Home / АЛЛОМАЛАР / МАВЛОНО МИР АБДУРАҲИМ МАРҒИНОНИЙ

МАВЛОНО МИР АБДУРАҲИМ МАРҒИНОНИЙ

Марғилон шаҳри яқинидаги  Сармозор зиёратгоҳи ёзма манбаларда “маъдани файзи илоҳий” – “илоҳий файзлар кони”, “мазҳари жуди карам” – “жуду эҳсон манбаи”, “доруш-шифо” – “шифолар уйи”, “матлаи омол” – “орзулар ушаладиган ер” каби сифатлар билан таърифланган. Ушбу зиёратгоҳ Марғилон шаҳрида яшаб ўтган машҳур зотлардан бири – буюк аллома, етук мутасаввиф, нақшбандия тариқатининг пири муршиди, шайхи-комил Мавлоно Мир Абдураҳим Марғиноний номи билан боғлиқдир.

Маълумотларга кўра, Мавлоно Мир Абдураҳим дастлаб Қўқон шаҳрида истиқомат қилган. Бу ҳақда Пўлотжон Қайюмовнинг “Хўқанд тарихи ва унинг адабиёти” номли китобида қуйидаги маълумотлар баён этилган: “Марғилон шаҳрида Сармозор деган жой бор. Бу мозорда халифа Абдураҳим номида бир шайх бор ва бунда мадфундур. Бу киши Муҳаммад Алихонга шайх эди. Шул Шайхон қабристони (Қўқон шаҳридаги Шайхон қабристони – Н.А.) шул шайхнинг боғи бўлган. Боғнинг шарқ томонида бир масжид бор эди. Йигирмадан  ортиқроқ зинапоя билан кўчадан бу масжидга чиқилур эди. Мана шул масжид халифа Абдураҳим эшоннинг хонақоси эди. Шул вақтда Ҳиндистондан Соҳибзода ҳазрат келиб Қўқонга тушганларида мана шул халифа Абдураҳим қаршу олиб бутун хонақоҳ ва ҳовли ва боғларини шул Соҳибзода ҳазратга қолдириб ўзлари Марғилонга жўнаб кетганлар экан. Бир неча йилдан ке-йин Марғилонда вафот этганлар. Қабрларини Сармозор деб аталадур. Халифа Абдураҳим ҳазратга: “Сизга бу жойларни қабристон этиб қолдирамиз”, деб башорат берган эмишлар. Бир неча йилдан кейин ҳазратга ичкаридан хонақоҳ ва ҳовли-жой учун айрим чек берилган. Ҳазрат бундан кўчиб Бекбачча маҳаллага келиб бул боғни қабристон этишга ижозат этган. Олдин  паст маҳалладан халифа Абдураҳимни халифаси Ориф деган киши дафн этилган. Ғарб томондаги маҳалладан Мавлавий Жабалий, яна бир шайх дафн этилганлиги сабаб бўлиб, бу қабристонни Шайхон  қабристони деб аталган [4: 350].

Мавлоно Мир Абдураҳимнинг туғилган саналари маълум эмас. Аммо халқ орасида у зот яшаган даврга икки юз йилдан ортиқроқ бўлгани айтилади. Баъзи маълумотларга таққосланса, бу ҳақиқатга яқинроқ экани англашилади. Аммо авлодлари томонидан эсдаликлар ва баъзи хотиралар асосида тузилган ёзма маълумотда Мавлоно Мир Абдураҳим тахминан XVIII асрнинг ўрталарида туғилган деб кўрсатилган. У кишининг тўртинчи авлоди Мирзуннун сайид Убайдулло ўғли маълумот бера туриб, Мавлоно Мир Абдураҳим Хонақоҳ шайхларидан бўлганини айтар экан, Хонақоҳ масжиднинг ўша даврдаги қурилишида (ҳозиргача Хонақоҳ бир неча марта қурилгани маълум) бош-қош бўлганларини ҳам таъкидлайди. Мавлоно Мир Абдураҳимнинг масжид қурилишига бош бўлганларини инобатга олинса, ҳазратни ХVIII аср охири ва ХIХ аср бошларида яшаганларини кўрсатади. Чунки қурилиш айтилганидек, 1790 йилларга тўғри келади. Бу халқ орасида Мавлоно Мир Абдураҳимнинг яшаган даври ҳақида берилаётган фикрларга ҳам мувофиқ келади. Авлодлар томонидан тузилган маълумотномада ул зотнинг вафотлари тахминан 1815-1820 йиллар деб кўрсатилган. Мавлоно Мир Абдураҳимнинг ҳозирги Сармозор ҳудудига бориб, истиқомат қилиб қолишлари сабабини маҳаллий аҳоли қуйидагича келтирадилар:

