Home / АЛЛОМАЛАР / НОСИРУДДИН САМАРҚАНДИЙНИНГ ИЛМИЙ МЕРОСИ ВА “РИЁЗАТУЛ АХЛОҚ” АСАРИНИНГ ТАРБИЯВИЙ АҲАМИЯТИ

НОСИРУДДИН САМАРҚАНДИЙНИНГ ИЛМИЙ МЕРОСИ ВА “РИЁЗАТУЛ АХЛОҚ” АСАРИНИНГ ТАРБИЯВИЙ АҲАМИЯТИ

Шарқнинг гавҳари, ер юзининг сайқали, умумжаҳон тамаддунининг бешикларидан бири ҳисобланган Самарқанд нафақат ўзининг гўзал осори-атиқалари, тарихий обидалари, балки шу билан бирга, илмий-маънавий мероси билан ҳам машҳурдир. Бу заминдан диний ва дунёвий илмлар соҳасида кўплаб етук олимлар етишиб чиққан. Айниқса, Самарқандда IX – XII асрларда ҳадис, тафсир, фиқҳ ва ақоид каби исломий илмлар ниҳоят даражада тараққий этган. Асли исми Абулқосим Муҳаммад ибн Юсуф Ҳасаний Алавий Маданий бўлган Носируддин Самарқандий ҳам шу даврда самарали ижод қилган алломалар жумласидандир. Унинг куняси – Абулқосим, яъни Қосимнинг отаси, тахаллуси — Носируддин (Диннинг ёрдамчиси). “Ҳасаний” сўзи эса, Ҳофизуддин Насафийнинг фикрига кўра, олимнинг Ҳасан ибн Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу авлодидан эканлигини англатади. Демак, у асли араб, қурайш қабиласидан бўлган. Шунингдек, Али ибн Абу Толиб (р.а.)га нисбат берилиб, яна “Алавий” ҳам дейилган. Олим Мадинаи мунавварада маълум бир муддат истиқомат килганлиги сабабли, унинг исмига Маданий нисбаси ҳам қўшилган. Туғилиб ўсган ва яшаган жойига нисбат берилиб Самарқандий ҳам дейилади.

Алломанинг таржимаи ҳолига оид ёзма манбаларда, афсуски унинг таваллуд санаси ҳақида маълумот келтирилмаган. Унинг вафот этган санаси хусусида ҳам бир қадар ихтилофлар мавжуд. Алломанинг ўзи “ал-Мултақот” асарининг якунида ушбу асарни ҳижрий 554 йил шаъбон ойининг охирида (мелодий 1159 й.), “Жомиъу-л-фатово”ни эса ҳ.549 й. жумоду-л-увло ойида (м.1154й.да) тамомлаганини зикр этган. Бундан унинг ҳ.556й. (м.1161й.)да вафот этганлиги аён бўлади.

Носируддин ёшлигидан зийрак ва илмга чанқоқ бўлган. Илмнинг турли соҳалари бўйича замонасининг етук олимларидан сабоқ олган. Илк сабоқни ўз юртида олган олим кейинчалик, илм талабида қатор мамлакатларга сафар қилган. Жумладан, манбаларда алломанинг Бағдодда бир қанча вақт яшагани келтирилган. Бундан ташқари, Имом Носируддин ҳижрий 535 йил (1141м.й.) дан то ҳ.543 йил (1148м.й.)гача 8 йил мобайнида диний билимларнинг марказлари ҳисобланган Марв, Бағдод, Макка ва Мадина шаҳарларида бўлиб, кўплаб устозлардан таълим олган ва дунёнинг аксар олимлари гувоҳлик берганидек, мусулмон оламидаги машҳур алломалардан бирига айланган. Имом Қураший “ал-Ансоб” асарининг муаллифи Абу Саъд Абдулкарим ибн Муҳаммад Самъонийдан нақл қилиб келтиришича, “Носируддин Самарқандий замонасининг етук имоми, фозили, муфассири, муҳаддиси, фақиҳи ва воиз олими” ҳисобланган. Маждуддин Ферузободий ҳам юқоридагиларга ҳамоҳанг фикр билдирган. Шайх Муҳаммад ибн Сулаймон Кафавий эса, Носируддин Самарқандий ҳақидаги ўз мулоҳазаларини қуйидагича ифодалаган: “У буюк имом, қадр-қиммати баланд, шаъни улуғ, мартабаси юксак, илмда тенгсиз, амали гўзал, шуҳрати порлаган, илм ва одоб бобида ўз даврининг етакчисидир”. Шайх Абдулҳай Лакнавий ҳам бунга ҳамфикрдир: “У имом, кучли олим, одобда даврининг етакчиси ва ўз замонасининг мужтаҳидидир”.

