Қорақалпоғистон Республикасининг Амударё, Хўжайли ва Тахиатош туманларида аҳоли ўртасида диний-маърифий йўналишда тарғибот тадбирлари ташкил этилди. Ушбу учрашувларда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими У. Муҳаммадиев ҳам фаол иштирок этди.
Маҳалла еттилиги аъзолари, ижтимоий ёрдамга муҳтож оилалар ва давлат идоралари ходимлари билан учрашувларда бу йўналишда амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар, айниқса, ёшлар онгида соғлом дунёқарашни шакллантиришга қаратилган самарали услублар ҳақида сўз борди.
Муҳаммадиев маҳаллаларда фаолият юритаётган маҳалла еттилиги аъзолари, ижтимоий ёрдамга муҳтож оилалар, давлат ташкилотлари ходимлари билан мулоқотда бўлиб, ёшлар ўртасида соғлом дунёқарашни шакллантириш, диний саводхонликни ошириш ҳамда турли мафкуравий таҳдидларга қарши маърифий иммунитетни кучайтириш юзасидан тавсияларини билдирди.
Тадбирлар давомида мамлакатимизда соғлом ижтимоий-маънавий муҳитни таъминлаш, жамият аъзоларини турли бузғунчи ғоялар, диний экстремизм ва миссионерлик таъсиридан ҳимоя қилишга қаратилган тизимли ишлар ҳақида атрофлича маълумот берилди. Хусусан, ёшларнинг қалби ва онгига Ватанпарварлик, бағрикенглик, миллатлараро тотувлик ва миллий қадриятларга садоқат каби фазилатларни сингдириш бугунги куннинг устувор вазифаларидан экани таъкидланди.
Шунингдек, иштирокчиларга давлатнинг диний соҳадаги сиёсат мақсадлари, дунёвийлик ва виждон эркинлиги ўртасидаги уйғунлик, ҳамда бу жараёнда умумжамият манфаатларини таъминлашнинг долзарб аҳамияти хусусида ҳам тушунтиришлар берилди.
Алоҳида қайд этилдики, амалдаги қонунчиликка асосан, болаларни расмий таълимдан ташқарида ва рухсат этилмаган шаклда диний таълимга жалб қилиш ҳолатлари қонунбузарлик ҳисобланади. Ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан болани бундай фаолиятга жалб этиш жиноий жавобгарликка сабаб бўлиши мумкин. Бу эса нафақат ҳуқуқий, балки маънавий ва ижтимоий оқибатларга ҳам олиб келади.
Маърифий учрашувлар аҳолида ҳуқуқий ва маънавий онгни ошириш, жамоатчиликда масъулият туйғусини мустаҳкамлаш, шунингдек, ёшларни онгли равишда турли таҳдидлардан ҳимоя қилишга қаратилган тарғибот ишларини янада фаоллаштириш зарурлигини яна бир бор кўрсатиб берди.