Home / МАҚОЛАЛАР / МОТУРИДИЙЛИКНИНГ ВУЖУДГА КЕЛИШИ («Дорул Жузжония» ва «Дорул Иёдия» мактаблари)

МОТУРИДИЙЛИКНИНГ ВУЖУДГА КЕЛИШИ («Дорул Жузжония» ва «Дорул Иёдия» мактаблари)

Мотуридийлик – Имом Абу Ҳанифа қарашларининг Абу Мансур Мотуридий томонидан ривожлантирилиб, тизимлаштирилган ва асос солинган ақидавий мазҳабдир. Бунга кўра, мотуридийлик ва ҳанафийлик ўртасида жуда яқин алоқа мавжуд. Шу билан бирга мотуридийликнинг асоси ҳанафийлик экани борасида уламолар якдил фикрдалар. II/VIII аср бошидан эътиборан ҳанафийлик Хуросон, айниқса, Самарқанддан тортиб Мовароуннаҳрнинг барча шаҳарларида кенг тарқалган [1: 356]. Дарҳақиқат, Абул Муин Насафий ўзининг “Табсиратул адилла” асарида бутун Мовароуннаҳр, Хуросоннинг Марв ва Балх каби шаҳарларида муътазилийларнинг ғояларини ёқлаганлардан ташқари барча Абу Ҳанифа тарафдорларининг усул ва фуруъ масалаларида илк даврдан бери ҳанафийлик (Ҳанафий-Мотуридийлик)ни қабул қилганликларини келтиради [1: 356].

Насафийнинг юқорида зикр этилган “Бутун Мовароуннаҳр ҳудуди бўйлаб муътазилийлар фикрини қабул қилмаган ҳанафийлар” деган сўзларидан бу ҳудуддаги ҳанафийларнинг икки гуруҳга бўлинганликларини тушунишимиз мумкин. Бу икки гуруҳ қуйидагилардир:

  1. Ҳанафий-муътазилийлар: Абул Қосим Каъбий каби амалда ҳанафий бўлиб, эътиқодда муътазилийларни ёқлаб, ҳимоя қилган ҳанафийлардир.
  2. Муътазилий бўлмаган ҳанафийлар: Самарқандда Дорул Жузжония ва Дорул Иёдияга мансублари ҳамда Бухорода Абу Ҳафс Кабир, Балхда Нусайр ибн Яҳё атрофида бирлашган, муътазилийларни рад қилган ҳанафийлардир. Бу гуруҳни ҳақли равишда Ҳанафий Самарқанд/Мовароуннаҳр мактаби шаклида номлашимиз мумкин.

Мотуридийликнинг асосчиси сифатида танилган Мотуридий юқорида зикр этилган Самарқанд мактабига қарашли Дорул Жузжонийда таҳсил олиб, камолотга етишган ва Абу Ҳанифанинг қарашларини умрининг охирига қадар ривожлантириб, тизимлаштирган  ва кенг ёйишга бор кучини сафрлаган. Масалани янада осонроқ тушуниш учун Самарқанд мактаби ва унга қарашли бўлган Дорул Жузжония ва Дорул Иёдия илм марказлари, уларнинг вакиллари ҳамда улар қўллаган услублар, ораларидаги фарқларни кўриб чиқамиз.

 

Ҳанафий Самарқанд мактаби

Сомонийлар давлатининг III/IX асрлар охирларида ижтимоий, ҳарбий ва иқтисодий соҳаларда рўй берган муҳим воқеалар натижасида вужудга келган тинчлик ва осойишталик Самарқандда илмий фаолиятнинг ривожланишига кенг йўл очди. Ҳатто, Сомонийлар давлатининг пойтахти бўлган Самарқанд ўша даврнинг энг муҳим илмий маркази бўлмиш Бағдоддан ҳам ўзиб кетган эди. Айниқса, Ипак йўлида жойлашганлиги Самарқанднинг тижорат, санъат ва илм марказига айланишини янада осонлаштирди. У даврда Самарқандда турли дин ва мазҳабларга оид таълим марказлари фаолият олиб борарди. Соҳасининг устаси бўлганлар давлат томонидан Самарқандга таклиф қилинар ва уларга алоҳида эътибор қаратилиб, кенг имкониятлар яратиб бериларди. Натижада Мовароуннаҳрнинг бошқа шаҳарларидан бўлгани каби, Хуросон, Сурия, Ироқ ва Анадолудан кўплаб кишилар илм олиш мақсадида Самарқандга келишарди* [4: 36]. Шубҳасиз, улар орасида етишиб чиққан энг кўзга кўринган олимлардан бири – Абу Мансур Мотуридий эди.

