тил ва эл. – Т.: Маънавият, 2010.
  13. Мажолисун-нафоис.
  14. Маллаев Натан. Ўзбек адабиёти тарихи. Биринчи китоб. – Т.: Ўқитувчи, 1965.
  15. Маънавият юлдузлари. Нашрга тайёрловчи ва масъул муҳаррир М.Хайруллаев. – Т.: Абдулла Қодирий номидаги Халқ мероси нашриёти, 1999.
  16. Равзатус сафо… – Б.:290.
  17. Сирожиддинов Шуҳрат. Алишер Навоий даҳоси. Олтин битиклар. 2018/1.
  18. Сирожиддинов Шуҳрат. Алишер Навоий. Манбаларнинг қиёсий-типологик текстологик таҳлили. – Т.: Akademnashr, 2011.
  19. Темур тузуклари / Форсчадан А.Соғуний ва Х.Кароматов таржимаси. – Т.: Ўзбекистон, 1991.
  20. Фахрий Ҳиротий. Латоифнома. Таржумайи “Мажолисун нафоис”и Алишер Навойи / Ба саъй ва эхтимоми Али Асғар Ҳикмат. – Теҳрон, 1323 ҳ.
  21. Хондамир. Ҳабибус сияр. Қўлёзма. IV жилд.
 [1] Шу ерда таъкидлаш жоизки, хозирги янги тафаккур даврида тему­рий султон Абусаид Кўрагон шахсига хам холис ёндашиш вакти келди. Баъзи тадкикотларда Ҳиротнинг ғорат этилиши ва баъзи конли вокеалар мазкур султонга нисбат берилади (каранг: Абдуллаев В. Навоий Самарқандда. – Тошкент, 1968. – Б.39.). Ўша давр тарихи ёзилган манбалар қайта кўриб чиқилганида шўролар даври тадқикотларида Абусаид Султон Амир шайх Абу Саъд номли лашкарбоши билан адаштириб юборилгани аникланди (каранг: Хондамир. Ҳабиб ус-сияр. ЎзРФА ШИ, инв. №2153. 568а-варақ). Албатта, султон Абусаид мирзонинг қонли юришларидан кўз юмиб бўлмайди. Бу барча султонларга хосдир. Бироқ унинг Ҳирот тахтини эгаллаши, баъзилар айтганидек, ғopaт килиниб эмас, балки тинч йўл билан бўлгани ва халқка хеч канака ранжу ситам етказмагани манбалар­да кўрсатилган. Қолаверса, унинг илм-фан аҳли ва шоирларга нисбатан яхши муносабатларда бўлгани, давлат ободлиги учун жон куйдиргани, темурий шаҳзодаларга нисбатан, аввало, тинчлик ва омонлик тилагани , бошка бир канча олижаноб хислатлари Абдураззоқ Самаркандийнинг «Матлаи саъдайн…», Хондамирнинг тарихий асарларида келтирилган ашёвий далиллар хамда Абусаид томонидан рағбатлантирилган шоир ва илм аҳли рўйхати, Мовароуннахр, Хуросонда қурилган иншоотлар тавсифидан кўриниб туради.
МЎМИН ҲОШИМХОНОВ,
фалсафа фанлари доктори, профессор в.б

Check Also

МАВЛОНО ЖОМИЙ ТАСАВВУФИЙ-ИРФОНИЙ ҚАРАШЛАРИ ТАҲЛИЛИ

Фалсафий-ирфоний қарашларнинг муҳим аспекти бўлиб хизмат қилувчи, тасаввуф-сўфийликнинг ўзига хослигига, маълум маънода, шахснинг юксак ахлоқ …