Home / МАҚОЛАЛАР / РАҚАМЛИ ЖАМИЯТДА АХЛОҚ ВА ҚАДРИЯТЛАР

РАҚАМЛИ ЖАМИЯТДА АХЛОҚ ВА ҚАДРИЯТЛАР

Рақамли жамият инсон ҳаётининг барча жабҳасида, ахлоқ ва қадриятлар тизимида туб ўзгаришларга сабаб бўлмоқда. Технологияларнинг жадал ривожланиши ва интернетнинг кенг тарқалиши туфайли инсонлар ўртасида мулоқот, ижтимоий алоқалар ва ахлоқий меъёрлар қайта шаклланмоқда. Бугунги кунда интернет, ижтимоий тармоқлар ва турли рақамли платформалар фойдаланувчилари инсонлар ўртасида янги ахлоқий меъёрларни белгиламоқда. Бу эса шахсий ҳаётга дахлдорлик, ахборот хавфсизлиги, шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш каби қатор масалаларни кун тартибига қўйди. Ҳозирги рақамли жамиятда ахлоқий масалаларнинг кўпайиши янги ахлоқий тамойиллар ва ёндашувларни ишлаб чиқишни талаб қилмоқда. Жумладан, кибербуллинг, интернетдаги алдаш ва фирибгарлик, фейк ахборотлар тарқатилиши каби муаммолар ахлоқий ва ҳуқуқий жиҳатдан янги ёндашувларни талаб этмоқда. Ахборот хавфсизлиги, шахсий маълумотлар ҳимояси, ахлоқий тарбия ва рақамли саводхонлик каби мавзулар жамиятнинг барча қатламлари учун долзарб аҳамиятга эга бўлиб қолмоқда.

Рақамли жамиятда ахлоқ ва қадриятлар фақатгина инсонлар ўртасидаги муносабатлар ва мулоқот меъёрларини аниқлаш эмас, балки рақамли ҳаётнинг барча соҳаларида устувор меъёрлар сифатида шаклланиши зарур. Ахлоқий қадриятларнинг рақамли муҳитдаги ривожланишини таъминлаш, уларнинг барқарорлигига эришиш ҳамда жамиятда тинчлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш учун муҳим илмий асосларни яратиш зарур.

Жон Роулз «Адолат назарияси» («Theory of Justice») асарида адолатга жамиятдаги асосий қадрият сифатида қараб, «одил адолат» тушунчасини ишлаб чиқади. Унинг фикрига кўра, жамиятда адолат мезонлари ишлаб чиқилиши керак ва барча фуқаро тенг ҳуқуқлардан фойдаланиши лозим. Роулзнинг фикрича, «ҳар бир шахсга бошқалар билан тенг бўлган эркинликларнинг кенг тўплами кафолатланиши керак» [4:29].

Эммануил Кантнинг ахлоқий қарашлари «Категорик императив» тушунчасига асосланади. Кантнинг фикрига кўра, инсонлар ўз ҳаракатларида «ҳар доим шундай иш тутингки, сиз қилган иш барча учун умумий қонун бўлиб қолиши мумкин», деган тамойилга амал қилиши керак. Бу дегани, ҳар қандай инсоннинг ҳаракати умумий ахлоқий қоидаларга мувофиқ бўлиши лозим [2:19].

Жон Стюарт Миллнинг утилитаризм назариясига кўра, инсонларнинг ҳаракатлари фақат уларнинг натижаларига кўра ахлоқий ёки ноахлоқий деб баҳоланиши мумкин. Миллнинг фикрига кўра, «ҳамма учун максимал бахт ва минимал азоб келтирувчи ҳар бир ҳаракат тўғри ҳаракатдир». Бу ерда бахт тушунчаси инсонларнинг шахсий ва жамият ҳаётидаги яхши ҳолатини англатади [3:19].

Тадқиқотда мураккаб таҳлил,  кузатув ва назарий таҳлил усуллари қўлланилди. Турли рақамли платформаларда ахлоқ ва қадриятлар бўйича тадқиқотлар ўтказилди. Ахлоқий муаммоларни аниқлаш учун ижтимоий медиалар ва интернет фойдаланувчиларининг фикрлари ва тенденциялари таҳлил қилинди. Тадқиқот методологияси сифатли ва миқдорий тадқиқотлар усулларини бирлаштириб, ранг-баранг маълумот манбаларини қамраб олади.