Айтишларича, кунларнинг бирида Мавлоно Мир Абдураҳим муридлари билан Оқ Билол (ҳозирги Фарғона туманидаги қишлоқ – Н.А.) қишлоғига бормоқчи бўлиб йўлга тушадилар. Йўлда ҳозирги Сармозор қишлоғи ҳудудидан ўтиб кетаётганларида тўсатдан отлари юрмай қолади. Ноилож отдан тушадилар ва муридларига бу ерни обод қилмоқчи эканликларини айтади. Чунки Мавлоно Мир Абдураҳим умри давомида қақраб ётган чўл ерларга сув келтириб обод қилиш билан машғул бўлган.

Шу тарзда, қуп-қуруқ қизил даштдан иборат бўлган ерга, яъни ҳозирги Сармозор қишлоғига тез орада унинг авлодлари ва мухлислари кўчиб борганлар ва кейинчалик асрлар давомида донғи кетган Сармозорнинг машҳур узумзор боғлари айнан ул зоти бобарокотнинг меҳнатлари эвазига пайдо бўлган. Мавлоно Мир Абдураҳимни бир умр узумчилик билан шуғулланганлиги тўғрисидаги ривоятлар ҳали ҳануз аҳоли ўртасида сақланиб қолган. Гарчанд Қўқон хонлари уни  ўзларига пир деб билсаларда, Мавлоно Мир Абдураҳим Нақшбандия тариқатига мувофиқ умри давомида деҳқончилик билан шуғулланган. Бинобарин, ул зотнинг доимий ҳалол ризқ йўлида чеккан заҳматлари улуғларнинг машғуллик ила фориғланиш таълимотига ҳамоҳангдир.

Мавлоно Мир Абдураҳим шу ерда яшаб вафот этганларида уни қишлоқ ҳудудидаги бўлғуси қабристонга дафн этадилар ва халқ орасида ул зотнинг мозори туфайли қабристон ҳам “Сармозор азизлари” номи билан машҳур бўлиб, Марғилоннинг файзли зиёратгоҳларидан бирига айланади.

Айтишларича, Мир Абдураҳимхожа эшон вафотларидан олдин ўз васиятларига кўра, ўзлари яшаб турган Қўрғондан қибла тарафдан бир чақиримлик жойни кўрсатиб, вафот этсалар, мана шу ерга дафн этишни васият қилдилар. Фарзандлари ва муридлари шаҳарга олиб кетишни сўрашганида, ул зот бу таклифларини маъқулламай, “Шу ерга мени қўясизлар” деб таъкидлаганлар. Мир Абдураҳимхожанинг жаноза кунлари жуда кўплаб жойлардан, кўплаб олиму уламолар, шогирд ва мухлислари етиб келганлар. Бу ҳолатдан ажабланган Мир Абдураҳимхожанинг яқинлари келган уламолардан Мир Абдураҳимхожанинг вафотлари ҳақида қандай хабар топгаликлари ва қандай қилиб бир куннинг ўзида етиб келганликларини ҳайратланиб сўрайдилар. Меҳмонлар шундай деб жавоб беришади: “Мир Абдураҳимхожа бир неча ой аввал бизга худди шу куни кузатиш маросими бўлади деб хабар берганлар. Биз ул зот билан дилдан гаплашиб турар эдик”,  деб жавоб берганлар.

Кейинчалик Мир Абдураҳимхожа қабрининг устига қурилган мақбарани Қўқон хони Худоёрхоннинг қайнотаси Мусулмонқул барпо этган. Изланишлар давомида Марғилоннинг деярли барча алломалари ушбу мозорга айрича муносабатда бўлганларига гувоҳ бўлдик. Бу уларнинг асарларида ҳам кўзга ташланади. Қўлимизда Мирҳайдар домла Толийнинг Сармозор шаънида ёзган асари бўлиб, у билан танишиш орқали мозорнинг ўша давр маънавий ҳаётида тутган ўрни ва мозор соҳибининг баъзи фазилатларини билиб оламиз.

