Home / МАҚОЛАЛАР / ФОРОБИЙ ДЕЙДИКИ…

ФОРОБИЙ ДЕЙДИКИ…

Буюк аллома бобокалонимиз Абу Наср Форобий Ўрта асрлар даври табиий-илмий ва ижтимоий билимларининг қарийб барча соҳаларини ўз ичига олган 160дан ортиқ рисола яратиб, ҳақли равишда “Муаллими соний” ёки “Шарқ Арастуси” унвонини қозонган. Форобийнинг илмий мероси бугунги кунда ҳам кўплаб мамлакатларда алоҳида эътибор билан ўрганилаётгани унинг асарлари замонлар оша ўз долзарблиги ва аҳамиятини йўқотмай келаётганидан дарак беради.

Таҳририятимиз алломанинг шоҳ асарларидан бўлмиш “Фозил одамлар шаҳри” рисоласидан айрим қайдларни келтириб, бугунги ҳаётимизнинг манзараларини, аниқроғи, XXI юз йиллик башариятининг қиёфасини 11 аср аввал яшаб ўтган буюк Форобий битиклари воситасида ифодалашга қарор қилди.

Асарда фозиллар шаҳри аҳолиси учун умумий бўлган хусусиятлар ҳақида сўз борар экан, фозил инсон ҳодисаларни (яхши-ёмонни) исботлаш ё дил сезгиси билан билиб олиши, бундайлар донишманд бўлиши таъкидланади. Ихлос билан донишмандларга эргашганлар уларнинг билимларини ўзлаштиради. Қолганлар эргашганларнинг тасаввурларича тақлид орқали билим олади. Шунда умумий ҳилқатлар ҳақида ҳеч қандай баҳсга, сохта донолик ва нотўғри тушунчаларга асосланган мунозаралару улар якунида қабул қилинадиган терс хулосаларга ўрин қолмайди.

Жаҳолатдаги шаҳар одамлари эса бошқа тоифадир. Улар дунё саодатини обрў-иззат ва мол-дунё ҳамда улар келтирувчи роҳатлардан иборат билгани учун фозиллар шаҳри қонунларини бузиш, ҳақиқатга алоқадор нарсалардан узоқлашиш, фозил хусусият ва тасаввурларни бошқача акс эттиришга уринади. Чунки, тор доирадаги жоҳил ва тубан мақсадларига эришишда уларга ҳеч ким тўсқинлик қилмаслиги керак.

Форобий бундай тоифа одамларни фазилатли шаҳарлар жамоаларига қабул қилмаслик зарурлигини уқтиради.

Бугунги Ўзбекистон жамиятини оладиган бўлсак, объектив нуқтаи назардан мамлакатимиз фозил шаҳардир. Юртимизда бошқарув қобилиятига эга имомлар (раҳбарлар), одамларга ҳодисаларни тўғри билдирадиган донишлар (барча даражадаги устозлар), фозил одамлар – ҳаммаси мавжуд. Лекин шулар қаторида жаҳолатдаги шаҳар одамлари ҳам ёнма-ён яшамоқдаки, бу кўплаб муаммоларни келтириб чиқармоқда. Аҳоли орасида яккам-дуккам учрайдиган ана шундай тоифа вакиллари бутун жамиятни “фазилатли” мақомдан “жоҳил” даражасига туширмоқда.

Барчамиз оммавий ахборот воситалари орқали масъулиятсиз раҳбарлар, коррупционерлар, жиноятчилар ва бошқа турдаги жоҳил тоифа тўғрисидаги хабарлар билан танишамиз. Масалан, ижтимоий барқарорлик ва жамият истиқболининг тамалини ташкил этувчи таълим-тарбия ва соғлиқни сақлаш тизимларида рўй бераётган хунук ҳодисалар мамлакатимизни фазилат йўлидан жаҳолат йўлига буришга интилаётганлар йўқ эмаслигини, бундай ҳодисаларнинг такрор-такрор юз бериши эса жоҳилларнинг сафи тораймаётганини билдиради.

