Home / МАҚОЛАЛАР / Уламоларга отилган тошлар отувчининг ўзига оғир келади

Уламоларга отилган тошлар отувчининг ўзига оғир келади

Инсониятга қиёматгача дастурул амал бўлган Қуръон Каримнинг илк оятлари ҳам бунга яққол далил бўлади.

Муқаддас динимизда илмнинг ва уламоларнинг ўрни беқиёсдир. Дунёнинг мувозанатда туришлиги ҳам Аллоҳни қалбига жойлаган, тақводор уламоларга боғлиқ, чунки олимлар бузилса олам бузилади.

Али розияллоҳу анҳу таъбирлари билан айтсак, у зот шундай деган эдилар: “Олим рўзадордан ҳам, намозларида қоим намозхон ва мужоҳиддан ҳам афзалроқдир. Агар олим вафот этса Ислом дарз кетади, у ёриқни фақатгина илмли ўринбосаргина ямаши мумкин.”

Дарҳақиқат Аллоҳдан қўрқадиган, илмга хиёнат қилмайдиган уламоларимиз бор экан, бизлар тараққиёт ва фаровонлик сари одимлаб бораверамиз.

Инсоният тарихига назар солсак, оламшумул янгиликларнинг аксари Қуръон Каримни яхши ўзлаштирган мусулмон уламолар томонидан кашф этилганини кўрамиз. Бу ҳам бежиз эмас албатта, чунки Қуръон карим бизларни саодатга элтгувчи осмондан ерга тортилган Аллоҳнинг арқонидир.

динни тўғри тушуниш – бу улкан неъмат. Буни Аллоҳ таоло фақатгина унга (ўша тўғри тушунишликка) интилувчи холис бандасига ато этади. Аллоҳ таоло айтади:

“Дарҳақиқат, Биз Қуръонни зикр учун осон қилдик. Бас, зикр қилувчи борми?!”. (Қамар сураси: 17-оят.)

Умматнинг залолатга юз тутганининг сабабларидан бири, уламоларга эргашишдан юз ўгиришдир. Улар ҳақида Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Дарҳақиқат, уламолар пайғамбарларнинг меросхўрларидир”, – деганлар.

Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам умматига илм бўлмаганида, ўзбошимча қарор ва шахсий хулосаларнинг олдини олиш учун, уламоларга мурожаат қилишни буюрди. Аллоҳ Ўзининг Китобида айтади:

“…Агар билмайдиган бўлсангиз, зикр аҳлларидан сўрангиз”.( Наҳл сураси: 43-оят)

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ таоло илмни бандалардан тортиб олмайди, уни уламоларни маҳв қилиш йўли билан тортиб олади. Одамлар бирорта ҳам уламо қолмаганидан динни тушунмайдиганларни ўзларига бошлиқ қилиб оладилар. Сўнг, улардан сўрайдилар. Улар билмасдан фатво айтадилар. Ўзлари ҳам адашиб, ўзгаларни ҳам адаштирадилар», – деганлар. Ораларида уламолар бўлмаган замонавий фирқаларда айни шу ҳолат бўлиб ўтмоқда. Улар муҳим масалаларда ўзларининг сиёсатларига асосланиб қарор қабул қилишади. Уларнинг сиёсати эса асосан Аллоҳнинг шариатига асосланмаган, балки уларнинг тушунча ва дунёқарашларига асосланган бўлади.

Уламолар – шундай зотларки, улар сабабидан Аллоҳ таоло ўзининг динини ҳимоя қилади. Улар пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва унинг саҳобалари тутган йўлни барчадан кўра яхшироқ билади. Кимки уларни ҳақорат қилса, менсимаса ва йўлларига эргашмаса, ўшалар одамларнинг энг адашганидир. Уламоларни менсимай, уларсиз кифояланган кимсага келсак, у ҳалокатга юз тутибди. Инсонлар уламоларни улуғлар эканлар, эсон-омонликда бардавом бўладилар. Агар одамлар уларни ҳурмат қилар эканлар, Аллоҳ уларнинг дунё ва охиратдаги ҳаётларини ислоҳ қилади.

Афсуслар бўлсинки, бугунги кунда барчаси аксинчадир. Уламоларга мурожаат қилиш ўрнига, эртаю-кеч уларни ҳақорат қилиб, ёлғон туҳматлар қилишмоқда.

Ҳозирги кунда ислом динини яхши тушунмаган ёшлар ризқ топиш мақсадида чет элга бориб, алданиб қолаётгшани ачинарли ҳолат. Ёш авлод диний билимларни четдан эмас, балки, ислом маданияти ривожига катта ҳисса қўшган Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Абул Муъин Насафий, Бурҳониддин Марғилоний каби буюк алломалар меросхўри бўлган юртимиздаги расмий уламолардан олиши лозим.

Ислом динига оид савол туғиладиган бўлса, у тўғрисидаги маълумотни Ўзбекистон Республикаси мусулмонлар идорасидан ёки идора томонидан тайинланган масжид имомларидан сўралиши лозим. Зеро, террорчи уюшмалар расмий уламоларга нисбатан аҳоли ўртасида ишончсизликни уйғотиш мақсадида “улар илмсиз”, “улар нотўғри фатво беради”, “улар Қуръон ва ҳадисга амал қилмайди” деган даъволарни қилмоқдалар.

Исроилов Шухратилла
Учқўрғон тумани “Муҳаммад Зариф” жомеъ
масжиди имом хатиби

Check Also

МУСТАҚИЛЛИК ЙИЛЛАРИДА ТАСАВВУФ ТАЪЛИМОТИНИНГ ТАДҚИҚ ЭТИЛИШИ

Мустақилликнинг илк йилларида ислом динига қўйилган бир асрлик чеклов [4:252] барҳам топиб, эътиқод эркинлиги учун …