Ахлоқ ва қадрият тушунчаларининг рақамли жамият шароитидаги эволюциясини ўрганишда ахлоқшунослик, ижтимоий фалсафа, маданиятшунослик ва ахборот технологиялари соҳаларидаги илмий манбалар ва адабиётларга асосланди. Бунда ахлоқий меъёрлар ва қадриятларнинг рақамли муҳитда ўзгаришига оид асосий назарий ёндашувлар таҳлил қилинди. Рақамли платформа ва ижтимоий тармоқларда ахлоқий меъёрларнинг эволюциясини ўрганишда Жон Роулз, Эммануил Кант ва Жон Стюарт Милл каби ахлоқшунос олимларнинг асосий ғоялари қайта кўриб чиқилди ва уларнинг рақамли муҳитдаги қўлланилиши баҳоланди.

Ахлоқий меъёрлар ва қадриятлар рақамли жамиятда қандай қабул қилиниши ва уларга нисбатан фойдаланувчиларнинг муносабатини ўрганиш мақсадида, сўровномалар ўтказилди. Сўровномаларда интернет ва рақамли платформалардан фойдаланувчилар, айниқса, ёшлар ўртасида ахлоқий қадриятларнинг муҳимлиги, ахборот хавфсизлиги, шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш, интернетдаги ахлоқ ва этикет масалалари бўйича фикрлари тўпланди. 500 нафар фойдаланувчи қатнашган ушбу сўровномалардан олинган натижалар статистик таҳлил қилинди ва рақамли жамиятдаги турли тенденциялар аниқланди.

Рақамли жамиятда шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш ва ахборот хавфсизлиги масалалари кўпчиликнинг эътиборидан четда қолмоқда. Аксарият фойдаланувчилар шахсий маълумотлари, пароллар ва банк маълумотларини хавфсиз сақлаш борасида етарли билимга эга эмас. Бундан ташқари, киберҳужумлар, шахсий маълумотларнинг ёйилиши ва ахборот хавфсизлиги билан боғлиқ бошқа муаммолар шахслар ва ташкилотлар ўртасидаги ишончсизликни кучайтиради [2:76]. Рақамли платформаларда одамлар ўртасидаги мулоқотлар кўп ҳолларда агрессия, нафрат ва ҳақоратларга айланади. Бу, айниқса, ёшлар ўртасида кибербуллинг ҳолатларининг кўпайишига олиб келади. Бунинг сабаби анонимлик, жавобгарликнинг етишмаслиги ва фойдаланувчиларда ахлоқий нормаларни билиш ва уларга риоя қилиш даражасининг пастлигидир. Кибербуллинг ва онлайн агрессия рақамли жамиятдаги энг жиддий ахлоқий муаммолардан бири ҳисобланади. Рақамли платформалар ва ижтимоий тармоқлар орқали одамлар ўртасидаги мулоқотлар кўп ҳолларда агрессив ва салбий хатти-ҳаракатларга айланади. Айниқса, ёшлар ўртасида кибербуллинг ҳолатларининг кўпайишига сабаб бўлади. Бунинг оқибатлари жуда жиддий бўлиши мумкин, чунки кибербуллингнинг қурбонлари кўпинча психологик жароҳат олади, ўзига бўлган ишончи пасайиб, тушкунликка тушади. Ҳатто суицидга олиб келувчи ҳолатлар ҳам кузатилиши мумкин. Рақамли муҳитда анонимликни сақлаш имконияти катта бўлгани боис фойдаланувчилар ўз ҳаракатлари учун жавобгарликни ҳис қилмайди. Анонимлик ёки қалбаки аккаунтлар орқали инсонлар ўз фикрларини эркин ифода қилиши мумкин, бу эса кўпинча агрессияга, ҳақоратларга ва зўравонликка олиб келади.

Рақамли платформаларда ижтимоий нормалар ва ахлоқий кодекслар кўпинча етарли даражада шаклланмаган бўлади. Турли мамлакатлар ва маданиятлар орасида ахлоқий меъёрлар фарқли бўлгани учун рақамли муҳитдаги хатти-ҳаракатлар ҳам ҳар хил кўринишда бўлиши мумкин.

