Home / МАҚОЛАЛАР / VII-VIII АСР ИСЛОМ ЎЛКАЛАРИДА МАШҲУР ФАҚИҲ ВА МУФТИЙЛАР

VII-VIII АСР ИСЛОМ ЎЛКАЛАРИДА МАШҲУР ФАҚИҲ ВА МУФТИЙЛАР

Пайғамбар алайҳиссаломнинг вафотларидан сўнг одамлар динни тушуниш учун илмга рағбат қилишлари лозим бўлиб қолди. Саҳобалар даврида дин тушунчасидаги муаммолар бўлмаган, чунки улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан таълим олгандилар. Саҳобалардан кейинги даврга келиб, диннинг тарқалиши жадаллашиб бегона халқларга ҳам етиб борди. Табиийки, уларнинг ҳам диний эҳтиёжларини қондириш учун Исломни яхши тушунадиган алломалар зарур бўлган.

Кўплаб шаҳарлар фатҳ қилиниб, турли хил одамлар Исломни қабул қилдилар. Шундай давом этиб, ҳаттоки, ҳукми аниқ бўлмаган ёки Пайғамбар алайҳиссалом ва саҳобалар замонларида бўлмаган воқеа-ю ҳодисалар содир бўла бошлади. Буни ислом умматига ҳаққоний етказишга фақиҳ ва муфтийлар эҳтиёжи сезилди. Ана шу даврда саҳобаларнинг шогирдлари фиқҳ илми ривожланишида ўзларининг илм-маърифатларини аямасдан, турли ўлкаларда ислом уммати фаровонлиги йўлида захмат чекдилар. Қуйида ана шундай алломаларни эслаб ўтишни жоиз топдик:

 Маккада: Ато ибн Абу Рабоҳ (27-114/647-732). Макка муфтийси ва муҳаддисларидан бири бўлган. Яманда туғилиб, Маккада ўсиб, таълим олган. Тобиъийн ва фақиҳларнинг улуғларидан ҳисобланади.

Яманда: Товус ибн Кайсон Хавлоний Ҳамадоний (33-106/635-724). Асли форс бўлган. Яманда туғилиб, шу ерда таълим олган. Катта тобиъийнлардан бири, фақиҳ ва муҳаддис бўлган.

Куфада: Шурайҳ ибн Ҳорис Киндий (43-78/663-697). Катта тобиъийн бўлиб, уни Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Куфага қози этиб тайинлаган. Кейин Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу ва Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу халифалигида ҳам, Ҳажжож ибн Юсуф Сақафий давригача Куфа қозиси бўлган.

Иброҳим ибн Язид ибн Қайс ибн Асвад ибн Амр ибн Рабиъа Нахаъий Ямоний (46-96/666-715). Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан, шунингдек Ироқда турган саҳобалардан таълим олган. Куфаликларнинг муфтийси бўлган. Ҳажжождан беркиниб юрган.

Саид ибн Жубайр (45-95/665-714). Тобиъийн уламоларнинг пешволаридан бўлган. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан таълим олган. Уни Ҳажжож ибн Юсуф Сақафий қатл қилган. Унинг ўлими тўғрисида машҳур ривоят бор. Амр ибн Маймун отасидан ривоят қилади: “Дарҳақидат Саид ибн Жубайр ҳалок бўлди. Ер юзидаги ҳар бир одам унинг илмига муҳтождир”.

Мужоҳид ибн Жабр Маккий Махзумий (21-104/642-722). Ибн Аббос розияллоҳу анҳуга ўттиз марта Қуръонни ўқиб берган. Қуръонни тафсир қилиш билан машҳур бўлган. Кўп сафарда юриб, Куфада яшаган.  

Ҳаммод ибн Абу Сулаймон (ваф. 120/738 й.). Иброҳим ибн Абу Мусо Ашъарийнинг мавлоси бўлган. Асли Исбаҳондан. Куфадаги машҳур фақиҳлардан бири. Абу Ҳанифанинг устози бўлган.

Муҳаммад ибн Абдурраҳмон ибн Абу Лайло (74-148/693-765). Куфа муфтийси ва қозиси бўлган. Шаъбий, Ато ибн Абу Рабоҳ, Қосим ибн Абдурраҳмон ва бошқалардан таълим олган. Умавий ва Аббосийлар даврида Куфадаги қозиларга бошчилик қилган.

Шомда: Абу Идрис Хавлоний Оизуллоҳ ибн Абдуллоҳ ибн Амр Авзий (8-80/630-700). Шом олимлари, қозилари ва қориларидан бири бўлган. Халифа Умар ибн Абдулазиз уни шикоятлар иши бўйича бошлиқ лавозимига тайинлаган.

Муҳаммад ибн Муслим ибн Шиҳоб Зуҳрий Қураший (58-124/678-742). Абу Бакр номи билан куняланган. Мадина шаҳрида таваллуд топган. Ҳадисни ёзган кишиларнинг биринчиларидан бўлган. Катта ҳофиз ва тобиъийн фақиҳлардан бўлган. Шомга келиб яшаган.

Хуросонда: Ато ибн Абу Муслим Хуросоний (50-135/670-752). Муҳаддис ва воиз бўлган. Асли Балхлик Дамашқ ва Қуддусга келиб яшаган. Ариҳода вафот этган. Байтул Мақдисга дафн этилган.

Худди мана шу даврда мусулмонлар Мовароуннаҳрга ҳам юришларини бошлаган эдилар. Ислом динининг Мовароуннаҳрга кириб келиши 643-644 йил атрофларида бошланган. Бир неча йиллар ўтиб Мовароуннаҳр тўлиқ мусулмонлар қўлига ўтди. Мусулмонлар Мовароуннаҳрда VII-VIII асрда авж олиб кетган ва халқни ҳолдан тойдирган қабилалар ўртасидаги урушларга барҳам бердилар. Халқ мусулмонлар олиб келган динни ўрганишди ҳамда фарзандларига ҳам бу дин таълимотларини ўргата бошладилар. Натижада тўққизинчи асрга келиб Мовароуннаҳрдан ҳам Ислом дини ривожига катта ҳисса қўшган юзлаб алломалар етишиб чиқди.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, VII-VIII аср Ислом ўлкалари кенгайиш билан бирга араб бўлмаган халқларнинг динга кириши ва уларнинг урф одатларининг динга мувофиқлиги ёки тўғри келмаслиги бўйича муаммоларни ечиш Ислом фақиҳ ва муфтийлари зиммасига тушган эди. Бу вазифани бажаришда алломалар Қуръони карим, ҳадиси шариф ва устозлари берган таълимдан тўлиқ фойдаланган. Одамларни рози қилиш ва шариат чегарасидан чиқмаслик йўлида захмат чекиб, Ислом ва унинг илмларини кейингиларга мерос қилиб қолдирган.  

Қ.МАҲМУДОВ
 Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

ЎРТА ОСИЁДА «ТУРК» ГУРУҲИ ВАКИЛЛАРИ ЯШАЙДИГАН ҲУДУДЛАР ВА УЛАРНИНГ ИЧКИ ЭТНИК ТАРКИБИ

XIX аср охири – XX аср бошларида Ўрта Осиё халқлари орасида миллий мансублик тушунчаси яхлит …