Home / МАҚОЛАЛАР / Залолат ташвиқотчилари

Залолат ташвиқотчилари

Ёшларимизнинг кўпчилиги интернет кафелари, техника воситалари сотиладиган жойлар, компъютер ўйинлари марказларига интилмоқдалар. Улар интернет тармоғига уланиш, янги ахборотларни олиш ва ўзаро дисклар, флешкалар, ахборотларни сақлаш, ташиш воситаларидан имкон борича тез фойдаланишга ҳамда қизиқиши доирасидаги дўстлари билан янгиликларни ўртоқлашишга шошилмоқда. Замонавий технологиялар, бир қанча вазифалар ва қулайликларга эга уяли телефон, интернет, турли мавзулардаги видео-филмлар туширилган дисклар – ҳозирги ёшларнинг диққат марказида бўлиб қолди.

Шундай бир қўштирноқ ичидаги ёшлар борки, пул топиш мақсадида ва ўз манфаати йўлида қабиҳ ишлар қилиш, алдов ишлатишдан ҳам қайтишмайди. Интернет тармоғида кўпгина сайтлар мавжуд бўлиб, оммабоплари “Odnоklassniki.ru”, “Facebook” ва ҳоказолар. Энг ёмони эса ёшлар ундаги ёзишувлар, сўзлашувлар орқали ўзлари хоҳламаган ҳолларда экстремистик гуруҳларга қўшилиб қолиши мумкин.

Баъзи ота-оналар фарзандининг ёш бўлишига қарамай, уяли телефон ва интернет тармоқларидан бемалол фойдалана олишини кўриб, хурсанд бўладилар. Бу фарзандларимизнинг интелектуал салоҳиятли бўлишлари учун яхши, албатта. Лекин ота-оналарнинг кўпи болалари телефон орқали нима билан машғул эканлиги билмайди, тўғрироғи, назорат қилмайди. Болакай эса, қўлида телефон, истаган, қизиққан маълумотларини ўртоқларидан кўчириб олиши ва ундан “завқланиши” мумкин. Шу тариқа телефонга тушган ҳар хил бемаъни, ёшига мос бўлмаган маълумотлар ҳам боланинг онгини заҳарламоқда.

Бугунги ҳаётни интернетсиз тасаввур қилиш қийин. Шубҳасиз, интернет давримизнинг энг буюк ихтироларидан бири. Катта-кичик ҳар ким унинг хиз-матларидан фойдаланиши мумкин. Бироқ гап ким қандай фойдаланишига боғлиқ. Ҳозир тўрт-беш яшар бола ҳам компъютердан бемалол фойдаланиши, эртадан-кечгача “автопойга” ўйнаши ёки “жангари фильм иштирокчиси”га айланиши мумкин. Бир қарашда бунинг ёмон жойи йўқдек. Боланинг уқуви кучаяди, кўпроқ ахборот олади. Бироқ бу нарса одат тусига кирса, ноҳуш оқибатларга олиб келиши ҳеч гап эмас.

Бир қарашда интернетда почтани текшириш ва ижтимоий тармоқларда мулоқот қилиш, ўйин ўйнаш оддий нарса бўлиб кўринади. Бу каби “хавфсиз” ҳаракатлар қандай қилиб шахснинг таназзулига олиб келиши мумкин? Аслида интернетда кўп вақт ўтказган киши вақт тушунчасидан узоқлашиб боради, яқинлари, дўстлари билан мулоқот қилишни орқага суради ҳамда организмнинг табиий эҳтиёжларини эътиборсиз қолдиради. Вақт ўтиши билан соғлом ҳаёт тарзи ўзгариб, одамнинг руҳияти ва соғлиғига салбий таъсир ўтказади. Интернетга қарам бўлиб қолган ёшларга виртуал мулоқот ёлғон эркинликни, гўёки ҳамма нарсага қодирлик ҳис-туйғусини бахш этади. Айни вақтда реал ҳаётда ҳал этилмаётган муаммолар ва ечилмаган масалалар йиғилиб бораверади.

Хулоса ўрнида бугун ёшларимизни терроризм, экстремизм ва ҳар қандай ёвуз ғояларнинг «қармоғи» га илиниб қолмаслиги учун динни ниқоб қилиб олган ёвуз ғояларнинг моҳиятини, хусусиятларини, жалб қилиш усулларини очиб бериш, уларни шу йўлларга кириб кетишдан сақлаш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиз эканлигини унутмаслигимиз керак. Ёшларимизни интернетдан батамом фойдаланмаслик билан хавф хатарни йўқота олмаймиз. Уларга аввало интернетдан фойдаланиш маданиятини ўргатишимиз керак. Ижтимоий тармоқлардаги ўз аккаунтларига келаётган хабарларни текшириб ишончли манбалардангина фойдаланишни ўргатсак бизга ҳеч қандай хавф хатар ва таҳдидлар зарар бера олмайди.

Балтаев Муроджон
Питнак шаҳри “Абул Маржон” жомеъ масжиди имом хатиби

Check Also

КЎЧИРИШ АМАЛИЁТИНИНГ ТУБ АҲОЛИ ИЖТИМОИЙ-ИҚТИСОДИЙ ВА МАДАНИЙ ҲАЁТИГА ТАЪСИРИ

Мустамлакачилик истило этилган мамлакат аҳолисига нисбатан зўрлик ҳисобланади. Бинобарин, зўравонлик мустамлакачилик сиёсати сифатида барча метрополияларга …