 

Сармозор зиёратгоҳи шаънида

Қиблайи арбоби ҳожат, остони Сармозор,

Каъбайи асҳоби ҳиммат, остони Сармозор.

Ул Мусулмонқулки бўлди, ҳокими фармонрў,

Файзбахш бўлди анга, ул остони Сармозор.

Ким Сафо-ю Марвани файзи футуҳин истагай,

Супурсин кеча-кундуз, остони Сармозор.

Ким қолур гирдоби ғамда, топгуси андин нажот,

Билса малжаъ ул кишилар, остони Сармозор.

Ҳар нечук матлублар каффи таманноға келур,

Матлаъи омол билсанг, остони Сармозор.

Зумраи беморларни мунда сизлар келтиринг,

Дардга доруш-шифодур, остони Сармозор.

Ҳар кишини гарданига тушса ногоҳ ғулли дайн,

Бергуси андин халос, остони Сармозор.

Мунда кел, файзи илоҳий гар сенга матлубдур,

Маъдани файзи Илоҳий, остони Сармозор.

Толиё, бул боргоҳдин кесмагил ҳаргиз умид,

Мазҳари жуду карамдур, остони Сармозор.

 

Ўзбекистон Марказий Давлат архивида сақла-наётган ҳужжатлар тўпламида Мавлоно Мир Абду-раҳим Марғиноний номи билан боғлиқ бир қанча ҳужжатлар мавжуд. Мазкур ҳужжатларда унинг номи Абдураҳимхожа эшон билан қайд этилган. 1894 йили Фарғона Генерал губернатори номига Сармозор мутаваллийси томонидан ёзилган арзнома ҳам фикримизни яққол тасдиқлайди: “Ушбу тариқа илан мен фуқаролар жаноблариға аризамни маълум қиламанким, мазкур ҳукмда халифа Абдураҳимхожа эшоннинг масжидларини вақфлари бор эрди. Мазкур масжидни вақуфнома ва иноятнома хатларини ўбластнуй махкама йўқлов қилган вақтида маҳкамаға тобшургон эрдим. Эмдиликда мазкур вақфнома ва иноятнома юзасидан кўфия хат олмоқ даркор бўлғони сабабли жанобға илтимос қиламанким, ижозатнома берсалар. Вақфнома ва иноятнома юзасидан кўфия хат олуб, яна ўзлариға тобшурсам деб, ариза ёзуб мазкур мутаваллий мулло Муҳаммад Али Мулло Охунд Бобо ўғли қўлум қўйдим 1894 йилда 2 нчи феб-рал” [3].

Ушбу арзномадан маълум бўладики, Абдураҳимхожа эшоннинг масжидига Қўқон хонлари замонида бир қанча иноятномалар ва вақфномалар берилган. Айтиш жоизки, XIX асрнинг охирида Марғилон уездида Мир Абдураҳимхожа мозори ва масжидига тегишли 7 та вақф мулки билан боғлиқ ерлар мавжуд бўлиб, улар қуйидагилардан иборат эди: 1. Мир Абдураҳимхожа мозорига ажратилган вақф ер мулки. Оқтепа қишлоғида. Майдони – 2 десятина (десятина – бир гектарга яқин ўлчов бирлиги – Н.А.). 2. Мир Абдураҳимхожа мозорига ажратилган вақф ер мулки. Ариқ бўйи қишлоғида. Майдони – 29 десятина. 3. Мир Абдураҳимхожа мозорига ажратилган вақф ер мулки. Оқ ариқ қишлоғида. Майдони – 9 десятина. 4. Мир Абдураҳимхожа масжидига ажратилган вақф ер мулки. Болтакўл қишлоғида. Майдони – 446 десятина. 5. Мир Абдураҳимхожа мозорига ажратилган вақф ер мулки. Робот қишлоғида. Майдони – 446 десятина. 6. Мир Абдураҳимхожа масжидига ажратилган вақф ер мулки. Сармозор қишлоғида. Майдони  – 7 десятина. 7. Сармозордаги  Мир Абдураҳимхожа мозорига ажратилган вақф ер мулки. Гарбобо қишлоғида. Майдони – 2 десятина [1: 21].

