Home / АЛЛОМАЛАР / Самарқанд зиёратгоҳлари туркумидан / МУХЛИСХОН ОТА ВА УНИНГ АВЛОДЛАРИ ЗИЁРАТГОҲИ

МУХЛИСХОН ОТА ВА УНИНГ АВЛОДЛАРИ ЗИЁРАТГОҲИ

Икки дарё оралиғида туғилган, ижод қилган ва фаолият олиб борган аждодларимиз шарофатидан, ўз навбатида бу ҳудуд (Миёнкол)нинг тароватию барокотидан, унинг тавсифи эл аро манзуру машҳурдир.

Миёнкол Зарафшон дарёсининг Чўпон Ота тепалиги олдида икки қисмга бўлинган: ўнгги – Оқдарё, чап томондагиси Қорадарё оралиғи, доимо жуда обод жой бўлган[1].

Миёнкол ҳақида Н.Бегалиев шундай дейди: “Миёнкол – Оқдарё ва Қорадарё оралиғидаги ҳудуд. Баъзан Миёнколот деб ҳам юритилади. “Миён” форс-тожикча “ўрта”, “оралиқ”, кол – қадимги форс тилида “канал, дарё”, “от” – арабча кўплик аффикси бўлиб, топонимлар таркибида шу жойнинг теварак атрофини ҳам билдиради”[2], деб таъкидлаган.

Миёнкол Бухоро хонлигида шайбонийлар[3], аштархонийлар[4] ва манғитлар[5] сулоласи даврида ҳам ижтимоий-сиёсий жиҳатдан марказий вилоятлардан бири саналган.

Миёнкол тўғрисида тадқиқотчи К.Пардаев олиб борган илмий изланишида бир қатор тадқиқотчиларнинг[6] Миёнкол тўғрисида юритган фикрлари устида мулоҳаза қилиб, Миёнкол атамаси аслида Миёнком бўлиб, унинг луғавий маъноси форс-тожик тилида Миён – “ўрта”, оралиқ; ком – “дарё”, “ариқ”, “сув”, яъни “дарё ўртаси”, “икки сув ораси” маъноларини англатади. Бу атама кейинчалик бошқача талаффузда “Миёнкол” атала бошланган, деб хулоса қилган[7].

Миёнкол заминида жуда кўплаб тарихий шаҳар ва қишлоқлар бўлганки, уларнинг ҳар бири юртимиз тарихининг ажралмас бўлагидир.

Шундан мавзелардан бири Соғарж масканидир.

Абулкарим Самъоний берган маълумотга кўра Соғарж Самарқанддан беш фарсах узоқликда жойлашган Сўғддаги қишлоқ бўлиб, Иштихон ноҳиясида, Сўғднинг мусаффо ҳаволи катта қишлоқларидан бўлиб, бу ердан илгари ва ҳозир жуда кўп олим ва имомлар етишиб чиққанлар[8], деб қайд этган.

Араб тарихчиси ибн Ҳавқал[9] ҳам Соғарж тарзида зикр этган бўлса, “Мусаххир ал-билод”[10] ва “Бобурнома” асарларида ўрта (XVI) асрларда ҳам Соғарж шаклида келтирган.

Шеърият мулкининг султони Алишер Навоий ўзининг “Насойим ул-муҳаббат” номли асарида: “Соғарч – Самарқанднинг тўрт йиғочида бир кентдур”[11], дея маълумот беради.

Бу ерда “Соғаржий”[12] нисбаси билан эътироф этилган Абу Аҳмад Ҳасан ибн Али Соғаржий (вафоти ҳижрий 362/973 йил), Абу Умайя Аббос ибн Таййиб Соғаржий, Яъло ибн Анас Соғаржий, Абу Наср Аҳмад ибн Фараж Соғаржий (вафоти ҳижрий 524/1131 йил), шайхулислом Маҳмуд ибн Аҳмад Соғаржий (таваллуди ҳижрий 480/1087 йил), Юсуф ибн Солиҳ Соғаржий, Абу Яъқуб Юсуф ибн Бахтиёр Соғаржий (ҳижрий 502/1108), шайх Бурхониддин (Ҳазрати Руҳобод) ибн шайх Алоуддин ас-Соғаржий, шайхзода Абу Саъид ибн Бурҳониддин Соғаржий, шоир ва олим Хожи Яҳё (вафоти ҳижрий 1072/1663 йил) Соғаржийлар қаторида Ҳазрат Мухлисхон ота ва унинг авлоди бўлмиш Суннатуллоҳ хожа, қози Иноятуллоҳ хожа ҳамда унинг ўғли шоир Эшонхожаи Вола ҳам Соғаржда ижод қилган Соғаржийлардир.

