Ватан – муқаддас макон. Уни ёмон кўзлардан асраш, тинчлиги ва фаровонлиги йўлида хизмат қилиш ҳар бир мусулмон учун ҳам фарз, ҳам қарздир. Муқаддас динимиз таълимотида Ватан ҳимояси, миллат фаровонлиги ва дин равнақи йўлида жон берган кишиларга шаҳидлик мақоми берилиши айтилган. Саид ибн Зайд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Молини, жонини, динини ва аҳлини ҳимоя қилиш йўлида ҳалок бўлган киши шаҳид мақомидадир”, деганлар” (Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривояти).
Дарҳақиқат, бундай кишига шаҳидлик мартабаси берилиши бежиз эмас. Чунки у инсон учун энг азиз бўлган нарсани ҳимоя қилишга бел боғлаган. Акс ҳолда, унинг шаъни ва ғурури топталар эди. Ҳадисда санаб ўтилган мол, жон, дин ва оила инсон ҳаётининг мазмуни – унинг Ватанини ифода этади.
Мусулмон мутафаккири, тарихчи олим, ўз даврида Қоҳира шаҳрида шариат олий қозиси лавозимида ишлаган Ибн Халдун: “Ватан – бу инсоннинг туғилиб ўсган ери, унинг гўдаклик чоғиданоқ меҳр қўйган ўчоғидир”, деб таърифлаган.
Ватан ҳимоячиси бўлиш энг шарафли бурчдир. Киндик қони тўкилган, ёшлиги кечган беғубор дамларни ўз ичига олган муқаддас Ватанни, шу мустақил юртнинг бир қарич тупроғини кўз қорачиғидек асраб-авайлаш инсон учун гўё ўз оиласи, шаъни, ор-номуси ва имон-эътиқодини ҳимоя қилиш кабидир. Бу йўлда фидойи инсон юксак мақомга етиши, улкан савобга эга бўлиши ҳақида кўплаб ҳадислар мавжуд.
Юқорида айтилганидек, муқаддас динимизда Ватанни ҳимоя қилиш ўта шарафли бурч бўлиб, бунинг учун жуда катта мукофотлар ваъда қилинган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кечалари Аллоҳдан қўрқиб ёш тўккан кўзни ва Аллоҳ йўлида тунлари посбонлик қилиб, мижжа қоқмаган кўзни дўзах оташи куйдирмайди”, деганлар (Имом Термизий ривояти).
Яна бир ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бир кун муробата (Ватанни ҳимоя) қилиш дунё ва ундаги нарсалардан яхшироқдир”, деганлар.
Аллоҳ таоло инсонни яратиб, унинг фитратига ер, замин ва она тупроққа муҳаббатни қориштирди. Имом Муҳаммад Ғаззолий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Инсон ўз ерига, гарчи у гиёҳ унмас саҳро бўлса ҳам қаттиқ боғланади. Ватанни севиш инсон руҳиятидаги асл табиатдир. Ушбу табиат Ватанда яшашда ҳузур-ҳаловат, ундан узоқ бўлганда соғинч, ҳужум бўлганда ҳимоя ва камситилганда ғазаб ҳисларини пайдо қилади”.
Ватаннинг тупроғи ёки обрўсига қилинган ҳар қандай фикрий ёки ҳарбий ҳужумга қарши туриш муқаддас бурч саналади. Ватанни севиш ва ватанпарварлик ибодат даражасига кўтарилган соф ва асл исломий қадриятдир. Бундай сифатга эга бўлиш мўминнинг асосий хусусиятларидан биридир.
Муқаддас ислом дини Ватан ҳимоясига камарбаста бўлган мард ўғлонларни алоҳида қадрлайди. Уларнинг беқиёс хизмати эвазига улкан ажр-савобларни ваъда қилади. Ҳанафий мазҳабининг йирик олими Имом Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний раҳматуллоҳи алайҳ қаламига мансуб “Ас-Сияр ул-кабир” асарида бундай дейилган: “Макҳул раҳматуллоҳи алайҳдан ривоят қилинади: “Салмон Форсий розияллоҳу анҳу Форс еридаги қалъада чегарачилик қилиб турган Шураҳбил ибн Симат билан учрашганда унга: “Сенга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитган бир ҳадисни айтиб берайми? У сени янада руҳлантиради деб умид қиламан”, деди. Шураҳбил: “Майли, айтиб бера қолинг”, деди. У бундай деди: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Бир кун чегарада пойлоқчилик қилиш бир ой кундузи (нафл) рўза тутиб, кечаси (нафл) намоз ўқиб чиққандан яхшироқдир. Кимки чегарачилик жараёнида ҳалок бўлса, қабр азобидан омон бўлади. Унинг амали (эвазига бериладиган савоб) то қиёматга қадар кўпайиб туради”, деганларини эшитганман”.
Яна Макҳул раҳматуллоҳи алайҳдан ривоят қилинади: “Чегарачилардан бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келиб: “Мен тоғда бир ғорни кўрдим. Унга кириб тинимсиз ибодат билан машғул бўлсам, то ўлгунимча намоз ўқисам дейман. Эй Расулуллоҳ! Шунга нима дейсиз?” деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ йўлида бир кун пойлоқчилик қилиш ўз аҳли орасида олтмиш йил (нафл) намоз ўқиганидан яхшироқдир!” дедилар”[1].
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бир кеча-кундуз “рибот” (яъни душман қаршисида туриб, чегарани ҳимоя қилиш) бир ой (нафл) рўза тутган ва бир ой кечалари туриб (нафл) ибодат қилгандан яхшироқдир”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Ҳанафий мазҳабининг муҳаддис олими Бадриддин Айний “Умдатул қорий” асарида ушбу ҳадисни қуйидагича шарҳлайди. Ҳадисдаги “рибот” сўзининг маъноси бу душман тарафга қараб туриш, чегарани ҳимоя қилиш ва ёвни юртига бостириб киришдан муҳофаза қилишдир.
Бундай маънодаги ҳадисларни кўплаб келтириш мумкин. Барча муҳаддислар “рибот” сўзини “чегарани ҳимоя қилиш” деб шарҳлайди. Бу юртимиз чегараларида хизмат қилаётган ҳар бир Ватан ҳимоячисига тегишлидир.
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Лайлатул қадрдан ҳам афзал бир кеча борлигини хабар берайинми?! У шундай бир кечаки хавф-хатарли ерда ўзининг аҳлини, Ватанини ҳимоялаш учун қўриқлайдиган қўриқбоннинг кечасидир”, деганлар.
Демак, ушбу ҳадислардан маълум бўладики, Ватанни қўриқлаш жуда қийин ва масъулиятли вазифа бўлиши билан бир қаторда, ўзига яраша катта ажр-савобли ҳамдир.
Ислом таълимотида Ватанга хиёнат қаттиқ қораланади. Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда бундай дейилади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Қиёмат куни ҳар бир хиёнаткорга бу дунёда қилган хоинлиги учун шармисор қилувчи байроқ ўрнатиб қўйилади”, деганларини эшитганман” (Имом Бухорий ривояти).
Ислом тарихида “Ҳандақ жанги” номи билан машҳур бўлган жанг вақтида Мадина шаҳрига бостириб келган маккаликлар бошчилигидаги иттифоқчи қўшинга Мадина шаҳрида яшаб, яширинча хайрихоҳлик кўрсатган ва зимдан ёрдам берган қабилаларга нисбатан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қаттиқ жазо берганлар. Демак, Ватанга хоинликни ҳеч қандай диний ва дунёвий қонун ёки таълимот оқламайди. Ватан ҳеч қачон сотилмайди ва унга хиёнат қилинмайди.
Халқнинг бошига оғир кун келганда жонини сақлаш учун уни ташлаб қочиш инсонийликка тўғри келмаслиги барчага маълум. Халқимизда “Ўзга юртда шоҳ бўлгунча, ўз юртингда гадо бўл” деган ҳикматли сўз ҳам бор. Ўз ҳузур-ҳаловатини ўйлаб, ўзгаларни унутган киши ҳеч қачон Ватанига, халқига нисбатан садоқатли бўла олмайди.
Ҳакимлар: “Кишининг вафодорлиги унинг ўз Ватани учун қайғуришидан, биродарларини соғинишидан ва умрининг зое кетказган лаҳзаларига ўкиниб яшашидан билинади”, деган. Инсоннинг ўз халқига бўлган садоқати ва фидойилиги Ватанни ҳимоя қилишга қўшган ҳиссаси билан ўлчанади.