Home / МАҚОЛАЛАР / ЁЛҒОН СЎЗЛАМАСЛИК ЁХУД ЧИН СЎЗНИНГ САОДАТИ ҲАҚИДА

ЁЛҒОН СЎЗЛАМАСЛИК ЁХУД ЧИН СЎЗНИНГ САОДАТИ ҲАҚИДА

Сўнгги вақтларда жамиятимизда алдов ва фирибгарлик йўли билан ўзгалар мол-мулкини қўлга киритишга уриниш билан боғлиқ нохуш ҳодисалар урчиб бораётгани сир эмас. Бундай ҳолатларни расмий статистик маълумотлар ҳам тасдиқламоқда. Жумладан, 2019 йилнинг январь-июль ойларида мамлакат бўйича 1954 та фирибгарлик жинояти рўйхатга олинган бўлса, 2020 йилнинг шу даврида бу рақам 3881ни ташкил этган. 2020 йилнинг 7 ойи давомида содир этилган фирибгарликларнинг 2151таси пул олди-бердиси билан боғлиқ бўлса, 336 таси чет элга ишга юборишни ваъда қилиш мазмунига эга, 331таси эса ўқишга киритишга доир алдовлардир. Бу жиноятларнинг 511таси муқаддам судланганлар томонидан содир этилган, 1277 ҳолатда ишламайдиганлар фирибгарликка қўл урган, 63 та ҳолатда эса аёллар фириб ишлатган[1].

Халқимизга ёт бўлган бундай иллатларни бартараф этишда миллий қадриятларимиз, хусусан, Қуръон ва ҳадиси шарифлар, улуғ аждодларимиз илмий-маънавий меросининг ўрни ва аҳамияти беқиёсдир. Ушбу мўътабар манбаларда илгари сурилган эзгу ғояларни фанлараро фан саналган – синерегетика (синергетика – мураккаблик, мураккаб системаларнинг ҳамкорликда ўзини-ўзи ривожлантириши ҳақидаги фан)[2] тамойиллари  асосида тадқиқ этиш долзарблик касб этади. 

Қадимдан турли жамиятларда инсон қадри турли омилларга боғлиқ бўлиб келган. Исломда инсоннинг қадр-қиммати қалбининг поклиги, иймон-ихлоси ва яхши амаллари билан белгиланади. Яъни, қалби тоза, иймони бут инсон дунёдаги барча гўзал суратлардан гўзалдир, мўмин инсоннинг солиҳ амали дунёдаги барча мол-дунёдан устундир. Одамзот инсон қадрини белгилашнинг ана шу илоҳий мезонларига риоя қилиб, имкон қадар қалбини поклашга, солиҳ амал қилишга интилсагина турли ўткинчи ҳою ҳаваслар, молу дунёга ҳирс қўйишлар ўз аҳамиятини йўқотади[3].

Ҳадиси шарифда: “Мунофиқнинг уч аломати бор: сўзласа, ёлғон сўзлар; ваъда қилса, бажармас; омонатга хиёнат қилур”[4], дея далолат қилинади. Демак, мунофиқ киши одамлар билан суҳбатлашганда, бирор бир хабарни етказганида ўз манфаатини ўйлаб ёлғон гапиради. Иккинчи белгиси, ваъда берса, унинг устидан чиқмайди. Бу билан масъулиятни ҳис этмайди, ўзида бебурдлик иллатини шакллантиради ва ўзгаларни ҳурмат қилмайди. Учинчи белги – омонатга хиёнат қилиш, яъни бировнинг ҳаққига хиёнат қилишидир. Бу билан ўзига нисбатан бошқалар ишончини йўқотади. Ўзини англаган одам учун ўзгалар назаридан қолиш – энг катта йўқотишдир. 

Буюк мутафаккир Алишер Навоий асарларида ҳам ҳалоллик, тўғрилик улуғланади, ўғрилик ва ёлғончилик қораланади. Мутафаккир ўз ҳикматлари орқали шоҳу гадога ҳам, олиму авомга ҳам бирдек хитоб қилиб, кишининг ўз ҳолига кўникиб кетишига тўсқинлик қилади, уни ўзгаришга, ривожланишга, синергетика истилоҳи билан айтганда, ўз-ўзини қайта ташкиллаштиришга чорлайди.

