Заҳабийнинг «Сияр Аъломи ан-Нубала» ва Хойруддин Заркалийнинг «Қомус тарожими ли ашҳари ар-рижал» асарлари исломий илм-фан тарихида муҳим ўрин тутган шахсларнинг таржимаи ҳоли ва илмий мероси ҳақида батафсил маълумот беради. Заҳабий ўз асарида Қуръони карим қироатларига асос солган имомлар ҳаёти, илмий фаолияти ва уларнинг шогирдлари ҳақида маълумотларни келтиради. Хойруддин Заркалий эса, мусулмон дунёсидаги машҳур шахслар, жумладан, қироат имомлари ҳақида аниқ ва батафсил маълумотларни беради. Ушбу адабиётлар Қуръони карим қироатлари ва уларнинг тарихини ўрганиш учун асосий манба бўлиб хизмат қилади. Уларнинг биргаликда ўрганилиши мавзуни кенг қамровда тушунишга ёрдам беради.
Қуръони карим қироатлари ислом маданияти ва илм-фани ривожида муҳим ўрин тутади. Етти машҳур қироат имомлари Қуръони каримни ҳар хил талаффуз ва талаффуз услубларида сақлаб, уни кейинги авлодларга тўғри етказишга улкан ҳисса қўшган. Ушбу мақолада уларнинг ҳаёти, илмий фаолияти ва араб тили ривожига қўшган ҳиссаси таҳлил қилинади. Шу билан бирга, қироат орқали араб тилининг ривожланиши ва унинг луғавий ҳамда грамматик хусусиятлари ёритилади.
Уламоларимиз Қуръони карим ва қироатлар ўзига хос икки алоҳида-алоҳида нарсалар эканини таъкидлаган. Бу борада Имом Заркаший қуйидагиларни айтади: «Билки, Қуръон ва қироатлар айри-айри икки ҳақиқатдир. Қуръон Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга баён ва эъжоз – ожиз қолдириш учун нозил бўлган ваҳийдир. Қироатлар эса ўша ваҳий лафзларининг ҳарфлар ёзилиши ёхуд енгил, оғир ва шу каби талаффуз кайфиятидаги турличалигидир» [5:318].
Аллоҳ таоло «Юсуф» сурасининг 2-оятида шундай марҳамат қилади: «Албатта, Биз уни (Китобни) англашингиз учун арабий Қуръон тарзида нозил қилдик». Маълумки, араблар бир нечта нуфузли қабилалардан ташкил топган. Ҳар бир қабиланинг шеваси мавжуд. Мазкур қабилаларнинг шевасидаги фарқлар сўзнинг талаффузида сезилиб турсада, одатда, маъносига катта таъсир кўрсатмайди. Бу ҳам араб тилининг жозибадорлиги ва кенг қамровли эканининг бир кўринишидир. Қуръоннинг араб тилида «етти ҳарф»да нозил бўлиши ҳикматининг сири ҳам шунда. Шунга кўра, бизга етти қироат мутавотир тарзда етиб келган. Бу қироатларнинг имомлари ҳам бор. Қуйида уларнинг ҳаёти, илмий фаолияти ва араб тилига қўшган ҳиссаси ҳақида маълумот берамиз:
Нофиъ ал-Маданий 70/689 йилда туғилган. Тўлиқ исми: Нофиъ ибн Абдурраҳмон ибн Абу Нуайм ал-Лайсий ал-Маданий [9:377).
Нофиъ ал-Маданий (Ҳижоз лаҳжаси): Унинг қироати араб тилининг тоза Мадина лаҳжасини сақлашда муҳим роль ўйнаган. Имом Нофиъ ал-Маданий Қуръон тиловати билан машҳур бўлиб, унинг тиловатидан атрофга мушк ҳиди тараларди. Одамлар ундан бу ҳолнинг сабабини сўрашганда, у шундай жавоб берган:
«Мен Қуръонни тиловат қилишни бошлаган пайтдан бери Жаброилнинг ҳидини ҳис қиламан ва бу ҳид мендан ҳеч қачон кетмади» [9:378].
Бу воқеа Қуръони карим билан содиқ алоқада бўлишнинг баракаси ва маънавий ўзгаришларга далолатдир.
Нофиъ Мадинада туғилиб, бутун умрини Қуръон илмини ўрганишга ва ўргатишга бағишлаган. У Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг тиловатини тўғридан-тўғри саҳоба ва тобеинлардан қабул қилган. Мадинадаги машҳур қироат уламоларининг энг улуғларидан бири ҳисобланади. Масҳҳур 7 та қироат имомини бири ҳисобланади. Нофиъ гапирадиган бўлса, уни оғзидан мушк-анбар ҳиди келар эди. Бир куни ундан бу ҳақида сўрашганда «Мен тушимда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрдим. У зот менга Қуръон тиловат қилиб берди», деб жавоб берган [9:377].
У Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни масжидларида 60 йил имомлик қилган.
Илмий фаолияти. У 70 дан ортиқ устоздан Қуръон қироатини ўрганган. Жумладан, Абдурраҳмон ибн Ҳурмуз ва Абу Жаъфар ал-Маданий каби машҳур тобеинлардан, Шайба ибн Нисоҳ, Муслим ибн Жундуб Ҳузалий, Язид ибн Равмондан илм олган.
Шогирдлари. Қолун (Иса ибн Минаҳ): У Нофиъ қироатини кенг ёйиб, Шимолий Африка ва Мисрда машҳур қилган. Варш (Усмон ибн Саид): Марокаш, Жазоир ва Ғарбий Африкада унинг қироати бугунги кунда ҳам исҳлатилади. Моликий мазҳаби асосчиси Молик ибн Анас ҳам уни машҳур шогирдларидан бўлган. Ҳатто Молик у ҳақда «Нофиъ қироат борасида инсонларнинг имоми», деб айтган.
Имом Нофиъ 169/785 йил Мадина шаҳрида дунёдан кўз юмган.
Ибн Касир ал-Маккий 45/665 йил дунёга келган. Тўлиқ исми: Абдуллоҳ ибн Касир ибн Амр ибн Абдуллоҳ ибн Зодон ибн Файруз ад-Зорир ал-Маккий [2:92]. Ибн Касир ал-Маккий (Макка лаҳжаси): Ҳижоз тилининг луғавий бойлигини етказишда катта аҳамиятга эга.
Ибн Касир ал-Маккий Қуръон илмини ўз устозларига бўлган чуқур ҳурмати билан ўрганган. У Қуръондан таълим олаётганда ҳеч қачон устозига орқа ўгирмас ва ҳурмат кўрсатиш учун доимо оёқ остига қараб ўтирарди. Одамлар ундан бу одатини сўраганда, у деди:
«Мен Қуръони карим илмини Аллоҳга бўлган ҳурматим туфайли оламан. Шу сабабли устозимга ҳам ҳурмат кўрсатишим шарт». Бу воқеа илм талабида ҳурматнинг муҳимлигини эслатади.
Ҳаёти. Ибн Касир тобеинлардан бўлиб, Макка шаҳрида туғилган шу ерда Қуръон илмини ўрганган. У саҳобалар давридан бошланган қироат услубини давом эттирган ва Маккадаги кўплаб устозлардан илм олган. Бу ҳам мутавотир бўлган еттита қироатнинг имомидир.
Илмий фаолияти. Ибн Касир қироатини Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ва Мужоҳиддан ўрганган. Абдуллоҳ ибн Зубайр каби саҳобалар билан ҳам мулоқотда бўлган. Саҳобалардан ҳадис ҳам ривоят қилган [2:365].
Шогирдлари. Қироат: Боззий (Аҳмад ибн Муҳаммад). Унинг ривояти Маккада машҳур бўлган; Қунбул (Муҳаммад ибн Абдуллоҳ). У Араб ярим оролида Ибн Касир қироатини кенг ёйган. Айюб Сахтиёний, Ибн Журайж, Жарир ибн Ҳозим, Ҳусайн ибн Воқид ва бошқалар ундан ҳадис ривоят қилган.
Ибн Касир Маккий 120/738 йил Макка шаҳрида вафот этган.
Абу Амр ал-Басрий 70/687 йил туғилган. Тўлиқ исми: Абу Амр ибн ал-Аъло ибн Аммор ат-Тамимий ал-Мозиний ал-Басрий. Абу Амр ал-Басрий Қуръон илмида беқиёс илм эгаси эди. У шогирдларига шундай дер эди:
«Илм – Аллоҳнинг омонати. Ким уни нотўғри ишлатса ёки уни оммага нотўғри етказса, Аллоҳнинг ҳузурида жавоб беради» [7:96, 97). Бу воқеа илмни тўғри йўлда ишлатиш ва уни авайлашнинг аҳамиятини кўрсатади.
Ахфаш айтади: Ҳасан ал-Басрий Абу Амр ибн ал-Аълонинг олдидан ўтиб қолди. Атрофида ҳалқаси (мажлиси) гавжум эди ва одамлар унинг атрофида тўпланган эди. Шунда Ҳасан ал-Басрий: «Бу ким?» деб сўради. Унга: «Бу Абу Амр», деб айтишди. Шунда Ҳасан ал-Басрий деди: «Ла илаҳа иллаллоҳ (Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ), олимлар деярли подшоҳларга айланиши мумкин экан» [1:451].
