Home / АЛЛОМАЛАР / Абу Убайд Абдувоҳид ибн Муҳаммад Жузжоний

Абу Убайд Абдувоҳид ибн Муҳаммад Жузжоний

Жузжон Х асрда катта ҳудудни қамраган. Ғазнавийлар даврида бадавлат ва гуллаб-яшнаган вилоят бўлган. Ғарбда у Гуржистон ва Марв, шарқда Балх, Тохаристон ва Бомиён, жанубда Ғур ва Буст, шимолда Амударё билан чегараланган.

Жузжонда Х аср охири ва XI асрнинг биринчи ярмида яшаган Абу Убайд Абдувоҳид ибн Муҳаммад Жузжоний тиббиёт, риёзиёт, фалакиёт илмининг етук алломаси сифатида танилган.

У Абу Али ибн Синонинг яқин дўсти ва шогирдларидан бўлган. Абу Убайд Абдувоҳид ибн Муҳаммад Жузжонийнинг илм оламидаги энг катта қилган хизмати шуки, у ибн Синонинг вафотидан сўнг, “Китабушшифо” асарида ибн Синонинг таржимаи ҳоли, ҳаёти ва фаолияти тўғрисидаги аниқ маълумотлар келтирилган. Бу асар ибн Сино ҳақидаги энг ишончли манба бўлиб, айни пайтда Ўзбекистон ФА Шарқшунослик институтида сақланади.

Кифтий, Ибн Абу Усайбия, Байҳақий ва Шаҳразурий каби таржимаи ҳол ёзадиган алломалар Абдувоҳид ибн Муҳаммад Жузжоний ибн Синонинг ҳаётига оид берган маълумотлари ҳақида ўз фикрларини билдирган.

Масалан, Байҳақий “Таттимату сиванул ҳикма” асарида “ибн Сино “Ан-Нажот ила ар-рисалату аъла иййа” асарининг охирги қисмига қўшимча тариқасида риёзиёт илмига оид бир бўлим келтириб, “Ал-Қонун” асарини тушуниш қийин бўлган сўзларига изоҳ келтирган, деб Жузжоний айтиб ўтган. Шунингдек, Байҳақий ибн Синоннинг “Ҳай ибн Якзан” номли рисоласига ҳам изоҳ ёзганини ва “Китабул ҳайванан” рисоласининг бир нусхасини Нишопурдаги Низомия кутубхонасида кўрганини айтиб ўтган.

Бугунги кунда Абдувоҳид ибн Муҳаммад Жузжонийнинг “Китабу кайфияту афлок” астрономияга оид асарининг уч нусхаси мавжуд бўлиб, унда сайёраларнинг жойлашувини бир-бирига таққослаб ўрганишга оид усуллар хулосасини ёзилган. Ушбу нусхалар Лондонда (Oxford, Bodleian Library, Thurston 3, Marsh 720; Leiden, Oriental, nr. 174/2 рақам остида) сақланмоқда.

Унинг “Хиласу таркибил афлак” асари ҳам астрономияга оид бўлиб, Машҳадда (nr. 5593/9 рақам остида) сақланмоқда. Аллома асарларида келтирган иқтибосларини астроном Қутбиддин Шерозий қаттиқ танқид қилиб, “яроқсиз ва аниқ хатолар” деб таърифлаган. Аммо XVI асрнинг иккинчи ярмида яшаган астроном Носириддин Тусий “Рисала си фасл Чағминий ал-Муллаҳас фил ҳая” асарида устурлобнинг қўллаш услубини келтирган ва Муҳаммад Жузжонийга атаб қасида ҳам битган.

Абдувоҳид ибн Муҳаммад Жузжонийнинг асарлари бугун ўз тадқиқотчиларини кутмоқда.

Фойдаланилган адабиётлар:

  1. Ўзбекистон Миллий энциклопедияси 3-жилд Давлат илмий нашриёти Т:2002. 703 б.
  2. Türkiye diyanet vakfı islam ansiklopedisi cilt 1. İstanbul 1991. 559 s.
Ирода ДАУРБЕКОВА,
Дилдора ҲАЛИМОВА
Имом Бухорий илмий-тадқиқот
маркази илмий ходимлари
 
Туркия диёнат вақфи Ислом энциклопедиясидаги
маълумотлар асосида тайёрланди.

Check Also

АРБИНЖОН ВА УНГА ЁНДОШ ҚИШЛОҚЛАРДАН ЧИҚҚАН РОВИЙЛАР

Арбинжон шаҳри тарихда “Арбинжон”, “Арбинжони”, “Арбинж”, “Рабинжон” ва “Арабнажн” номлари билан аталган[1]. Аксар араб манбаларида …