Биз юқорида айтиб ўтишга ҳаракат қилган Самарқанднинг тарихий, географик ва ижтимоий-маданий омиллари, шунингдек, мунтазам равишда олиб борилган таълим фаолияти ҳанафийликнинг бу ҳудудда мустаҳкам ўрнашишига замин ҳозирлади. Бунинг натижасида Самарқандда Аҳли сунна вал жамоага мансуб олимлар Дорул Жузжония ва Дорул Иёдия номли илм марказларида фаолият олиб бордилар [5: в. 121b, 160b-162a].

Дорул Жузжония номи берилган марказ Абу Мансур Мотуридий ва унинг устоз-шогирдлари, Дорул Иёдия эса Абу Аҳмад Иёдий ва Абу Бакр Иёдий каби олимлар таҳсил олган марказлардир.

 

Жузжония мактаби

Дорул Жузжония Абу Ҳанифанинг ғоя ва қарашларига мувофиқ иш олиб борадиган энг муҳим илм маркази бўлган. Бу ер Мотуридий ва минглаб талабаларни етиштирган бир мактабдир. Абу Муқотил Самарқандий томонидан III/IX асрда асос солинган деб тахмин қилинаётган бу мактаб кейинчалик Абу Сулаймон Жузжоний ва Абу Бакр Аҳмад ибн Исҳоқ ибн Сабиҳ Жузжоний томонидан ривожлантирилган [5: 160b].

Абу Ҳанифанинг таниқли шогирдлари Муҳаммад Шайбоний (18 9/804) ва Абу Юсуфнинг шогирди Абу Сулаймон Мусо ибн Сулаймон Жузжоний (200/816) томонидан асос солинган Дорул Жузжония Мотуридий етишиб чиққан ва таълим берган муҳим бир илмий марказдир. Ибн Яҳё келтирган маълумотга кўра [5], Дорул Жузжонияда устозлик фаолияти олиб борган олимларнинг силсиласи қуйидагичадир:

Имоми Аъзам Абу Ҳанифа (150/767)

 Имом Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний (189/804)

 Абу Сулаймон Мусо ибн Сулаймон Жузжоний (200/816)

 Ал-Фақиҳ ал-имом Абу Абдуллоҳ ибн Абу Бакр Жузжоний

 Аш-шайх ал-фақиҳ Абу Бакр ибн Исҳоқ Жузжоний (250/864)

 Абу Наср Аҳмад ибн Аббос Иёдий (тахм. 275/888)

 Абу Мансур Мотуридий (333/944)

     Юқоридаги устозлар силсиласи Абу Ҳанифа ва имом Мотуридий орасидаги боғлиқликни намоён этмоқда. Айниқса, бу силсилада келтирилган илк уч олимнинг Жузжоний лақабли бўлиши ушбу илмий марказнинг “Дорул Жузжония” номи билан аталишига асосий сабаб бўлганлигига ишонамиз. Бу жойда устозлик қилган олимлар Абу Ҳанифанинг қарашлари бўйича дарс берганлар ва баъзи асарларни ёзганлар [1: 356].

Бу жойда фаолият олиб борган Абу Наср Иёдийдан бошқа барча устозлар ҳаётларини илмий фаолиятга бағишлаганлар. Абу Наср эса илмий фаолиятдан ташқари Самарқандда қозилик вазифасида ишлаган ва сафарларда бўлган. Жузжония мактабида қуйидаги олимлар устозлик фаолиятини олиб боришган:

Абу Сулаймон Мусо ибн Сулаймон Жузжоний (200/816). Бу киши Абу Юсуф ва Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбонийнинг шогирди бўлиб, ҳанафий мазҳабининг асосий манбаларини юқорида зикр этилган икки устозидан ривоят қилган. Дарҳақиқат, Имом Муҳаммаднинг “ал-Асл” (ал-Мабсут) номли асарининг энг ишончли нусхаси у ривоят қилган нусха ҳисобланади [10: 98]. Юқорида келтирилган силсиладан Дорул Жузжониядаги илк устоз – Абу Сулаймон Жузжоний эканлиги намоён бўлади.

