Home / МАҚОЛАЛАР / ИСЛОМ – МЕҲР ЧАШМАСИ

ИСЛОМ – МЕҲР ЧАШМАСИ

Ислом меҳр-мурувватга, эзгуликка чорлайдиган, раҳмдилликни тараннум этадиган диндир. Ояти карима ва ҳадиси шарифларда Аллоҳнинг бандаларига нисбатан марҳаматли бўлиши тарғиб этилган. Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)нинг ибрат назари билан қарасак, қилган ишлари ва айтган сўзлари устида тафаккур юритсак, бу диннинг асосий тушунчалардан бири меҳр эканлигига амин бўламиз. Аллоҳ таоло ушбу динни инсониятга олиб келган зот ҳақида “Батаҳқиқ, Биз Сени оламларга фақат раҳмат қилиб юборганмиз!” (Анбиё: 107) дея марҳамати бежиз эмас. “Раҳмат” сўзи раҳм-шафқат, марҳамат, мурувват маъноларини беради. Кишилар ҳаётнинг барча жабҳаларини қамраб олади. Раҳмат – меҳр қирраларининг энг буюкларидан биридир[1].

Муҳаммад  (с.а.в.)нинг  айтган  сўзлари,  қилган ишлари  ёки  у  кишига  берилган  сифатларни  ўзида  мужассам қилган  ривоятлар  –  ҳадислар  деб  аталади.  «Ҳадис»  сўзининг луғавий  маъноси  –  “янги”,  “хабар”,  “ҳикоя”,  “сўз”  бўлиб,  –  ал-ҳадис  ан-Набавий  (Пайғамбар  сўзлари)дир.

 Ҳадиси Шариф – меҳр, шафқат, ҳиммат, эъзозу эътибор, бағрикенгликнинг қиёси йўқ китоби, ёдгорлиги, бебаҳо хазинасидир.

Ҳадислар  икки  қисмдан:  айнан  хабар  берувчи  матн  ва  уни ривоят қилган ровийлар занжири – Муснаддан иборат. Ҳадислар  Ислом  динининг  Куръондан  кейинги  иккинчи манбаси ҳисобланиб,  кўпгина  фиқҳий  масалаларни  ҳал  этишда уларга асосланилади[2: 93-94].

Меҳр барча замонлар ва маконларда ўзига хос аҳамият касб этган. Ислом динида пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) бу борада ўрнак ҳисобланадилар. 

“Болага меҳрибонлик кўрсатиш, – деганлар пайғам-баримиз, ота-онанинг вазифаси ва боланинг ҳаққидир”.

Инсон зоти доимо меҳр-муҳаббатга эҳтиёжли бўлади. Айниқса, болалар бу нарсага жуда ҳам муҳтожлар. Меҳр-муҳаббат дини бўлмиш Ислом, шунинг учун ҳам болаларга меҳр-муҳаббат кўрсатишни ота-оналарга вазифа этиб юклаган.

Абу Ҳурайра (р.а.)дан ривоят қилинади, “Расулуллоҳ (с.а.в.) ўз ҳузурларида Ақраъ ибн Ҳобис Таймий ўтирганда Ҳасан ибн Алини ўпдилар. Шунда Ақраъ:

“Менинг ўнта болам бор. Улардан бирортасини ўпганим йўқ”, – деди[3: 331].

Шунда Расулуллоҳ (с.а.в.) унга назар солдилар-да, сўнг:

“Раҳм қилмаганга раҳм қилинмас”, – дедилар”. Бухорий, Абу Довуд ва Термизийлар ривоят қилганлар.

Расулуллоҳ (с.а.в.) ўта болажон зот эдилар. Ул зот набиралари ичида Ҳасан ва Ҳусайнни жуда ҳам яхши кўрар ва уларга меҳрибонлик кўрсатар эдилар.

Ривоятда у зот (с.а.в.)нинг Ҳасан розияллоҳу анҳуга кўрсатган меҳрлари, саҳобалардан бирининг бунга бўлган муносабатлари ва муносабатнинг Расулуллоҳ (с.а.в.) томонларидан баҳоланиши ҳақида сўз кетмоқда.

Усома ибн Зайд (р.а.)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени олиб, сонларига ўтқазиб Ҳасанни эса бошқа сонларига ўтқазар эдилар. Сўнгра сонларини бир-бирига қўшиб туриб: “Аллоҳим! Иккисини раҳм қилгин, мен уларга раҳм қилурман”, – дер эдилар”[3: 332].

