Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Марказ тадқиқотчилари Туркиянинг “TÜRKİYE BURSLARI-2020” давлат дастури асосида ўқишга таклиф этилди

Марказ тадқиқотчилари Туркиянинг “TÜRKİYE BURSLARI-2020” давлат дастури асосида ўқишга таклиф этилди

Айни кунларда мамлакатимизда меҳмон бўлиб турган Туркия Республикасининг Хориждаги турклар ва қардош жамоалар бошқармаси бошлиғи Аҳмад Атабош раҳбарлигидаги делегация аъзолари 6 февраль куни Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига ташриф буюрди. Меҳмонларни Марказ директори Ш.Зиёдов кутиб олди ва муассаса фаолияти билан яқиндан таништирди.

Ташриф доирасида Марказ ва Ҳадис илми мактаби илмий жамоаси иштирокида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Унда дастлаб меҳмонларга Марказнинг ташкил этилиши, мақсад ва вазифалари, халқаро ҳамкорлик ва илмий-тадқиқот йўналишида олиб борилаётган ишлар, эришилган ютуқлар тўғрисида маълумот берилди.

Шундан сўнг, Аҳмад Атабош ўзи фаолият кўрсатаётган ташкилот ҳақида сўзлаб берди.

Меҳмон айни кунларда Туркиянинг нуфузли университетларида бепул ўқиш истагида бўлганлар учун «TÜRKİYE BURSLARI-2020» давлат дастурига ҳужжатлар қабул қилиш жараёни давом этаётганини билдириб, мазкур дастурнинг мазмун-моҳияти, афзалликлари, талабалар учун яратилган шароит ва имкониятлар ҳақида маълумотлар берди. Унинг таъкидлашича, грант дастури учун дунёнинг 170 давлатидан 150 минг мурожаат қабул қилинган. Бу йилги талабгорлардан 4 минг кишига грант ажратилган. Грант соҳиби бўлганлар бир маротаба Туркияга бориш ва таҳсилни тугатгандан кейин уйга қайтиш авиачиптаси, бир йиллик турк тили ўқув курси, таълим тўловлари, турар жой, ойлик стипендиялар, барча тиббий муассасаларда қабул қилинадиган умумий тиббий суғурта билан таъминланади.

Мулоқот давомида Аҳмад Атабош Марказ ҳафқидаги таассуротлари билан ўртоқлашди.

– Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази фаолияти билан танишиш жараёнида муассасанинг музей фондидан ўрин олган Имом Бухорийнинг илмий сафарлари акс этган харита диққатимни тортди. Буни қарангки, Муҳаддислар султони илм олиш истагида қарийб ўн тўрт минг километр масофани босиб ўтган эканлар. Бундан жуда ҳам таъсирландим. Ажабмас яқин келажакда ушбу муассасадан Имом Бухорий издошлари етишиб чиқса. Марказда яратилган шароитлар, тадқиқотчилар томонидан олиб борилаётган ишлар мени қувонтирди. Албатта, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Марказни ташкил этиш ҳақидаги эзгу ташаббуси яқин келажақда ўз самарасини беради.

Ташкилотимиз Туркия Республикасининг хориждаги фуқаролари ва қардош халқлар билан алоқаларни мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилган бўлиб, асосан уч йўналишда фаолият олиб боради. Туркия ташқарисидаги турк диаспораси билан алоқаларни мустаҳкамлаш, қардош халқлар билан муносабатларни кенгайтириш, хорижлик талабаларга Туркияда давлат грантлари асосида таълим бериш асосий йўналишларимиз саналади. Ташкилотимиз Марказ тадқиқотчиларининг Туркиядаги олий ўқув юртларида таълимнинг барча босқичларида таҳсил олиши учун грантлар ажратишга, уларга зарур шароитлар яратиб беришга тайёр эканини билдираман,- деди Хориждаги турклар ва қардош жамоалар бошқармаси бошлиғи Аҳмад Атабош.

Очиқ ва самимий мулоқот тарзида ўтказилган давра суҳбатида ҳар икки томон вакиллари ўзларининг қизиқтирган саволларига жавоблар олишди.

Мулоқот сўнгида меҳмонларга Марказнинг эсдалик совғалари топширилди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

«ЎРТА ОСИЁ ҚЎЛЁЗМАЛАРИ КОДИКОЛОГИЯСИ ЭЛEМEНТЛАРИ»

1-2 май, 2024 йил соат 10:00 да Ўтказиш жойи: Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро …