Home / АЛЛОМАЛАР / ИМОМ БУХОРИЙГА ХИЗМАТ ҚИЛГАН АЛЛОМА

ИМОМ БУХОРИЙГА ХИЗМАТ ҚИЛГАН АЛЛОМА

Мустабид шўролар даври ўзининг динга нисбатан муросасиз кураши, бир неча босқичдан иборат зиёлиларни қатағон қилиши билан “қўли тирсагигача қон” бўлиб тарихда қолди. Шунга қарамай Ўзбекистон мусулмонлари идораси (дастлаб Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари идораси деб юритилган) ташкил этилгандан буён унинг раҳбарияти ва ходимлари имконият топилди дегунча динимизга хизмат қилиб қолиш илинжида бўлганлар. Идора таркибидаги масжидлар имомлари ва мадрасалар мударрислари ўз вазифаларини халқ олдидаги масъулиятини тўлиқ англаган ҳолда астойдил меҳнат қилдилар. Улар китоб ёзиш, шогирдлар етиштириш, янги масжидлар очиш каби хайрли ишлари билан тарихда қолдилар. Мана шундай баракотли умр кечирган ва кўплаб савобли ишларни бажарган уламолардан бири Усмонжон домла Раҳимжонов[1]дир. У 1929 йил Хўжанд вилоятининг Ғўлакондоз қишлоғида деҳқон оиласида таваллуд топган. Ғўлакондоз қишлоғида инқилобдан илгари 5 та мадраса 35 та масжид бўлган. Собиқ Иттифоқ даврида Тожикистон Республикасида 11 та масжид бўлган бўлса, шундан 1 таси шу қишлоқда фаолият юритган.

Усмонжон домланинг отаси тақдир тақазоси билан 1935 йили Хўжанддан Душанбе шаҳрига кўчиб кетади. Унинг болалиги II Жаҳон уруши йилларига тўғри келган. Ўша пайтда у отасига ёрдам бериб, одамларга омбордан ун тарқатишар эди. Кўплаб оилалар каби уларнинг оиласи ҳам уруш даври қийинчиликларини бошдан ўтказган.

1947 йили Бухородаги Мир Араб мадрасасидан 2 толиби илм келиб, жума кунида Душанбедаги катта жоме масжидларнинг бирида Қуръон тиловат қилишади. Шунда Усмонжон домла ҳам Бухорога бориб ўқишга аҳд қилади ва 1948 йил Бухоро шаҳридаги Мир Араб мадрасасига ўқишга боради. Мадрасада ўқиётган чоғида, 1956 йилда унинг таҳсили бошқа талабалар билан бирга Тошкентдаги Бароқхон мадрасасига кўчирилади. Усмонжон домла Тошкентда икки йил таҳсил олиб, 1958 йили Мухторжон Абдуллаев, Мирҳожи Абдуллаев, Абутуроб Юнусов, Увейс Алоуддинов билан мадрасани тамомлайди[2].

Ўша пайтда Усмонжон домла бошқа талабалар билан бирга муфтий Шайх Эшон Бобохон ибн Абдулмажидхоннинг уйларида турардилар. Кунлардан бирида намоздан кейин Шайх Эшон Бобохон чопонларининг этагини ёзиб, Усмонжон домлага келинг ўтиринг, деб илтифот кўрсатиб: “Мана бу кўриб турган нуронийлар, булар ҳаммаси ўтиб кетишади, динимизнинг хизмати эса, келажакда сизларнинг зиммаларингда бўлади, бемалол Қуръонни ўқинг”, ‒ деганлар. Усмонжон домла ҳар доим ўша кунни хотирлаб, Қуръонни у кишининг табаррук чопонлари устида ўтириб ўқияпман-ку, гўёки ҳавода муаллақ тургандек ўзимни ҳис этдим, дегандилар. Қуръон тиловатидан сўнг, Шайх Эшон Бобохон ибн Абдулмажидхон ҳазратлари унинг ҳақига дуо қилиб, динга ва элга хизмат қилинг болам, дедилар. Унинг дуоси баракотидан Усмонжон домла 1960-1965 йиллар оралиғида Душанбедаги Мавлоно Яъқуб Чархий жоме масжидида имом-хатиб бўлиб ишлайди.

У 1966-1970 йилларда Миср Араб Республикасининг “Ал-Азҳар” университетида таҳсил олади. Қайтгач, Мир Араб мадрасасида мударрислик қилади, талабаларга наҳв, сарф, фиқҳ илмларидан дарс беради.

1973 йилда Шайх Зиёвуддин ибн Эшон Бобохон Самарқанд вилоятидаги Имом Бухорий масжидини очишга ҳукумат томонидан рухсат берилганини, 1974 йили Имом Бухорийнинг ҳижрий сана ҳисобида 1200 йиллик юбилейларини нишонланишини айтиб, Усмонжон домлани шу масканга юборадилар. Усмонжон домла Имом Бухорий жоме масжидида 17 йил давомида имом-хатибликда хизмат қилган. Гарчи Имом Бухорий ҳазратларининг мақбаралари ва масжидларининг тўла маънодаги таъмирланиши ва обод этилиши Ўзбекистон Республикасининг мустақилликка эришиши ва Биринчи Президентимиз Ислом Абдуғаниевич Каримов ташаббуси билан амалга ошган бўлса-да, собиқ Иттифоқ даврида бу ишларни озми-кўпми бажарилишида Усмонжон домланинг хизматлари катта бўлган.

У 1990 йилда Душанбе шаҳридаги Мавлоно Яъқуб Чархий масжидида имом-хатиб вазифасига тайинланади. Бу масжиддаги фаолияти давомида масжид биносини янгидан қуриш билан биргаликда мадраса ҳам қурилди. Бу мадрасага 1990 йилда Имом Термизий номи берилган.

Усмонжон Раҳимжонов 2000 йилда 71 ёшида вафот этди. Душанбе шаҳридаги Чилтонмозор қабристонига дафн этилган. Унинг фарзанди Мўминжон Усмонов айни кунда Сирдарё вилояти бош имом-хатиби бўлиб, халқимиз ва динимиз хизматида кўплаб хайрли ишларни амалга ошириб келмоқда.

Бугун Имом Бухорий мақбараси атрофида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев раҳнамолигида кенг кўламдаги ишлар амалга оширилиши режалаштирилмоқда. Бу маскан том маънода илм гўшасига, аждодлар меросини ўрганиш ва халққа етказиш бўйича халқаро марказга айланишига умид билдирилди. Албатта, бундай хайрли ишлар Усмонжон Раҳимжонов каби динимиз фидоийларининг руҳларини шод қилади.

Ҳайдархон ЙЎЛДОШХЎЖАЕВ,
тарих фанлари номзоди
[1] Баъзи архив ҳужжатларида унинг фамилияси Раҳимов шаклида келтирилади.
[2] ЎзР МДА Р-2456 рўйхат №1, йиғма жилд №500, 52,53-варақлар.

Check Also

АРБИНЖОН ВА УНГА ЁНДОШ ҚИШЛОҚЛАРДАН ЧИҚҚАН РОВИЙЛАР

Арбинжон шаҳри тарихда “Арбинжон”, “Арбинжони”, “Арбинж”, “Рабинжон” ва “Арабнажн” номлари билан аталган[1]. Аксар араб манбаларида …