Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / “ТАЪВИЛОТ АЛ-ҚУРЪОН” АСАРИНИНГ ЎЗБЕК ТИЛИДАГИ ТАҚДИМОТИ ҚОРАҚАЛПОҒИСТОНДА

“ТАЪВИЛОТ АЛ-ҚУРЪОН” АСАРИНИНГ ЎЗБЕК ТИЛИДАГИ ТАҚДИМОТИ ҚОРАҚАЛПОҒИСТОНДА

 Республикамизнинг бошқа вилоятларида бўлгани каби буюк аллома Имом Мотуридий “Таъвилот ал-Қуръон” асарининг Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан ўзбек тилига таржима қилинган 30-жузи тақдимоти тадбири Қорақалпоғистон Республикасида ҳам бўлиб ўтди.

Тадбир Имом Эшон Муҳаммад масжиди негизида жойлашган республика қозиёти фаоллар залида ташкил этилди.  Республикадаги энг йирик ҳисобланган ва бугунги кунда бир пайтда 4 минг нафар намозхонга хизмат кўрсатадиган Имом Эшон Муҳаммад масжиди 2017 йилда давлатимиз раҳбари Ш.Мирзиёев ташаббуси билан қайта қурилган бўлиб, Нукуснинг энг сўлим масканларидан бирига айланган.

Тақдимотда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Ўзбекистон Мусулмонлари идораси Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти вакиллари ва фаол имом хатиблар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Тадбирнинг очилиш маросимида нутқ сўзлаган Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар кенгаши раиси ўринбосари Р.Сафарбоев ва Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозиси Ш.Бауаддиновлар республикамизда виждон ва эътиқод эркинлигини таъминлаш, исломий илмларни муфассал ўрганиш ва исломнинг соф ақидаларини кенг тарғиб қилишга қаратилган ислоҳотлар самараларини алоҳида эътироф этишиб, бу ислоҳотлар замирида олиб борилаётган илмий-тадқиқотлар натижаси ўлароқ, буюк алломаларимиз асарларини ўзбек тилига таржима қилиниши қорақалпоқ элининг ҳам диний маърифатини юксалтиришга ва ботил ғояларга қарши мустаҳкам иммунитетини шакллантиришга хизмат қилишини таъкидладилар.

Асосий маърузачилар асарнинг яралганидан бошлаб тарихнинг барча босқичларида ақидавий зарбаларга муносиб қарши тура оладиган ҳамда динимизнинг маънавий-маърифий аҳамиятини яққол намоён қилишга қодир жиҳатларига эга нодир қийматини алоҳида қайд этдилар.

Тақдимотда сўзга чиққанлар аждодларимиз қолдирган бу каби бой маънавий хазинага нисбатан халқимизда боқий эҳтиёж мавжудлигидан келиб чиқиб, мазкур таржима ишини йирик илмий мувафаққият сифатида эътироф этишди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Семинар мунозаралар майдонига айланди

Бугун, 2 май куни Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Маданий мерос агентлиги ҳузуридаги Самарқанд давлат …