Home / МАҚОЛАЛАР / Ҳидоя асари ва унга ёзилган шарҳлар

Ҳидоя асари ва унга ёзилган шарҳлар

Ҳидоя асарининг муаллифи Шайх ал-ислом, улуғ имом Бурҳонуддин Абу Ҳасан Али ибн Абу Бакр  ибн Абд ал-Жалил ибн Халил ибн Абу Бакр Фарғоний, Марғилоний, Риштоний. Бурҳонуддин муаллифга берилган унвон бўлиб, маъноси “Диннинг ҳужжати”, Абу Ҳасан у зотнинг кунясидир. У зот Фарғона водийсининг Риштон қишлоғида туғилганлиги сабаб “Ал-Фарғоний”, “ Ал-Риштоний” нисбати берилади. У зотнинг ҳаёти ва ижодининг бир қисми Марғилон шаҳрида бўлгани сабаб “Ал-Марғилоний”, шунингдек ҳаётларининг иккинчи қисми Самарқандда бўлгани учун “Ас-Самарқандий” ҳам дейилади. Бурҳониддин Марғилоний “Соҳиб ал-ҳидоя” номи билан танилган.

Бурҳониддин Марғиноний (1117.23.09.- 1197.29.10.) ҳижрий санада 511 йил, Ражаб ойининг саккизинчи куни, аср намозидан сўнг туғилди. У зот Абу Бакр Сиддиқ авлодларидан эди[1].

Бурҳониддин Марғиноний вафот қилган санаси тўғрисида ривоят кўп. Абдулҳай  Ал-Лакнавий Ҳиндий ҳидоянинг муқаддимасида уч ривоят келтиради. Аввал 535 ҳижрий санада Самарқандда вафот қилган дейди. Сўнгра,  Абдулҳай Лакнавий ўз боболаридан нақл қилинган ривоятда 511 ҳижрий санада (юқорида зикр қилинган) туғилиб, 593 ҳижрий санада14-зулҳижжада, чоршанба кечаси вафот этган дейди.

Бурҳониддин Марғинонийнинг “Ал-Ҳидоя” асари бир вақтнинг ўзида бир матнга шарҳ ва бир китобнинг мухтасаридир. Бурҳониддин Марғилоний замонасида олимлар ўртасида қўлдан-қўлга ўтиб юрган икки машҳур китоб  бор эди.

Биринчиси: “Мухтасар Қудурий” У Абу Ҳасан Аҳмад ибн Муҳаммад Қудурий Боғдодийнинг китоби.

Иккинчиси: “Ал-Жомиъ ас-Сағир”. У Имом Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбонийнинг китобидир.

Бурҳониддин Марғилоний мана шу икки машҳур китобнинг масалаларини мухтасар қилиб жамлади. Ҳосил бўлган мухтасар китобни “Бидоят ал-мубтади” деб нолади. Сўнгра  “Бидоят ал-мубтади” китобини саксон жилдлик шарҳ қилди. Уни “Кифоят ал-мунтаҳи” деб номлади. “Кифоят ал-мунтаҳи” ҳаддан ташқари узайиб кетганини кўриб, китобдан одамлар узоқлашмаслиги учун “ал-Ҳидоя” китобини ёзди. “ал-Ҳидоя” китоби “Бидоят ал-мубтади” китобининг шарҳи,  “Кифоят ал-мунтаҳи” китобининг мухтасари бўлди. “Ал-Ҳидоя” лафзи мўъжаз, маъноси очиқ, мазҳаб масалалари ва унинг далилларини ўзида жамловчи бир шарҳ китобдир.