Кимдир буни глобаллашув таъсиридаги иқтисодий жараёнлар, кимдир “оммавий маданият” ёки шунга ўхшаш замонавий муаммолар таъсирига йўйиши мумкин. Лекин Форобий бобомиз 11 аср аввал башариятни бундай иллатлар илгаридан ташвишга солиб келганини қайд этган.

Хусусан, аллома “Фозил одамлар шаҳри”да жаҳолатдаги шаҳарларнинг бир неча турларини келтиради.

Зарурий эҳтиёжлар шаҳри аҳолиси фақат бадан учун зарур бўлган нарсалар – озиқ-овқат, ичимлик, кийим-кечак, турар жой, шаҳвониятни қондириш кабиларга эришиш учун бир-бирига ёрдам беради.

Айирбош қилувчилар шаҳри одамлари мол-дунёга эришишда ўзаро кўмаклашишни ҳаётининг асосий мақсади деб билади.

Разолат шаҳри аҳолиси ейиш-ичиш, жисмоний лаззат, айш-ишрат ва кайф-сафода роҳат топишга интилади.

Обрўпарастлар шаҳрида одамлар бир-бирини мақтаб, кўкка кўтаришни яхши кўради. Ўзга халқлар уларни улуғлашини истайди, бегоналар олдида улуғвор, шавкатли кўринишни хоҳлайди.

Беномуслар шаҳри аҳолиси яхши-ёмонни фақат тилда ажратиб, амалда тескарисини қилади.

Беқарор шаҳардаги одамларнинг қараш ва амаллари аввалроқ фозилларга ўхшаш бўлган, кейинчалик бегона ғоялар кириб келиб, уларни бутунлай ўзгартириб юборган.

Форобий шаҳватпарастлар шаҳри, амалпараст ва ҳокимиятпарастлар шаҳри ва адашган шаҳар ҳақида ҳам тўхталиб ўтади. Юқоридагиларга қисқача изоҳ берилган эса-да, кейингилар учун бунинг ҳожати бўлмаса керак.

Хўш, жаҳолатдаги шаҳарлар одамларининг сифатлари билан танишар экансиз, кўз олдингизда муайян замондошларингиз гавдаландими? Форобий даври билан ҳозирги кун ўртасида аниқ параллеллар вужудга келдими? Жавобингиз – “ҳа”. Таассуфки, бу саволларга ҳаммамиз бошни ерга хам қилиб, тасдиқ жавобини беришдан ўзча иложимиз йўқ.

Шу боис ҳам жаҳолат иллатларини бирма-бир санаб ўтган улуғ аллома залолат ботқоғига ботмаслик учун одамларнинг бирлашув ва ўзаро ёрдамга эҳтиёжи борлиги ҳақида сўз юритади.

Форобийнинг ёзишича, ҳар бир инсон табиатига кўра ўз эҳтиёжларини қондириш ва камол топиш учун жуда кўп нарсаларга муҳтож бўлади. У ҳамма нарсани ўзи ҳосил қила олмагани боис турли касбдаги бошқа инсонлар хизматига эҳтиёж сезади. Шу тариқа одамлар жамоаларга бирлашади.

Бу жамоалар тўлиқ ва тўлиқсиз бўлади. Тўлиқ жамоалар уч турга бўлинади – буюк (бутун ер юзи аҳолиси), ўртача (халқ) ва кичик (шаҳар). Қишлоқ, маҳалла ва оилалар тўлиқсиз жамоалардир.

Энг яхши неъматлар ва энг мукаммал нарсалар шаҳардан топилади. Ундан кичик жамоаларда камолотга етиш имконияти кам бўлади. Негаки, таълим-тарбия, соғлиқни сақлаш, саноат, хизмат кўрсатиш, ҳокимият ва ҳоказо масалалар билан шуғулланувчи муассасалар фақат шаҳарлардагина мукаммал тарзда ташкил топади.

Неъматларга келсак, улар эркин истак-ирода ва эркин танлов билан ҳосил қилинади. Ажабки, ёмонликлар ҳам эркин истак-ирода ва эркин танлов билан содир этилади. Демак, истак-ният яхши бўлса, шаҳар аҳолиси маънавий камол топади, фаровонликка эришади.