Носириддин Бухорий ўз асарида Ҳазрат Мухлисхон ота дафн этилган жой номини “Суғончи”[13] шаклида келтирган ва бу маскан қадимда Соғарж ҳудудига қараган қишлоқлардан бири саналган.

Самарқанд қози калони Абу Тоҳир хожанинг (тахаллуси “Наво”, вафоти 1874 йил) ёзишича ҳазрат Мухлисхон мозори Офаринкент туманининг Суғончи деган жойида. У Қосим Шайх Азизон (вафоти 1579 йил) халифаларидан бўлиб, силсиласи Хожа Аҳмад Яссавийга етишади. Унинг зикри “Ламаҳот” китобида эканлигини таъкидлаб ўтган.

Мазкур зиёратгоҳ ҳозирги Оқдарё тумани Янгиқўрғон қишлоғи ғарбидаги Суғончи қишлоғида жойлашган бўлиб, Мухлисхон ота зиёратгоҳи атрофлари ободонлаштирилган, қабр устига гумбазли айвон ҳам қурилганлиги, маҳаллий аҳолининг зиёратгоҳга бўлган эътиқодлари зиёда эканлигини кўрсатади.

Зиёратгоҳдаги айвонча остидаги қабр ва унинг атрофига олтита мармар тошлар мавжуд бўлиб, улардан фақат 3 тасида ёзув бор, англашимизча, қабр атрофидаги тошлар йиғилиб, ушбу жойга олиб келиб қўйилган[14], дейишимизга ижозат беради.

1-қабртошдаги ёзувни айрим ёзишмаларда: Мухлисхон ибн Абдусамадхон ибн Хожажонхон ибн Боқихон ибн Миркахон ибн Миробиддин ибн Мир Раҳматуллоҳхожа … ва вафоти 1241/1825[15], тарзида ўқишган. Аммо тадқиқотимиз жараёнида мазкур қабртошда: “Торихи зоти Эшон сана (28) Эшон хожа аъмо тахаллушон Вола ибн ҳаза ал-лавҳи лаввоҳ, Қози Мир Иноятуллоҳ хожа ибн Мир Раҳматуллоҳ хожа ибн  Мир Абул Бақохон ибн Миракхон ибн Боқихон ибн Хожа Жонхон ибн Абдулсамадхон ибн Ҳазрат Мухлисхон алайҳи раҳма, торихи вафоташон 1241”, яъни, “мазкур лавҳни битувчи (28 ёшли) Эшонхожа аъмо, тахаллуси Вола, унинг отаси қози Мир Иноятуллоҳ хожа, унинг отаси Мир Раҳматуллоҳ хожа, унинг отаси Мир Абул Бақохон, унинг отаси Миракхон, унинг отаси Боқихон, унинг отаси Хожа Жонхон, унинг отаси Абдулсамадхон, унинг отаси Ҳазрат Мухлисхон алайҳи раҳма бўлиб, ҳижрий 1241/1825 йилда вафот этдилар”, деб ёзув пастдан юқорига қараб ёзилганлиги маълум бўлди.

2-қабртошда: “Бобо хожа Ўроқ. Ҳазрат Мухлисхон алайҳи раҳма. Сана 1290”/1872 йил.

3-қабртошда қуйидаги ғазал битилган:

“Амали усто Нур Муҳаммад ибн усто Баҳорбой.

Ба ҳасрат аз ин бўстон меравем,

Баҳор омадем хазон меравем.

Ҳамин аст расми саройи жаҳон,

Аввал баҳор аст охир хазон. Сана 1289 йил”.

Мазмуни:

“Усто Баҳорбой ўғли усто Нур Муҳаммад қурди.

Ҳасрат билан бу бўстондан кетамиз,

Баҳор каби келгандик, хазондек кетамиз.

Бу ишлар жаҳон саройига одатдур,

Аввалда баҳору, охир хазонмиз”. Сана ҳижрий 1289/1870 йил.