Жумладан, Ҳазрат “Ҳайратул аброр” достонида “Кимки ёлғoнчи дeб нoм чиқaргaн бўлсa, ўзиникилaр ҳaм, бeгoнaлaр ҳaм уни шу oт билaн чaқирaр экaн, тўғрилик нoми унгa ҳeч қaйтиб кeлмaйди. Рoст гaпирсa ҳaм, xaлқ унгa инoнмaйди. Кимнинг чин гaпи эл oрaсидa ёлғoн дeб тoпилaр экaн, ёлғoнни чингa aйлaнтириш имкoни бoрми?! Қaндaй бир oғир вaзиятдa қoлгaнингдa ҳaм, чин гaпиришнинг илoжи бўлмaсa, ёлғoнни ҳaм гaпирмa”[5], деб ёзади.

Янглишмоқ, хато қилмоқ – инсонга хос хусусият. Бироқ киши ўз хатти-ҳаракатларини оқлаши учун сабаблар тўлиб-тошиб ётибди. Эзгуликнинг, ҳақиқатнинг мазмун-моҳиятини тўғри тушуниши учун киши кўнглига Яратгандан иноят, тавфиқ етиши жуда муҳимдир. Шунда у моҳият асроридан воқиф бўла бориб, ўзини инсон ўлароқ ҳис этади.

Шундагина киши дунёга келишдан муддао “йўлини қилиб кун кечириш – еб, ичиб, насл қолдириб ўтиш” каби биологик эҳтиёжларни қондириб яшашдангина иборат бўлмай, аксинча, булар восита-ю, мақсад руҳоний, демакки, инсоний эканини қалбан англайди.

Аҳли ҳикмат (яъни файласуфлар) фикрига кўра, илм маълумга (билиб олинганга) бўйсунади. Бинобарин, одамларнинг сўзлари, фаолияти ва ишлари учун олдиндан белгиланган ўлчов йўқ. Билим ва бойликка эга бўлиш инсоннинг ўз саъй-ҳаракатига боғлиқ: қанча ғайрат қилса, билими ва мол-мулки шунча ортади. Яхшилик ёки ёмонлик қилиш, кам ейиш ёки кўп ейиш – инсон ихтиёридаги иш ва у қанча меҳнат ва куч сарфласа, шунча кўп топади[6].

Навоий “Маҳбубул қулуб” асарида ҳам ҳадис ва оятлар, ҳикоят ва тамсилларга йўғрилган, ўта мураккаб фалсафий муҳокамалар асосига қурилган фикрларни оддий турмуш тафсилотлари билан содда ва равшан қилиб тушунтириб беради. Интиҳосиз қудратга эга инсон ақлининг, руҳиятининг мўъжизаларини ҳайратомуз бир тарзда намойиш этади. Ҳазрат ўзини минг йиллар давомида тўпланиб келган Шарқ фалсафаси ва ҳикмати, исломий ҳақиқатларни омихта этолган, тасаввуф ва фалсафани қўшиб, инсон руҳи диалектикасини очган етук мутафаккир сифатида намоён этади. Дунёга тийрак ва ҳушёр кўз билан назар солади, инсонни қандай бўлса, шундай олиб ўрганади, унинг қалби тўридаги энг нозик, энг яширин сирларни ошкор этади, руҳият иқлимларидаги сезилмас қонуниятлар, заруриятларни кўрсатиб беради. Шу сабабли “Маҳбубул қулуб”ни ботиний илмлар баённомаси, ўзликни ва илоҳни таниш китоби, дейиш мумкин.

Инсон қилни қирқ ёришга, ўзига боғлиқ бўлмаган нарсаларни жуда яхши билишга қодир, аммо ўта муҳим, ўзига ҳамма нарсадан яқин бўлганни, яъни ўзини билмайди[7]. Шунинг учун Навоий инсонни, аввало, кўзини очишга ва очилган кўзлар билан ўз моҳиятига назар ташлашга, камчилик ва қусурларини бартараф этишга ундайди. Бу билан инсоннинг ўзи бир бутун олам экани ва ҳийла мураккаб мавжудотлигини уқтиради, ана шу мураккабликни баратараф этишнинг содда йўлларини кўрсатиб беради.

Навоий тўғриликни, тўғрисўзликни тарғиб қилиш асносида ёлғондан, сақланишга даъват этади: “…Ёлғон озгина бўлса ҳам катта гуноҳдир, у агар миқдори озгина бўлса ҳам ўлдирувчи заҳардир”[8]. Ёлғон сўзлашнинг оғир гуноҳлигини, заҳар томчиси каби кичик ёлғон ҳам кишини маънан ўлдиришини айтиб, унинг хавфидан огоҳ этади.