Мазкур китоб ўз замонидан ҳозиргача эътироф этилади. Шайх Шиҳобиддин Маҳмуд ибн Абу Бакр ибн Абдуқодир, Имом Муҳаммад ибн Ҳасан Ҳалабий ўхшаш тўлиқ ёд олди[2]. “Кашф аз-зунун” муаллифи “ал-Ҳидоя” шарҳ ва таълиқлар олтмиштадан ортиқ дейди. Шарҳ ва таълиқларни бу даражада кўп бўлиши “ал-Ҳидоя” ўрганувчиси ва ўргатувчи ҳар замон, ҳар маконда бўлганлигини тақозо қилади.

“Ал-Ҳидоя” асарининг шарҳлари:

  1. “Ал-Баноя шарҳ ал-ҳидоя”. Унинг муаллифи Маҳмуд ибн Аҳмад ибн Муса ибн Аҳмад ибн Ҳусайн. Бу зот Бадриддин Айний Ҳанафий деб танилган. У зот 762-хижрий санада рамазон ойининг 26-куни таваллуд топган. 855-ҳижрий санада 93 ёшларида вафот қилиб, жанозалари “ал-Азҳар” жомьесида ўқилган ва ўз мадрасаларига дафн қилинган.[3]
  2. “Ниҳоя ал-кифоя фи дироятул ҳидоя”. Унинг муаллифи Тож аш-шариъа Маҳмуд ибн Содр аш-шариат ав-аввал Убайдуллоҳ ал-Маҳбубий. Уни 694-санада ёзганганлар. Бу китобнинг нусхаси Сулаймонийя, ал Қоҳиратул уло, Пешавор ва Осфия кутубхоналарида сақланади.
  3. “Ан-Ниҳоя”. Унинг муаллифи Ҳусайн ибн Али Соғлоқий. У зот ҳижрий 710 мелодий 1310-санада вафот этган. Китобни 700-ҳижрий санада тугатган.
  4. “Ал-Кифоя”. Маҳмуд ибн Убайдуллоҳ Тожу Шариа Маҳбубий. У зот 745-ҳижрий 1344-милодий санада вафот этган.
  5. “Мерож ад-Дироя”. Унинг муаллифи Муҳаммад ибн Маҳаммад Синжорий Кокий. У зот 749-ҳижрий 1348-мелодий сарада вафот этган. Қўлёзма нусхалари бир неча кутубхоналарда сақланади. Бу китобнинг Тақийиддин Шаҳнийга тегишли хошияси бор. У Сулаймонийя кутубхонасида сақланади.
  6. “Ғоят ал-Баён”. Унинг муаллифи Амир Котиб ибн Амир Умар ибн Амир Ғозий Итқоний. У 758-ҳижрий 1357- мелодий санада вафот этган. У китобни 721-санада Қоҳирада бошлаган, Бағдодда давом эттириб 747-санада тугатганлар.
  7. “Ал-Иноя”. Унинг муаллифи Акмалиддин Муҳаммад ибн Маҳмуд Бабуртий. У зот 786-ҳижрий 1384-милодий санада вафот этган.[4]
  8. “Фатҳ ал-Қодир”. Унинг муаллифи Камолиддин Муҳаммад ибн Абдулвоҳид ибн Абдуҳамид Сакандарий. У ибн ал-Ҳумом куняси билан танилган. У зот 861- ҳижрий 1457-мелодий санада вафот этган. Ибн Ҳумом “Фатҳ ал-қадир” китобини дарс бериш давомида ёзиб боради. Ваколат китобига етганда ажал билан вафот қилади. Сўнгра Қози зода ар-Румий номи билан машҳур бўлган Шамсиддин Аҳмад ибн Маҳмуд охирига етказади. Бу асарнинг тошбосма нусхаси Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази қўлёзмалар фондида № 101 рақам остида сақланади.
  9. Аҳмад ибн Сулаймоннинг Ҳидоянинг баъзи ўринларига ёзган шарҳи. Муаллиф ибн Камол ал-Боша деб танилган. У зот 940-ҳижрий 1533-мелодий санада вафот этган.
  10. Араб Зоданинг шарҳи. 950-ҳижрий 1543-милодий санада вафот этган.
  11. “Идда ал-Фатаво фи тафриди масоил ал-Ҳидоя”. Унинг муаллфи Аҳмад Шот Куброзода. У 967-ҳижрий, 1560-милодий санада вафот этган.
  12. Синон Афандийнинг ҳошиялари. У зот 980-ҳижрий, 1572-мелодий санада вафот этганлар. Бу хошия Кароҳиёт ва Васийят китобларига ёзилган. У Искандария кутубхонасида сақланади.