Абу Сулаймондан сўнг Дорул Жузжонияга унинг шоргирди Абу Бакр Аҳмад ибн Исҳоқ ибн Субайҳ Жузжоний раҳбарлик қилган. У Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбонийнинг шогирдларидан бўлиб, Абу Сулаймон Жузжонийдан таҳсил олган. Фиқҳ ва калом соҳаларига ихтисослашган Жузжоний Абу Наср Иёдий ва Мотуридий каби кўплаб олимларни етиштирди. Барча исломий фанлар соҳаларида энг чўққига чиқиб, “ал-Фарқ ват тамйиз”, “Китобут тавба” каби қийматли асарлар ёзди [11: 259].

Абул Муъин Насафийнинг келтиришича, Аҳмад ибн Исҳоқнинг асарларини кўрган кимсалар унинг нақадар буюк олим бўлганлигини бемалол англашлари мумкинлигини таъкидлаган [1: 356, 7: 296]. Манбаларда унинг вафот этган санаси ҳақида маълумот келтирилмаган. Фақат Мотуридийга шогирд бўлганлигини ҳисобга олсак, III/IX аср ўрталарига қадар яшаган бўлиши мумкинлигини билсак бўлади [7: 296].

Абу Бакр Жузжоний вафотидан сўнг Дорул Жузжонияга унинг энг кучли шогирди Абу Наср Аҳмад ибн Аббос Иёдий раҳбар бўлди. Заковатли, ақлли, сабрли, тушунадиган, вараъ (тақво) соҳиби, ноёб олим ва зоҳид Абу Наср Иёдий бор йўғи йигирма ёшида таълим ишларига ва уламоларга раҳбар этиб тайинланди. Усул ва фуруъ илмида ўз даврининг имоми сифатида қабул қилинди. Самарқандда мавжуд мухолиф кишиларга қарши кўп тортишувларда қатнашиб, ўз қарашларини маваффақиятли ҳимоя қилди [1: 356-357].

Абул Муин Насафий у ҳақида: “Унинг Аллоҳнинг сифатлари ҳақида ёзган китоби ва ундаги муътазила ва нажжория қарашларининг хатолиги, Аҳлул Ҳақнинг қарашлари тўғрилиги борасида келтирган далилларни кўрган киши унинг нақадар буюк бир олим бўлганлигини англайди” [1: 356] – дея таъкидлаган.

Дорул Жузжонияда Абу Насрдан олдин фаолият олиб борганларнинг барчаси расмий лавозимлардан узоқ туришган ва Самарқанд четида қурилган Ғозийлар Работида фақатгина халқ орасида фаолият олиб боришган. Абу Наср эса устозларидан фарқли равишда Сомонийлар амири Наср ибн Аҳмад билан яқин алоқада бўлган** [13: в. 276а]. Дарҳақиқат, у бор йўғи йигирма ёшида таълим ишлари раҳбарлигига ҳамда Самарқанд қозиси вазифасига тайинланган эди [8: 4]. Абу Насрнинг бундай муносабати сомонийларнинг юритган сиёсати туфайли юзага келган бўлиши мумкин, чунки 263/876 йилда Сомонийлар Тоҳирийлар давлатига боғлиқликдан қутулиб, мустақил бир давлатга айланди. Давлатнинг илк амири Наср ибн Аҳмад ҳам ўз ҳукмронлигини мустаҳкамлаш мақсадида бир томондан устозлари каби зоҳидона ҳаёт кечирган ва таълим ва машғулот ишларига, иккинчи томондан сафарларга берилган [5: в. 160b] Абу Насрдан фойдаланмоқчи бўлганлиги эҳтимолдан холи эмас.

Абу Мансур Муҳаммад ибн Муҳаммад Мотуридий (333/942). Абу Наср ал-Иёдийдан сўнгра Дорул Жузжониянинг раҳбарлигига унинг энг яхши кўрган ва энг муваффақиятли шогирди Абу Мансур Мотуридий тайинланди [5: в. 162b]. Гарчи у жойда Абу Аҳмад Иёдий ҳам бош устоз вазифасида ишлаган бўлса-да, Абу Аҳмаднинг раҳбарлиги даврида ҳам мактабнинг асл устози доим Мотуридий бўлди. Зеро, Абу Наср шаҳид бўлганида Абу Аҳмад ҳали ёш бола ва таҳсилини тугатмаган эди [5: в. 161a-161b]. Мотуридий эса таҳсилини тугатиб, умрининг охирига қадар у ерда дарс берган эди [5: в. 161b]. Устозининг муҳаббати ва эътиборини қозонган Мотуридий келмагунча устози Абу Наср дарсни бошламас, узоқдан унинг келаётганини кўриб, уни мақтай бошларди [1: 359].

Ибн Яҳё келтирган маълумотларга кўра, Абу Насрдан сўнг Дорул Жузжонияда Мотуридий дарс бера бошлади. Аммо у дарс беришда давом этаркан, Абу Аҳмад Иёдийнинг ўғли Абу Аҳмад Иёдий асирликдан қутулиб, Самарқандга қайтгани ва отаси шаҳид бўлмасидан олдин марказ раҳбарлигига ўзини тавсия этгани ҳақида гапиради. Шундан сўнг шайх, имом Абу Мансур Муҳаммад ибн Муҳаммад Мотуридий, Ҳаким Самарқандий ва бошқа олимлар Дорул Жузжонияда тўпланишиб, устозларига бўлган ҳурмат юзасидан Абу Аҳмад Иёдийни отасининг мақомига ўтқаздилар ва унга ҳурмат бажо келтирдилар. Ўз таҳсилини Мотуридийдан олишни бошлаб, у ердаги олимларда давом эттирган Абу Аҳмад Иёдий қисқа фурсат ичида фақиҳлик мартабасига эришди. Бу орада марказ раҳбарлигига расман келтирилган Абу Аҳмад Дорул Жузжониянинг амалдаги бош устози вазифасида бўлган Абу Мансур Мотуридийни ўз устози сифатида кўрар ва уни жуда ҳурмат қиларди. Чунки Мотуридий ўз даврининг илм-маърифат, заковат, тақво ва мазҳабларни яхши таҳлил қилиш борасида энг олдинги сафда турган олим эди [5: в. 161b-162a].

Абу Мансур Мотуридий бу марказда умрининг охиригача кўплаб талабаларга дарс берди [5: в. 162a]. Дарҳақиқат, Мотуридий Абул Ҳасан Али ибн Саид Рустуфағний каби шогирдларига Имом Муҳаммад Шайбонийнинг “ал-Мабсут”ини ўқитаркан, юз ёшга яқин умр кўриб, вафот этди [5: в. 162b].

Имом Мотуридийнинг фикрлари Абул Ҳасан Али ибн Саид Рустуфағний, Абу Салама Самарқандий ва Ибн Яҳё каби олимлар томонидан давом эттирилди [5: в. 162a]. Бу уч кишидан бири Рустуфағний [14: в. 154, 15: в. 105b] Мотуридийнинг шогирдидир. Қолган икки киши эса ундан таълим олган икки машҳур олимнинг шогирдларидир. Абу Салама [1: 358, 16: 5] Абу Аҳмаднинг, Ибн Яҳё [17] эса Рустуфағнийнинг шогирдларидир. Бу шахслар Мотуридий каби халқ орасида оддий ҳаёт кечиришиб, фикрлашда эса таъвил ва ақлдан фойдаланиш кераклигини ёқлайдилар. Шу сабабли Рустуфағний, Абу Салама ва Ибн Яҳё Мотуридийнинг илк вакиллари (издошлари) ҳисобланишади [6: 260].

Абу Мансур Мотуридий вафотидан сўнгра Рустуфағний [3: 139] ва Абдулкарим ибн Мусо ибн Исо Паздавий   [3: 135] (390/1000) каби шогирдлари; Абу Салама [3: 135] ва Ибн Яҳё [3: 141] каби шогирдларининг шогирдлари Мотуридийнинг асарларини ўқидилар, ўқитдилар ва устозлари каби халқ орасида оддий ҳаёт кечиришди, таъвилни зарур ҳисоблаб, ақл юритиш/раъйни ёқлашди ва ҳимоя қилишди. Ибни Яҳёнинг “Шарҳу жумали усулид дин” асарида келтирган маълумотга кўра, Мотуридийдан сўнг Жузжония мактаби фаолияти Рустуфағний томонидан давом эттирилган [18: в. 162а].

Мотуридийнинг шогирдлари фақатгина унинг фикрларини ўргатибгина қолмасдан, балки унинг асарлари ва кароматларини ҳам бошқаларга етказишган. Абул Юср Паздавийнинг “Усулуд дин” номли асарида келтирилган қуйидаги маълумот ҳам буни тасдиқлайди:

“Зоҳид имом Абу Мансур ал-Мотуридий (333/944)нинг Аҳли сунна вал жамоа мазҳаби асосида ёзилган тавҳид илмига доир бир китобини кўриб чиқдим. Абу Мансур Мотуридий Аҳли сунна вал жамоанинг раисларидан бири бўлган. Шайх ва имом отам ҳамда зоҳид бобом менга шайх ва имом Абдулкарим ибн Мусодан нақл қилиб, унинг кароматлари ҳақида сўзлаб берган эди. Зеро, бизнинг бобомиз ва мазҳабдошларимизнинг китобларини ҳамда шайх имом Абу Мансур Мотуридийнинг “Китобут Тавҳид” ва “Китобут Таъвилот”ининг маъноларини яхши ўзлаштирган эдилар” [19: 3].

Хулоса ўрнида, Жузжония мактаби вакиллари Абу Ҳанифанинг қарашлари ва услубларини ўз ҳолича қабул қилиб, давом эттирган  ҳанафий мазҳабига мансуб кишилардир. Бу мактабнинг энг муҳим ва энг машҳур вакили Абу Ҳанифанинг қарашларини тизимлаштирган Абу Мансур Мотуридийдир.

 

Иёдия мактаби (IV/X-V/XI асрлар)

Дорул Иёдия IV/X асрнинг бошларида Абу Аҳмад Иёдий томонидан Дорул Жузжониянинг муқобили сифатида Самарқандда ташкил этилгани тахмин қилинади. Фикримизча, бу мактабга мансуб кишилар муташобиҳ оятларнинг таъвил қилиниши ва ақлнинг далил сифатида қўлланилишига қарши чиқишган. Бу икки масалада Аҳли Раъйдан ажралиб, Аҳли Ҳадисга мойил бўлишган. Абу Аҳмад Иёдий ва Ҳаким Самарқандийга нисбат берилган “ас-Саводул аъзам” номли асарга шарҳ ёзган киши ёки кишилар ана шу мактабнинг вакиллари бўлишган деб тахмин қиламиз [13: в. 277b]. Бундан келиб чиқадики, Самарқандда Дорул Иёдияга мансуб уламолар Сомонийлар давлатининг қулашига қадар ўртага чиққанлар. Бу гуруҳга Сомонийларнинг амирлари билан яхши алоқада бўлган Ҳаким Самарқандий ва Абу Бакр Иёдий каби олимларни киритиш мумкин. Дарҳақиқат, Сомонийлар амири томонидан Ҳаким Самарқандийга ёздирилган “ас-Саводул аъзам” асарининг ниҳоясида ўша давр Самарқанд олимларининг номлари зикр этилишига қарамасдан, Мотуридий исми зикр қилинмаган [20: 32]. Ҳолбуки, Мотуридий Ҳаким Самарқандийнинг дарс борасидаги ҳамроҳи (бирга таҳсил олган) [5: в. 160b-161b] ёки устози [5: в. 160b-161b] бўлгани ҳақида ривоятлар бор [15: в. 130a].

Бу мактаб вакиллари сифатида Абу Бакр Иёдий ва укаси Абу Аҳмад Иёдийларни кўришимиз мумкин [21: в. 251a-b]. Мотуридийнинг замондоши ва Самарқанднинг энг кўзга кўринган олимларидан бири Абу Бакр Иёдий халқ томонидан севилиб, унинг ҳурмат-эътиборини қозонган киши эди [5: в. 160b, 22: 104, 23: 67]. “Шарҳу жумали усулид дин”да келтирилган ривоятга кўра, Абу Бакр Иёдий вафотидан сўнг у ҳақида фақиҳ Абдуссамад ибн Аҳмад Арбинжоний Мотуридийнинг қуйидаги сўзини нақл қилган: “Диний илмлар ва ҳукмларни ўргатиш борасида бу умматнинг олимлари Аллоҳ томонидан юборилган пайғамбарлар кабидирлар. Ўтмишда бир пайғамбарнинг даври тугаб, ечилиши лозим бўлган масалалар юзага чиққанида уни ечадиган бир олим қолмаганида янги бир пайғамбар юборилгани каби, бу умматнинг ичида ҳам ҳар бир асрда вафот этган фақиҳларнинг ўрнига ё янги бир олим келади ёки қиёмат қоим бўлиши керак бўлади; чунки Аллоҳ инсонларни йўлбошчи (ҳидоят)дан маҳрум қолдириши мумкин эмас” [5: в. 18b-19a].

