Home / АЛЛОМАЛАР / АБУ ҲОМИД ҒАЗЗОЛИЙНИНГ “БИДОЯТУЛ ҲИДОЯ” АСАРИДА ҚАЛБ ГУНОҲЛАРИ ТЎҒРИСИДА(2-қисм)

АБУ ҲОМИД ҒАЗЗОЛИЙНИНГ “БИДОЯТУЛ ҲИДОЯ” АСАРИДА ҚАЛБ ГУНОҲЛАРИ ТЎҒРИСИДА(2-қисм)

(1-қисм)Ҳасаднинг манбаи хасисликдир, чунки бахил ўзида бўлган нарсанинг бошқа одамларнинг қўлида бўлишини истамайди. Олим ўта бахилликни ифодалашда арабча шуҳҳ атамасини қўллайди. Бахил худонинг бандаларига нафақат ўзидаги неъматларни, балки Аллоҳ хазинасидан бўлганларини ҳам бергиси келмайди. Шунинг учун унинг бахиллиги энг ёмонидир. Ҳасадли киши бировга илм, давлат ва қалбга муҳаббат ёхуд бошқа неъмат инъом этилишини ҳазм қилолмайди. Ҳатто бу унга ҳеч қандай фойда келтирмаса-да, неъматлар берилган инсонлардан олинишини хоҳлайди. Бу қалб касалликларининг энг қуйисидир. Ҳадисда айтилганидек: “Олов ўтинни еганидек ҳасад ҳам яхши амалларни куйдириб юборади” [7: 212]. 

Ғаззолий ҳасадгўйни раҳм-шафқат қилмасдан жазолаш керак, дейди. Чунки ҳасадчи шу дунёда ҳам тугамас азобларни ҳис қилади, яъни ўзининг биродарларига инъом қилинган илм, мансаб ва бойлик туфайли ўлгунига қадар изтироб чекади. Охиратдаги азоблар эса бундан-да шиддатли ва даҳшатлироқдир. Токи инсон биродарларига ўзига раво кўрганни раво кўрмас экан, имон ҳақиқатига етмайди.

Абу Ҳомид Ғаззолий фикрига кўра, мусулмон ўзгалар муваффақиятига хурсанд ва ғамига ташвиш чекиши лозим. Мусулмонлар бамисоли бир деворнинг бир-бирини ушлаб турувчи ғиштлари сингаридир. Улар бутун тананинг аъзолари кабидирлар ва бир аъзо касалланса, бошқа аъзолар ҳам оғриқни ҳис қилади. “Агар қалбингда бундай ҳиссиёт бўлмаса ва мусулмонлар ғамига шерик бўлмас экансан, фиқҳ тармоқларини ва ҳуқуқий тизимларни ўргангандан кўра аниқ ҳалокатдан ўзингни қутқаришга ҳаракат қилмаганинг яхшироқ” [7: 213]. 

Мутафаккир риё ҳақида шундай дейди: “Риё яширин ширкдир. У Аллоҳга шериклик келтирувчи икки йўлдан бири ҳисобланади”. Риё ижтимоий ҳаётда юксак обрў ва мартабаларга эришмоқ учун одамлар ишончини қозониш. Бу истак ҳам паст хусусият бўлиб, кўпчилик шунинг сабабидан ҳалок бўлган. Бундан ташқари, ҳеч қайси мавжудот инсончалик бошқа инсонни ҳалок қилмайди. Агар инсонлар фикр қилганларида, олган билимлари, бажарган ибодатлари ва кўпгина одатлари инсонлар эътиборини тортишдан бошқа мақсад эмас эди, дейди мутафаккир. Шунинг учун, риё барча яхши амалларни ўчириб юборади. Одамлар наздида олинган илм, риё учун ҳаж ва мақташлари учун Қуръон ўқиш оқибати ҳам охиратда ёмон бўлади.

Кибр, ужб ва фахр каби иллатларни ҳам тузатиш қийин. Қачон инсон бошқаларга юқоридан паст назар билан боқса, ўзини ўзгалардан устун деб билса иблисдан фарқи қолмайди. Натижада тилида “мен ва мен” калимаси бўлади. Иблис ҳам “Мен Одамдан афзалроқман, чунки мени оловдан, уни эса балчиқдан яратдинг” деган [7: 214].

