Home / МАҚОЛАЛАР / Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш – давр талаби

Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш – давр талаби

“Бизни ҳамиша ўйлантириб келадиган яна бир муҳим масала – бу ёшларимизнинг одоб-ахлоқи, юриш-туриши, бир сўз билан айтганда, дунёқараши билан боғлиқ. Бугун замон шиддат билан ўзгаряпти. Бу ўзгаришларни ҳаммадан ҳам кўпроқ ҳис этадиган ким – ёшлар. Майли, ёшлар ўз даврининг талаблари билан уйғун бўлсин. Лекин айни пайтда ўзлигини ҳам унутмасин. Биз киммиз, қандай улуғ зотларнинг авлодимиз, деган даъват уларнинг қалбида доимо акс-садо бериб, ўзлигига содиқ қолишга ундаб турсин. Бунга ниманинг ҳисобидан эришамиз? Тарбия, тарбия ва фақат тарбия ҳисобидан”, дея таъкидлади Президентимиз. Шундай экан оилада фарзандларни аҳлоқий-ҳуқуқий жиҳатдан тарбиялаш, айниқса, адолат, бурч, ватанпарварликни шакллантириш, она ватанни севиш ҳиссини уйғотиш ўта муҳим ҳисобланади.

Жамиятимиз равнақи учун зарур бўлган илмларни олиш ҳар бир ёш йигит-қизнинг зиммасидаги бурчларидан бири бўлиб, унда ниятнинг холислиги энг муҳим нарсадир. Албатта, ёшларимизни дунёвий билимлар билан бир қаторда маълум даражада диний илмга ҳам эга бўлиши уларнинг маънавий онгини шакллантириб, разил сифатлардан узоқлаштиради. Жумладан, ҳар томонлама етук билимли ёшларгина ўзларининг соф имон-эътиқоди билан ўз билимини самарасини тўғри, фойдали нарсаларга йўналтириб, ўзига ва атрофидагиларга, шу жумладан жамиятга фойда келтиради. Ахлоқий бўшлиқнинг олдини олиб, жамиятнинг порлоқ келажаги учун замин таёрлайди. Миллий ва диний қадриятларимизнинг ёшларимиз тарбиясидаги ўрни беқиёсдир. Улардаги ватанпарварлик, инсонийлик, меҳр оқибат каби тушунчалар фарзандларимизни иймонли, инсофли, юртимизга астойдил хизмат қилувчи юксак маънавиятли шахслар қилиб тарбиялайди. Тарбиявий ишларни амалга оширишда ва ёшларимиз онгига миллий истиқлол ғояларини сингдиришда республика маънавият ва маърифат кенгашининг олиб бораётган амалий ишларини ҳам аълоҳида таъкидлаш лозим бўлади.

Ислом — миллий маънавиятимизнинг ажралмас бўлагидир. Аммо, бу ҳолатдан фойдаланган ҳолда Ислом дини номидан ёшларимиз онгини ислом дини номи остида турли хил экстремистик ва террористик ғояларни сингдиришга урунишлар ҳозирги вақтда авж олиб кетди. Бунёдкор ва бузғунчи ғоялар ўртасидаги бундай ғоявий палигон кенг миқёсда дунё бўйлаб тарқалганлиги ҳар бир оқил инсонни хавотирга солмоқда. Бугунги кунда экстремизм ва терроризмдан ёшларимизни асраш ҳар бир зиёли кишининг муҳим вазифаларидан бири ҳисобланди.

Дин эзгулик манбаи ҳисобланади. Аммо соф исломий эътиқодни нотўғри қабул қилиш ёки баъзи бир сиёсий кучларнинг ўз манфаати йўлида диндан фойдаланиш оқибатида турли экстремистик кучлар юзага келиб, тарихда ҳам, ҳозирда ҳам муқаддас динимиз ҳамда жамиятга катта зарарлар келтирмоқда. Ҳатто, янги аср бошланиш арафасида исломофобик тарғиботлар авж олиб, дунё ҳамжамиятида ислом динини ёмон кўрсатишга эришилди ҳам.