Абу Бакр Иёдийнинг таъзиясида Мотуридий номининг зикр этилиши ва юқорида келтирилган сўзининг нақл қилиниши Мотуридийнинг Самарқанд мактабида жуда муҳим бир мавқега эга эканлигини кўрсатади. Шунингдек, бу ёзув IV/X асрнинг 2-ярмида содир бўлган баъзи бир сиёсий тўсиқларга қарамай, унинг номи ва ғоялари кенг жамоатчилик томонидан қабул қилингани ва жамиятда ўз аксини топганлигини ҳам кўрсатади.

Отабек МУҲАММАДИЕВ
Нашрлар бўлими бошлиғи

 Фойдаланилган манбалар:

  1. Абул Муъин Маймун ибн Муҳаммад Насафий. Табсиратул адилла. Claude Salame таҳқиқи. Шом, 1992.
  2. Сўнмаз Қутлу. Абу Мансур Мотуридий мазҳабининг орқа плани. Ankara 2003.
  3. Aхмет Ак. Буюк турк олими Мотуридий ва мотуридийлик.
  4. Насафий. ал-Қанд. 23, 29, 50, 243.
  5. Ибн Яҳё. в. 121b, 160b-162a.
  6. Аширбек Мўминов-Anke Von Kuegelgen. Мотуридий даврида Самарқанд илоҳиётчилари (IV/X асрлар), 266.
  7. Сўнмаз Қутлу. Туркларнинг мусулмонлашиши жараёнида муржиъийлар ва уларнинг таъсири.
  8. Қураший, I, 60, II, 246, 296.
  9. Лакнавий, 14.
  10. Абдулқодир Шенер. Жузжоний Абу Сулаймон. DİA, VIII, 98.
  11. Ибн Надим. ал-Фиҳрист. 259.
  12. Метин Юрдағур. Жузжоний Абу Бакр. DİA, VIII, 97.
  13. Ҳосирий, в. 276a.
  14. Рустуфағний. ал-Асъила вал ажвиба. в. 154.
  15. Кафавий. Катоиб в.105b.
  16. Абу Салама. Жумалу улудин дин. “Муҳаққиқ муқаддимаси”, 5.
  17. Абу Закариё Яҳё ибн Исҳоқ. Шарҳу жумали усулид дин ли Абу Салама ас-Самарқандий, Сулаймония кутубхонаси, Шаҳид Али Пошо бўлими, рақ. 1648/II, в.161b -163a; Ahmet Saim Kılavuz бу асарнинг муаллифи номаълум деган фикрда. Қиёсланг: Абу Салама ас-Самарқандий ва Ақоид рисоласи. Ahmet Saim Kılavuz таҳқиқи. İstanbul 1989, –Б. 5; лекин Anke Von Kuegelgen ва Аширбек Мўминов асар муаллифининг Абу Закариё Яҳё ибн Исҳоқ деган фикрни ёқлашган. Биз ҳам шу фикрга қўшилган ҳолда мазкур ҳар икки асарда ҳам, Ибн Яҳё исми зикр этилгани учун бундан кейин ушбу асар муаллифини, Ибн Яҳё, асари эса Шарҳу жумал шаклида келтирамиз.
  18. Ибн Яҳё. Шарҳу жумали усулид дин, в. 162a.
  19. Паздавий. Усулид дин, 3.
  20. Ҳаким Самарқандий. Китобус Саводул аъзам, 32.
  21. Муҳаммад ибн Иброҳим Ҳосирий. Ал-ҳовий фил фатово. Сулаймония кутубхонаси, Ҳакимўғли Али Пошо. nr.: 402, в. 251a-b; Мазкур асар Шукру Ўзен томонидан таҳқиқ ва тадқиқ этилиб, турк тилига таржима қилинган. Қаранг: Ўзен. IV/X асрларда Мовароуннаҳрда Аҳли суннат ва мўътазила кураши. İslâm Araştırmaları Dergisi, sayı IX, İstanbul 2003.
  22. Самъоний. IX/104;
  23. Ўзен. Аҳли суннат ва мўътазила кураши. 67.

Check Also

ЎРТА ОСИЁДА «ТУРК» ГУРУҲИ ВАКИЛЛАРИ ЯШАЙДИГАН ҲУДУДЛАР ВА УЛАРНИНГ ИЧКИ ЭТНИК ТАРКИБИ

XIX аср охири – XX аср бошларида Ўрта Осиё халқлари орасида миллий мансублик тушунчаси яхлит …