Маҳаллий аҳоли орасида «халифа Иброҳим» номи билан аталувчи Мавлоно Мирмуҳаммад Иброҳим хожа Самарқандий зиёратгоҳи Самарқанд шаҳридаги Абу Дарун мозори яқинида жойлашган.
У киши ўз замонида етук тасаввуф муршидларидан бири бўлган. Мавлононинг ҳаёт йўли ва тасаввуф таълимотида олиб борган фаолияти ҳозиргача мукаммал тадқиқ этилмаган. Қайд этилган ёзишмаларда у ҳақида оз бўлсада, маълумотларни учратиш мумкин[1].
Мавлоно Мирмуҳаммад Иброҳим хожа Самарқандийнинг нақшбандия-мужаддидия тариқатидаги устози Мавлоно Муҳаммад Ҳусайндир.
Мавлоно Нуриддин Маҳжурий ўз асарида бундай дейди: «Обид, зоҳид, олимларнинг йўлбошловчиси, қутби олам, соликларнинг маслаги, нақшбандия сулуки муқтадоси, асли шаҳзодалардан бўлиб, Кобул, Балх, Ҳирот ва Бадахшон[2] шаҳарларидан, Самарқандга келган.
2018 йили зиёратгоҳда катта ободонлаштириш ишлари олиб борилган. Катта дарвоза, унга ҳамоҳанг тарзда маҳобатли айвон ва қадимий иншоот давомидан ҳужра, таҳоратхона ва қироатхона барпо этилган.
Айвон пештоқида «Бақара» сурасининг 285-286 оятлари битилган.
Зиёратгоҳдаги мақбаранинг ички ва ташқи қисмлари ҳам нозик дид билан таъмирланган. Ички қисмига арабий ёзув билан нақшинли усулда берилган.
Мақбара (пишиқ ғиштли мустаҳкам пойдевор устига) олти метрлар чамаси баландликни ташкил этиб, тўртбурчак шаклда қад кўтарган ва унинг устида саккиз қиррали гумбаз маҳкамланган. Шунингдек, мақбаранинг юқори тўрт томонидан ҳаво айланиши учун деразалар жойлаштирилган.
Мақбаранинг шимол томонида, кейинчалик бўлса керак, ёнма-ён 7 та ҳужра барпо этилган. Бир-бирига монанд бу ҳужраларнинг эни 3,5 метр бўйи 2,5 метр бўлиб, бугунги кунда иккитаси сақланиб қолган.
У кишининг қабрига ўрнатилган мармар қабртошда ёзилган маълумотга кўра Мавлоно Мирмуҳаммад Иброҳим хожа Самарқандий 1296/1878 йилда[3] «Ийд ойининг жума оқшомида»[4] вафот этган ва унинг мақбараси 1300/1882 йилда афғон шаҳзодаси Сардор Муҳаммад Исҳоқхон томонидан барпо этил (ва қабр тош қўйил)ган.
Мавлоно Мирмуҳаммад Иброҳим хожа мақбарасининг шарқ ва жануб томонидаги мозорда унинг авлодлари ва афғон амири хонадони вакиллари дафн этилгани, у ерда қўйилган қабр тошлардан маълум бўлди. Жумладан, Султонхон (ваф. 1345/1926), Мулло Саййид Али ибн Хожа мулло Абдуллоҳ (ваф. 1337/1918), Сардор Саид Муҳаммадхон қизи Биби Ку (ваф. 1327/1909. Муҳаммад Исҳоқхоннинг хотини), Сардор Муҳаммад Шуайбхон (ваф. 1327/1908. Муҳаммад Исҳоқхон ўғли), Муҳаммадхон (ваф. 1325/1906. Муҳаммад Исҳоқхон ўғли)га тегишли қабртошдаги эпиграфика ёзувлари орқали қимматли маълумотларга эга бўлдик.
Амир Муҳаммад Исҳоқхон қабри Хожа Аҳрори Вали зиёратгоҳида жойлашган. Унинг қабртошида отаси Амир Муҳаммад Аъзамхон ва бобоси Афғонистон ҳукмдори Амир Дўст Муҳаммадхон эканлиги айтилиб, унинг вафоти абжад ҳисобига кўра «مغفورا» – م-40, غ-1000, ف-80, و-6, ر-200ا -1 =1327/1908 йилда эканлиги аниқланди.
Амир Абдураҳмонхон (1880-1901) Муҳаммад Афзалхон ўғли эди. У бобоси Дўст Муҳаммад вафот этган 1863 йилда Самарқандга сардор Исҳоқхон билан бирга келган. Улар Амир Абдураҳмонхоннинг ҳукмронлиги бошланган (1880 йил)га қадар шу ерда бўлишган. Айни вақтда Амир Абдураҳмонхон ўз ҳукмронлигини ўрнатгач, ўзининг амакиваччаси Муҳаммад Исҳоқхон (Муҳаммад Аъзамхон ўғли) ҳукмронлигини тан олмагач, Муҳаммад Исҳоқхон Ҳирот-Балх шаҳарлари орқали Самарқандга қайтиб келишига мажбур бўлган. Бу ерда унга иззат икром кўрсатилиб, ҳозирги Хожа Абду Дарун, Хожа Аҳрори Вали ва Хожа Авлиё зиёратгоҳлари атрофидан жой берилган.
Истиқоматни Самарқандда давом эттирган Сардор Муҳаммад Исҳоқхон 1908 йилда шу ерда вафот этганлиги тарихий манбалардан маълум бўлди. Сардор Муҳаммад Исмоилхон бу давр (1908 йил)ларда ҳаёт эканлиги ва Сардор Муҳаммад Шуайбхон ва Шаҳидхон вафот этганлиги мазкур қабр тошлардаги эпиграфик маълумотлардан маълум бўлди[5].
Кўпгина шайху бузурглар қаторида бўлган Мавлоно Мирмуҳаммад Иброҳим хожанинг Муҳаммад Аминхожа Даҳбедий[6], Абдумалик хожа Ғазирагий, Эшони Валихон Ургутий ва Сўфи хожа[7] каби машҳур тўрт халифа шогирдлари бўлган.
Мавлоно Мирмуҳаммад Иброҳим хожанинг биринчи шогирди Муҳаммад Аминхожа Даҳбедий 1339/1920 йилда вафот этган ва Қусам ибн Аббос Шоҳизинда қабристонида[8] дафн этилган. Муҳаммад Аминхожа Даҳбедийнинг шогирди Эшони Каттахоножа Даҳбедийдир (1868-1969)[9].
Абдумаликхожа Ғазирагий (ваф. 1931) яссавия тариқатининг машҳур муршидларидан бири шайх Худойдоди Вали авлодидан.
Эшони Валихон Ургутий Чорчинор мавзеъида фаолият кўрсатган кўплаб ва шогирдлар тарбиялаган.
Мавлоно Мирмуҳаммад Иброҳим хожанинг Мирмуҳаммад Насриддинхон, Мирмуҳаммад Файзуллоҳ Махдум ва Мирмуҳаммад Сайид Ғани Махдум исмли ўғиллари бўлгани қўлёзма манбалар ва тарихий ҳужжатлардан маълум бўлди.