Экстремизм муқаддас Ислом динига алоқадор бўлмасдан, муайян диний конфессия ва ташкилотлардаги ашаддий мутаассибона унсурларнинг фаолияти мафкурасининг натижасидир. Мутаассиб шахс ўз ақидасининг тўғрилигига шак-шубҳасиз ишониб, бошқа фирқа ва мазҳабларни бутунлай рад этган ҳолда уларни тан олмаслик, балки уларни диний асосларни бузишда айблаб, уларга қарши уруш очишга чақирадиган омиллардандир. Динда мутаассибона эътиқодда бўлиш ва соф исломий эътиқоддан бехабарлик экстремизм ва терроризмнинг асл манбаи ҳисобланади. Аслида, Ислом динида ўзаро ҳамжиҳатлик, тинчлик ва бағрикенгликка буюрилади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Эй, имон келтирганлар! Аллоҳга итоат этингиз, Пайғамбарга ва ўзларингиздан (бўлмиш) бошлиқларга итоат этингиз! Борди-ю, бирор нарсада (дин ишида) келиша олмай қолсангиз – Аллоҳга ва охират кунига ишонадиган бўлсангиз – уни Аллоҳга ва пайғамбарига ҳавола қилингиз. Мана шу яхшироқ ва чиройлироқ (иш)дир.”[1]

Мазкур оятда Аллоҳ таоло бандаларини Ўзи, Расули ҳамда ўз ораларидан чиққан мусулмон бошлиқларга итоат этишни буюриб, бирор муаммоли масалага дуч келинганда унинг ечимини “Аллоҳ ва пайғамбарига” ҳавола этишни, демакки, Қуръон ва ҳадисга мурожаат қилишни буюрмоқда. Бундай мушкул ҳолатларда масаланинг ечимини топиш учун энг аввало Қуръонга мурожаат қилишимиз лозим экан. Дарҳақиқат, Қуръонда бундай масалаларнинг чиройли ечими бор. Ихтилоф вақтидаги масаланинг энг тўғри ечими, қандай йўл билан бўлса ҳам, фирқаларга ажралишнинг олдини олишдир. Қуръони каримда буюрилганидек, мусулмон киши учун кўр-кўрона тақлид ярашмайди. У ҳар қандай масалада Аллоҳнинг Каломи ва пайғамбарининг ҳадисларига эргашиши, агар лозим ақидавий ва шаръий масалаларни билишга ўзининг илми етарли бўлмаса, ишончли, тақводор, олим кишилардан сўраб билиши ҳамда уни амалга татбиқ этишда фитна келтириб чиқаришдан эҳтиёт бўлиши керак.

Шундан кейин ҳам, кимки тўғри йўл аниқ бўлиб, сўнг ўз ҳавойи хоҳишига эргашса, Аллоҳ уни залолатга бошлаб, янада адаштиради, охиратда эса у учун ўта аламли азоблар бордир: “Кимга ҳидоят аниқ бўлгандан кейин Пайғамбарга мухолифлик қилса ва мўминлар йўлидан ўзгасига эргашса, Биз уни ўзи кетаётган йўлига қўйиб берамиз ва (охиратда) уни жаҳаннамда куйдирамиз. Нақадар нохуш жой у!”[2]

Фирқаларга бўлинмаслик ҳақида Аллоҳ таоло ўз Каломида “Ҳаммангиз Аллоҳнинг “арқони”ни маҳкам тутинг ва фирқаларга бўлинманг”[3],–деб буюради.

Мазкур таъкид “Шўро” сурасида ҳам алоҳида келтирилган: “(Эй, имон келтирганлар! Аллоҳ) сизлар учун ҳам дин бўйича Нуҳга буюрган нарсани ва Биз сизга (Муҳаммадга) ваҳий қилган нарсани, (шунингдек) Биз Иброҳим, Мусо ва Исога буюрган нарсани – шариат қилди: “Динни барпо қилингиз ва унда фирқа-фирқага бўлинмангиз!”[4]

Мазкур оятларга хилоф келиб, мусулмонларнинг фирқаларга бўлиниши тўғридан-тўғри Аллоҳ ва расулига нисбатан исёндир. Ушбу муборак оятларда Аллоҳ таоло барча пайғамбарларга бир нарса, у ҳам бўлса, Аллоҳнинг динини барпо қилиш ва бу динда турли фирқаларга бўлиниб кетмасликни буюргани баён этилмоқда.

Жумладан, рисолат соҳиби Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в)дан муқаддас динимизга хилоф бўлган бундай гуруҳлар ҳақида бир қатор ҳадислар ворид бўлган.