Бу ерда «подшоҳлар» деганда Ҳасан ал-Басрий олимларнинг ҳурмат ва эҳтиром билан улуғланишини назарда тутган. Шу орқали у илм ва олимларнинг жамиятдаги ўрни нақадар юксаклигини таъкидлайди.
Ҳаёти. Абу Амр Басрада туғилган ва ёшлигидан Қуръон илмини ўрганишга киришган. У араб тилининг мураккаб луғат ва грамматика қоидаларини мукаммал билган. Яна қироат илмида етук олим саналган. Замонасида тенги йўқ бўлган.
Илмий фаолияти. У Маккада тобеинлардан, хусусан, Абу Жаъфар ал-Маданий, Мужоҳид ибн Жабр, Икрима, Ато, Абдуллоҳ ибн Касирдан илм ўрганган. Мадинада эса Язид, Яҳё ибн Яъмурдан ўрганган. Басрада эса Ҳасан Басрий, Наср ибн Осим, Валид ибн Башшордан илм ўрганган. Наҳв, ҳарф илми борасида тенги йўқ бўлган. Ўз замонасида қироат, араб тили грамматикаси, шеър ва араблар ҳаёти ҳақида энг билимдон бўлган. Унга «Уламолар отаси» [1:451], деб лақаб берилган.
Шогирдлари. Ад-Дурий (Абу Амр Ҳафс ибн Умар): Ироқ ва унинг атрофида машҳур бўлган. Сузий (Абу Шуайб): Басра ва унга яқин ҳудудларда танилган. Бу шогирдлари қироат борасидадир. Бошқа олимлардан ҳам шогирдлари жуда кўп бўлган. Шунинг учун ҳам «Уламолар отаси» деб лақабланган.
Абу Амр Басрий Куфа шаҳрида 154/770 йил вафот этган.
Ибн Омир аш-Шомий 21/642 йил туғилган. Тўлиқ исми: Абдуллоҳ ибн Омир ибн Язид ибн Тамим ал-Яҳсабий. Абу Имрон деб куняланган. (4:8).
Ҳаёти. Ибн Омир Дамашқда туғилган ва умрининг кўп қисмини Шомда ўтказган. Шунинг учун ҳам Шом аҳлининг қориси ўлароқ танилган. У Шомдаги саҳоба ва тобеинлардан қироатни ўрганган.
Илмий фаолияти. Ибн Омир Қуръонни Муғийра ибн Шиҳоб ва Абдурраҳмон ибн Язид ал-Маҳзумийдан ўрганган.
Шогирдлари. Ҳишом (Ибн Абдуллоҳ): Шомда кенг тарқалган қироати бўйича шогирди. Ибн Заквон (Муҳаммад ибн Аҳмад): Араб ярим ороли ва атрофида машҳур бўлган қироат бўйича шогирди.
Имом Шотибий уни мақтаб, шер ҳам ёзган.
Ибн Омир Шомий 118/736 йил Дамашқда вафот этган.
Осим ал-Куфий 80/700 йил туғилган., Тўлиқ исми: Осим ибн Абиън-Нажуд ал-Куфий. Осим ал-Куфи (Ироқ лаҳжаси): Куфий лаҳжасининг грамматик ўзига хослигини сақлаган.
Имом Осим ал-Куфий Қуръонни талаффуздаги энг кичик хатолардан ҳам ҳимоя қилишга интилган. Бир сафар бир шогирди Қуръонни нотўғри талаффуз қилди. Имом Осим унга деди: «Эй ўғлим, бу Қуръон Аллоҳнинг каломи. Уни тўғри ўқиш ҳар бир кишининг бурчидир. Агар хатога йўл қўйсанг, Қуръоннинг маъноси ўзгаради ва бу гуноҳдир. Қуръони каримни ўргатишда ҳеч қачон бўш келмайман». Бу воқеа унинг Қуръонни тўғри ва хатога йўл қўймасдан ўқитишга бўлган қатъиятини кўрсатади.
Ҳаёти. Осим Куфада туғилган ва у ерда Қуръон қироати илмини ўрганган. Етти қироатнинг биттасини имоми. Куфа шаҳридан бўлган.
Илмий фаолияти: Унинг асосий устозлари Абу Абдурраҳмон ас-Суламий бўлиб, у ўз қироатини Али ибн Абу Толиб ва Ибн Масъуд орқали Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўрганган.
Шогирдлари. Ҳафс (Ҳафс ибн Сулаймон): Дунё мусулмонларининг аксарияти бу ривоятга амал қилади. Шуъба (Абу Бакр ибн Айяш): Куфа ва унинг атрофида кенг тарқалган.
Осим Куфий 127/745 йил Куфада вафот этган.
Ҳамза ал-Куфий. Бу олим ҳам 80/699 йил Куфада туғилган. Тўлиқ исми: Ҳамза ибн Ҳабиб ибн Имора ибн Исмоил аз-Зайят ал-Куфий. Абу Имора деб куняланган. Зайёт эса унинг лақаби. Чунки у Куфадан Ҳулвонга зайтун етказиш иши билан шуғулланган, шунинг учун шу лақаб билан танилган. Имом Ҳамза аз-Зайёт ўз ҳалоллиги ва эҳтиёткорлиги билан танилган эди. Бир куни бозорга бориб, бирор нарса сотиб олишни хоҳламади, чунки унинг молиявий ҳолати яхши эмас эди. Шогирдлари ундан сабабини сўраганда, у деди: «Қуръонни ўргатадиган инсоннинг ризқи ҳалол бўлиши керак. Агар мен ҳалол бўлмаган нарсаларни истеъмол қилсам, бу Қуръон нурини қалбимдан кетказади». Бу воқеа ҳалол ризқнинг илм ва қалб поклиги учун қанчалик муҳим эканини кўрсатади.
Ҳаёти. Ҳамза Куфада туғилган ва ўз даврининг энг йирик Қуръон, ҳадис ва грамматика олимларидан бири бўлган.
Илмий фаолияти. Қуръон илмини тобеинлардан ўрганиб, ўзига хос қироат услубини ривожлантирган. Етти қироатнинг бирини имоми. У бир йил Куфада, бир йил Ҳулвонда қироатдан дарс берган. Кисоий ундан фахрланиб, «У мени устозим», деб айтиб юрар эди. У Ҳанафий мазҳаби асосчиси Абу Ҳанифа, Сулаймон ибн Миҳрон ва Аъмаш каби буюк олимлардан таълим олган.
Шогирдлари. Халлод: У устозининг қироатини асосий ровий сифатида етказган. Халаф: Ҳамза ал-Куфийнинг қироатини кенг ёйган.
Ҳамза Ҳулвонда 156/772 йил 76 ёшида вафот этган.
Ал-Кисоий ал-Куфий 119/737 йил Куфада дунёга келган. Тўлиқ исми: Али ибн Ҳамза ибн Абдуллоҳ ибн Баҳман ибн Файрузм ал-Кисоий ал-Куфий. Имом ал-Кисоий ёшлигида илм ўрганишга жуда интиларди, лекин бошланғич даврда муваффақият қозона олмасди. Бир сафар Қуръонни ёд олишда қийналгач, устозига: «Мен ҳеч нарсани ёдлаб ололмаяпман, чарчадим», дэди. Устоз унга сабр қилишни ва Қуръоннинг баракасига ишонишни тавсия қилди [(2:82). Шундан сўнг, Имом ал-Кисоий сабр билан ҳаракат қилиб, Қуръонни мукаммал ёд олди ва кейинчалик машҳур қироат имомларидан бири бўлди. Бу воқеа сабр ва меҳнатнинг самарасини эслатади.
Ҳаёти. Ал-Кисоий Куфада туғилган ва тилшуносликда ҳам, қироатда ҳам юқори мақомга эга бўлган. Ундан нега «Кисоий» деб ном олгани ҳақида сўрашганида, у: «Чунки мен ҳажда кисода (кийимда) эҳром боғлаганман», деб жавоб берган. У асли форс бўлиб, Бани Асад қабиласининг қулларидан эди.
Илмий фаолияти. Унинг асосий устозлари Ҳамза ал-Куфий ва бошқа йирик қироатчилар бўлган. Бундан ташқари, Куфа мактабини асосчиси ҳисобланади.
Муоз ал-Ҳарро ва Абу Жаъфар Руасийларда наҳвдан таҳсил олди. Улардан илм олиб бўлгач, Басрага келиб, Исо ибн Умар, Абу Амр ибн ал-Ало ва Ал-Халил ибн Аҳмаддан илм ўрганган.
Қироатни эса Шўба ибн Ҳажжождан таълим олган.