Носируддин Самарқандий ўзидан бебаҳо мерос қолдирган. У таълиф этган асарларнинг аксарияти бизгача етиб келганлиги қувонарли ҳол, албатта. Улуму-л-Қуръон, калом, фиқҳ, одоб-ахлоқ, грамматика ва тарихга доир бу асарларнинг нодир қўлёзма нусхалари дунёдаги турли кутубхона фондларида сақланади:

  1. Қуръоний илмларга оид “ал-Иҳқоқ”  рисоласи;
  2. “Ал-Фиқҳ ан-нофиъ (Фойдали фиқҳ)” рисоласи, номидан кўриниб турганидек, фиқҳ илмига оид энг машҳур асарлардан ҳисобланади. Бу асарлар Саудия Арабистони “ал-Малик Сауд” университети профессори Доктор Иброҳим Муҳаммад Аббуд томонидан тадқиқ этилиб, изоҳлари билан 2000 йили қайтадан нашр қилинган;
  3. “Ал-Мабсут (Кенг қамровли)” асари ҳам – фиқҳий асар. Аслида, ҳанафия мазҳабида “ал-Мабсут” номли бир нечта асарлар таълиф этилган бўлиб, уларнинг орасида Носируддин Самарқандийнинг “ал-Мабсут” асари ҳам алоҳида ўрин тутади;
  4. “Ал-Мултақот фи фиқҳи-л-ҳанафий” (“Ҳанафий фатволар ҳақида йиғма китоб”) ҳанафий фиқҳга оид масалаларнинг ёритилишига бағишланган яна бир муҳим асар ҳисобланади. У кейинчалик, мисрлик олимлар томонидан тадқиқ қилиниб, изоҳлар билан қайта нашр қилинган. Бу эса ушбу асарнинг ҳанафий олимлар наздида катта аҳамиятга эга эканлигини билдиради.
  5. Носируддин Самарқандийнинг “Жомиъу-л-фатово” ёки “ал-Жомиъ ал-кабир (фи-л-фатово” (“Фатволар бўйича катта тўплам”) асарини аллома Ҳожи Халифа “Бу китобнинг жуда мўътабар ва фойдали” дея алоҳида қайд этган;
  6. “Хулосату-л-муфтий”, (“Муфтийлар хулосаси”) фатвога оид;
  7. “Масобиҳу-с-субул” (“Йўлларнинг чироқлари”) 2 жилддан иборат;
  8. “ал-Қонун” (“Қонун”);
  9. “ал-Маншур” (“Тарқатиш”) ;
  10. “Китобу-л-вофий” (“Ишончли китоб»);
  11. “ Риёзатул ахлоқ (“Ахлоқ тарбиясидаги машаққатлар”) ахлоққа оид;
  12. “Булуғу-л-ирби мин таҳқиқи истиорати-л-араб” (“Арабларнинг истиораларини ўрганишда маҳоратга эришиш”) грамматикага оид;
  13. “Тариху Балх” (“Балх тарихи”) тарихга доир каби асарларни ҳам таълиф этган10.

Алломанинг бизгача етиб келмаган асарларини топиб, уларни кенг афкор омма эътиборига ҳавола қилиш устида изланишлар олиб борилмоқда.

Қобилов Нодир,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот  маркази илмий ходими. 
Ёқубжон  Мансуров,
Ўзбекистон Мусулмонлари идораси Самарқанд вилоят вакиллиги ўринбосари.
 
давоми бор.

Check Also

АБУ БАКР АҲАВАЙНИЙ – МОҲИР ЖАРРОҲ ВА ФАЙЛАСУФ

Абу Бакр Аҳавайний – Сомонийлар даврида яшаган файласуф ва тиббиёт олими. Бухорода табиблар оиласида туғилган. …