Home / ЯНГИЛИКЛАР / ҚУТЛУҒ КУНГА ҚУТЛУҒ ҚАРОР ВА ҚУТЛУҒ ҚАДАМЛАР

ҚУТЛУҒ КУНГА ҚУТЛУҒ ҚАРОР ВА ҚУТЛУҒ ҚАДАМЛАР

Юртимизда Қурбон ҳайити байрамига тайёргарлик арафасида эълон қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чоратадбирлар тўғрисида”ги қарори катта мамнуният билан кутиб олинди.

Ушбу қарорга мувофиқ, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг “Учинчи Ренессанс — Янги Ўзбекистон” ғоясини кенг тарғиб қилувчи, мамлакат тарихининг янги юксалиш давридаги ютуқларини илмий асосда ўрганувчи, уни кенг жамоатчиликка етказиб берувчи ҳамда моддий-маданий мерос намуналарини, ислом дини билан боғлиқ қадимий ва бой анъаналарни тарғиб қилувчи илмий-маърифий масканга айлантирилиши бу борадаги ишларда янги сифат кўрсаткичи бўлди.

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг бунёдкори ва ғояси муаллифи Президент Шавкат Мирзиёев ўтган йилларда бу ерга бир неча бор келиб, Марказ биносини чиройли ва сифатли қилиб қуриш, дунё олимлари фикрини ўрганиб, мазмунини бойитиш бўйича кўрсатмалар берди. Жумладан, давлатимиз раҳбари “… бу ерга келишимдан мақсад — муқаддас динимизнинг эзгулик, инсонпарварлик дини эканини, маънавиятга, илмга ундашини, ота-боболаримиз бунга беқиёс ҳисса қўшганини тасдиқловчи илмий натижаларни кўриш ва янги тадқиқотларга замин яратиш. Ҳозир маҳобатли бино қуриш осон бўлиб қолди. Мана, боболаримизга муносиб бино қурдик. Энди боболаримизга муносиб илмий муҳит яратишимиз керак”, — деган эдилар.

Дарҳақиқат, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази буюк аждодларнинг жаҳон тамаддуни, диний ва дунёвий илмлар ривожига қўшган ҳиссасини муқаддас ислом дини билан боғлиқ бой меросни ил­мий тадқиқ этишда энг замонавий инновацион усуллар ва воситалар орқали тарғиб қилиш ҳамда Ўзбекистонда содир бўлган умуммиллий юксалишлар, тарихий ренессансларнинг илдизлари, жумладан, “Учинчи Ренессанс — Янги Ўзбекистон” ғоясининг асл мазмун-моҳиятини, хусусан, унинг илм-фан ривожи, динлараро ва миллатлараро бағрикенгликни таъминлашдаги роли ва аҳамиятини мамлакат аҳолиси, айниқса, ёшларга етказиш бўйича алоҳида ўрин тутади.

Бугун мамлакатимиз ёшларини илм-маърифатга даъват этадиган, миллийлик ва динийлик ўртасидаги уйғунлик моҳиятини кенг тарғиб қилиш ҳар қачонгидан ҳам муҳим масала сифатида қаралаётгани бежиз эмас. Зеро, бу борада фундаментал тадқиқотлар дастурлари ва илмий лойиҳалар асосида тайёрланадиган ҳар томонлама пухта илмий ишланмалар ва замонавий медиа маҳсулотларни ҳаётнинг ўзи талаб қилмоқда.

Ҳар қандай илмий янгилик илмий жамоатчилик эътиборига етказилмас экан, у оммалашмайди. Шунинг учун ислом цивилизацияси йўналишида амалга оширилган янги тадқиқотлар натижаларидан бутун афкор оммани доимий хабардор қилиб бориш тизими такомиллаштирилди.

Юртимизнинг муаззам тарихини, буюк аждодларимиз томонидан амалга оширилган оламшумул кашфиётларни илмий асосда изчил тадқиқ этиш соҳасининг долзарб илмий-назарий ва услубий масалаларига бағишланган конференциялар, симпозиумлар, кўргазмалар ва маърузалар, илмий-амалий ва услубий семинар-тренинглар, танловлар ва бошқа маданий-маърифий тадбирларни доимий ташкил этиб бориш шулар жумласидандир.

Марказда илм-фаннинг жадал тадрижий тараққиётини кўрсатиб берувчи сермазмун ноёб экспонатлар фонди, беназир қўлёзма ва замонавий нашрлардан иборат бой кутубхоналар тизимини шакллантириш мақсад қилингани алоҳида эътиборга муносиб. Кутубхона фондларининг жаҳон музейлари ва кутубхоналари виртуал тармоғига уланиши эса, ишнинг салмоғи ва амалий аҳамиятини янада ошириши табиий.

