Home / ЯНГИЛИКЛАР / ХАЙРУ САХОВАТ ВА МУРУВВАТ АЙЁМИ

ХАЙРУ САХОВАТ ВА МУРУВВАТ АЙЁМИ

Бир ой мобайнида қалбимизга меҳр-оқибат, хайру саховат, сабр-қаноат уруғини эккан Рамазон ойи ҳам якунланиб, муборак Ийд ул-фитр — Рамазон ҳайити юртимизда кенг нишонланди.

Азал-азалдан Рамазон ҳайити меҳр-мурувват, хурсандчилик, чин инсонийлик айёми сифатида юксак қадрланган. Бу кунда мўмин-мусулмонлар бир ой давомида сабр ила тутган рўзалари тамомига етгани учун байрам қилади.

Аслида, мусулмон уммати тарихида Рамазон ойи нафақат очлик ва ташналикка бардошли бўлиш, балки ўзида энг улуғ инсоний фазилатларни одат қилдириш, тилни ҳамда дилни эзгуликка ўргатиш мавсуми сифатида ҳам алоҳида эътироф этилган.

Шукрки, муборак ойда юртдошларимизда бу жиҳатлар яққол бўй кўрсатди, десак, хато эмас. Пандемия билан боғлиқ мураккаб шароит бўлишига қарамай, мамлакатимизда амалга оширилган юксак даражадаги ташкилий ишлар, қолаверса, халқимизнинг қонунларга итоат, азалий қадриятларимизга садоқат намоён этиши натижасида бир минг беш юзга яқин масжидларимизда хатми Қуръонлар қилинди, икки мингдан зиёдида эса таровеҳ намозлари ўқилди. Эл-юртимиз осойишталиги, халқимиз фаровонлиги, тараққиёти учун дуолар қилинди. Ваҳоланки, кўплаб мамлакатларда таровеҳ ибодатини масжидларда жамоат бўлиб ўқиш имконияти бўлмаганига кўпчилигимиз гувоҳ бўлдик.

Рамазон ҳайити кунлари тинчлик-хотиржамлик, ҳамжиҳатликнинг аҳамияти яна бир бор намоён бўлди. Мамлакатимизнинг барча ҳудудида ҳайит намозлари адо этилгач, юртдошларимиз эрта тонгдан хайрли амалларга киришиб кетишди. Рамазон ойи давомида олиб борилган эзгу ишларни давом эттириб, бева-бечораларга ёрдам берилди, муҳтожларга мурувват қилинди, садақаи фитр, яъни ҳайит саховати амалга оширилди. Касаллар бориб кўрилди, ота-она, яқинлар ҳолидан хабар олинди.

Қайд этиш керакки, бу каби эзгу ишлар мамлакатимизда инсон қадрини тиклаш, қаддини кўтариш борасида олиб борилаётган тизимли чора-тадбирларга ғоят ҳамоҳангдир.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Рамазон ҳайити муносабати билан Ўзбекистан халқига йўллаган табригида ҳам айни шу жиҳатга эътибор қаратилиб, бугунги кунда кенг кўламли ислоҳот ва туб ўзгаришлар натижасида янгиланиб бораётган юртимизда халқ билан мулоқот, инсон ҳуқуқ ҳамда манфаатларини, жумладан, виждон эркинлигини таъминлаш давлат сиёсати даражасига кўтарилгани таъкидланди.

Бу йилги Рамазон ҳайити бутун дунё аҳли учун осон бўлмаган синовли бир даврда нишонланди. Чунки бир йилдан зиёд вақтдан бери давом этаётган пандемия билан боғлиқ мураккаб вазият инсонларни миллати, эътиқодидан қатъи назар, бирдамликка, ўзаро кўмак, хайру саховатга янада кўпроқ ундамоқда, десак, айни ҳақиқатдир.

Табрикда қайд этилганидек, дунё миқёсида рақобат тобора кескин ва шафқатсиз тус олаётгани, барқарорликка нисбатан таҳдидлар тобора кучайиб бораётгани бизни доимо ҳушёр ҳамда огоҳ бўлиб яшашга, фарзандларимизни жисмоний ва маънавий баркамол этиб тарбиялашдек ғоят масъулиятли ишга ҳар қачонгидан ҳам устувор аҳамият беришга даъват этмоқда.

Буни барчамиз чуқур англашимиз, огоҳлик ва навқирон авлод камолотига масъулликни фаолиятимизда асосий тамойилга айлантиришим шарт.

Бугунги осуда ҳаётимизнинг қадрига етиш, жамиятимизда ҳукм сураётган турли миллатлар ва элатлар, диний конфессиялар ўртасидаги бағрикенглик, фуқаролар орасидаги ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат муҳитини янада мустаҳкамлашга ҳисса қўшиш барчамизнинг асосий бурчимиздир.

Давронбек МАҚСУДОВ,
Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори.
Манба: “Халқ сўзи” газетаси
2021 йил 15 май, № 102 (7882)

Check Also

“Турк абруси тарихи”

2024 йил 22 май куни соат 10:00 да  Ўтказиш жойи: Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий …