Home / МАҚОЛАЛАР / Конституция – ҳаётимиз қомуси

Конституция – ҳаётимиз қомуси

Конституция – сўзи лотинча сўздан олинган бўлиб, “ўрнатиш, белгилаш, тасдиқлаш, тузук” маъноларини билдиради. Конституция – давлатнинг Асосий Қомуси бўлиб, давлат ҳокимиятининг ташкил этилиши ва ҳокимият, жамият ва шахснинг ўзаро муносабатларини тартибга солувчи кучдир.

Конституциявий демократик ва очиқ фуқаролик жамият қуришни мақсад қилиб, Ўзбекистон ўз истиқлол ва тараққиёт йўлининг беш тамойилидан бирини қонун устуворлиги, деб белгилангани бежиз эмас. Зотан, Ўзбекистон халқининг Конституциявий мақсади –инсонпарвар демократик ҳуқуқий давлат барпо этиш ҳамда жамиятда айнан қонун устуворлигига эришиш ҳисобланади.

Ҳар бир миллат ва жамиятнинг давлат сифатида шаклланиши ҳамда ривожланишида унинг ишлаб чиқарган қонунлари, шу билан бирга бу қонунларни амалиётга татбиқ этилиши муҳим аҳамият касб этади. Ватанимиз ҳам бу борада ҳавас қилгулик шонли йўлни босиб ўтди.

1991 йил 31 августда Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллиги эълон қилинди ва “Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллиги асослари тўғрисида”ги конституциявий қонун қабул қилинди. Унда белгиланган қоидалар амалиётда бир ярим йил мобайнида синовдан ўтди, сўнгра Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг лойиҳасига киритилди.

1992 йил 8 декабрда Ўзбекистон халқ депутатлари Олий Кенгашининг 12-чақириқ 11-сессиясида 128 моддадан иборат Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинди.

Ўз ички тузилиши билан Ўзбекистон Конституцияси жаҳон конституциявий амалиётига тўла мос келади. Конституциямизнинг мазмун моҳиятига унинг қабул қилинишида биринчи навбатда инсон ҳуқуқи олий қадрият эканлиги сингдирилган. Унинг асосий мантиқий йўналиши қуйидагича: инсон – жамият-давлат манфаатларини таъминлашга қаратилган.

Истиқлолнинг илк кунлариданоқ, шиддатли ва кенг қамровли конституциявий ўзгаришлар Ўзбекистон сиёсий-ижтимоий ҳаётининг келажагига муҳим замин яратди. Қонунларимизнинг ҳар бир сатри “Жамики дунёвий неъматлар орасида энг улуғи – Инсон” деган фикр асосида “фуқаро – жамият – давлат” ўртасидаги ўзаро муносабатнинг оқилона ҳуқуқий ечими ҳар томонлама асослаб берилган.

Конституция инсон ҳуқуқлари ва давлат мустақиллиги ғояларига садоқат, ҳозирги ва келажак авлодлар олдидаги юксак масъулиятни англаш, ўзбек давлатчилигининг тарихий тажрибасига таяниш, демократия ва қонунийликни ҳурматлаш, халқаро ҳуқуқнинг жаҳонда эътироф этилган қоидаларини тан олиш, Ўзбекистон фуқароларининг муносиб ҳаёт кечиришларини таъминлаш, ҳуқуқий жамият барпо этиш ва ниҳоят фуқаролар тинчлиги ва миллий ҳамжиҳатликни кафолатлаш каби олийжаноб мақсадларни кўзлайди.

Мустақилликнинг дастлабки йилларидан Қонунларимизни ишлаб чиқиш ва ҳаётга татбиқ этишда мамлакатимизда турли дин ва турли миллатларга мансуб фуқаролар истиқомат қилишларини инобатга олиниб, барча фуқароларни виждон ва эътиқод эркинликлари қонуний йўллар билан кафолатланди. Мамлакатимиз фуқароларини виждон эркинликларини таъминлаш мақсадида 1991 йил «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонун қабул қилинди. Бу аввало мамлакатимиз бош қомуси, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 31-моддасида ўз аксини топди. Унда шундай таъкидланади: “Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар бир инсон ҳоҳлаган динига эътиқод қилиши ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди”.