Давоми бор…

М.Ў.Амонов
ИБХИТМ қўлёзмалар билан
ишлаш ва музей бўлими кичик илмий ходими
[1] Л.Костенко. Путешествие В Бухару Русской миссии в 1870 году. С подробным маршрутом от Ташкента до Бухары. С.-Петербург. 1871 год. 34-35 стр, яна қаранг: Записки о Бухарском ханстве. Отчеты П.И. Демезона и И.В. Виткевича. Москва. 1983 г.
[2] Н.Б. Бегалиев. Самарқанд топонимияси. – Самарқанд. 2011 й. 70-бет.
[3] Ҳофиз Таниш ал-Бухорий. Абдулланома (“Шарафномаи шоҳий”). Иккинчи китоб. Форс тилидан С.Мирзаев ва Ю.Ҳакмижонов тарж.: Изоҳлар муаллифи: Б.Ахмедов. Т. 2000 й.
[4] Муҳаммадёр ибн Араб Қатаған. Мусаххир ал-билод. Т. 2009 й.
[5] Пардаев Комил Каримович.Ўрта Зарафшон (Миёнкол) воҳасининг XIX-XX аср бошларида ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ва маданий ҳаёти. Тарих фанлари номзоди… диссертация. 2003 й.
[6] Ҳофиз Таниш ал-Бухорий, В.Бартолд, В.Вяткин, Х.Ҳасанов, Г.Пугаченкова, Е.Мейендорф, А.Федченко, К.Абаза, А.Соболев, А.Хорошхин, И.Гейер, А.Муҳаммаджонов, Т.Нафасов, М.Абдураимов, И.Санаев ва бошқа бир қатор тадқиқотчилар асарига мурожаат қилган. Қаранг: Пардаев Комил Каримович. Ўрта Зарафшон (Миёнкол) воҳасининг XIX-XX аср бошларида ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ва маданий ҳаёти. Тарих фанлари номзоди… диссертация. 2003 йил. 18-23-бетлар.
[7] Батафсил қаранг: Пардаев Комил Каримович.Ўрта Зарафшон (Миёнкол) воҳасининг XIX-XX аср бошларида ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ва маданий ҳаёти. Тарих фанлари номзоди… диссертация. 2003 йил. 18–23-бетлар.
[8] Абдулкарим ас-Самъонийнинг “Ал-Ансоб” (Насабнома) асарида мазкур уламонинг вафоти хижрий 311/924 йил деб келтирилган. Батафсил қаранг: Абдулкарим ас-Самъоний. Ал-Ансоб (Насабнома). Таржимонлар хожи Абдулғафур Раззоқ Бухорий, Комилжон Раҳимов. Т. 2017 йил. Madrasa.uz сайти. 120, 124-125, 127, 185-бетлар.
[9] Китоб сурат ал-ард (Ер сурати китоби). Араб тилидан таржима ва изоҳлар муаллифи, тарих фанлари доктори, профессор Ш.С. Камолиддин. “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” Давлат миллий нашриёти. Т. 2011 йил. 65 бет.
[10]Муҳаммадёр ибн Араб Қатағон. Мусаххир ал-билод. Форс тилидан таржима, изоҳлар ва кўрсатгичлар муаллифлари. И.Бекжонов ва Д.Сангирова. “Янги аср авлоди” нашриёти. Т. 2009 йил.
[11] Алишер Навоий. Насойим ул-муҳаббат. 219 бет. www.ziyouz.com кутубхонаси.
[12]Соғаржийлар тўғрисида яна қаранг: Абдулкарим ас-Самъонийнинг “Ал-Ансоб” (Насабнома) асарида мазкур уламонинг вафоти хижрий 311/924 йил деб келтирилган. Батафсил қаранг: Абдулкарим ас-Самъоний. Ал-Ансоб (Насабнома). Таржимонлар хожи Абдулғафур Раззоқ Бухорий, Комилжон Раҳимов. Т. 2017 йил. Madrasa.uz сайти, Й.Исаев. X-XIII асрларда Иштихондан чиққан муҳаддислар // Актуальные научные исследования в современном мире: материалы IV Междунар.научн.-практ. инт.-конф., 21-22 августа 2015 г. Переяслав-Хмельницкий. // Сб. науч. тр. – Переяслав-Хмельницкий. 2015. –Вып. 4 – 23-31 стр.
[13] Носириддин Бухорий. Туҳфат уз-зоирин. Форсча. Бухоро. Ҳижрий 1324/1905 й. 141 саҳифа.
[14] Дала тадқиқот манбалари. Тарих фани ўқитувчиси Омон Суюндиков, иқтисодчи Акбар Ҳазратқулов. Суғончи-Кумушкент. 24 август (душанба куни) 2017 йил.
[15] Исаев Й., Раимқулов А. Қадимги Соғарж шаҳрининг локализацияси ҳақида // Имом ал-Бухорий сабоқлари 4-сон. 2013 йил. 304-306 бетлар.

Check Also

СУҒДЛИК ФАҚИҲ – ИМОМ АЛИ СУҒДИЙ

Ислом фиқҳига оид китобларда Қорахонийлар даврида Самарқандда илмий фаолият олиб борган машҳур алломалардан бири Имом …