Home / МАҚОЛА / МАҲДИЙ ҲАҚИДА НИМАЛАРНИ БИЛАМИЗ?

МАҲДИЙ ҲАҚИДА НИМАЛАРНИ БИЛАМИЗ?

Имом Маҳдий ҳақида гап-сўзлар доим гоҳ урчиб, гоҳ пасайиб турган. Ҳозирги кунда яна кўпая бошлади. Шу боис улар орасидан тўғрисини ажратиб олиш ва тўғри тасаввур ҳосил қилиш зарур. Маҳдий ўзи ким, у ҳақида динимизда нималар дейилганини билиб олиш керак.

“Маҳдий” сўзи тахаллус бўлиб, “ҳидоят қилинган” деган маънони билдиради. Қиёматга яқин чиқиши кутилаётган Имом Маҳдий Қуръонда зикр қилинмаган. Аммо у ҳақда саҳиҳ ҳадислар ворид бўлган.

Кўпчилик олимлар: “Улуғ муҳаддислар Маҳдий ҳақидаги ҳадиси шарифларни энг нуфузли саҳобалардан ривоят қилган. Улар сирасида Абу Довуд, Термизий, Ибн Можа, Табароний, Абу Яъло, Баззоз, Аҳмад ибн Ҳанбал, Ҳоким ва бошқалар бор”, деган.

Аҳли сунна вал жамоа ақидасида Имом Маҳдийнинг чиқиши қиёматнинг аломатларидан биридир.

Умму Салама розияллоҳу анҳо айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Маҳдий яқин қариндошларимдан, Фотиманинг фарзандларидан чиқади”, деганларини эшитганман” (Абу Довуд ривояти).

Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бир халифа вафот этганда, ихтилоф пайдо бўлади. Аҳли Мадинадан бир киши Маккага қочиб чиқади. Бас, унинг олдига аҳли Маккадан одамлар келиб, ўзи истамаса ҳам, уни чиқариб, Рукн ва Мақом орасида унга байъат қилади. Унга қарши Шомдан аскар юборилади. Уларни Макка ва Мадина орасидаги сайҳонликда ер ютади. Одамлар ўша (ҳодиса)ни кўрганидан кейин, унинг олдига Шомнинг абдоллари – авлиёлари ва аҳли Ироқнинг яхшилари келади ва байъат қилади. Сўнг Қурайшдан тоғалари Бану Калбдан бўлган бир киши чиқади. Шунда у (Маҳдий) уларга қарши аскар юборади ва ғолиб бўлади. Ана ўша Калбнинг аскаридир. Калбнинг ўлжаси (тақсимоти)га ҳозир бўлмаган ноумиддир. Кейин у (Маҳдий) молни тақсим қилади ва одамлар орасида Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатига амал қилади. Ер юзида ислом қарор топади. У (яна) етти йил яшайди. Сўнг вафот этади ва мусулмонлар унга жаноза ўқийди”, дедилар” (Абу Довуд ривояти).

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: “Дунёдан бир кунгина қолган бўлса ҳам, Аллоҳ ўша кунни узайтириб, мендан ё аҳли байтимдан бўлган бир кишини юборади. Унинг исми исмимга, отасининг исми отамнинг исмига мос келади. У жабр-зулмга тўлган Ер юзига адолат ва инсоф келтиради” (Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган).

Маҳдий ҳақида қирқдан зиёд ҳадис келган. Баъзиларида Имом Маҳдийнинг номи очиқ-ойдин тилга олинган бўлса, бошқаларида ишора қилинган, холос. Ҳадисларнинг баъзилари саҳиҳ, айримлари ҳасан, бошқалари заиф бўлса ҳам, уларнинг жамланиши натижасида уламолар Маҳдийнинг келиши қатъий эътиқодга оид эканини таъкидлаган.

Хулоса қилиб айтганда, Имом Маҳдийнинг чиқиши набавий башоратдир. Бунга иймон келтириш вожиб. Лекин айнан қачон чиқиши номаълум. Демак, мусулмон киши Маҳдийга суянишга умид қилиб қолмай, ўз ҳаётини ислоҳ қилиб бориши талаб этилади.

Қодирхон МАҲМУДОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

Маънавий яқинлик – илмий ҳамкорлик пойдевори

19 июль куни Самарқанд шаҳрида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, “Фалсафий ва социал фанлар” электрон …