Ижтимоий тармоқ ва рақамли платформалар тезкор мулоқот имкониятини яратади, бу эса фойдаланувчиларнинг ҳис-туйғуларини тезда билдиришига олиб келади. Жуда тез қайтарилган реакция ва жавоблар кўпинча назоратдан чиқиб, агрессияга айланиши мумкин. Айрим гуруҳ ва шахслар ижтимоий тармоқ ва онлайн платформаларда фойдаланувчиларни муайян ғоялар ёки ақидалар орқали агрессив хатти-ҳаракатларга ундайди. Натижада турли хил назарий қарашларга эга гуруҳлар ўртасида низо ва кибербуллинг ҳолатлари юзага келади.

Рақамли платформаларда анонимликни камайтириш ва фойдаланувчиларнинг шахсий маълумотларини тасдиқлаш жараёнларини кучайтириш орқали кибербуллингни камайтириш мумкин. Бунинг натижасида фойдаланувчилар ўз хатти-ҳаракатлари учун жавобгар бўлади ва агрессив ҳаракатлардан қочишга интилади. Ижтимоий тармоқ ва рақамли платформаларда ахлоқий кодекслар ва хатти-ҳаракат қоидаларини жорий этиш керак. Бу кодекслар фойдаланувчиларни одобли ва маданиятли мулоқот қилишга ундаши мумкин. Фойдаланувчилар бу қоидаларни бузган тақдирда, платформа эгалари томонидан белгиланган жазо чоралари кўрилиши зарур.

Ижтимоий тармоқлар ва рақамли платформаларда автоматлаштирилган контент фильтрлари ва таҳлил воситаларидан фойдаланиш керак. Бу воситалар кибербуллинг, нафрат ва агрессияни аниқлаш ва бундай контентни тўхтатишга қаратилган бўлиши лозим.

Мактаб ва олий таълим муассасаларида ахлоқий тарбия ва рақамли саводхонликни ошириш бўйича махсус курслар ва тренинглар ташкил қилиниши, ёшлар кибербуллинг ва унинг салбий оқибатлари ҳақида тўғри маълумотга эга бўлиши керак. Бу уларнинг онлайн муҳитда мулоқот қилиш маданиятини яхшилашга ёрдам беради.

Рақамли платформаларни нафақат мулоқот воситаси, балки маърифат ва таълим платформаси сифатида ҳам ривожлантириш зарур. Позитив мулоқот ва ижобий таъсир этувчи маълумотларни тарқатиш учун тадбирлар ва лойиҳалар, кибербуллингдан жабрланганларга ёрдам кўрсатиш учун психологик ва ҳуқуқий ёрдам марказлари ташкил этилиши керак. Бундай ёрдам фойдаланувчиларнинг психологик ҳолатини яхшилашга ва уларга ўзини тиклашда ёрдам беради. Кибербуллинг ва онлайн агрессия муаммолари рақамли жамиятдаги энг муҳим ахлоқий ва ижтимоий муаммолардан бири бўлиб, уларнинг олдини олиш учун комплекс ёндашув талаб қилинади. Ахлоқий тарбия, жавобгарликни ошириш, ахлоқий кодекслар жорий этиш ва ёрдам механизмларини ташкил этиш орқали рақамли муҳитда тинч ва маданиятли мулоқот муҳитини яратиш мумкин.

Рақамли жамиятда ёлғон маълумотлар ва фейк янгиликларнинг тарқалиши оғриқли муаммолардан бири ҳисобланади. Интернет ва ижтимоий тармоқлар орқали тарқатилаётган нотўғри маълумотлар жамиятда хато тушунчалар, нафрат, зиддият ва ижтимоий беқарорликка олиб келиши мумкин. Бундай маълумотларнинг кенг тарқалиши эса фуқароларнинг ишончини камайтириб,  ахборот манбаларининг ишончлилигини шубҳа остига қўяди.

Кўплаб фойдаланувчилар ахборот манбаларини танлаш ва уларнинг ишончлилигини текшириш борасида етарли билимга эга эмас. Бу эса ёлғон маълумотларнинг кенг тарқалишига сабаб бўлади. Фойдаланувчилар ахборотни текширишга вақтини сарфламасдан, уни автоматик тарзда қабул қилади ва бошқалар билан бўлишади. Айрим манфаатли гуруҳ ва шахслар ижтимоий тармоқ ва онлайн платформалар орқали фейк маълумотларни тарқатиб, ўз мақсадига, яъни жамиятдаги зиддият ва қарама-қаршиликни кучайтириш, маълум гуруҳларни оқлаш ёки қоралашга ҳаракат қилади.