Мазкур қонундан англашиладики, мамлакатимиз фуқаролари виждон эркинлиги борасида ихтиёрлидирлар. Аммо, баъзи бир “демократия” сўзини ўзларига қалқон қилиб, инсонни инсонлик табиатидан чиқарадиган ишларни ҳам “виждон эркинлиги” дея жар солиб, ўзларининг амалдаги қонунларига киритишлари ҳамда жамиятимиздан ҳам ушбу нарсаларни исташликлари на бизларнинг неча минг йиллик миллий қадриятларимиз ва тушунчаларимизга, на инсоний қадриятларга тўғри келади. Аслида “Виждон эркинлиги” ҳар бир шахсни ўз ҳатти-ҳаракатларида нима яхши-ю нима ёмонлигини назорат қилиши ва ўзда ахлоқий масъулиятни ҳис қилган ҳолда жамиятнинг бир бўлаги сифатида ҳаёт кечиришлиги кафолатланганлиги тушунилади. Жамиятда ана шундай виждон эркинлигига эга бўлган “Ҳар бир инсон ҳоҳлаган динига эътиқод қилиши ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга.”

Шунингдек, мазкур модданинг давомида “Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди” деб, жамиятда бир дин вакилини бошқа динга алдов ёки мажбурлаш орқали ўтказилиш – миссионерлик фаолиятига йўл қўйилмаслиги ҳам қонун билан кафолатланган.

“Фуқароларнинг динга муносабатига қараб уларнинг ҳуқуқларини ҳар қандай чеклаш ва уларга бевосита ёки билвосита имтиёзлар белгилаш, душманлик ва адоват уйғотиш ёхуд уларнинг диний ёки даҳрийлик эътиқоди билан боғлиқ ҳис-туйғуларини ҳақоратлаш, диний зиёратгоҳларни оёқ ости қилиш қонунда белгиланган жавобгарликни келтириб чиқаради”, деб ёзиб қўйилган. Ўз-ўзидан кўриниб турибдики, мазкур модда ислом динининг поклигини ёки ваҳҳобийликнинг бошқа шиорларини ўзларига байроқ қилиб олиб, тинч осойишта ҳаётимизга раҳна солмоқчи бўлаётган баъзи бировларга ақл-ҳушларини йиғиб олиш зарурлиги таъкидлайди.

Ҳозирги кунда Республикамизда Ислом дини билан бир қаторда 16 та диний конфессиялар эркин фаолият кўрсатмоқда. Фуқароларнинг миллати, ирқи, динидан қатъий назар барча тенг ҳуқуқга эга эканлиги ҳамда фуқаролар ҳуқуқи қонун орқали кафолатланганлиги, инсон манфаатлари юқори баҳоланганлиги ва амалдаги мавжуд Қонунларимизни инсон ҳуқуқлари халқаро ҳуқуқ пактларига тўлиқ мос келиши инсон ҳуқуқлари халқаро ташкилотлари томонидан эътироф этилган.

Унда фуқароларимизнинг манфаатлари йўлида, жамиятимизнинг маънавий соғломлиги йўлида хизматлари беқиёс бўлажаги шубҳасиз. Лекин ушбу қонунни ҳаётга оғишмай татбиқ этилишини таъминлаш барчамизнинг фуқаролик бурчимиздир.

Абдуллаев Бекназар
Хазорасп тумани “Шайх Ҳусайин бобо” масжиди имом хатиби

Check Also

МУСТАҚИЛЛИК ЙИЛЛАРИДА ТАСАВВУФ ТАЪЛИМОТИНИНГ ТАДҚИҚ ЭТИЛИШИ

Мустақилликнинг илк йилларида ислом динига қўйилган бир асрлик чеклов [4:252] барҳам топиб, эътиқод эркинлиги учун …