Сўз Муҳаммад Амин Даҳбедий зиёратгоҳи Самарқанддаги машҳур Махдуми Аъзам Даҳбедий зиёратгоҳ мажмуасида жойлашганлиги унинг тарихи хали хануз илмий тадқиқотчилар томонидан деярли ўрганилмаганлиги эътиборни тортди.
Муҳаммад Амин Даҳбедий ҳаёти ва фаолияти дастлаб тарихчи олим Комилхон Каттаев тадқиқотларида[1] ёритилган бўлса, кейинчалик Хайдархон Юлдашходжаев томонидан олиб борилган илмий изланишида[2] ҳам кўриш мумкин.
Муҳаммад Амин 1152/1739 йил Самарқанднинг Боғибаланд мавзесида таваллуд топган. Дастлабки таълимни олгач, кейиналик нақшбандия-мужаддидия муршидларидан бири Мусохонхожа Даҳбедийга шогирд бўлади.
Устози билан Ҳиндистондан қайтгач, Даҳбедда унинг даргоҳида хизматни давом эттиради. Устози вафотидан сўнг иршод маснадига ўтирган Муҳаммад Сиддиқ вафотидан кейин, ўзи ҳам дорулиршод Даҳбедда нақшбандия-мужаддидия-даҳбедия силсиласини давом эттирган.
Бухоро ҳукмдори Амир Ҳайдар Муҳаммад Аминни ўзига пир тутади. Шу сабабли Муҳаммад Амин «Эшон пири дастгир» (қўл олувчи пир), деган ном олади.
Амир Ҳайдар пири Муҳаммад Аминни Бухорога таклиф этгач, Эшони пири дастгир Бухорога кўчишдан олдин фаолият доирасини иккига бўлади: яъни Даҳбед хонақоҳи ишини халифа Абдураҳмон Махдум ибн халифа Муҳаммад Сиддиқ билан Маллахожа Даҳбедийларга, вилоят тариқати раҳбарлигини эса халифа Муҳаммад Ҳусайнга топшириб, ўзи Бухорога кетади.
Муҳаммад Амин Даҳбедий 1229/1814 йил[3] 77 ёшида вафот этгач, Даҳбеддаги Махдуми Аъзам Даҳбедий зиёратгоҳида дафн этилади.
Мақсуди Даҳбедий ўзининг бошқа бир асарида «Халифа Доноқули зикри» қисмида шундай ёзади: «Бухоро подшоҳи Амир Ҳайдарнинг ишорати билан халифа Доноқули Даҳбеддаги хонақоҳда жойлашган муршиди Муҳаммад Амин пири дастгир Даҳбедийнинг қабр супасини мармардан таъмир эттирди»[4]. Шунингдек, мазкур манбада, ушбу супанинг жануб томонида, ихлосманд шогирдлардан бири Маллахожа ва Абдуссаттор ибн халифа Муҳаммад Ҳусайнинг қабри жойлашганлиги ҳам таъкидлаб ўтилган. Демак, Муҳаммад Амин Даҳбедийнинг қабр супасини Амир Ҳайдар кўрсатмаси билан бунёд этилганлиги маълум бўлмоқда.
Ушбу манбада берилган маълумотларга кўра, бугунги кунда мазкур зиёратгоҳда ҳозирги кунимизга қадар сақланмаган бир қатор бинолар ҳам мавжуд бўлган. Жумладан, XVIII-XIX асрларда Нақшбандия-Мужаддидия тариқати шайхи, Амир Ҳайдарнинг пири, муршиди Муҳаммад Амин (Пири Дастгир) Даҳбедий қабр-суфаси, Маллахожа, Абдусаттор ибн Муҳаммад Ҳусайн қабри, зиёратгоҳ ҳовлисидаги ҳовуз, зиёратгоҳнинг қибла (яъни ғарбий) томонидаги бир неча ҳужралар ҳамда дарахтлар сақланмаганлиги маълум бўлди.