Мир Абдураҳимхожа эшон номи билан боғлиқ Қўқон хонлари томонидан берилган ҳужжатлардан шу нарса маълум бўладики, Сўх дарёсидан сув келтириш учун қазилган ариқ кейинчалик вақф сифатида Мир Абдураҳимхожа хонақосига ажратиб берилган [2: 101]. Мазкур иноятнома ва вақфномалар Қўқон хонларининг халифа Мир Абдураҳимхожа эшон ва унинг авлодларига нисбатан ҳурмати юқори бўлганлигидан далолат беради. Мир Абдураҳимхожанинг қўриқ ерларни ўзлаштирганлигини Қўқон хонлари  томонидан берилган иноятнома ва вақфномалар ҳам тасдиқлайди:

  1. Қўқон хони Умархон томонидан ҳижрий 1232 йилнинг ражаб ойида (милодий 1817 йил май-июн) берилган иноятнома. Ушбу иноятнома “Абулмузаффар Абулмансур Саййид Муҳаммад Умар Баҳодир сўзимиз” деган жумла билан бошланади. Иноятнома Мулла Бобо Охун Махдум номига берилган. Ҳужжатда Хўб қаро деб аталувчи жойга Сўх дарёсидан Абдураҳимхожа ниҳоясига етмай қазилмай қолган ариқни Мулла Бобо Охун Махдум ниҳоясига етказганлиги айтилади. Унга кўра мазкур ариқдан йигирма тегирмон суви ҳажмида сув оқиши кўрсатилган ва бу ариқдан суғориладиган ерлар ушбу хонадонга тархон сифатида берилганлиги таъкидланади. Шунингдек мазкур ерлардан солиқ олинмаслиги ҳам кўрсатилган.
  2. Қўқон хони Муҳаммад Алихон томонидан ҳижрий 1255 йил (милодий 1839 йил)да берилган иноятнома. Ушбу иноятнома “Абулмузаффар Абулмансур Саййид Муҳаммад Али Баҳодирхон Ғози сўзимиз” деган жумла билан бошланади. Иноятномада Мулла Бобо Охун Махдумнинг қўлида аввалги хонлар томонидан берилган ёрлиқларнинг мавжудлиги ва шу сабабдан мазкур хонадонга тегишли ерлар солиқлардан озод этилганлиги айтилган. Иноятномада Мулла Бобо Охун Махдум Муҳаммад Алихон томонидан хонақоҳ вақфларининг мутаваллийси этиб тайинланганлиги таъкидланади.
  3. Қўқон хони Худоёрхон томонидан ҳижрий 1290 йил (милодий 1873 йил)да берилган иноятнома. Ушбу иноятнома “Абулмузаффар Абулмансур Саййид Муҳаммад Худоёрхон сўзимиз” деган жумла билан бошланади. Иноятноманинг ҳажми 20х32 см. Иноятномада баён этилишича, марҳум амир муслимин Саййид Муҳаммад Умархон томонидан халифа Мир Абдураҳимхожа эшон хонақоси ҳисобига давлатнинг икки ер мулки вақфи хисса тарзида берилган. Маълум бўлишича, Умархон даврида халифа Мир Абдураҳимхожа эшон Сўх дарёсидан ариқ қаздирган. Бироқ ариқ ул зотнинг вафоти туфайли охирига қадар қазилмай қолган. Шундан сўнг мазкур ариқни қазиш ишларини ниҳоясига етказиш масаласида халифа Эшоннинг авлодларидан бўлган Мулла Мир Муҳаммад Али Мирзо Қўқон хони Худоёрхонга мурожаат қилган.
  4. Қўқон хони Маллахон томонидан ҳижрий 1290 йил (милодий 1873 йил)да берилган иноятнома. Ушбу иноятнома “Абулмузаффар вал Мансур Саййид Муҳаммад Малла Баҳодирхон сўзумиз. Барча вилоятларнинг ҳокимлари ва ислом қозилари, амалдор ва акобирлари ҳамда шарафли маҳалла (кишилари) муқим тургучи раийат аҳллари, ватандошлар, тамоми хизматчилар ва мулкдорлар ва мутлақ ер соҳиблари, ундан огоҳ ва воқиф бўлиб билсинларки, қадимдан дуогўй меросга иршод қилиб қилиб қўл берган марҳум ҳазрат эшон Мир Абдураҳимнинг фарзанди марҳум  ва мағфиратли Мулло Охунд Бобо Махдум саййиди олий, хавориқи мутаолий, хавориқи мозийин ва хавориқи яқин” деган жумла билан бошланади. Иноятноманинг ҳажми 26х46 см. Иноятномада халифа Мир Абдураҳимхожа эшоннинг шогирди Мулла Охунд Бобо Махдум қўлида аввалги хонлар томонидан берилган ёрлиқ ва ҳужжатлар мавжудлиги таъкидланади. Шунингдек, иноятномада Мулла Охунд Бобо Махдум Мир Абдураҳимхожа эшоннинг мозори ва хонақосининг мутаваллийси бўлганлиги учун вақф ерларидан олинадиган даромадларни ғаразли мақсадларда сунъий равишда ўзлаштириб олмаслиги борасида кўрсатмалар берилган.