Ибн Аббосдан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (с.а.в): “Менинг умматимдан бир тоифа инсонлар пайдо бўлиб, динда жуда тез илмни эгаллайдилар ва Қуръон ўқийдилар. Улар: Бошлиқларимизга бориб: “уларнинг молу давлатларини босиб оламиз ва ўзларини динимиздан четлатамиз (кофир деб эълон қиламиз)”,– дейдилар. Бундай қилиш тўғри йўл эмас. Қатода (алоэ)дан тикондан бошқа нарса ҳосил олинмаганидек, у тоифа кишиларга яқин бўлишдан фақат хатоларни жамлаш мумкин бўлади,”–дедилар.[5]

Умар ибн Хаттоб (р.а.)дан ривоят қилинган бошқа бир ҳадисда Пайғамбар (с.а.в): “Ислом қувватланиб кучга тўлади, ҳатто куфр ўз инига қайтиб киради. Кишилар исломни тарғиб қилиш учун денгизлар ошадилар. Албатта, инсонлар бошига бир замонлар келадики, (унда) одамлар Қуръонни ўқиганларича ўқийдилар ва (Қуръондаги ҳукмларни) қоим қиладилар. Улар: Биз Қуръонни ўқиб чиқдик ва ундаги ҳукмларни билдик. Энди биздан кўра яхшироқ кимса борми?”– деб айтадилар. Уларда ҳеч бир яхшилик йўқ”,–дедилар.

Биз ҳозир Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи ва саллам башорат қилган бундай кимсаларни “ал-Қоида”, “Ҳизбу-т-таҳрир”, ваҳҳобийлик, Ўзбекистон Ислом ҳаракати, ИШИД каби экстремистик ташкилотларнинг ҳаракатлари мисолида кўришимиз мумкин.

Юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, Ислом динининг асл моҳияти жамиятга ва бутун борлиққа эзгулик ҳисобланади. У табиат, жамият, инсон ва унинг онги, яшашдан мақсади ҳамда тақдири инсониятни бевосита қуршаб олган атроф-муҳитдан ташқарида бўлган, уни яратган, айни замонда инсонларга тўғри, ҳидоят йўлини кўрсатадиган ва ўргатадиган илоҳий қудратга ишонишни ифода этадиган таълимотдир.

Аллоҳ таоло муқадас каломида: “Имон келтирган ва савобли ишларни қилганлар учун – агар ширкдан сақланиб, имонда ва савобли ишларда давом этсалар, сўнгра (май ва қимордан) сақланиб, (ҳаромни ҳаром деб) имон келтирсалар, сўнгра (барча ҳаром ва шубҳалардан) сақланиб, (одамларга) эзгулик қилсалар олдин еб-ичган (ҳаром) нарсаларида гуноҳ йўқдир. Аллоҳ эзгулик қилувчиларни севади.”[6]

Aллoҳ тaoлo eр юзидa ёвузлик қилмaсликкa буюрaди ҳaмдa нoҳaқлик, aдoлaтсизлик, зўрaвoнлик, oдaм ўлдириш, қoн тўкишни тaқиқлaб, зулмнинг ҳар қандай кўринишини қаттиқ қоралаб, унинг жазосиз қолмаслигини хабар беради:

“Имон келтириб, солиҳ амалларни қилганларга эса (Аллоҳ) мукофотни мукаммал берур. Аллоҳ золимларни ёқтирмас”[7].

Яъни, Ўзи ҳам ҳеч кимга зулм қилмайди ва ҳар кимга қилган ишига мувофиқ равишда жазо ёки мукофот беради.

 “Aллoҳ сeнгa ато этган нарса билан охиратни истагин ва дунёдан бўлган насибангни ҳам унутмагин. Аллоҳ сенга қилгани каби сен ҳам (одамлaргa) эҳсoн қил! Ердa бузғунчилик қилишни истама! Чунки Aллoҳ бузғунчилaрни суймaс”[8].

“Эзгулик вa тaқвo (йўли)дa ҳaмкoрлик қилингиз, гунoҳ вa адоват (йўли)дa ҳaмкoрлик қилмaнгиз! Aллoҳдaн қўрқингиз! Албатта, Aллoҳ aзoби қaттиқ зотдир!”[9]. Қуръoн oятлaридaн кўриниб турибдики, Aллoҳ тaoлo oдaмлaрни яxшилик вa ҳурмaт-эҳтирoм кўрсaтиш, сoлиҳ aмaллaр қилишдa бир-биригa ёрдaмлaшиш, бaдниятлик вa жaнжaл-ғaвғoлaрдaн чeкинишгa буюряпти.

Эзгуликнинг ёрқин намоёндаси ва дунёдаги ҳар бир мўмин-мусулмоннинг буюк устози бўлган жаноб Пайғамбаримиз ҳар бир мусулмон кундалик фаолиятида қўллайдиган, умри давомида ҳаётида татбиқ этиши даркор бўлган мавзуларни марҳамат қилганлар: “Аллоҳ Таолога фарз ибодатлардан кейин энг маьқул иш – мусулмон кишини хурсанд қилишдир”[10].