Шунингдек, “Чин сўзни ёлғонга чулғама, чин гапира оладиган тилни ёлғонга булғама. Ёлғончи одам эмасдур, ёлғон гапирмоқ мардлар иши эмасдур. Ёлғон сўз – айтувчини назардан қолдиради”[9], дея таъкидлайди. Бу билан Ҳазрат ёлғон сўзлаш кишини бисотидаги энг қимматли гавҳар ҳисобланган ҳурмат-иззатдан маҳрум этишини эслатиш орқали уни тўғрисўзликка йўналтирувчи аттрактор, яъни тартибга жалб этувчи сифатида намоён бўлади. “Тилингни ҳамиша назоратингда тут. Сўзингни эҳтиёт бўлиб сўзла. Вақтида айтиш керак бўлган сўзни асраб турма. Айтиш керак бўлмаган гапнинг яқинига йўлама”[10], дея ҳар бир сўзни ўйлаб, жуда эҳтиёткорлик билан тилга чиқариш лозимлигини, сўзни ўз ўрнида ишлатиш жоизлигини ва ноўрин сўзламасликни уқтиради.

“Сўз борки, эшитувчининг танига жон киргизади. Сўз борки, сўзловчининг бошини елга учиради”[11], деб яхши сўз эшитувчига жон бағишлашини таъкидласа, ёлғон ва бетакаллуф сўз айтувчининг жони хавфда эканлигидан огоҳлантиради.

Шоир “Оқил киши чин сўздан бошқани демас. Аммо барча чин сўзни айтиш ҳам оқилнинг иши эмас”[12], дея надоматли чин сўздан кўра муросали ёлғон яхшироқлигига ҳам ишора қилади.

“Қаноат – эҳтиёжсизлик белгиси, шараф ва иззат зийнати. Қаноатли фақир бойдир ва шоҳу гадодан эҳтиёжсиздир. Тама – хор-зорликка далил, тамагир бой эса хору зордир. Тама қилмаслик ҳеч бир саховатдан қолишмайди”[13], деб Навоий кишининг порахўрлик, тамагирлик, фирибгарлик каби иллатлардан фориғ бўлишида қаноатлилик фазилатининг муҳимлигини таъкидлайди.

Ҳазрат Навоий одамни тадқиқ этар экан, унинг табиати ва интилишларини кузатади, инсоннинг иймон гавҳари, буюклиги баробарида, нуқсонлари – нафси, ҳирси оқибатида келиб чиқадиган ёвузликларни таҳлил этиб, улардан сақланиш, покланиш йўлларини баён этади.

Шу тахлит маънавий юксалиш, мудом маърифатга интилиш, Пайғамбар (С.А.В.) суннатига содиқ бўлишнинг муҳимлигини айтган мутафаккир инсон камолоти учун муқтадир бир курашчи сифатида майдонга чиқади, инсон боласини унинг ўзига таништиради, ёмонликдан нафратланишга ва яхшиликдан, илоҳийликдан фахрланишга ўргатади.

Буюк шоирнинг “Нафсига тобе бўлган кишининг ейишдан ўзга ҳунари бўлмайди. Ёлғончи қуруқ гап сотишдан бўлак ишга ярамайди. Униси ҳаром емоқдан роҳатланади ва буниси эса доимо сўзамоллик қилиб мақтанади”[14], деб олти аср илгари билдирган фикри бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган. Чунки, ҳаромдан ҳайиқмайдиган, фирибгарлик, порахўрлик, тамагирлик, талончилик ва ўғриликни тириклик манбаига айлантириб олган тоифалар жамиятда ҳамон бор экан, Ҳазратнинг ҳикматлари долзарблигича қолаверади. Айни пайтда бу мутафаккир ижодида синергетик таълимотнинг “келажакнинг бугунга таъсири” тамойили акс этганини ҳам кўрсатади.

Алишер Навоий “Одамларнинг яхшиси ким?” деган саволни ўртага ташлаб, унга қуйидагича жавоб беради: “Одамзоднинг яхшиси тақводор ва пок бўлгай. У ҳақ сўзни айтишда ҳеч нарсадан қўрқмагай. Ўзи пок ва кўзи покни инсон деса бўлади. Мусулмон шундай кишики, мусулмонлар унинг тили ва қўлидан яхшилик кўргайлар, омонда бўлгайлар ва кўзи-ю кўнглидан хотиржамдирлар”[15]. Мазкур сўзлар “Қўли ва тилидан ўзгаларга озор етмаган киши чин мусулмондир” ҳадиси [16] мазмуни билан тўла уйғунлик касб этади.

