Home / МАҚОЛАЛАР / ЗИЁРАТ ОДОБЛАРИ

ЗИЁРАТ ОДОБЛАРИ

1.Қабристонга келган киши кулиб, қаҳ-қаҳ отиб кирмайди. Кибр, манманлик, ҳазил-ҳузул масхарабозлик каби иллатларни ташқарида қолдириб, марҳумларга ҳурмат-эҳтиром сақлаб, жиддий ва маъюс ҳолда кирилади[1].

Бу ер бозор, ишхона эмас. Тўйхона, чойхона, ресторан ҳам эмас. Стадион, спорт зали ҳам эмас. Бу ер марҳумлар дафн қилинадиган мозордир. Бас шундай экан, инсон қаерга кираётганини қалбан ҳис қилиши керак. Баъзида қабристонга корхона директорлари келиб қолади. Худди ўзининг ишхонасидагидек димоғ билан кеккайиб юради. Баъзилар қабристондалигини унутиб чойхонадаги кайфиятда ҳиринглаб юради. Баъзи беадаб ёшлар эса икки қўлини кериб, «adidas» формасида ғоздек қадам ташлаб, сўрашган кишининг қўлини қисиб, шу ерда ҳам ўз кучини кўрсатиб қўйгиси келади. Оёғи остига қараса-ку, тупроққа қоришиб кетган қанча-қанча спорт усталарини кўрарди, лекин у бечоранинг ибрат кўзи кўрми ёки бошқа сабаб борми, ўзини тута билмайди.

  1. Қабристон аҳлига (ўликларга) салом беради.

«Ассалому алайкум, (мана бу) диёрнинг аҳли бўлмиш мўмин мусулмонлар. Биз Аллоҳ истаган (куни) сизлар кетингиздан келурмиз. Биздан олдин оламдан ўтганларни ва кейин вафот этганларни Аллоҳ раҳмат қилсин. Аллоҳдан ўзимизга ва сизларга офият тилайман».

  1. Қабр устига ўтирмайди ва ётиб олмайди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалом дейдилар: «Қабрни оёқ билан топтагандан кўра, кийим ва баданни куйдирадиган чўғ устига ўтиришингиз яхшироқдир».

  1. Қўлни қабр устига қўймайди. Абу Лайс Самарқандий дейдилар: «Қўлни қабр устига қўйиш суннат ҳам, мустаҳаб ҳам эмас. Балки бу феъл аҳли китоблардан кирган бидъатдир»[2].
  2. Маййит ҳақига дуо қилади, истиғфор айтади.

 Маййит ҳақига дуо-истиғфор ҳар бир мўминдан матлубдир, хусусан, фарзандларнинг ота-оналари ҳақига дуо ва истиғфорлари қаттиқ талаб қилинади. Нафақат қабр тепасида, балки намозларда, дуо ижобат бўладиган вақт ва маконларда марҳум ота-она ва таниш-нотаниш мўмин-мўминаларга дуо қилинади. Бунга етарлича далиллар Парвардигор китоби ва Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалом суннатларида келган. Аллоҳ таоло дейди:

«Улардан кейин келганлар (дуо қилиб) дейдилар: «Эй Роббимиз, бизларни ва бизлардан олдин иймон билан ўтган (жамийки) биродарларимизни мағфират қилгин. Иймон келтирганларга нисбатан қалбимизда (озгина бўлса ҳам) душманлик; адоват қилмагин. Эй Роббимиз, Ўзинг раҳмли ва меҳрибонсан»[3]

  1. Қабр устига ҳайкал, бино қуриш, шамчироқ ёқиш Исломдан эмас. Ҳозирги пайтда қабрлар устига шамчироқлар ёқиш одати зардуштийлик динидан қолган зарарли одатлардандир. Олов билан боғлиқ одатлардан баъзилари никоҳ маросимларида ҳам сақлангани ҳеч кимга сир эмас.
  2. Қабр тепасида ўликдан ҳожатини сўрамайди.

