Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Сўғд цивилизациясида мардлик, жасорат ва шараф тимсоли

Сўғд цивилизациясида мардлик, жасорат ва шараф тимсоли

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Германиянинг Гамбург университети ҳузуридаги Осиё-Африка тадқиқотлари институти билан ҳамкорликда “Зарафшон воҳаси маданий бойликлари” туркумида навбатдаги онлайн семинар бўлиб ўтди. Унда Марказ ходимлари, юртимиз ва хориждаги илмий муассасалар тадқиқотчилари, шунингдек, Германия, Туркия ва АҚШ каби давлатлардан олимлар иштирок этди.

Семинарда Нью-Йорк университети ҳузуридаги Қадимги дунё тадқиқотлари институти докторанти Эмили Эвеврест-Филлипс “Кеч антик даврдан илк ислом давригача бўлган Марказий Осиё (Сўғдиёна)да Бақтрия туяларининг тасаввурдаги ифодалари” мавзусида маъруза қилди.

Тадқиқотчи Сўғд цивилизациясида Бақтрия туяси қандай тасаввур қилингани, одамлар ҳаётида қандай ўрин тутгани ҳақида сўз юритди. Унинг таъкидлашича, бу жониворни фақат Буюк Ипак йўли орқали юк ташиган восита деб тасаввур қилиш нотўғри. Аслида сўғдликлар учун туя – куч-қувват, ҳимоя, ҳатто худолик ва сиёсий ҳокимият рамзи ҳам бўлган. Масалан, милоддан аввалги II асрдан бошлаб, турли металл камарлар ва суяк бўлакларида туялар жанги тасвирлангани уларнинг жасорат рамзи сифатида кўрилганидан далолат беради. Ҳайкалча ва тасвирларда туялар оддий юк ташувчи эмас, балки жувонмардлик, шараф ва мардлик белгиси ўлароқ намоён бўлган.

Бухоро ҳудудидан топилган III асрга оид терракота туя ҳайкалчаси икки ёнига идишлар илинган, боши баланд кўтарилган ҳолда тасвирланган. Бу туяларнинг оддий савдо ҳайвони эмас, балки кундалик ҳаётда ҳам аҳамиятли жонзот бўлганини кўрсатади. Энг қизиқарлиси шундаки, VI-VIII асрларга оид девор расмларида туя устида ўтирган ҳолда тасвирланган илоҳий жуфтликлар “Туя худолари” сифатида талқин қилинади. Баъзи тадқиқотчилар бу образни Зардуштийликдаги Ваҳрам билан боғласа-да, маърузачи унинг сўғдларга хос алоҳида маҳаллий рамз бўлганини қайд этди.

Шунингдек, VII-VIII асрларга тааллуқли Бухорохудотлар тангаларининг бир юзида туя, иккинчи юзида қурбонлик олови тасвирланган. Бу эса ҳокимиятнинг илоҳийлик билан боғланишини ифода этади. Арабларга қарши курашган Девастич муҳрларида ҳам туя сурати учрайди – демак, у сиёсий рамз сифатида ҳам қадрланган.

Эмили Эверест-Филлипс хоним ўз маърузасида шуни таъкидладики, тарихий манбаларда Бақтрия туяси фақат саёҳат ё савдо воситаси сифатида эмас, балки мардлик, ҳимоя, илоҳийлик ва ҳокимият рамзи сифатида кенг тасвирланган. Тадқиқотчи “замонавий туристик қарашлардан фарқли ўлароқ, тарихий тасвир ва ҳайкаллар туянинг ҳақиқий маънавий ва маданий қимматини англашда муҳим аҳамиятга эга” деб хулоса қилди.

Маъруза сўғдликлар дунёқараши, маданияти ва бадиий меросига янги, теран нигоҳ билан қарашга имкон бериб, қадимий цивилизациялар ҳақидаги тасаввурларни бойитди. Бу каби тадқиқотлар халқимизнинг маданий меросига ҳурмат ва қизиқишни янада ошириб, илдизларимизни унутмасликка ундайди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Эътиқод эркинлиги — инсон қадрининг юксак ифодаси

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ташаббуси ва Жиззах вилояти Ғаллаорол тумани ҳокимлиги ҳамкорлигида тумандаги давлат …