Home / АЛЛОМАЛАР / ҲОЖИ МУИН ЗАМОНДОШИ ШОКИР МУХТОРИЙ ҲАҚИДА

ҲОЖИ МУИН ЗАМОНДОШИ ШОКИР МУХТОРИЙ ҲАҚИДА

Ҳожи Муин “Инқилоб” журналининг 1922 йилда чиққан 3-сонида “Марҳум Шокир Мухторий” номли мақола эълон қилган. Мақолада Шокир Мухторийнинг қисқагина таржимаи ҳоли ва унинг Туркистон тарққиёти ва тажаддуд[1] йўлида қилган хизматлари ёритилган.

Ҳожи Муиннинг бу мақоласида Шокир Мухторий (баъзи адабиётларда Шокир Мухторов, деб ҳам кўрсатилади [1: 166] Унинг қачон ва қаерда туғилганлиги тўғрисида аниқ маълумот келтирилмаган. Вафот этганида “Шокир афанди тақрибан қирқ ёшида эди” [2: 33], деган сўзларга асосланиб, 1878/79 йилларда туғилган, деб тахмин қилиш мумкин. Худди шунингдек, унинг қаерда туғилганлиги ҳам аниқ кўрсатилмаган. Шокир Мухторийнинг Фарғонага кўчиб, у ерда бир муддат ишлагани ва Самарқандга қайтиб келганлиги инобатга олинса, унинг таваллуд топган маскани Самарқанд эканлиги маълум бўлади. Бундан ташқари, Ҳожи Муиннинг замондошларига бағишлаб, ёзилган мақолаларида Самарқандда туғилиб, вояга етган, ижод этган ва фаолият кўрсатган Саидаҳмад Васлий, Маҳмудхўжа Беҳбудий хотирланади. Демак, Ҳожи Муин самарқандлик маърифатпарварлар, олимлар, мударрислар тўғрисида ёзган экан, шунга кўра, муаллим ва муҳаррир Шокир Мухторий ҳам Самарқандда туғилган, дейишга асос бор. Аммо унинг Самарқанднинг қайси гузари, ҳудудида туғилганлиги аниқ эмас.

Шокир Мухторий 1906 йилларда Фарғонага келиб, бу ерда ўн йилдан зиёд муддат муаллимлик қилди. Ҳожи Муин унинг маориф соҳасидаги фаолиятига муносиб баҳо бериб, қуйидагиларни ёзади: “Шокир афанди Туркистонда тахминан 15 йил таълим ва тарбия йўлида хидмат (хизмат маъносида – Х.А.) қилиб келган маъруф[2] муаллим ва муҳаррирларимиздан эди” [2: 32].

Шокир Мухторий 1917 йил феврал воқеаларидан сўнг оиласи билан Самарқандга кўчиб келиб, шу ерда яшайди. 1918 йил июн ойи бошларида чиқа бошлаган  “Меҳнаткашлар товуши” газетасида чамаси ўн ой ишлайди. Ундан сўнг дорулмуаллимда ва турли курсларда муаллимлик қилади.

Ҳожи Муин Шокир Мухторий фақат муаллимлик билан шуғулланмасдан, нафақат маҳаллий матбуотда мақолалари, балки ҳатто Оренбургда чиқадиган “Шўро” журналида шеърлари билан ҳам тез-тез кўзга ташланиб турганлигини эътироф этади. Унинг ёзишича: “Шокир афанди, бир ёқдан, илми ила халқ болаларини тарбия этдигидек, иккинчи ёқдан, қалами ила матбуот ошиқларини истифодаландируб турар эди. Анинг шеърлари Ўринбурғда чиқатурғон “Шўро” мажалласида, истифодали мақолалари Туркистон ва Фарғонада чиқатурғон рўзномаларда босилиб турар эди” [2: 32]. Шокир Мухторий таълим ва тарбия, унинг замон талабларидан орқада қолаётганлиги сабаблари, табиий ҳамда ижтимоий фанларни ўқитишнинг зарурлиги тўғрисидаги ўзининг фикр-мулоҳазалари билан кенг жамоатчилик эътиборини шу масалаларга жалб қилишга интилган. Жумладан, “Садои Фарғона” газетасининг 1914 йил 1-сонида босилган “Ислоҳни нимадан бошларға” деб номланган мақола Шокир Мухторий томонидан ёзилган бўлиб, унда муаллиф: “Мен Овропа халқининг бу даражадаги тараққий ва толеларининг биринчи сабабини кўп ахтардим. Лекин ибтидоий тарбияларнинг мукаммаллигидан бошқа сабаб тополмадим”, деган хулосага келади. Демак, унинг қатъий қарори қуйидагича: “…бинобарин ислоҳотимизнинг мактаб ибтидоийларидан бошламоқ даркор деб ҳисоблайман”.