Шайхлар, авлиёлар қабри устида мадад сўралмайди. Қабр атрофида айланиб тавоф қилинмайди. Дарахтларга латталар боғланмайди. Ўликлар тирикларга манфаат етказади деб эътиқод қилиш ширкдир. Зеро, ўликлар тирикларга, уларнинг дуосига, тиловати Қуръонига муҳтождирларки, бундан уларнинг руҳи таскин топади, иншоаллоҳ.

Солиҳ фарзандлар, содиқ дўст, ошна-оғайнилар уйда Қуръон ўқиб ортидан дуо қилсалар, саҳарларда туриб ота-она ҳақига истиғфор айтсалар, чин қалбдан Аллоҳга ўтиниб, ёлвориб марҳумни жаҳаннамдан озод қилишини, жаннатга беҳисоб, беазоб киргизмоғини дуо қилиб сўрасалар, Аллоҳ дуоларини ижобат қилгай. Ҳадисда келади:

«Мусулмоннинг ўз биродари ҳақига қилган ғойибона дуоси мустажобдир. Унинг бошида бир малак бўлур. Ҳар қачон биродари ҳақига яхши дуо қилган пайтида у малак: «Омийн, ўзингга ҳам шундайи бўлсин» деб дуо қилиб туради»[4].

Бошқа бир ҳадисда: «Одам фарзанди вафот этса унинг амали — иш фаолияти тўхтайди. Илло уч амалдан (унга савоб етиб боради): Жорий садақа, манфаатли илм, унинг ҳақига дуо қилгувчи солиҳ фарзанд».

  1. Шаръий ахлоқ-одобларнинг ҳаммасига риоя қилиб, мункарот, бидъат ва хурофотлардан четланади.

Қабристонда кўрган-билганига эмас, шариатда белгиланганига эргашади…

Қабр зиёратининг баъзи одоблари

  1. Таҳоратли бўлмоқ.
  2. Қисқа муддат бўлса ҳам дунё машғулотини тарк этиб, охиратни ўйламоқ.
  3. Зиёрат қилинаётган зот ҳаётда бўлса эди, у зотга қанчалик яқинлашиши мувофиқ бўлса, шунчалик яқин бормоқ.
  4. Қабрга яқинлашгач, қабрдаги зотга салом бермоқ.
  5. Қабр ёнида Қуръони каримдан ўқиб, дуо қилмоқ[5].

Зиёратдаги макруҳ ишлар:

Қабрни босиш, қабр устида ўтириш, қабр устида ухлаш ва қабр ёнида намоз ўқиш макруҳдир[6].

  1. Суннат амалларни, яъни қабр зиёрати одобларини тарк этиш макруҳдир.
  2. Баланд овоз чиқариб йиғлаш макруҳ.
  3. Қабр тоши ва темирларини ўпиш макруҳ.
  4. Эркак билан аёллар аралаш ҳолда зиёрат қилиши макруҳ.
  5. Қабр ёнида шам, олов ёқиш ва (у ердаги дарахтларга) латталар боғлаш макруҳ.

Булар макруҳи таҳримий, яъни ҳаромга яқин макруҳлардир.

Зиёратдаги ҳаром ишлар:

Қабрни қўл билан сийпаш, ушлаш, ўпиш, кўзга суриш, айланиб тавоф қилиш асло мумкин эмас. Чунки, сийпаш, ўпиш ва ушлаш насороларнинг одатидир.

Қабр устида ўтириб ёки ёнида туриб суратга тушиш, худди томошага, сайр-саёҳатга боргандек, балан-баланд овозда хушчақчақ гаплашиш мумкин эмас.

Қабр устида шам ёки чироқ ёқиб қўйиш, арвоҳлар шам ёки чироқ атрофига келади, деб эътиқод қилиш мутлақо мумкин эмас. Бу мажусийларнинг ботил одатларидир.

Қабр бошига бирор хил таом, авқат қолдириб кетиш, бу ўликка озуқа бўлади, деб эътиқод қилиш катта хатодир. Ўликнинг «озуқаси» унинг тирик пайтида қилган тоат ибодати ва савобли ишларидир.

Қабрлар зиёратидан, асосан икки нарса истифода қилиниши керак: охиратни эслатади. Қабр зиёрати ўйин-кулгу учун, одамларга қўшилиб бориб, кўриб келиш, томоша қилиш учун бўлмаслиги керак. Инсон қабрларда ёт­ганлардан ибрат олиши, ўзининг ҳам шу ерга келишини ўйлаши, охиратининг обод бўлишини, қабрдаги сўроқ-саволларни, унга берилиши керак бўлган жавобларни ўйлаши, ўзидан кейинда қолганлар уни нима деб, қандай одам деб эслашларини тасаввур қилиши даркор. Қабристонга келганда дунёда пар­ҳезкор бўлиши, ҳа­лолдан ризқ топиши, қилган гуноҳларига, ёмонликларига пушаймон бўлиб, тавба ва истиғфорлар қилиши лозим.

Юқоридаги ҳадиси шариф мутлақ бўлгани учун қаердаги қабр бўлишидан қатъи на­зар бориши, сафар қилиши жоиздир. Бу аҳли сунна ва-л-жамоа уламоларининг иттифоқидир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алай­ҳи васалламнинг ўз оналарининг қабрларини зиёрат қилишга борганлари, Оиша онамиз розийаллоҳу анҳо ўз акаси Абдураҳмоннинг қабрини зиёрат қилиш учун келганлари маълумдир.

Имом Байҳақий мурсал ҳадис ўлароқ ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам “Кимки ота-онасининг ёки улардан биттасининг қабрини ҳар жума зиёрат қилса, у мағфират қилинади ва яхши инсон сифатида ёзиб қўйилади”[7], – деганлар.

Қабрларнинг зиёратига келганда таҳоратли бўлиш мустаҳабдир. Зотан, мўъмин-мусулмон ҳамма вақт таҳоратли юриши афзал.

Қабристонга кириб келганда, умумий қилиб қабристонда ётган мусулмонларга салом берилади. Зиёрат қилмоқчи бўлган қабри олдига келганда, унинг қибла тарафига ўтиб, орқани қиблага, юзни эса қабр­га томон қаратиб қабр аҳлига салом берилади. Бу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан қолган мўътабар одатдир. Жумладан, ул зоти шариф қабристонга чиққанларида “Ассалому алайкум, мўъмин ва муслимлар диёри аҳли! Биз, Аллоҳ хоҳласа, сизларга эргашувчимиз. Аллоҳдан биз ўзимизга ва сизлар учун офият сўраймиз”, – деб салом берганлар (Имом Муслимнинг Бурайда розийаллоҳу анҳудан қилган ривояти). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ҳам зиёрат вақтида ҳар хил салом ва дуолар қилганлар. Шунга ўхшаш мусулмон киши ҳам турли дуолар қилиши жоиздир.

Кейин зиёратчи тикка туриб ёки ўтириб Қуръондан билган сура ёки оятларини ўқиб, қабристон аҳлига, ўзи зиёрат қилаётган қабр­даги кимсага савобини бағишлайди.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг ривоят қилишича, саҳобаи киромлардан баъзилари, бир-бирларига зарбулмасал қилишиб “Бир инсон қабр устига чодир қуриб, у ерда “Таборака-ллазий би-йадиҳи-л-мулк” сурасини ўқиб тугатгунча, у қабр ҳисоб-китоб қилинмайди, дейишди. Буни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга хабар берганларида, ул зоти шариф “У сура қабр азобидан ман қилувчи, Аллоҳнинг азобидан қайтарувчидир!”[8] деган эканлар (Имом Термизий ривояти).

Имом Аҳмад Ибн Умар розийаллоҳу анҳудан ривоят қилишларича, у дафндан сўнг қабри устида «Бақара» сурасининг аввали ва охиридан ўқишни васият қилган эканлар. Шунинг учун ҳам тўрт маз­ҳаб аҳллари қабр бошида Қуръон тиловат қилишнинг жоизлигига фатво берганлар.