  13. Абу Саьуд ал-Имодийнинг таълиқлари. У зот 982-ҳижрий 1574-милодий санада вафот этган.
  14. Муҳаммад ибн Мустафо Шайхзоданинг шарҳлари. Бу зот 1000-ҳижрий 1591-милодий санада вафот этган.
  15. Закариё ибн Бийромнинг таълиқлари. Бу зот 1001- ҳижрий, 1592- милодий санада вафот этган. Унинг нусхаси Берлин ва Петербург шаҳарларида сақланади.
  16. Абдулҳалим Ахизоданинг шарҳи. Бу зот 1004-ҳижрий 1604-мелодмй санада вафот этганлар. Унинг нусхаси Берлинда сақланади.
  17. Исмоил ибн Яжизий шарҳи. Бу зот 1121-ҳижрий, 1709-милодий санада вафот этган. Унинг нусхаси Берлинда сақланди.
  18. Абдулғани Набилисийнинг шарҳи. Бу зот 1143-ҳижрий, 1731-милодий санада вафот этганлар.
  19. “Ал-Кифоя” . Жалолиддин ибн Шамсиддин Гурланий Хоразимий.
  20. Муҳаммад ибн Али Баркунийнинг шарҳи. У зот 981-ҳижрий 1573-милодий санада вафот этган.
  21. Мулла Сурурийнинг шарҳи. Унинг нусхаси Домадзода кутубхонасида сақланади.
  22. Ализода ибн Али Римийнинг шарҳи. У зот 931-ҳижрий, 1424-милодий санада вафот этганлар.
  23. Ализода Мустафо ибн Сулаймоннинг шарҳи.
  24. Валиюллоҳ Деҳлавийнинг шарҳи. Сулаймонийя кутубхонасида сақланади.
  25. Муҳаммад ал-Кудусийнинг шарҳи. Унинг нусхаси Яҳё афанди кутубхонасида сақланади.
  26. Сайфиддин канонийзоданинг шарҳи. У зот 979-ҳижрий, 1572-мелодий санада вафот этган. У Сулаймония кутубхонасида сақланади.
  27. “Мисбаҳ ал-Ҳидоя ва мафотиҳ ал-Вилоя» . Али ибн Атийя Ҳамавий. У зот 932-ҳижрий санада вафот этган.
  28. Жабборзоданинг шарҳлари. Унинг нусхаси Домадзода кутубхонасида сақланади.
  29. “Итхоф арбоб ад-Дироя бил фатҳ ад-Дироя”. Унинг муаллифи Аҳмад ибн Муҳаммад Ҳамавий. У зот 1098-ҳижрий, 1687-милодий санада вафот этган.
  30. “Танбиҳ бал-Лабиб фи шарҳи ма тазаммманаҳу китабул Ҳидаяти мин ал ғориб”. Унинг муаллифи Абдуллоҳ ибн Ҳусайн ибн Абу Баклр Нурайрий. У зот 939-ҳижрий 1532- милодий санада китобни таьлиқ қилганлар.
  31. “Ал-Ғояту би шарҳил Ҳидоя”. Муаллифи Аҳмад ибн Абдуғани ас-Суружий. Унинг нусхаси Сулаймония кутубхонасида сақланади.
  32. Исомиддин Иброҳим ибн Муҳаммад ибни Арабшоҳнинг хошияси. у 949-ҳижрий 1537-мелдоий санада вафот этган.
  33. Мулла Давлат шарҳи. Унинг нусхаси Асифийя кутубхонасида сақланади.
  34. Абдудғофурнинг шарҳи. Унинг нусхаси Асифийя кутубхонасида сақланади.
  35. Ҳамимуддин Абдураҳмон ибн Исҳоқ Бунянийнинг шарҳи. Унинг нусхаси Ромпул аввал кутубхонасида сақланади.
  36. Ибн Нужаймнинг шарҳи. У 970-ҳижрий, 1563-санада вафот этган.
  37. “Рисола фил ҳосфи ал-Ҳидоя”. Унинг муаллифи Ҳанонизода. У 979-ҳижрий 1572-милодий санада вафот этган.
  38. “Рисола фи тафсири ваьда масаил ал-Ҳидоя мин китаб ар-Раҳим”. Унинг муаллифи Вали ибн Юсуф Амморий.
  39. Шарҳ Аллома Абдулҳай Лакнавий. Бу шарҳ Абул Ҳасанот Муҳаммад Абдулҳай Ансорий Лакнавий шарҳи. Бу асарнинг биринчи нашри ҳижрий 1418 йил Покистоннинг Карачи шаҳрида нашрдан чиқди.

