Home / АЛЛОМАЛАР / АБУ ҲОМИД ҒАЗЗОЛИЙНИНГ “БИДОЯТУЛ ҲИДОЯ” АСАРИДА ҚАЛБ ГУНОҲЛАРИ ТЎҒРИСИДА

АБУ ҲОМИД ҒАЗЗОЛИЙНИНГ “БИДОЯТУЛ ҲИДОЯ” АСАРИДА ҚАЛБ ГУНОҲЛАРИ ТЎҒРИСИДА

Абу Ҳомид Муҳаммад Ғаззолий (450/1058-505/1111) ўз даврининг машҳур олим, фақиҳ, мутасаввуф ва файласуфларидан бўлиб, Ислом тамаддунининг “олтин асри”да энг кўзга кўринган, кучли закоси билан ёрқин намоён бўлган мутафаккирлардан бири эди.

Ғаззолий 1058 йилда Тусда дунёга келган, ёшлигиданоқ ислом дини асослари, фиқҳ ва каломни ўрганиб, Жувайний, Розконий, Фармадий каби олимлардан таълим олган. Олим Низомия мадрасасида таълим берган, кейинчалик маърифий инқироз ва руҳий тушкунликка тушиб, тасаввуф йўлига кириб, дарвешона турмуш тарзига ўтган. Ғаззолий 1111 йилда 53 ёшида дунёни тарк этган [1: 8]. Абдулғофир Форисийнинг сўзларига қараганда, Ғаззолийнинг ўғил фарзанди бўлмаган, лекин бир неча қизи бўлган [2: 9]. 

Ғаззолий асарларини Европада таржима қилиш бошлангач, унинг қарашлари ғарб фалсафасига кучли таъсир кўрсатган. Мутафаккирнинг асарлари билан Фома Аквинский таниш бўлиб, уни юксак баҳолаган. XII аср охирида Ғаззолийнинг “Таҳофут ул-фалосифа” асари лотин тилига ўгирилиб, Европада кенг тарқалади. Уни испаниялик Доминик Гундассалини яҳудий олим Авендаут билан таржима қилиб, “Logica et philosophia Algazelis” деб номлайди. Айнан ушбу таржима Ғарбда мусулмон фалсафасини ўрганиш бўйича асосий манба бўлади. Бироқ Ғаззолий ўша давр Европа олимлари ўртасида хато равишда Ибн Синонинг издоши деб ҳисобланади [3: 140]. 

В.М. Воттнинг таъкидлашига кўра, 850 йилларда, яъни Ғаззолийгача 200 йил олдин мусулмончиликнинг ғоявий экспансияси тугаб, омма эътибори индивидуал идеалга ва инсон комиллигининг ички муаммоларига йўналтирилди [4: 180]. Немис олими фон Грюнебаум Ғаззолийни биринчилардан бўлиб тасаввуфни тизимлаштирган Ҳорис Муҳосибийнинг “буюк издоши” деб атайди. Муҳосибий анъанавий ислом билан тасаввуфни бирлаштиришга ҳаракат қилган, бироқ унинг бошлаган ишини шаксиз Ғаззолий якунлаган деб ҳисобланади [5: 274]. Ғарб тадқиқотчилари мутафаккирнинг ушбу мураккаб жараёндаги ўрни ва ролини яхши англайди. Дарҳақиқат, Ғаззолий буюк файласуф кашфиётчи ҳисобланиб, унинг қарашлари, мантиқий-рационал билиш, шунингдек, интуиция ва метафизикага доир асарлари бундан гувоҳлик беради.

Мутафаккир ўзининг фалсафий қарашларини тасаввуф ва ислом шариати билан муросага келтириш орқали сунний ортодокциянинг тан олинишига эришди. Шундан келиб чиқиб, Ғаззолийнинг бу ишини диний кашфиёт ёки ижодкорлик эмас, балки фалсафий кашфиёт ва илмий ижодкорлик деб айтишимиз мумкин.

У ўз замонасининг машҳур фақиҳлари ва сўфийларидан таълим олиб, бир қанча тасаввуф ва ахлоққа доир асарлар ёзган. Италиялик тадқиқотчи Массимо Кампанини Ғаззолийнинг қалбни иллатлардан поклаш ғоясига юксак баҳо беради ва унинг сўзларини қуйидаги келтиради: “Қачонки Аллоҳ қалб борасида ғамхўрлик қилса…, кўкрак ёруғликка тўлади ва малакут, яъни руҳоний олам сири очилади, залолат пардаси эса ечилади ва қалб илоҳий ашёлар ҳақиқати билан чароғон бўлади. Бир кун келиб қалб ҳақиқат соҳибига айланади, шунда ақл ўзига ишонади. Ақлнинг зарур бўлган ҳақиқатларини мен унинг ҳаққонийлигига ва шубҳасизлигига ишонган пайтим яна бир бор қабул қилдим. Бу нарса тизимли исбот-далиллар ёки тартибга солинган тафаккур қилиш йўли билан эмас, балки Аллоҳ кўксимга солган нур ёрдамида рўй берди” [6: 5].

