Home / МАҚОЛАЛАР / Қуръони карим – илоҳий маърифат йўлидир

Қуръони карим – илоҳий маърифат йўлидир

Аллоҳ таоло Қуръони каримни инсонларга маърифат йўлида энг олий дастур сифатида эътироф этди. “Албатта, бу Қуръон энг тўғри йўлга ҳидоят қилур ва яхши амалларни қиладиган мўминларга катта ажр-мукофот борлигини(нг) хуш хабар(ини) берур”[1]. Ислом динининг асл моҳияти ҳам инсонларга илм-маърифат улашишдир. Инсонларнинг манфаатларини рўёбга чиқариш – Ислом шариатининг олий мақсадидир. Аллоҳ таоло инсонни яратгач, уни ўз ҳолига ташлаб қўймади. Балки уларга ўзини танитиш, яхшидан ёмонни ажратиш учун ўз расулларини юборди ва китобларини нозил қилиб турди. Шу билан бир қаторда, бу элчилар ва нозил қилинган ҳукмлар ўша замон одамларининг ҳолат ва эҳтиёжларини эътиборга олган ҳолда тушган эди.

Аллоҳнинг каломи – Қуръони каримнинг номларидан бири “Уммул ъулум” яъни илмлар онасидир. Каломуллоҳда нафақат диний, балки айни пайтда дунёвий илм-фаннинг сир-асрорлари ҳам яширинганки, вақт ва замонлар ўтиши билан тафаккур эгалари оятларнинг мазмун-моҳиятини англаб бораверадилар. Натижа эса тараққиётга, инсоннинг ўзлигини англашига, Буюк Яратувчини танишига хизмат қилади.

Қуръони карим шундай илоҳий китобки, унда замонавий илм-фаннинг барча соҳалари мужассам. Ҳар бир оятни чуқур тадаббур ҳамда тафаккур билан ўқиб, унинг мазмун-моҳиятини англашга интилган киши бунга қайта ва қайта амин бўлаверади. Қуръони карим оятлари бизларни айнан шу буюк ҳаракатга ундайди. Илм олишга, дунё ва охиратимизни илм билан обод қилишга чақиради. Аллоҳ таоло илмли кишиларни илмсизлардан устун қўйиб айтади: “Айтинг, биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми?![2] Албатта, йўқ, улар асло баробар эмаслар. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг бир нечта оятларида илмни мақтаб, илм соҳибларига улкан даражаларни ваъда қилиб шундай марҳамат қилди: “Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато қилинганларани даражаларга кўтарур[3]. Бу оятда илмнинг фазилати алоҳида таъкидлаб ўтилдики, бу борада пайғамбар алайҳис-салом томонларидан ҳам кўпдан-кўп ҳадислар ривоят қилинган бўлиб, улардан бири мана бу ҳадиси шарифдир: “Олимнинг обид устидаги фазилати худди тўлин ойнинг бошқа юлдузлар устидаги фазилати кабидир. Ҳукамолардан бирининг қуйидаги сўзлари ҳам ибратлидир: “Мен илм топа олмаган одам нима топганини, илм топган одам эса нима йўқотганини билсам эди”.

Жами нозил қилинган самовий китоблар ўз даври ва маълум бир қавмлар учун илоҳий дастур бўлган бўлса, Қуръони карим то қиёматга қадар башарият саодатига ягона сабабчи илоҳий китоб сифатида нозил бўлди. Аввалда нозил бўлган китобларда инсонлар тарафидан турли ўзгартиришлар киритилган бўлса, бу китобда бундай ўзгартириш асло кузатилмади. Бу улкан ҳақиқатни Аллоҳ таоло қуйидагича баён этди: “Албатта, зикрни (Қурьонни) Биз нозил қилурмиз ва, албатта, уни Биз муҳофаза қилурмиз”[4].

Бундан шу нарсани англаш мумкинки, бу муқаддас китоб дунёнинг сўнгги вақтигача, башариятнинг сўнгги вакили ҳаётдан кўз юмгунига қадар ўзининг илоҳийлигини сақлаб қолади. Яна шуни англаш мумкинки, Қуръон қиёматга қадар ўзининг илоҳий мўъжизалари, биз инсонларга ҳали очилмаган сирру синоатларининг кашф этилиши билан муқаддас манба бўлиб қолади.

Сўзимизнинг исботи ўлароқ Аллоҳ таолонинг ушбу оятини келтирамиз: “Унинг қорнидан одамлар учун шифо бўлган алвон рангли ичимлик – асал чиқур. Албатта, бу ишда тафаккур қиладиган қавм учун оят-ибрат бордир[5]. Асаларилар турли хил гулларнинг шарбатларини истеъмол қилишгач, кейинчалик таналари ичида улардан асал ҳосил бўлади, асални эса мум катакчалардан иборат уяларида сақлашади. Асалнинг асалари қорнидан чиқиши инсониятга фақатгина икки аср олдин маълум бўлди. Қуръонда эса бу хабар бундан 1400 йил илгари айтиб қўйилган. Ваҳоланки,
бизга асалнинг шифобаҳш хислатлари кўп экани ва беғализ малҳам эканини фақатгина бугунга келиб аён бўлди.

Демак, бу илоҳий муқаддас Китобдан биз руҳий ва маънавий озуқа олиш билан бир қаторда дунёнинг кашф этилмаган сирру синоатларини зоҳир қилишда истифода этишимиз лозимдир. Қуръонни ўқиб тушуниш учун яхши ният билан ўрганишга киришувчилар унинг ҳақиқий сирларини мутлақо билишлари шарт бўлади. Қуръоннинг инсонларга Аллоҳ томонидан нима сабабдан юборилганини чин юракдан англаб етган киши ғаразли, бузғунчи ғояларни тарғиб этмайди ҳамда қонли, вахшийликка йўғрилган қилмишларни амалга оширмайди. Бу қабиҳ ишларни бажаришда Илоҳий Китобни харгиз ўзига ҳужжат қилиб олмайди. Чунки Қуръон бундай жирканч ишларнинг ҳар қандай турларини қораловчи, инкор этувчи илоҳий Китобдир.

Қуръони каримни ўқиган адабиётшунос воқеалар ривожи, оятларнинг тузилишидан, сураларнинг қисқа, лўнда номларидан ҳайратга тушса, муаррих пайғамбарлар тарихи, узоқ ўтмиш, буюк келажакни кашф қилгандек қувонади. Математик эса суралар ва оятлар сони, жойлашуви, кетма-кетлиги, воқеалар тадрижийлигидан имон ҳаловатини топади.

Хуллас, Аллоҳ таолонинг каломи азалий ва абадийдир. Унда яширинган ҳикматлар, сиру асрорлар то қиёматгача башариятни ҳидоятга, илму ирфонга, маърифатга чорлайверади.

О.Баҳриев
Қуръоншунослик бўлими ходими
[1] Исро, 9.
[2] Зумар, 9.
[3] Мужодала, 11.
[4] Ҳижр, 9.
[5] Наҳл, 69.

Check Also

МУСТАҚИЛЛИК ЙИЛЛАРИДА ТАСАВВУФ ТАЪЛИМОТИНИНГ ТАДҚИҚ ЭТИЛИШИ

Мустақилликнинг илк йилларида ислом динига қўйилган бир асрлик чеклов [4:252] барҳам топиб, эътиқод эркинлиги учун …