Home / МАҚОЛАЛАР / Марказ манбалар хазинасида сақланаётган “Али Мусҳафи”

Марказ манбалар хазинасида сақланаётган “Али Мусҳафи”

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази манбалар хазинасида Қуръони каримнинг қадимги нусхаларидан бирининг факсимилеси сақланмоқда. ИҲТнинг Ислом тарихи, санъати ва маданиятини ўрганиш маркази (ИРСИКА) томонидан тақдим этилган ушбу китоб-альбом Яман пойтахти Санъо шаҳридаги  “Жомиъул кабир” масжиди кутубхонасида сақланаётган Қуръони қаримнинг қадимги нусхаси асосида тайёрланган.

“Жомиъул кабир” масжиди ер юзидаги энг қадимий масжидлардан бири бўлиб, ҳижрий VI асрда қурилган. Унинг таркибидаги кутубхонада Қуръони каримнинг энг қадимги нусхалари сақланади. Уларнинг айримлари Али ибн Абу Толибга (розияллоҳу анҳу) мансуб дейилган. Туркиялик олим доктор Тайёр Олти Қулоч улар орасидан нисбатан тўлиғини танлаб, унинг устида изланиш олиб борган ва ушбу тадқиқотлар натижаси ИРСИКА томонидан 2011 йилда нашр этилган.

“Санъо Мусҳафи” номи билан ҳам аталадиган ушбу Мусҳаф бугунги кундаги мавжуд энг қадимги мусҳафлардан биридир. У асрлар оша “Али Мусҳафи” номи билан шуҳрат қозонган. Тадқиқотчи Али ибн Абу Толибга (розияллоҳу анҳу) нисбат берилган ушбу мусҳафни айнан у кишининг қўли билан ёзилган, деган фикрдан йироқ. Унинг фикрича, мусҳаф ҳазрати Алининг шахсий мусҳафидан ёки ҳазрати Али қироатига мувофиқ келган мусҳафдан кўчирилган.

Олим шуни алоҳида таъкидлайдики, ушбу мусҳаф суралар тартиби бўйича “Усмон” мусҳафларига тўлиқ мувофиқ келади. Шунга кўра, у хоссатан Усмон ибн Аффонга (розияллоҳу анҳу) мансуб бўлган Мадина мусҳафидан ёки унинг бошқа нусхаларидан кўчирилган бўлишининг эҳтимоли бор.

Маълумки, Қуръони карим нозил бўлган биринчи вақтлардан бошлаб уни ёзиб бориш ҳам йўлга қўйилган эди. Саҳобалар ичида ёзишни биладиганлари, шу жумладан, Абу Бакр, Умар, Усмон, Али, Зайд ибн Собит, Убай ибн Каъб, Абон ибн Саид, Холид ибн Валид, Собит ибн Қайс, Муовия ибн Абу Суфён (розияллоҳу анҳум) каби саҳобалар хурмонинг пўстлоғи, япалоқ тошлар, катта суяклар, тери, қоғоз ва шунга ўхшаш нарсаларга Қуръонни ёзиб борганлар.

Шундай қилиб, йигирма уч йил давомида Қуръони карим саҳобалар томонидан ёдлаш баробарида тўлиқ ёзиб ҳам олинган. Убай ибн Каъб, Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳумо) сингари саҳобалар ўзлари учун алоҳида мусҳафлар ёзиб олганлар. Дарҳақиқат, ушбу мусҳафлар расмий Усмон мусҳафидан олдин ёзилган. Усмон мусҳафи ёзилгандан кейин эса саҳоба ва тобиъийнлар томонидан мазкур мусҳафга мувофиқ кўплаб нусхалар кўчирилгани тарихдан маълум.

Доктор Тайёр Олти Қулоч баъзи саҳобалар, хусусан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг айрим рафиқаларининг (розияллоҳу анҳунна) хос мусҳафлари бўлгани ҳақидаги маълумотларга таяниб, Алининг (розияллоҳу анҳу) ҳам бу хайрли ишдан четда қолган бўлиши мумкин эмас, деган хулосага келган.

Шунинг баробарида, олим тадқиқоти давомида Ҳазрати Алининг (розияллоҳу анҳу) мусҳафи бўлгани, жумладан Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи васаллам) вафотларидан кейин уч кун уйидан чиқмай мусҳафни жамлаб чиққани ҳақидаги ривоятларни келтириб, уларнинг айримларида санад йўқлиги, яна айримларининг санади заифлигини айтади ва бу ривоятлар ҳазрати Алининг хос мусҳафи бўлганини исботлашга етарли эмаслигини таъкидлайди.

Олим бу изланишлари билан Ямандаги асрлар оша “Али Мусҳафи” деб номланган ушбу мусҳафи шарифнинг ҳақиқатда ҳазрати Алига мансуб ёки йўқлиги аниқлашга уринган. Аниқлашича, мазкур мусҳаф Усмон ибн Аффон (розияллоҳу анҳу) ёздирган мусҳафлар, ҳамда бугунги кунда мусулмонлар ўқиётган Усмон мусҳафи билан мувофиқ келсада, лекин айнан улардан бирининг такрори эмас. Усмон мусҳафлари билан бу мусҳаф ўртасида кўплаб ўринда имловий, сўзларнинг ёзилишида фарқлар мавжуд. Жумладан, Макка мусҳафидан 16 ўринда, Куфа мусҳафидан 14 ўринда, Басра мусҳафидан 12 ўринда, Шом мусҳафидан 20 ўринда фарқли жойлар бор. Бу эса Усмон мусҳафи ҳамда “Санъо мусҳафи” ўртасини боғлашни қийинлаштиради.  