Ғаззолий бу иллатларнинг эгаси мажлисларда қуйидагича намоён бўлади дейди: бундай инсонлар ўзларини устун (тараффуъ ва тақаддум) ҳисоблайди ва обрўли жойда ўтиришга (тасаддур) ҳаракат қилади. Мулоқотда кибр сўзларини рад этишни ёқтирмаслиги ва танқидни кўтармаслигида кўринади. Ғаззолий шундай дейди: “Мутакаббир кишиларга насиҳат қилинганида, улар уни қулоқлари ортидан қўйиб юборади. Аммо ўзлари сўзлаганида қўпол ва жиззакилик қилиб гапиради. Агар киши бирор бир Аллоҳнинг қулидан ўзини яхши деб билса, бу кибрнинг белгиси ҳисобланади. Билгинки, хайрли киши охират кунида Аллоҳ ҳузурида яхши бўлган инсондир ва бу ғайб илмидан бўлиб, одамларга номаълумдир. Бу эса умр хотимасига боғлиқдир” [7: 215]. Олим ўзини бошқалардан хайрли ҳисоблаган кишини том маънода жоҳил дейди.   

Олим инсон кимга қараса, уни ўзидан афзал ва устун билиши лозим дейди. Сағир болани кўриб, “ўзингга бу бола гуноҳсиз покдир, мени эса гуноҳларим кўп. Шубҳасиз, у мендан яхшироқ”, деб айт. Ўзингдан ёши улуғни кўриб, “у мендан олдин Аллоҳга ибодат қилишни бошлаган, шунинг учун мендан афзалроқдир”, дегин.  Олимни кўриб, ўзингга “унга менга берилмаган нарса берилган, у мен эришмаган нарсага эришган ва мен билмаган нарсани билади. Қандай қилиб, мен у билан тенглаша оламан?” дегин. Жоҳил одамни кўриб, “у жоҳиллиги туфайли осий бўлган, мен эса барча нарсани била туриб гуноҳ қилдим. Аллоҳ кўрсатадиган далиллар равшандир, унинг оқибатига келсак бу ҳақда ҳеч нима билмайман” деб айт. Бошқа диндаги кишини кўриб ўзингга дегин: “Эҳтимол у ҳақиқатни англар ва ҳаётини солиҳ амаллар билан якунлар. Мусулмон бўла туриб, қилнинг ёғдан осон сийрилиб чиққанидек, гуноҳларидан халос бўлар. Мен эса йўлимдан урилиб, осий бўларман ва эътиқодимдан айриларман, умрим хотимаси ёмонлик билан тугар. Эртага у Аллоҳнинг яқин қулига айланар, мен эса зиёнда қолган сафидан жой оларман” [7: 2165].

Ғаззолийнинг фикрларидан юксак ахлоқий тарбия намунасини кўришимиз мумкин. Шунингдек, ўзга инсонни ёши, мавқеи, ижтимоий аҳволи, ақлий ва руҳий даражасидан қатъий назар хайрли деб билиш, ўзидан афзал ҳисоблаш лозимлиги таъкидланади. Унинг ахлоқий қарашида, ҳатто ҳозирги кун муаммоси саналган толерантлик, миллий ва диний бағрикенглик акс этганини кўрамиз.

Бинобарин, Ғаззолийнинг қарашларида инсон ахлоқини яхшилаш учун биринчи навбатда қалб касалликларини билиш муҳимлиги кўриниб турибди. Шунинг учун у инсон руҳиятидаги энг оғир касалликлар: ҳасад, риё, ужб, кибр ва фахрни санаб ўтиб, уларнинг муолажаси ҳам қийинлигини таъкидлайди. Хулоса ўрнида айтишимиз мумкинки, ахлоқни ислоҳ қилишда қалбни поклаш ва айнан мутафаккир айтган иллатлардан фориғ бўлишга эътибор бериш лозим бўлади.

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:
  1. Al-Ghazali. Abstinence in Islam / Transl. and notes by Caesar E. Farah. – Minneapolis: Bibliotheca Islamica. – ISBN 0-88297-048-8.
  2. Griffel, Frank. Al-Ghazālīʼs Philosophical Theology (англ.). –Oxford: Oxford University Press, 2009. –ISBN 9780195331622.
  3. Shanab, R. E. A. 1974. Ghazali and Aquinason Causation. The Monist: The International Quarterly Journal of General Philosophical Inquiry 58.1.
  4. Watt W.M. Muslim Intellectual: A Study of al-Ghazali. – Edinburgh, 1963.
  5. Грюнебаум Г.Э. Классический ислам. Очерки истории (600-1258). – М., 1988.
  6. Кампанини М. Абу Хамид Мухаммад ибн Мухаммад аль-Газзали. Minbar. Islamic Studies. 2010;3(1):4-18. https://doi.org/10.31162/2618-9569-2010-3-1-4-18.
  7.  Абу Ҳомид Ғаззолий. Бидоят ул-ҳидоя, Дор ул-минҳож, –Байрут, 2012.
Давронбек ҚОДИРОВ,
Бухоро давлат университети докторанти

Check Also

АБУ БАКР АҲАВАЙНИЙ – МОҲИР ЖАРРОҲ ВА ФАЙЛАСУФ

Абу Бакр Аҳавайний – Сомонийлар даврида яшаган файласуф ва тиббиёт олими. Бухорода табиблар оиласида туғилган. …