Халифа Мир Абдураҳимхожа эшон Хожа Мир Азим ўғлининг хонақоси учун берилган яна бир вақфномада Қўқон хонлари Умархон,  Муҳаммад Алихон, Маллахон, Худоёрхон ва яна беш кишининг муҳрлари туширилган. Мазкур вақфномага кўра Халифа Эшоннинг хонақоси Марғилон шаҳрининг Зардармуш номли маҳалласида жойлашган. Бироқ хонақоҳ хонлар замонидаёқ бузилиб кетган ва унинг ўрнида масжид қурилган. Хонақоҳ вақф ерларининг биринчи ҳудуди Хўқанд вилоятига тобеъ Чўнғара қишлоғининг Бурганлик деган мавзесида жойлашган бўлиб, ғарбдан чегараси Сўх дарёсига туташ, жанубдан тоғлар билан туташган,  шарқдан бутунлай Кан қишлоғига туташган, шимолдан Риштон қишлоғи ерларига ва қисман Риштонсойга туташган.

Хонақоҳ вақф ерларининг иккинчи ҳудуди Хўқанд вилоятига тобе Айланма деган мавзесида жойлашган бўлиб, ғарбдан Бадар ерига, қисман “Сариқ сув” деб аталувчи лашкар қушбегининг ариғига, қисман Сетут (Сертут) йўлига туташ, жанубдан бутунлай Еттикент ерларига туташган,  шарқдан қисман Болтакўл ерларига, қисман Қоражийда ва Қоракалтак ерларига туташган, шимолдан экин экилмайдиган ерларга туташган. 1886 йилда полковник Вонгородский билан бўлган суҳбатда Сармозорнинг кекса мутаваллийси Бурганлик ва Айланқум ерларига эшон халифа Мир Абдураҳимхожа томонидан Сўх сойидан сув олиб келиш учун қаздирилган ариқ орадан йиллар ўтиб, баҳорда юз берган сел оқибатида бузиб юборилганлигини айтиб берган. Натижада мазкур вақномада кўрсатилган ерлар майдони суғорилмай қолган. Қўқон хони Худоёрхон замонида мутаваллий этиб  тайинланган Мулла Муҳаммад Али Мулла Бобохон ўғлининг берган маълумотларига кўра, ерлар узоқ вақтгача суғорилмай қолганлиги туфайли қаровсиз аҳволга келиб қолган. Натижада Айланмақумдаги ерлар хон томонидан Олтиариқ қишлоғида истиқомат қилувчи Олимқул орқали сотиб юборилган. Чор маъмурлари томонидан халифа Мир Абдураҳим авлодларига тегишли вақф ерлари майдони ўлчаб чиқилганда, ернинг умумий майдони 3224 десятинадан иборат эканлиги аниқланган. Бу эса XIX асрда халифа Мир Абдураҳимхожа авлодларига берилган вақф ерлари Фарғона водийсидаги энг катта вақфлардан ҳисобланганлигини кўрсатади.

Нодиржон АБДУЛАҲАТОВ,
тарих фанлари номзоди

Check Also

АРБИНЖОН ВА УНГА ЁНДОШ ҚИШЛОҚЛАРДАН ЧИҚҚАН РОВИЙЛАР

Арбинжон шаҳри тарихда “Арбинжон”, “Арбинжони”, “Арбинж”, “Рабинжон” ва “Арабнажн” номлари билан аталган[1]. Аксар араб манбаларида …