Муҳаммад Амин ҳам устозлари каби шогирдлар тарбиясига алоҳида эътибор қаратган. Абдураҳмон махдум, халифа Малла хожа Даҳбедий, Абдулғаффор хожа Даҳбедий, Эшон хожа Даҳбедий, Муҳаммад Тоҳир хожа Даҳбедий, Эшон Ойхожа Даҳбедий, Султон хожа Мир Асад, хожа Абдурасул, Исҳоқ хожа ибн Иброҳимхожа Даҳбедий, Муҳаммад Зокир хожа шайхулислом Намангоний, Муҳаммад Шариф хожа, Муҳаммад Мусохон шайхулислом[5], Ниёз хожа Кашмирий, Хожа Абдулкарим, Абдураҳим хожа, Мулла Хожагий, Абдулҳай хожа судур[6], Сунъатуллоҳ хожа Суғончий[7], Азиз хожа мулла Хожагий, Атоуллоҳ хожа Ҳисорий, Ниёз Балхий, Абдураҳим Балхий, Муҳаммад Азиз Намангоний, Аваз Бобойи Марғиноний, Абдулмўмин Самарқандий каби шогирдлари номи аниқланди. Албатта мазкур шахслар ҳам ўз даврида Нақшбандия-Мужаддидия тариқатида фаолият кўрсатганлиги ва тариқат тарихида ҳам ўчмас из қолдирган.
Шунингдек, Нақшбандия-Мужаддидия силсиласи муршиди жаҳонобод (ҳиндистон)лик Миён Ғулом Али Шоҳ Соҳибдан Муҳаммад Амин Даҳбедий номига келган мактуб[8] орқали Эшон пири дастгир машҳур муршидлардан эканлигини ва мавқеи ҳам юқори бўлганлигини англатади.
Фойдаланилган манбалар ва адабиётлар рўйхати:
- Мақсуди Даҳбедий. Мирот ус-соликийн (Соликлар кўзгуси). Қўлёзма. Ленинградского государственного университетининг (ҳозирги Санктпетрбург Государственного Университет) шарқшунослик факултети қўлёзмалар фонди инв. № 854.
- Мақсуди Даҳбедий. Мирот ус-соликийн (Соликлар кўзгуси). Қўлёзма. Ориф ҳикмат кутубхонаси. инв. №261/44.
- Мақсуди Даҳбедий. Равойиҳ ул-қудс. Қўлёзма. (Каттаев К. Махдуми Аъзам Даҳбедий ва унинг машҳур авлодларидан мерос қолган қадимий нодир китоблар каталоги. Рангли, фото-иллюстрацион илмий альбом-нашр. Биричи китоб. –Т.: TAFAKKUR BO`STONI, 2015. –224 б.) №7.
- Баҳодиров И.А. Саййид Баҳодирхон ва Сафохўжа қишлоғи. –Т.: Nurfayz нашриёти, 2019.
- Каттаев К. Махдуми Аъзам тарихи ва мукаммал даҳбедийлар тариқати. –Т.: MASHHUR-PRESS. 2016. – 192 б.
- Mekhrojiddin Amo “Mirot us-solikiyn” is an important
source for studying the history of Naqshbandi-Mujaddidiyya. Look to the
past. 2020, Special issue 2, pp.39-45. - Мирзо Мехрожиддин. Сўфи Оллоҳёр ва Ислом шайх тарихи. –Т.: Mashhur-press, 2017.
- Носириддин Бухорий. Туҳфат уз-зойирин. Тошбосма. Форсча. –Бухоро. 1324/1905.
- Юлдашходжаев Х.Х. Мусохон Даҳбидийнинг Нақшбандия-Мужаддидия тариқати ривожида тутган ўрни (XVIII аср). Тарих фанлари номзоди илмий даражасини олиш учун ёзилган Диссертацияси. –Т.,