Хорижий давлатлардаги, шу жумладан, Туркиянинг Сулаймония, Ҳиндистоннинг Худобахш, Эроннинг Теҳрон давлат музейлари, Мисрнинг Ал-Азҳар ҳамда Миср Фанлар академияси қўлёзмалар фондлари, Франциянинг Париж миллий кутубхонаси, Германиянинг Берлин миллий кутубхонаси, Англиянинг Оксфорд ис­лом тадқиқотлар маркази фонди, Россиянинг Санкт-Петербург шарқшунослик институти қўлёзмалар фондида сақланаётган Ўзбекистон тарихига оид қимматли манбаларнинг электрон ёки факсимиле нусхаларини Ўзбекистонга олиб келиш чораларини кўриш вазифаси белгилангани барча исломшунослар, манбашунос олимлар томонидан мамнуният билан қабул қилинди.

Яна бир эътиборли жиҳат, Марказда ислом тарихи ва маданияти йўналишига оид билимларни ошириш, хорижий тиллар, хусусан, араб тили ва ёзуви, хаттотлик, қадимий қўлёзма ва тошбосма асарларни қайта таъмирлаш, Қуръони каримни ўрганиш, гид-таржимонлар тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича мақсадли ўқув курслари ташкил этилишидир. Барчамизга маълумки, бугун айнан қўлёзма асарларни ўқий оладиган, уларни илмий муомалага кирита биладиган мутахассислар камайиб бормоқда. Кўпминг сонли қўлёзма асарлар эса, ўз тадқиқотчиларини кутмоқда.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда зиёрат туризмини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, 2020 йил 9 декабрь куни давлатимиз раҳбари раислигида кенгайтирилган тарзда ўтказилган видеоселектор йиғилиши ҳамда “Ўзбекистон Республикасида ички ва зиёрат туризмини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2021 йил 9 февралдаги Президент фармонида белгиланган топшириқлар ижросидан келиб чиққан ҳолда, Марказ томонидан илмий асослари бўйича етарли на­зарий билим ва амалий кўникмага эга гид-таржимонларни тайёрлаш ҳамда уларнинг малакасини тизимли ошириб боришни таъминлашга асос яратилгани бу соҳадаги ишларни тизимга солишга хизмат қилади. Ҳақиқатда, туризмнинг барча соҳалари, айниқса, зиёрат туризмининг ривожи, келажаги чуқур билим ва кўникмага эга, кенг дунёқарашли мутахассисларга боғлиқ.

Ислом цивилизацияси марказининг халқаро нуфузини янада оширишга хизмат қиладиган яна бир янгилик мазкур қарорда белгиланган Саудия Арабистони Подшоҳлиги Қирол Файсал номидаги Ислом тадқиқот ва изланишлар маркази имкониятларидан кенг фойдаланиш, ҳамкорликда тадбирлар ташкил этиш, қўлёзмаларни рақамлаштириш ва электрон манбалар алмашиш, шунингдек, Марказнинг Ар-Риёз шаҳридаги филиалини очиш чораларини кўриш масаласи бўлди. Бу амалиёт юртимиздаги бошқа марказлар фаолиятида илгари кузатилмагани — илк илғор натижа экани билан диққатга сазовор.

Шунингдек, хорижий алоқаларни кенгайтириш доирасида “Ипак йўли халқаро кутубхоналар иттифоқи” (Silk Road International Library Alliance) ҳамда “Австралия ислом музейи”, Малайзиядаги “Ислом санъати музейи” билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатилиши юртимиз олимлари ва тадқиқотчиларига янги имкониятлар эшигини очиб бериши шубҳасиз.

Марказда сақланаётган қўлёзма ва тошбосма китоблар, тарихий далил ва ҳужжатлар, археологик топилмаларни бугунги замон талаблари асосида тўлақонли электрон рақамлаштириш ишлари амалга оширилади. Рақамлаштирилган маълумотларни ўзида акс эттирувчи бир нечта хорижий тиллардаги мобиль илова ҳам ишга туширилади. Бу эса, нафақат юртдошларимиз, балки чет эллик мутахассис олимларни ҳам Марказ фаолияти билан танишиш, маълумотлар алмашинуви интеграцияси ҳамда илмий-амалий ҳамкорлик қилиш имкониятларини кенгайтиради.

Кўриниб турибдики, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ўз фаолиятида халқимиз маърифатини оширишга хизмат қилувчи барча қирраларни қамраб олган. Бутун юртдошларимиз, халқаро ҳамжамият диққат-эътиборида турган ушбу Марказ мазмун ва сифат жиҳатидан тубдан такомиллаштирилган. Қарорда белгиланган вазифалар ижроси эса, халқимиз кутган эзгу ниятларнинг амалий ифодаси бўлажак.

Музаффар КОМИЛОВ,
Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари,
Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори
Манба: “Янги Ўзбекистон” газетаси
2021-йил 23-июл, №147(403)

Check Also

«ЎРТА ОСИЁ ҚЎЛЁЗМАЛАРИ КОДИКОЛОГИЯСИ ЭЛEМEНТЛАРИ»

1-2 май, 2024 йил соат 10:00 да Ўтказиш жойи: Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро …