Home / ЯНГИЛИКЛАР / Бугун Бутунжаҳон Брайль куни

Бугун Бутунжаҳон Брайль куни

Брайль ёзуви бўртма новданинг кесилган, ўсимликнинг пайвандланган жойида ҳосил бўладиган қадоклар ёки қабариқлари каби нуқталардан иборат  бўлиб, у кўзи ожизлар ўқиши ва ёзиши учун мўлжалланган. Бу ёзув 1809 йил 4 январда туғилган француз тифлопедагоги Луи Брайль томонидан ихтиро қилинган. Луи Брайль 1812 йилнинг ўрталарида бахтсиз ҳодиса туфайли кўзи ожиз бўлиб қолади. У 1819 йилнинг февралидан Париж шаҳрининг Рустен Виктор кўчасида жойлашган кўзи ожизлар интернат-мактабида ўқий бошлайди. У ёш бўлишига қарамасдан кўп изланди, дастлаб 4, сўнгра 6 нуқтали ёзув тизимини ихтиро қилди. Ихтирочи лотин алифбосидаги ҳарфлар тартибини қабул қилди. Алифбонинг олдинги ҳарфларини белгилаш учун 6 нуқтанинг юқори ва ўрта нуқталаридан  фойдаланган. Бу нуқтали ёзув кўзи ожизларга ўз фикрларини оддий ёки илмий тарзда жаҳоннинг кўплаб тилларида бемалол баён қилиш имконини берди. Кейинчалик бу ёзув лотин ёзуви, Морзе алифбоси каби ихтиролар қаторига киритилди. Брайль ёзуви дунёнинг кўплаб тилларига мослаштирилди. 2018 йил 17 декабрдаги БМТ Бош Ассамблеясининг қарори билан 2019 йил 4 январь куни биринчи маротаба Бутунжаҳон Брайль куни нишонланди. 

Ҳозирги кунда Республикамизда кўзи ожизларнинг ўқиш, ёзишларни ўрганишлари ва уларни бошқа фуқаролар каби барча жабҳаларда тенг иштирокини таъминлаш мақсадида ўндан ортиқ кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болалар учун ихтисослаштирилган махсус мактаб-интернатлар фаолият олиб бормоқда. Кўплаб корхона ва ташкилотларда кўзи ожиз кишилар меҳнат қилмоқда. 2019 йилнинг 22 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлар депутатлигига бўлиб ўтган сайловларда ҳам ҳар бир участкада кўзи ожиз фуқаролар учун Брайль ёзувида ёзилган бюллетенларда овоз бериш ташкил этилди.

Республика марказий кўзи ожизлар кутубхонасида Брайль ёзувида китоб чоп этувчи мини-типография фаолият олиб бормоқда. Бунда Брайль ёзувидаги китоб ва журналлар чоп этилмоқда. Биргина ўзбек ва рус тилларида чоп этиб келинаётган “Бир сафда” журналининг алоҳида ўрни бор. Бу журнали нафақат мамлакатимизда, балки Марказий Осиёда кўзи ожизлар учун ягона матбуот нашри ҳисобланади.

2019 йилнинг 5 декабрь куни Марказимизга ташриф буюрган Покистоннинг Жанубий Африка Республикасидаги Нур-Ислом университети катта устози шайх Фазлур Раҳмон Азлий Марказ кутубхонасига “Саҳиҳ ул-Бухорий” асарининг кўзи ожизларга мўлжаллаб, Брайль ёзувида ёзилган нусхасини совға қилди.

Ислом оламида Қуръони каримдан кейинги энг ишончли манба сифатида эътироф этилган “Саҳиҳ ул-Бухорий” асарини эндиликда Марказга келган кўзи ожиз китобхонлар ҳам ўқишлари мумкин.

Қўлёзмалар билан ишлаш ва музей бўлими бошлиғи,
Йўлдошхон ИСАЕВ

Check Also

Семинар мунозаралар майдонига айланди

Бугун, 2 май куни Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Маданий мерос агентлиги ҳузуридаги Самарқанд давлат …