Имом Байҳақий ва Дайламийлар Ибн Аббос розийаллоҳу ан­ҳудан ривоят қилишларича, Жаноби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Қабрда ётган маййит бамисоли сувда ғарқ бўлиб кетаётган ва ёрдам сўраётган кишига ўхшайди, у ўз отаси, онаси, фарзанди, дўстидан ёрдам сўрайди. Агар улардан дуо етса, унга бутун дунё бойлигидан улуғроқ ҳадя етган бўлади. Тириклар дуоси сабабли қабр аҳлларига тоғлардек катта савоблар етади. Тирикларнинг маййитларга қиладиган ҳадяси улар ҳаққига истиғфор айтишдур”[9], деганлар.

Қабр аҳли тирикликларида қандай эҳтиромга сазовор бўлган бўлсалар, ўлганларидан сўнг ҳам эҳтиром этилишга лойиқдирлар. Авлиёлар қабрлари олдида эҳтиром билан юриш, одоб билан гаплашиш лозим. Оиша онамиз розийаллоҳу анҳу айтадилар: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Абу Бакр Сиддиқ розийаллоҳу анҳу ҳужрамга дафн қилинганларидан сўнг бирови хўжайиним, бирлари отам деб, уйда пайтимда тез-тез кириб зиёрат қилиб чиқаверар эдим. Аммо Ҳазрати Умар розийаллоҳу анҳу уларнинг ёнларига дафн қилингандан сўнг кам кирадиган, кирсам-да, ҳижобим ва пардам билан кирадиган бўл­дим”. Бу ҳадис китоб­ларининг қабр зиёрати бобида келтирилган саҳиҳ ривоятдир.

Ўликларни «Ёрдам беришга қодир», дейиш ҳам бўлмағур эътиқодлардан бўлиб, баъзиларнинг “Фалончи ав­лиё, менинг ҳожатимни раво қил!” каби сў­ровлари шариатимизда қайтарилган. Аммо “Фа­лончи авлиёнинг ҳур­матидан ҳожатларимни раво қил!” каби Аллоҳнинг ўзидан сў­раш жоиз[10].

Зиёрат вақтида қабр­ларни ўпиш, уларни қучоқлаш, юзга суртиш каби амаллар бидъат бўлиб, макруҳи таҳримий, яъни ҳаромга яқин макруҳ амал ҳисобланади. Қабр атрофини айланиш эса мутлақо ҳаром. Қабрлар олдида чироқ ёки шамлар ёқиш, уларнинг ёнида қўйлар сўйиш, ҳар хил латталар боғлаш ҳам шаръан ҳаром ишлардир. Буни ҳалол санаш инсонни куфрга олиб борадиган хавфли эъ­тиқоддир[11].

Сўзимиз аввалида «дунёда қабристони бўлмаган бирор шаҳар йўқ» деб эслаган эдик. Шунга кўра, қабристонга кириш ва у ерда мўмин ўзини қандай тутиш ҳақидаги айрим одобларни билганимиздан кейин, ҳар биримиз ўз шаҳримиздаги мусулмонлар дафн қилинадиган қабристонларнинг бирига зиёрат учун борсак бўлаверади. Зарурат бўлмаса ғайридинларнинг қабристонига борилмагани маъқул. (Аслида ҳар икки қабристоннинг бир-биридан фарқи қолмаяпти). Лекин ота-онаси, қариндош-уруғи у ерга дафн қилинганлар, ёки умуман, яшаётган шаҳрида мусулмонлар қабристони бўлмаганлар, имом Нававий Саҳиҳ Муслимга битган шарҳларида айтганларидек «ибрат олиш учун зиёрат қилса бўлаверади»[12].

Аммо махсус шахсларнинг мақбарасини кўзлаб сафар қилиш ёки узоқ юртдаги қабристонни зиёрат қилиш мақсадида сафарга отланиш Исломда ман қилинган.