Абу Ҳомид Ғаззолийнинг тасаввуфий ахлоққа доир рисолаларидан бири “Бидоят ул-ҳидоя” (Ҳидоятнинг бошланиши) ҳисобланади. Мутафаккирнинг мазкур асари умрининг охирги йилларида таълиф этилган бўлиб, “Иҳё улумид дин” (Диний билимларнинг тирилиши) асарига муқаддима тарзида ёзилган.

Бу асар тақво воситасида ахлоқни поклаш тамойиллари бўйича йўриқнома тарзида битилган. Рисола қисқа ҳажмда бўлиб, кунлик дастурлар шаклида баён қилинган. Асар уч қисмдан иборат, биринчи қисми ҳидоятга кириш, уйқу, уйқудан уйғониш, ҳожатхонага кириш, таҳорат олиш, ғусл қилиш, таяммум, масжиддан чиқиш ва кириш одоблари, шунингдек, ислом аркони ҳисобланмиш намоз ўқишга тайёргарлик кўриш, имомлик қилиш, жума ва рўза тутиш одобидан ташкил топган.

Иккинчи қисмда Ғаззолий гуноҳлардан сақланиш тўғрисида гапиради. У қалб гуноҳлари ва унинг энг хавфли эканлиги тўғрисида баён қилади. Шу билан бирга Аллоҳ ва махлуқот билан банданинг мулоқоти ҳамда муносабати тушунтириб берилади.

“Бидоятул ҳидоя” асарига 982/1572 йилда Абдулқодир бин Аҳмад Али Фокиҳий ва 1316/1898 йилда Муҳаммад бин Умар Нававий Ҳовий шарҳ ёзган.

Рисоланинг “Қалб гуноҳлари” бобида қалбга хос бўлган ёмон сифатларнинг кўплиги, ундаги чиркинликлардан қутулиш йўлининг узоқлиги ва муолажа усуллари ҳали тўлиқ маълум эмаслиги айтилади. Ғаззолий одоблар ва уларни амалда қўллаш инсонлар хотирасидан ўчиб кетгани ва йўқолганини, одамлар ўзларининг худбин эканини англамасликларини таъкидлайди [7: 210]. Ғаззолий шундай ёзади: “Барча усул ва йўлларни биз “Иҳё улумид дин” номли китобимизнинг “Мунжиёт” қисмида баён қилганмиз. Бу ерда эса сени қалбнинг учта иллатли хусусиятидан огоҳлантирамиз. Ушбу касалликлар одатда ҳозирги кунда фиқҳни ўрганиш билан машғул бўлган олимларга хосдир. Агар улар ҳақида билсанг, олдиндан чорасини кўрасан. Бу шундай жиҳатларки, улар инсонни аслида ҳалокатга етаклайди ва қалбдан чиқадиган барча ёмонликларнинг онаси ҳисобланади. Улар ҳасад, риё ва ужбдир. Шу уч нарсадан қалбингни поклашга ҳаракат қил. Агар бу ишда муваффақиятга эришсанг, қалбингни бошқа касалликлардан ҳам қутқаришни ўрганасан. Агар улардан тузала олмасанг, ҳеч қачон бошқаларидан даволана олмайсан. Агар қалбда ҳасад, риё ва ужб каби касалликлар ҳукмрон бўлса-ю, илм олиш йўлида солиҳ ният билан улардан халос бўламан деб ўйламаки, зеро, Расулуллоҳ (с.а.в.) айтганди: “Уч нарса инсонни ҳалокатга етаклайди – бошқарилмайдиган бахиллик, эрк берилган ҳою-ҳаваслар ва инсоннинг ўзидан мамнун бўлиши” [7: 211].   Давоми бор…

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:
  1. Al-Ghazali. Abstinence in Islam / Transl. and notes by Caesar E. Farah. – Minneapolis: Bibliotheca Islamica. – ISBN 0-88297-048-8.
  2. Griffel, Frank. Al-Ghazālīʼs Philosophical Theology (англ.). –Oxford: Oxford University Press, 2009. –ISBN 9780195331622.
  3. Shanab, R. E. A. 1974. Ghazali and Aquinason Causation. The Monist: The International Quarterly Journal of General Philosophical Inquiry 58.1.
  4. Watt W.M. Muslim Intellectual: A Study of al-Ghazali. – Edinburgh, 1963.
  5. Грюнебаум Г.Э. Классический ислам. Очерки истории (600-1258). – М., 1988.
  6. Кампанини М. Абу Хамид Мухаммад ибн Мухаммад аль-Газзали. Minbar. Islamic Studies. 2010;3(1):4-18. https://doi.org/10.31162/2618-9569-2010-3-1-4-18.
  7.  Абу Ҳомид Ғаззолий. Бидоят ул-ҳидоя, Дор ул-минҳож, –Байрут, 2012.
Давронбек ҚОДИРОВ,
Бухоро давлат университети докторанти

Check Also

АРБИНЖОН ВА УНГА ЁНДОШ ҚИШЛОҚЛАРДАН ЧИҚҚАН РОВИЙЛАР

Арбинжон шаҳри тарихда “Арбинжон”, “Арбинжони”, “Арбинж”, “Рабинжон” ва “Арабнажн” номлари билан аталган[1]. Аксар араб манбаларида …