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Бир аъробий Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келди ва: Сизлар болаларингизни ўпасизларми? Биз уларни ўпмаймиз”, – деди.  Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ қалбингдан раҳматни суғуриб олган бўлса, мен нима ҳам қила олар эдим”, – дедилар”.

Меҳрни қучоқлаб ўпишганда ҳам туйиш мумкин. Киши болаларини фақат кўришганда ва хайрлашганда эмас, шунчаки ҳар замонда меҳр билан ўпиб турса фарзандларига  бўлган меҳри янада ошар экан.

Шаъбийдан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (с.а.в.): “Албатта, киши боласининг бошини силаганига ва аёлига яқинлик қилганига ҳам ажр олади”, – дедилар”. Ҳусайн Марвазий ривоят қилган.

Мусулмон одам ўз боласига меҳр кўрсатиб, унинг бошини силаб, кўнглини овутиб, тарбия маъносида қилган ҳаракатларига ҳам албатта ажр олади. Демак, бола тарбияси учун қилинадиган ҳар бир ҳаракат ажрсиз, савобсиз қолмас экан. Боланинг бошини силашда одамнинг ўзи роҳат топади. Лекин шу нарса болага ҳам яхши таъсир қилганидан, Аллоҳ таоло бунинг учун ота-онага ажр-савоб берар экан. Ота-она боласининг бошини силагани учун ҳам ажр олар экан, уни едириб-ичиргани, кийдиргани, ўқитгани, Қуръон ёдлатгани, одоб-ахлоқдан тарбия бериб қийналгани учун оладиган савоблари қанча бўлишини ўзингиз тасаввур қилаверинг.

Демак, ота-онанинг бола учун қиладиган ҳеч бир ҳаракати савобсиз, ажрсиз кетмас, дунё-ю охиратнинг бахту саодатига сабаб бўлмай қолмас экан.

Қизларга алоҳида ҳурмат ва меҳр билан муносабатда бўлиш ҳақида Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг кўрсатмалари ҳам бор. Чунки қизлар меҳрга муҳтож, ўзлари ожиза бўлишади. Шу боис улар тарбиясида эътибор, меҳр-мурувват ва эҳтиёткорлик кўпроқ зарур бўлади[3: 333]. Ҳусайн Марвазий ривоят қилган.

Бу ҳадис аввалги ривоятнинг бир оз кенгроқ баёни экан. Бу ерда ота ўз ҳузурига келган иккала фарзандининг ҳам бошини силагани ҳақида сўз кетмоқда, яъни иккисига бир хил меҳр кўрсатган. Фақат уларни ўтқазишда орада фарқ содир бўлган. Ана ўша нарса ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг эътиборларидан четда қолмаган.

Тарбия ҳам ота-оналарнинг бурчи ва фарзандларнинг ҳаққидир. “Тарбия” сўзи арабча “робба” феълидан олинган бўлиб, ўстирди, зиёда қилди, риоясига олди, раҳбарлик қилди маъноларини билдиради. Мусулмон уламолар “тарбия”ни бир неча хил таъриф қилганлар. Жумладан, Имом Байзовий қуйидагича таърифлайди: “Тарбия бир нарсани аста-секин камолига етказишдир”. Роғиб Асфиҳоний тарбияга қуйидагича таъриф беради: “Тарбия бир нарсани бир ҳолдан иккинчи ҳолга ўтказа бориб, батамомлик нуқтасига етказиш яъни комилликка етказиш. Тарбия маъноларидан бири инсоннинг диний, фикрий ва ахлоқий қувватларини уйғунлик ҳамда мувозанат ила ўстиришдир”[3: 339].

Исломда болалар тарбияси ота-онанинг энг масъулиятли ва узоқ давом этадиган бурчларидир. Бошқа бурчлар баъзи ишларни қилиш ёки мулкни сарфлаш билан охирига етади. Аммо тарбия масъулияти бардавом бўлади. Зотан, ота-онанинг фарзанд неъматига ҳақиқий шукрлари ҳам айнан тарбия масъулиятини шараф билан адо этиш орқали юзага чиқади. Амалий шукр – берилган неъматни, неъмат берувчи зотни рози қиладиган тарзда тасарруф қилиш билан бўлади. Бинобарин, фарзанд неъматига амалий шукр қилиш ўша фарзандни Аллоҳ таолога итоат қиладиган банда қилиб тарбиялаш билан юзага чиқади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳар туғилган бола фақат фитрат (соф табиат) ила туғилади. Бас, ота-онаси уни яҳудий ёки насроний ёки мажусий қилади. Бу худди ҳайвоннинг бус-бутун ҳайвон туғишига ўхшайди. Сиз унда қулоқ-бурни кесилганини ҳис қилганмисиз?” дедилар. Сўнгра Абу Ҳурайра “Агар хоҳласангиз: “(Бу) Аллоҳ одамларни яратган асл фитратдир. Аллоҳнинг яратганини ўзгартириб бўлмас. Ушбу тўғри диндир”, деган оятни ўқинг”, дер эди[3: 340].

Тарбиянинг бир қисми болага одоб ўргатишдир. Бизнинг тилимизда “одоб” тарзида талаффуз қилинишга одатланиб қолинган арабча “адаб” сўзи, аслида, “маъдаба” ўзагидан олинган. “Маъбада” сўзи одамлар даъват қилинган зиёфатни англатади. Одоб ҳам одамлар доимо даъват қилинадиган маънавий “маъдаба” – зиёфат бўлганлиги учун шу номни олган.

Абу Муҳаммад “Китоб ул-ваҳй” номли асарларида: “Одоб одамларни мақталган нарсаларга чақиргани учун “одоб” деб номланган”, – дейдилар.

Абу Зайд раҳматуллоҳи алайҳ: “Одоб фазилатларидан бирига элтувчи яхши уринишга ишлатиладиган исмдир”, – деганлар[3: 342].

Саъийд ибн Осс (р.а.)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (с.а.в.): “Ҳеч бир ота ўз фарзандига яхши одоб ўргатишдан ортиқ ҳадя қила олмайди”,  – дедилар”.

Анас ибн Молик (р.а.)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (с.а.в.): “Фарзандларингизни ҳурматланг ва уларнинг одобини гўзал қилинг”, – дедилар”. Пайғамбаримиз (с.а.в.) яна бундай деганлар: “Авлодларингизни, биринчидан: “Аллоҳни севадиган қилиб  тарбияланглар…” Чунки Аллоҳ таоло уни йўқдан бор этиб, ота­-онани унинг дунёга келишига сабабчи  қилди.  Ва  уларнинг  қалбларига фарзанд  меҳру муҳаббатини  солди.  Агар  Аллоҳ  таоло фарзанд муҳаббатини қалбга солмаганида, уни бағрига босмасди,  раҳм­-шафқат  қилмасди,  кўчага  ташлаб  кетган бўларди. Шунинг учун фарзанд Аллоҳ таолони севиб, унга шукрлар қилиши лозим.

Иккинчидан: “Аллоҳнинг  Расулини  севадиган  қилиб  тарбияланглар”.  Чунки  Аллоҳ  таоло  Расулуллоҳни  (с.а.в.ни халқ  орасидан  танлаб  олиб,  халққа пайғамбар қилиб юборган. Пайғамбаримиз инсонларга ота-онасидан ҳам меҳрибонроқ бўлган, дунёдаги барча яхшиликларни ўргатган зот, бутун дунё аҳлининг устози саналади.

Учинчидан: “Аллоҳнинг  Китобини  севадиган  қилиб  тарбияланглар…”. Чунки китоб инсониятни ҳидоятга чорлайди[4].

Таҳлиллар натижаси пайғамбаримиз томонидан яратилган тарбиявий қадриятларни ўрганиш, ёшларни комил инсон бўлиб вояга етишида муҳим аҳамият касб этади. Ҳадислар – кишида одоб-ахлоқ, меҳр-оқибат, маънавият, ва инсонпарварлик туйғусини шакллантиришда асосий манба ҳисобланади.

Рўзигул БОЗОРОВА,
ТИҚХММИ Бухоро филиали ўқитувчиси
ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:
  1. https://islom.uz/maqola/1360
  2. Йўлдошхўжаев Ҳ., Раҳимжонов Д., Комилов М. Диншунослик, –Т., 2000.
  3. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Бахтиёр оила. –Т.: Ҳилол-нашр, 2014.
  4. Алимов У. Оилада фарзанд тарбияси. –Т.: Мовароуннаҳр, 2014. Электрон манзил: http://www.muslim.uz.

Check Also

БУЖАЙРИЙ НИСБАЛИ РОВИЙЛАР СИЛСИЛАСИ

IX-XII асрлар ислом оламида илм-фан ривожининг олтин даври сифатида эътироф этилган. Кўплаб манбаларда айни ўша …