Home / МАҚОЛАЛАР / ҲАНАФИЙЛИКНИНГ МОТУРИДИЙЛИККА ТАЪСИРИ

ҲАНАФИЙЛИКНИНГ МОТУРИДИЙЛИККА ТАЪСИРИ

Давоми

  1. Салжуқий султонлари ва Ҳанафий фақиҳларининг Шофиъий-Ашъарийнинг бирдамлиги олдида Мотуридий ғояларини қабул қилиши ва қўллаб-қувватлаши ҳанафийларнинг Мотуридий билан бирлашишига олиб келди. Кейинчалик, салжуқийлар Ўрта Шарқ ва Анатолияга бориб ўрнашганида, Мотуридий таълимоти ғояларини қабул қилиб, ҳимоя қилган мовароуннаҳрлик ҳанафий олимларнинг ушбу минтақаларга таклиф этилиши ва уларнинг таълим, суд ва сарой ишларида ҳукмрон бўлишлари ҳанафий-мотуридийликнинг мустаҳкамланишида кўприк вазифасини ўтаган[1].
  2. Абу Мансур Мотуридий ўзидан кейин келган ҳанафий илоҳиётшуносларига катта таъсир кўрсатди. Шунинг учун унинг қарашлари аввал Мовароуннаҳрда, кейин Хуросон ва бошқа минтақаларда ҳанафийлик билан тенгма-тенг тарқалди[2]. Шунингдек, Имом Мотуридий Абу Ҳанифанинг қарашларини тизимлаштиргани учун кейин келган ҳанафий олимлар “Мотуридий ақидасида” дейилган. Демак, Имом Мотуридий ҳам Имом Абу Ҳанифанинг эътиқодий қарашларини ривожлантирган ва тизимлаштирган буюк олим сифатида танилган бўлган.

Юқорида таъкидлаб ўтилганидек, “Китобут Тавҳид” ва “Китобут Таъвил” каби муҳим асарлар ёзган ва кўплаб шогирдлар тарбиялаган Имом Мотуридий ҳаёти давомида ҳам, вафотидан кейин ҳам катта ҳурматга сазовор бўлган[3]. Унинг асарлари ва қарашлари ҳанафий олимлари томонидан авлоддан-авлодга ўтиб келмоқда[4]. Шундай қилиб, Имом Мотуридийнинг қарашлари Мовароуннаҳрнинг маркази бўлган Самарқандда ҳанафийлар орасида тарқала бошлади. Вақт ўтиши билан Имом Мотуридий ҳанафийлар томонидан Аҳли сунна вал жамоанинг таниқли имоми, унинг фикрлари эса Аҳли сунна вал жамоанинг қарашлари сифатида ифодаланган. Шу нуқтаи назардан, мотуридийлик 1000 йил олдин пайдо бўлган, ва салжуқийларга қадар бўлган даврни “Мотуридийликнинг шаклланиш даври” деб аташ мумкин[5].

Абул Йуср Паздавий (493/1099), Абул Муин Насафий (508/1114), Умар Насафий (537/1142), Алоуддин Самарқандий (539/1144) ва Нуриддин Собуний (580/1184) каби атоқли олимлар Салжуқийлар даврида яшаб ижод қилган. Ушбу алломаларнинг барчаси фиқҳда Имом Абу Ҳанифанинг, эътиқодда эса Имом Мотуридийнинг исми ва қарашларини тарқатишга ҳаракат қилдилар.

Ҳанафий олимлар томонидан “Ақоидун Насафий”, “Табсиратул адилла” ва “Мотуридия ақоиди” каби турк тилига таржима қилинган “Ал-Бидоя фи усулид-дин” каби муҳим асарлар Салжуқийлар даврида ёзилган. Бошқача қилиб айтганда, Салжуқий ҳанафий олимларидан Имом Мотуридийнинг қарашларини ўргатиш ва кенг ёйиш мақсадида қимматли асарлар ёзиш билан ҳанафий-мотуридийликни биргаликда Аҳли Сунна номи билан ёйишга ва ҳимоя қилишга ҳаракат қилди. Шу муносабат билан салжуқийлар ҳукмронлик қилган даврни “Мотуридийликнинг кенг ёйилиш даври” деб номлаш мумкин[6].

Таниқли илоҳиётшунос турк олими Аҳмет Ак “Салжуқийлар давридаги Мотуридийлик” номли китобида, ҳанафийлик Салжуқийларнинг дастлабки ва ўрта даврларида ҳам бир фиқҳий мактаб, ҳам мазҳаб сифатида қабул қилингани ва айни вақтда бу ҳолатнинг ҳам ҳанафийлар, ҳам бошқа мазҳаб тарафдорлари томонидан умумий қабул қилинганлиги”[7] ҳақида ёзган. Шунингдек, бу даврда мотуридийлик ўрнига ҳанафийлик исмидан фойдаланилгани Имом Мотуридий қарашларининг Абу Ҳанифа қарашларига асосланишидан иборатдир.

Шуни ҳам таъкидлаш керакки, олиб борган тадқиқотимиз жараёнида ҳанафий уламоларнинг барчаси Имом Мотуридийнинг эътиқодий қарашлари атрофида бирлашишган. Мотуридия таълимотининг асосий манбаларининг кўпи бу олимлар томонидан ёзилган. Илк даврларда Мотуридий исмининг ишлатилмагани, ўша даврда мотуридийлик ўрнига ҳанафийлик, Аҳли сунна вал жамоа ва Мотуридий ва унга эргашганлар каби номлар билан айтилганига гувоҳ бўлдик. Шу боис баъзи манбаларда, Мотуридий сўзи ўрнига Ҳанафия ёки Ҳанафийлик ва баъзан Ҳанафий-Мотуридийлик ифодаси билан айтилган.

Хулоса ўрнида, Имом Мотуридий устозлари силсиласининг Абу Ҳанифага таяниши, Мотуридийнинг Абу Ҳанифанинг фиқҳи ва айниқса, эътиқодий қарашларини жуда яхши ўзлаштиргани, уларни ишлаб чиқиб, бир тизимга солгани, ҳанафий олимларининг мотуридия ақоидига доир “Табсиратул адилла” каби асарлар ёзишига туртки бўлди.

Бундан ташқари, ўтмишдан бери эътиқодда мотуридий бўлганлар фиқҳда ҳанафий мазҳабининг аъзолари бўлишгани ҳам ҳақиқатдир. Шу нуқтаи назардан айтиш мумкинки, эътиқодда Мотуридий мазҳабини қабул қилганларнинг деярли барчаси амалда ҳанафий мазҳабига мансуб бўлишган. Демак, мазкур маълумотлар мотуридийлик ва ҳанафийлик ўртасида жуда яқин боғлиқлик борлигини исботлайди. Ушбулардан келиб чиқиб айтишимиз мумкинки, мотуридийлик ва ҳанафийлик бир бутуннинг ажралмас икки қисмидир. Ёки бир-бирини тўлдирувчи, бири эътиқодий, бошқаси фиқҳий бўлган ягона мазҳабнинг исмидир.

Отабек МУҲАММАДИЕВ,
Нашрлар бўлими бошлиғи
[1] Батафсил маълумот учун қаранг: Ak, Selçuklular Döneminde Mâturîdîlik, 112-130; krş.,Wilferd F. Madelung, “Mâturîdîliğin Yayılışı Ve Türkler”, Çev. Muzaffer Tan, İmam Mâturîdî ve Mâturîdîlik, Ankara 2003, 305-368.
[2] Броккельман К. Тарихул адабил араб. A. ан-Нажжор таржимаси. Қоҳира, 1991, 141–142; Ватт. Исломий тадқиқлар: ислом фалсафаси ва каломи, 77.
[3] Батафсил маълумот учун қаранг: Kutlu, “Bilinen ve Bilinmeyen Yönleriyle İmam Mâturîdî”, 20, 21; Ak, Mâturîdî ve Mâturîdîlik, 53-55.
[4] Батафсил маълумот учун қаранг: Ak, Mâturîdî ve Mâturîdîlik, 47, 48, 128-158.
[5] Батафсил маълумот учун қаранг: Ak, Selçuklular Döneminde Mâturîdîlik, Ankara, 2009, 81-95.
[6] Батафсил маълумот учун қаранг: Ak, Selçuklular Döneminde Mâturîdîlik, 95-186.
[7] Ahmet Ak. Selçuklular Döneminde Mâturîdîlik. Ankara, 2009.

Check Also

МУСТАҚИЛЛИК ЙИЛЛАРИДА ТАСАВВУФ ТАЪЛИМОТИНИНГ ТАДҚИҚ ЭТИЛИШИ

Мустақилликнинг илк йилларида ислом динига қўйилган бир асрлик чеклов [4:252] барҳам топиб, эътиқод эркинлиги учун …