Ёлғон маълумотлар кўпинча сенсацияли ёки шов-шувли бўлади, бу эса уларнинг  кенг аудиторияга тез тарқалишига олиб келади.

Кўплаб ижтимоий тармоқ ва онлайн платформа эгалари нотўғри маълумотларни тарқатишни назорат қилиш ёки уларни фильтрлашда етарли даражада самарали эмас. Бундай назоратсизлик ёлғон маълумотларнинг тарқалишига ва унинг таъсир доирасини кенгайтиришга ёрдам беради. Айрим оммавий ахборот воситалари аудиторияни жалб қилиш ва кўпроқ рейтинг олиш мақсадида нотўғри ёки текширилмаган маълумотларни тарқатиши мумкин. Бу эса фейк янгиликлар ва ёлғон маълумотларнинг тарқалишига олиб келади [3:23].

Ёлғон маълумотлар ва фейк янгиликлар тарқалишининг олдини олиш учун ахборот саводхонлигини ошириш зарур. Мактаблар ва олий таълим муассасаларида ахборот манбаларини танлаш, уларни текшириш ва танқидий таҳлил қилиш бўйича махсус курс ва семинарлар ўтказиш, фойдаланувчиларни текширилмаган маълумотларни қабул қилмасликка ва уни бошқаларга тарқатмасликка ўргатиш зарур. Оммавий ахборот воситалари ва онлайн платформаларнинг ишончлилиги ва масъулиятини ошириш зарур. Бунинг учун улар ахборотни текшириш ва маълумотларни валидация қилиш бўйича қатъий қоидалар ва стандартлар жорий қилиши лозим. Хабар тарқатувчи манбаларнинг ишончлилигини тасдиқловчи механизмлар ишлаб чиқилиши ва амалиётга жорий қилиниши керак.

Ижтимоий тармоқлар ва рақамли платформаларда ёлғон маълумотларни аниқлаш ва блоклаш учун махсус алгоритмлар ва технологиялардан фойдаланиш лозим. Масалан, контентни таҳлил қилиш воситалари ва маълумотларнинг ҳақиқийлигини текширувчи дастурлар фейк маълумотларни тарқалишидан олдин аниқлаш ва уни тўхтатиш имконини беради. Фактларни текширишга ихтисослашган мустақил платформа ва ташкилотлар ривожлантирилса, бундай платформалар фойдаланувчиларга тезкор ва ишончли ахборот тақдим этиш ва ёлғон маълумотларнинг олдини олиш имконини беради. Улар ахборот манбаларини текшириш ва баҳолаш борасида фойдаланувчиларга ёрдам беради.

Оммавий ахборот воситалари ва онлайн платформалар ахборот тарқатишда ўз масъулиятини сезиши керак. Ёлғон маълумот тарқатган манбаларга нисбатан ҳуқуқий ва иқтисодий чоралар кўриш лозим. Бу оммавий ахборот воситалари ва платформаларнинг жавобгарлигини оширади ва уларни ишончли ахборот тарқатишга ундайди.

Оммавий ахборот воситалари ва жамоат ташкилотлари томонидан фейк янгиликлар ва ёлғон маълумотларнинг таъсири ва уларнинг олдини олиш бўйича оммавий маърифат ишларини олиб бориш муҳим аҳамиятга эга. Ахборот саводхонлиги бўйича оммавий тушунтириш ишлари фуқароларни ёлғон маълумотларга нисбатан эҳтиёт бўлишга ундайди. Ёлғон маълумотлар ва фейк янгиликларнинг тарқалиши рақамли жамиятнинг асосий муаммоларидан бири бўлиб, уни ҳал этиш учун комплекс ёндашув талаб қилинади. Ахборот саводхонлигини ошириш, ахборот манбаларининг ишончлилигини таъминлаш, фактларни текшириш ва жавобгарликни кучайтириш орқали рақамли муҳитда тўғри ва ишончли ахборот тарқатилишини таъминлаш мумкин [4:11].

Рақамли жамиятда одамларнинг ахлоқий қарашлари ва маданияти етарли даражада шаклланмаган бўлиши мумкин. Турли мамлакат ва маданиятлар ўртасида ахлоқий меъёрлар ва қоидалар фарқланади, бу эса турли хил низолар ва тушунмовчиликларни келтириб чиқаради. Рақамли жамиятда ахлоқий меъёрларга риоя қилиш учун ахлоқий тарбияни кучайтириш ва рақамли саводхонликни ошириш муҳим аҳамиятга эга. Мактаблар ва олий таълим муассасаларида ахлоқшунослик ва рақамли саводхонлик бўйича махсус курслар ва тренингларни жорий этиш лозим. Фойдаланувчиларга рақамли платформада мулоқот қилиш маданияти, ахлоқий тамойиллар ва киберхавфсизлик бўйича маълумот бериш керак. Ҳар бир шахс ва ташкилот ахборот хавфсизлигини таъминлаш бўйича чора-тадбирларни кўриши зарур. Жумладан, кучли пароллар яратиш, икки босқичли аутентификацияни фаоллаштириш, шахсий маълумотларни сақлашда эҳтиёт бўлиш, киберҳужумлардан ҳимояланиш учун махсус дастурлардан фойдаланишни ўз ичига олади. Давлатлар ва компаниялар ахборот хавфсизлигини таъминлаш бўйича қонунлар ва бу бўйича сиёсатини кучайтириши лозим.

Рақамли платформаларда ахлоқий меъёрларга риоя қилишни таъминлаш учун фойдаланувчилар хатти-ҳаракати назорат қилиниши керак. Платформа эгалари томонидан контентни фильтрлаш ва агрессив ёки нотўғри маълумотларнинг тарқалишини олдини олиш учун автоматлаштирилган алгоритмлардан фойдаланиш мумкин.

Рақамли платформа фойдаланувчилари ўртасида жавобгарликни ошириш учун платформаларда анонимликни камайтириш ва шахсий маълумотларни тасдиқлаш жараёнларини кучайтириш лозим. Бу нафақат кибербуллинг ва агрессиянинг олдини олади, балки онлайн мулоқотда ишончлиликни ҳам оширади. Рақамли жамиятда ахлоқ ва қадриятларнинг аҳамиятини мустаҳкамлаш зарур. Ахлоқий тарбияни кучайтириш ва рақамли маданиятни ошириш билан рақамли жамиятда хавф-хатарларни камайтириш мумкин. Шу боис давлат ва жамиятнинг рақамли саводхонликни оширишга йўналтирилган сиёсат ва дастурлари муҳим аҳамиятга эга.

Хулоса қилиб айтганда, рақамли жамиятда ахлоқ ва қадриятлар муҳим аҳамиятга эга ва уларни сақлаш ҳамда ривожлантириш учун ижтимоий, таълимий, технологик ва қонуний чораларини биргаликда қўллаш зарур. Ахлоқий қадриятларнинг рақамли муҳитдаги ривожланишини таъминлаш, ахлоқий тарбияни кучайтириш ва ахборот хавфсизлигини таъминлаш билан рақамли жамиятда хавф-хатарларни камайтириш, жамиятда тинчлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш мумкин.

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:
  1. Anderson J., Rainie, L. The Future of Digital Life and Well-Being. Pew Research Center. Retrieved from Pew Research. 2018.
  2. Axloqi kabir. Ritorika. – Toshkent: Yangi asr avlodi, 2012.
  3. Kant I. Groundwork for the Metaphysics of Morals. – Cambridge: Cambridge University Press, 1998.
  4. Mill J. S. Utilitarianism. – London: Parker Son and Bourn, 1863.
  5. Rawls J. A Theory of Justice. – Massachusetts: Harvard University Press, 1971.
ЛАЛИХОН МУХАМEДЖАНОВА,
Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети
Ижтимоий фанлар факультети Этика ва эстетика кафедраси профессори, фалсафа фанлари номзоди

Check Also

МАҲМУДХЎЖА БЕҲБУДИЙ ДИНИЙ ҚАРАШЛАРИДА ИСЛОҲ МАСАЛАСИ

Туркистон жадидлик ҳаракатининг асосчиси, тараққийпарвар уламо  Маҳмудхўжа Беҳбудий 44 йил умр кўрган бўлса-да, шу қисқа …