Қуръони Каримдан кейин ислом ҳуқуқининг асосий манбаларидан бири бўлмиш сунна соҳасида тўпланган Имом Бухорийнинг «ал-Жомиъ ас-саҳиҳ» китоби устидан Броккелман «Араб адабиёти тарихи»да ёзишича, 43 шарҳ ёзилган. Аҳлвард ёзишича, фақатгина Берлиндаги қўлёзмалар рўйхатида унинг 60 та шарҳи мавжуд. Шунга биноан айтиш мумкинки, Бухорий асаридан кейин, «ал-Ҳидоя» энг кўп шарҳга эга асардир. Бу «Ҳидоя»нинг қанчалик буюклиги илмий-амалий ва ҳаётий аҳамиятга эга эканлигини инкор этиб бўлмайдиган далилдир.[5]

Дунёда фиқҳ илмида жуда кўплаб асарлар ёзилди. Аммо, афсуски, улардан баъзиларигина бизгача етиб келди. Манбаларда эса бизгача етиб келмаган кўплаб бундай асарларнинг номлари зикр этилади. Улардан бизгача етиб келганлари – Имом Бурҳониддин Марғинонийнинг асари бўлиб, у ўз муаллифи номининг умрбоқий бўлишига сабаб бўлди.

Ҳидоя ўз замоманасидан олимлар тамонидан тан олинди.  Устоз ва шогирд анъанаси билан асрлар давомида ўқиб ўрганилди ва шарҳлар ёзилди.

Қўлёзмалар билан ишлаш ва музей бўлими илмий ходими
И.Қушшақов
[1] Мутафаккирлар. Моварауннаҳр нашриёти. Т.: 2011. – Б.4.
[2] Бадриддин Маҳмуд ибн Аҳмад ал-Айний. Ал-Баноя шарҳ ал-ҳидоя.1 жуз. – Б. 24
[3] Бадриддин Маҳмуд ибн Аҳмад ал-Айний. Ал-Баноя шарҳ ал-ҳидоя.1 жуз. -Б.  94.  
[4] Бадриддин Маҳмуд ибн Аҳмад ал-Айний. Ал-Баноя шарҳ ал-ҳидоя.1 жуз. Муқаддима. – Б.7.
[5] Бурҳониддин Марғиноний – Ўзбекистон фахри, Т.; «Академия», 2007. Б.32.

Check Also

Рамазон — меҳр-мурувват, хайру саховат ойи

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Халқимиз ҳаётида маънавий поклик, меҳр-оқибат, хайру саховат фазилатлари сайқалланадиган муборак Рамазон ойининг …