Бу эса Навоий исломнинг улуғ шоири ва мутафаккири бўлгани ҳолда, барча мазҳаблар ва динлардан юқори кўтарила олганини, инсониятни бирлаштирувчи муштарак илоҳий ғояларни олға суриб, кишиларни бир-бирига яқинлаштирувчи эътиқод ва иймон, поклик ва тазаррудан сўз очиб, Тангри таолонинг буюк ҳақиқати олдида жами одамзот баробарлигини исботлаганининг ўзига хос бир далилидир. Шундай экан, миллий қадриятларимизни, Шарқ илму дониши, маънавиятини, улуғ аждодлар илмий-маънавий меросини, Алишер Навоий асарларини қанча кўп ва хўб ўзлаштирсак, ёмондан ёт бўлиб, фирибдан озод бўлиб, фикримиз шунчалик равшан, руҳимиз шунчалик бардам, ҳаётимиз шунчалик гўзал бўлғусидир. 

 
[1] Толиб Раҳматов. Ўзбекистонда фирибгарлик жиноятлари бир йилда икки баробарга кўпайди. Бунга сабаб нима?https://kun.uz/news/2020/09/28/ozbekistonda-bir-yilda-firibgarlik-jinoyatlari-ikki-barobarga-kopaydi-bunga-nima-sabab-bolmoqda
[2] Синергетика: моҳияти, қонуниятлари ва амалиётда намоён бўлиши. (Масъул муҳаррир: проф.Каримов Б.Р.). Монография. (Авт.: Тураев Б.О., Эргашева М.Х., Раҳмонов Б.У., Муминова З.О., Очилов Ж.) Т.: “Наврўз”, 2017. -360 б. -12 б.
[3] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Ҳадис ва ҳаёт. 3-жуз. Ният, ихлос, илм китоби. Т.: “Hilol-Nashr”, 2018. -232 б. 38-39 б.
[4] Ал-Бухорий, Абу Абдуллоҳ Муҳаммад Ибн исмоил. Ҳадис: 4 китоб. 1 –К. Ал-Жомиъ ас-Саҳиҳ. Н.Иброҳим ва М.Кенжабек таҳр.остида. Қомуслар бош таҳририяти, 1991. -560 б. 20 б.
[5] Алишер Навоий. Ҳайрат ул-аброр (насрий баёни).-110 б. 68 б.
[6] Азизиддин Насафий. Зубдатул ҳақойиқ. // Комиллик ҳақида тўрт рисола. Форс тилидан Нажмиддин Комилов таржимас. Т.: “Маънавият”, 1997. -280 б. 119 б.
[7] Жалолиддин Румий. Ичиндаги ичиндадур: Фалсафий-маърифий асар//Сўз боши муаллифи ва масъул муҳаррир Н.Комилов. Т.: Янги аср авлоди, 2018. -240 б. 31 б.
[8] Алишер Навоий. Маҳбуб ул-қулуб. (Қалбга маҳбуб ҳикматлар ва ҳикоятлар). Ҳозирги ўзбек тилига табдил. Т.: Sano-standart, 2018. -192 б. 129-130 б.
[9] Алишер Навоий. Маҳбуб ул-қулуб… 176 б.
[10] Ўша асар, 176 б.
[11] Ўша асар, 177 б.
[12] Ўша асар, 177 б.
[13] Ўша асар, 141 б.
[14] Ўша асар, 161 б.
[15] Ўша асар, 170 б.
[16] Ал-Бухорий, Абу Абдуллоҳ Муҳаммад Ибн исмоил. Ҳадис: 4 китоб. 1 –К. Ал-Жомиъ ас-Саҳиҳ. Н.Иброҳим ва М.Кенжабек таҳр.остида. 1991, Қомуслар бош таҳририяти. -560 б. 14 б.
Бахтиёр ТУРСУНОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

ЎРТА ОСИЁДА «ТУРК» ГУРУҲИ ВАКИЛЛАРИ ЯШАЙДИГАН ҲУДУДЛАР ВА УЛАРНИНГ ИЧКИ ЭТНИК ТАРКИБИ

XIX аср охири – XX аср бошларида Ўрта Осиё халқлари орасида миллий мансублик тушунчаси яхлит …