Шу даврдаги таълим тизимининг юқори босқичи бўлган мадрасаларда ҳам ўқиш ва ўқитишнинг аҳволи Мухторийни бефарқ қолдирмади. Хусусан, у мадраса талабаларига миллий тарих ва математика ўқитилмаслиги аянчли аҳвол эканлигини, ҳатто мударрисларнинг география ва риёзиётни ҳам ўқимасликлари, шунинг учун уларнинг шогирдлари бу илмлардан бехабар қолаётганликларини таассуф билан баён қилади. Тарих, география, математика ва риёзиётни ўрганиш ва уларни пухта эгаллаш Ватан тараққиёти, миллий мустақилликни таъминлашнинг муҳим омилларидан биридир. Ўз Ватани тақдирига бефарқ қарамайдиган, миллий ғурурга эга ҳар бир киши бу илмларнинг ўқитилиши ва ўзлаштирилишига монелик қилмайди, балки аксинча,  хайрихоҳлик билан қарайди [1: 166]. 

Шокир Мухторий матбуотда ўз даврининг долзарб муаммолари бўйича мақолалар эълон қилишдан ташқари, бирқанча асарлар ҳам ёзган. Фарғонада яшаган даврида “Ким қози бўлсун?” асарини ёзиб, нашр қилдирган. Самарқандда яшаган даврида, октябрь тўнтаришидан сўнг “Сусиёлизм надур”, “Ер ҳақида икки турли фикр” ҳамда “Турк тилининг усули таълими” номли рисолаларини ёзди. Бу асарларнинг барчаси матбуъадир[3].

Ҳожи Муин Шокир Мухторийнинг бошқа асарлари ҳам борлигини таъкидлаб, қуйидагиларни ёзади: “Булардан бошқа Шокир афандининг ёзиб тамом қилғон улуғ бир асари бор эдиким, анинг исми эсимда қолмағон. Яна бир неча асарлари бўлса-да, нотамом ҳолида қолғон” [2: 32].

Шокир Мухторий 1920 йилда сил касалига чалинган бўлишига қарамай, шу ҳол билан яна бир неча ой муаллимликни давом эттирган. Касали зўрайгач, бир неча ой Самарқанд шифохонасида даволанган. Сўнгра 1920 йилнинг ёз фаслида бир дўстининг маслаҳати ва ёрдами билан қимиз билан даволанмоқ учун Жиззахга кўчиб борган. У 1920 йилнинг 26 декабрида эса Жиззах шифохонасида вафот этган. “Шокир афанди муқтадир[4] бир муаллим, ўткир қаламли бир муҳаррир эди. Туркистонда қаҳат ур-рижоллик[5] бир замонда энг керак бўлғон шундай зотдан айрилишимиз биз учун зўр мусибат ва улуғ зиёъдир”[6] [2: 32], – деб ёзади Ҳожи Муин.

Хуршида АШУРОВА,
СамДЧТИ катта илмий ходими-изланувчиси

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:

  1. Абдуазизова Н.А. Туркистон матбуоти тарихи. (1870-1917). – Т.: Академия, 2000.
  2. Ҳожи Муин. Танланган асарлар. Тўлдирилган иккинчи нашри. – Т.: Маънавият, 2010.
[1] Жадид сўзи билан бир маънодош сўз бўлиб янгилика интилиш.
[2] Ҳаммага таниқли, билимли.
[3] Нашр қилинган
[4] Қудратли маъносида
[5] Мард инсон
[6] Нурдан айрилиш маъносида.

Check Also

АРБИНЖОН ВА УНГА ЁНДОШ ҚИШЛОҚЛАРДАН ЧИҚҚАН РОВИЙЛАР

Арбинжон шаҳри тарихда “Арбинжон”, “Арбинжони”, “Арбинж”, “Рабинжон” ва “Арабнажн” номлари билан аталган[1]. Аксар араб манбаларида …