Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Қурол эмас, қалам билан

Қурол эмас, қалам билан

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ҳамда Жиззах вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида Пахтакор туманида “Жаҳолатга қарши – маърифат” мавзусида маърифий учрашув ташкил этилди.

Тадбирда Жиззах вилояти ҳокими ўринбосари Г.Нормуродова, Дин ишлари бўйича қўмита вилоят бош мутахассиси Ч.Мирзаева, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази бўлим бошлиғи Ж.Жумаев, марказ илмий ходими Б.Маҳмудов, Пахтакор тумани ҳокимлиги масъуллари, Республика маънавият ва маърифат маркази мутахассислари, таълим муассасалари раҳбарлари ҳамда жамоатчилик фаоллари иштирок этди.

Мулоқот давомида виждон эркинлиги тамойиллари, диний соҳадаги давлат сиёсатининг устувор йўналишлари ҳамда бу борадаги фаолиятнинг маърифий асослари кенг муҳокама этилди.

Таъкидландики, бугунги кунда глобал ахборот оқими ва ёт ғоялар таъсири кучайиб бораётган шароитда ёшларнинг онгида соғлом дунёқарашни шакллантириш, миллий ғоя ва маънавий қадриятларга садоқатни мустаҳкамлаш жамият барқарорлиги учун муҳим омилдир. Бу борада таълим муассасалари, оила ва жамоатчиликнинг масъулияти беқиёсдир.

Маърузаларда, шунингдек, болаларни қонунга хилоф равишда диний таълим олишга жалб этиш ҳолатлари хусусида ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди. Қайд этилдики, амалдаги қонунчиликка кўра, ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан норасида фарзандларни расмий таълим тизимидан ташқарида, рухсатсиз диний таълимга жалб қилиш жиноий жавобгарликка сабаб бўлади. Бундай ҳолатлар нафақат қонун бузилиши, балки ёшлар онгига салбий таъсир кўрсатиши, уларни турли хатарларга дучор этиши мумкин.

Тадбир иштирокчилари жаҳолатга қарши курашишда куч ва босим эмас, балки маърифат, илм ва маънавият энг самарали восита эканини таъкидлашди. Шу маънода, профилактика ва тарғибот ишларини изчиллик билан олиб бориш, айниқса, ёшлар ва уларнинг ота-оналари ўртасида ҳуқуқий онг ва масъулиятни ошириш муҳим экани алоҳида қайд этилди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Мюнхен университетидан илмий делегация

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига Германиянинг нуфузли таълим даргоҳи – Людвиг Максимилиан номидаги Мюнхен университетининг …