“Ҳақиқий бахт-саодатга етишув йўлида бир-бирига ёрдам бериб, яхши амаллар қиладиган инсонлар шаҳри фозила шаҳар, яъни фозил одамлар шаҳридир. Инсон барча аъзолари солим, бутун, мукаммал ишлаб турганида соғлом бўлганидай, бутун аҳолиси гўзал хулқли бўлган, яхши амаллар қиладиган ва бир-бирига ёрдам берадиган шаҳар фозил одамлар шаҳридир”, дейди Форобий.

Жамиятни инсон танасига қиёслаганича фикрини давом эттирар экан, улуғ аллома бадан аъзоларининг ҳаммасига раис-юракка бўйсунса-да, табиатига кўра бир-биридан фарқланишини қайд этади. Яъни, аъзолар юракка яқинлик жиҳатидан турли мавқе ва даражаларга эга бўлади. Баъзилари раис-аъзога (мамлакат раҳбарига) тўғридан-тўғри (вазирлар, ҳокимлар), айримлари билвосита боғланган бўлади. Сўнг уларга хизмат қилувчилар, кейин уларга хизмат қилувчилар ва яна хизмат қилувчилар бўлади. Юқори мавқедагиларнинг фаолияти оғирроқ, қамровлироқ ва муҳимроқ, қуйироқ даражадагиларники енгилроқдир. Инсон танасида ҳамма аъзолар ўзаро мувофиқ ишлаганида ҳаракат мукаммал бўлгани каби шаҳарда ҳам одамларнинг табиати, қобилияти, истак-иродаси, санъат-ҳунарига мос равишда ўзаро мақбул ва маъқул фаолият йўлга қўйилса, у фозил шаҳар бўлади.

Бу ўринда тана аъзоларидан бирини устун, бошқасини аҳамиятсиз деб ажратмаслик керак, албатта. Чунки, бирининг ишини иккинчиси қила олмайди – кўз кўради, қулоқ эшитади, қўл меҳнат қилади, оёқ юради. Одам қайсидир аъзоси бўлмаса ҳам яшайвериши мумкин. Лекин мукаммалик ҳақида сўз борар экан, замонавий тиббиётнинг қуйидаги янгилигига эътиборингизни қаратмоқчимиз – жимжилоқ бўлмаса, панжанинг кучи 80 фоиз камаяр экан. Бу тажрибада исботланган.

Халқимизнинг доно нақлини ҳам эслаб ўтиб жоиз – подани кимдир боқиши керак, акс ҳолда, яъни ҳамма олим бўлиб кетаверса, гўштсиз қоламиз.

Ҳамма касб ҳам кераклидир. Сочимизни қиртишлаш учун қассобга, нон олиш учун автомобиль устахонасига бормаймиз.

Ҳаммасининг ўз ўрни, ўз аҳамияти бор. Гап инсоннинг ўзига бориб тақаляпти. Фозил одамлар шаҳрини барпо этиш ҳар бир инсон фозил ё жоҳил бўлишига боғлиқ бўлиб қоляпти. Бугунги кунда “буюк келажак”, “ёрқин истиқбол” каби турли атамалар билан ифодаланадиган фаровон жамиятнинг Форобийча истилоҳи фозил одамлар шаҳридир.

Ким унинг аъзоси бўлишни истаса, марҳамат, нияти ва феъли билан буни намоён этсин!

Кимки, жаҳолатдаги шаҳар қусурларини ташиб юравераман деса, начора… фозиллик йўлида ҳаммани ортга тортаверади.

Хулоса ўзингиздан.

Мадина МАШРАБХОН

Check Also

МУСТАҚИЛЛИК ЙИЛЛАРИДА ТАСАВВУФ ТАЪЛИМОТИНИНГ ТАДҚИҚ ЭТИЛИШИ

Мустақилликнинг илк йилларида ислом динига қўйилган бир асрлик чеклов [4:252] барҳам топиб, эътиқод эркинлиги учун …