Лекин “Санъо мусҳафи” ҳазрати Усмон (розияллоҳу анҳу) Мадинада қолдирган мусҳафга ўта яқиндир. Мусҳафнинг мавжуд қисмлари билан мадина мусҳафи солиштирилганда бор йўғи учта фарқ борлиги маълум бўлади. Булар “Моида” сурасининг 54 оятида келган “يرتد” сўзи ва “Мўминун” сурасининг 112 оятидаги “قال كم لبثتم” жумласи ва 114 оятидаги “قال ان لبثتم” жумлаларидир.

Тадқиқот хулосаларига кўра шу аниқланганки, “Санъо мусҳафи” мадина мусҳафлари сирасига киради ва уни кўчиришда Усмон ибн Аффоннинг (розияллоҳу анҳу) Мадинада қолдирган мусҳафига таянилган.

“Санъо мусҳафи”да Абул Асвад Дуалий[1] томонидан қўйилиб бошланган қизил сиёҳли белгиларни кўришимиз мумкин. Уларга эътибор берилса, Дуалийдан кейинги даврларда қўлланилган белгиларга ҳам тўғри келади. Чунки Дуалий фақат сўзларнинг энг охирги ҳарфига белги қўйган. Лекин бу мусҳафда сўзларнинг бошқа ҳарфларига ҳам қизил ранг билан ҳаракат белгилари қўйилган. Ўхшаш ҳарфларни фарқлаш учун қора рангли ишоралардан фойдаланилган. Масалан, “та” ҳарфи устига чапга мойилроқ қилиб иккита қия чизиқча тортилган. Бу белгилар мусҳафни кўчириш асносида ёки кўчириб бўлингандан кейин қўйилган бўлиши мумкин.

Мусҳафда оятлар охирида, ҳар ўнта оятнинг тугаш жойига ва ҳар юзта оят охирида махсус белгилар мавжуд. Суралар ораси эса турли ранглар билан безатилган узун, қалин чизиқлар билан ажратилган.

Тадқиқот натижасида аниқланган жиҳатлардан бири шуки, йиллар, асрлар ўтиши “Санъо мусҳафи”га таъсир қилмасдан қолмаган, айрим ҳарфлар ўчган, саҳифалар йиртилган, кўплаб саҳифалар йўқолган. Мусҳафда ҳаммаси бўлиб 49 сура тўлиқ ҳолда сақланган.

Факсимиле нусхани очганимизда саҳифанинг тепа қисмида мусҳафнинг расми туширилганини кўришимиз мумкин. Ёзувлар 18-20 қатордан иборат. Саҳифанинг пастки қисмида эса замонавий, ўқиш осон бўлган араб ёзувида расмдаги оятлар қайта ёзиб чиқилган. Пастки ҳавола қисмида айрим сўзлар Қоҳира ва Макка мусҳафлари сингари қадимги мусҳафлар билан солиштирилган. Қиёсий таҳлил қилинган.

Мусҳафнинг мавжуд саҳифаларининг аксарияти яхши ҳолда сақланган. Ушбу китобь албомнинг ўзига хос жиҳатларидан яна бири, у исломнинг аввалги даврларидаги ёзувлар шакли ҳақида тасаввур бериш билан бир қаторда, уларни ўқиш кўникмасини ҳосил қилишга кўмаклашади. Ўша давр вакилларининг кенг илмлари, фасоҳатлари ҳақида маълумот беради.   

Бундан ташқари китоб-альбом билан танишиш давомида араб ёзуви тарихи, дастлабки мусҳафлар ва Усмон ёзуви, мусҳаф ёзишда эргашиш лозим бўлган қоидалар, Усмон ибн Аффонга (розияллоҳу анҳу) мансуб мусҳафлар, Али ибн Абу Толибга (розияллоҳу анҳу) мансуб мусҳафлар ҳақида батафсил маълумот олиш мумкин. Бундан ташқари, китоб-альбомда “Усмон мусҳаф”нинг бугунги кунда мавжуд энг қадимги нусхаларидан намуналарни ҳам кўрамиз. Дастлаб Тошкентда сақланаётган мусҳафдан намуна келтирилган. Истанбулда, Қоҳирада, Лондонда, Парижда, Санк Петербургда, Берлинда  сақланаётган мусҳафлардан намуналар берилган.  

Салкам 13 асрлик тарихга эга ушбу мусҳафнинг факсимиле нусхаси бугун Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази манбалар фондини бойитиб турибди. Бу бизга Аллоҳнинг каломига доир қимматли бойлик бўлиш билан бир қаторда Қуръоннинг ноёб қўлёзмалари билан шуғулланишни мақсад қилган тадқиқотчилар учун муҳим манба вазифасини ўтаб беради. 

Усмонхон Муҳаммадиев
Илмий-тадқиқотлар бўлими катта илмий-ходими
[1] Абул Асвад Дуалий, улуғ тобиъийнлардан, Исломнинг катта уламоси. Басрада қозилик қилган. Унинг икки иши тарихда қолган: наҳв (араб тили грамматикаси) илмига асос солган ҳамда аввал нуқталарсиз ва ҳаракатларсиз бўлган Қуръони карим ҳарфларига нуқталар қўйиб чиққан. Ҳижрий 67 (милодий 687) йили вафот этган.

Check Also

ЎЗБЕКИСТОН ФАЛСАФА ТАРИХИ РИВОЖИДА НАЖМИДДИН КОМИЛОВ ТАСАВВУФШУНОСЛИК МАКТАБИНИНГ ЎРНИ ВА ИЗДОШЛИК АНЪАНАЛАРИ

Инсоннинг ақлий кашфиёти, интеллектуал салоҳияти юқори даражага етган глобал даврни рақамлашган дунё бошқармоқда. Аммо башарият …