У зот жуда кўп асар ёзган: «Китаб мухтасар фи ан-наҳв» («Наҳвга оид қисқа китоб»), «Китаб ал-ҳудуд фи ан-наҳв» («Наҳвдаги ҳадларга оид китоб»), «Китоб ал-қироат» («Қироатга доир китоб»), «Китаб ал-адад» («Сонларга доир китоб»), «Китаб ихтилаф ал-адад» («Сонларнинг ихтилофига оид китоб»), «Китаб ал-ҳуруф» («Ҳарфларга оид китоб»), «Китаб маоний ал-Қуръан» («Қуръон маънолари ҳақидаги китоб») каби кўплаб асар ёзган.
Наҳвдан Фарро унинг хос шогирдларидан ҳисобланади.
Кисоий 189/805 йил Рой шаҳрида вафот этган.
Қироат имомлари Қуръони каримнинг қироатлари (ўқиш усуллари)ни сақлаб қолиш ва уларга илмий асос яратишга катта ҳисса қўшган. Уларнинг араб тили илмига қўшган ҳиссаси ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Чунки Қуръони карим тили араб тилининг энг олий даражадаги намунаси ҳисобланади. Қуйида қироат имомларининг араб тили ривожига қўшган ҳиссаси ҳақида қисқача маълумот берилади:
- Араб тилининг луғавий бойлигини сақлаб қолиш.
Қироат имомлари турли қироатларда ишлатилган сўзлар ва уларнинг талаффузини ўрганиб, ёзиб олган. Турли қироатлар араб тилидаги синонимлар, лаҳжалар ва талаффуздаги нозик фарқларни сақлаб қолишга ёрдам берган.
- Наҳв (грамматика) илмига қўшган ҳиссаси.
Қироат имомлари Қуръони карим оятларининг қироатларига асосланиб, грамматик қоидалар (наҳв)ни аниқлашда иштирок этган. Масалан:
Нофиъ ал-Маданий, Ибн Касир ал-Маккий, ва Кисоий каби имомларнинг қироатлари турли наҳвий қоидаларни ойдинлаштиришга хизмат қилган.
Қуръони карим қироатларидаги эъроб (грамматик ўзгаришлар) фарқлари араб грамматикасининг ривожланишига сабаб бўлган.
- Лаҳжавий хусусиятларни сақлаш.
Араб тилидаги турли қабилаларнинг талаффуздаги фарқлари қироатларда акс этган. Масалан:
Қайси бир қабиланинг ҳамзани қандай талаффуз қилиши ёки қайси бир ҳарфни юмшоқроқ ёки қаттиқроқ айтиши қироатларда сақланган.
Бу хусусиятлар орқали араб тилидаги диалектлар ўрганилган ва ёзма равишда сақланган.
- Балоғат ва баён илмига таъсири.
Қироат имомлари Қуръони каримнинг қироатларидаги балоғатни ўрганиб, араб тилидаги ибораларнинг назокат ва маъноларни етказиш усулларини мукаммаллаштирган. Бу ишлар араб тилидаги адабиёт ва шеъриятнинг ривожланишига ҳам ёрдам берган
- Қироатларнинг тилшунослик тадқиқотларига таъсири.
Қироатлар орқали араб тилининг тарихий ривожланиши, фонетика ва морфологик ўзгаришлари ўрганилган. Масалан, турли қироатлар орқали бир сўзнинг бир неча талаффузи ва улардан келиб чиққан маъно фарқлари аниқланган.
Етти машҳур қироат имоми Қуръони каримни нафақат талаффуз хусусиятлари билан сақлаб қолган, балки араб тилининг луғавий ва грамматик бойлигини сақлашга ҳам катта ҳисса қўшган. Уларнинг илмий фаолияти араб тилшунослиги, наҳв, балоғат ва баён илмларининг ривожига замин яратган. Ушбу имомларнинг мероси ҳозирга қадар Қуръони каримни тўғри ўрганиш ва ўқитишда асосий манба бўлиб хизмат қилмоқда.
-
Ali ibn Muhammad Saxoviy. Jamol al-qurro. – J. 2.
-
Ibn Jazariy. G‘oyatu an-nihoya. – J. 1.
-
Imom Suyutiy. Bug‘yatu al-vuot fi tabaqoti an-nahviyyin. – J. 2.
-
Imom Zahabiy. Ma’rifatu al-qurro al-kibor. – J. 1.
-
Imom Zarkaliy. Burhon. – J. 1.
-
uz. https://oliymahad.uz/37000
-
San’oniy. Tanvir sharhu jome’ as-sag‘ir. – J. 5.
-
Xoyruddin Zarkaliy. Qomus tarojimi li ashhari arrijal.
-
Siyar A’lomi an-nubala. – J.7.