Абу Ҳурайра (р.а.)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (с.а.в) дедилар: “Мусулмон мусулмонлар унинг қўли ва тилидан саломат бўлган кишидир. Мўмин инсонлар ўз қонлари ва молларида ундан эмин бўлган кишидир.”[11]

Маълумки, тил ва қўл энг кўп ишлатиладиган аъзолар бўлиб, яхши ишлар ҳам, ёмон ишлар ҳам асосан шулар билан бажарилади. Ён-атрофдагиларга аксар ҳолларда тил билан сўкиб ёки қўл билан туртиб, уриб, озор берилади, зарар етказилади. Шунинг учун, Пайғамбар (с.а.в) шу икки аъзони лафзан зикр қилдилар. Демак, бировларга, у ким бўлишидан қатъий назар, диндошми, ғайридинми – озор беришдан ўзимизни сақлашимиз лозим. Айниқса, тилимиз ва қўлимизга хушёр бўлишимиз керак. Динимиз таълимотида нафақат инсонларга нисбатан эзгу бўлиш, балки уни ўраб турган табиат ва ундаги барча жонзотларга нисбатан ҳам меҳру шафқатли бўлишга буюрилган.

Халқ арбоби, буюк мутафаккир Абдурауф Фитрат бу ҳақда шундай дейди: “Ҳеч шубҳа йўқки, одамлар ҳар хил дин ва мазҳабдан, ҳар хил қабила ва миллатдан бўлсалар ҳам, бир отанинг ва ягона жинснинг фарзанди, бошқача қилиб айтганда, бир-бирларининг ака-укаларидир. Шундай экан, улар ўзаро умумий биродарликни юзага келтиришлари керак”[12].

Ёшларимизни турли хил бузғунчи ва вайронкор оқимлар таъсиридан ҳимоя қилиб, бунёдкор ғояларни улар онгида шакллантириш учун нималарга эътибор қаратмоқ керак?

Муҳтарам Президентимиз бу борада огоҳликка чақириб: “Ўз уйингни ўзинг асра” деган шиорлари остида ҳар бир ота-она ўз фарзандини, ўқитувчи ўз талабасини бепарволик қилмасдан бундай оқимлар таъсиридан ҳимоя қилишга интилиши ҳамда бу йўлда ўз устида ишламоғи, изланмоғи даркор. Ёшларимиз таълим-тарбиясини Ватанга муҳаббат, ота-она, элу юртга муҳаббат билан ҳамоҳанг қилиб, миллий ва диний қадриятларни, она заминни ва ҳатто унда ўсган ҳар бир дарахтни, кўчатни асраб-авайламоқга ҳамда келажак авлод учун озод-обод Ватанни асраб етказиш ўсиб келаётган ҳар бир ўсмир йигит-қизнинг вазифаси эканлигини ўргатиб боришимиз зарур. Ёшларимиз онги ва руҳиятига салбий ва кескин таъсир қилувчи ҳар қандай воситаларга қарши уларда аввало иммунететни ҳосил қилишимиз энг долзарб ишлардан бири ҳисобланади.

Улуғбек Бекязов
Хазорасп тумани “Абдукарим шайх бобо” масжиди имом хатиби
[1] Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсирни. Таржима ва тафсир муаллифи Шайх Абдулазиз Мансур. –Т.: ТИУ, 2009. Нисо сураси, 59-оят. –Б. 87.
[2] Қуръони карим. Нисо сураси, 115-оят. –Б. 97.
[3] Қуръони карим. Оли Имрон сураси, 103-оят. –Б. 63.
[4] Қуръони карим. Шўро сураси, 13-оят. –Б. 484.
[5] Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ат-Табризий. Мишкату-л-масобиҳ. Казань. Лито-Типография “Братья Каримовы”, 1908. –Б 61. Ибн Можа ривояти.
[6] Қуръони карим. Моида сураси, 93-оят. –Б. 123.
[7] Қуръони карим. Оли Имрон сураси, 57-оят. –Б. 57.
[8] Қуръони карим. Қасос сураси, 77-оят. –Б. 394.
[9] Қуръони карим. Моида сураси, 2-оят. –Б. 106.
[10] Мансуров А. Минг бир ҳадис. Ж. 2. –Б. 166. 857-рақамли ҳадис. –Т.: Ўзбек маскани, 1991.
[11] Мишкату-л-масобиҳ. –Б19.
[12]Терроризм – жаҳолат ўчоғи, Методик-библиографик қўлланма Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонаси Тошкент-2003 Б-4

Check Also

Рамазон — меҳр-мурувват, хайру саховат ойи

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Халқимиз ҳаётида маънавий поклик, меҳр-оқибат, хайру саховат фазилатлари сайқалланадиган муборак Рамазон ойининг …