Мадинаи мунавварага келган пайтингизда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалом қабрларини ҳамда икки улуғ саҳоба Абу Бакр ва Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳума қабрларини зиёрат қилинг. Шунингдек «Бақеъ» қабристонини ва Уҳуд жангида шаҳид бўлган саҳобалар дафн қилинган мозорни зиёрат қилишингиз мумкин. Суннатга мувофиқ қабр қандай бўлишини ўша ерда кўриб ўрнак оласиз. Диндан бехабар кишининг қабридан андоза олгандан кўра, динни сизу биздан кўра яхши тушуниб, ҳаётига татбиқ қилган саҳобалар қабридан андоза олган минг марта авлодир.

Дориларнинг таъсири кучли ёки кучсизи бўлганидек, қабрларнинг ҳам ибратда таъсири кучли ва кучсизи бўлади. Масалан, ошини ошаб, ёшини яшаган тўқсон ёшли чол қабри билан дунёга келиб, ҳеч нима кўришга улгурмай оламдан эрта кўз юмган ўн етти ёшли йигит қабри ўртасида фарқ бор. Кейингисининг таъсири аввалгисидан кучли албатта. Оддий солдат қабридан кўра, қўмондон қабрининг таъсири тез ўтади. Уй-жойсиз ғариб гадо қабрининг таъсиридан кўра, йиллар давомида ҳукм сурган шоҳлар сулоласининг йирик намояндаси тахтдан тўғри тобутга, қасрдан қабрга қўйилмоғи ўта таъсирлидир. Ҳар икки қабрдан ҳам таъсирланади киши, лекин катта одамлар таъсири ўзига яраша катта бўлади. Ўйлаб кўринг, очиқ, тор жойда, бўлиб ҳамки ер остида мамлакат раҳбарлари қаторлашиб жим ётса… Буниси етти-саккиз йил ҳукм сурган, мана бу эса ўттиз йил атрофида, яна бири етти-саккиз йил даврон сурса, бошқаси йигирма йил атрофида айшу ишрат қилган. Айримлар оғзи ошга етмаёқ бир-икки йил ичида суробини тўғирлаб қўйишган. Буларни кўриб таъсирланмай бўладими?!
Ана шундай манзара тарбиявий аҳамият касб қилгани учун Аллоҳ таоло милоддан олдин яшаб Мисрда ҳукмронлик қилган Фиръавн жасадини сувга ғарқ қилмай, тупроқда чиритмай сақлаб қўйишини Қуръонда хабар берган. «Мана бугун ўзингдан кейин келадиган кишиларга оят-ибрат бўлишинг учун жасадингни қутқарурмиз. Албатта кўп одамлар бизнинг оятларимиздан ғофилдирлар«[13]

Шунга кўра, ўтмишда ёки ҳозирда пойтахт бўлган шаҳарларга йўли тушган киши ўша мамлакат раҳбарлари дафн қилинган мақбарага қадам босиб қўйиши фойдадан холи эмас. Қўриқчи, хос навкар, фармонбардор аъёнлар, ҳисобсиз ходим ва ходималар, қиличи қонга тўймас жаллод, миршаб, зиндонбонлардан айрилиб, оддий фуқародек қабрда ёлғиз ётувчи шоҳларни кўриб ибрат олади. Самарқандга йўлингиз тушса Гўри амирга киринг. Бухоро, Хива, Қўқон томонларга юрсангиз Ўрта Осиё ҳукмронларининг аҳволини кўринг. Лекин охирги ҳукмронларнинг ҳоки ўз мамлакатларида эмас, ўзга диёрларга сочилиб кетган. Уларга ота-боболаридек шоҳона мақбарага кўмилиш насиб қилмади.
Ўз юмушларингиз билан Москва томонга бориб қолсангиз Қизил майдонга ҳам бир қадам босиб қўйинг. У майдонда бир вақтлар Романовлар сулоласининг охирги намояндаси Николай – оқ пошшо, халқ таърифлаганидек ҳақиқатда оппоқ ҳарбий кийимда, оппоқ кийинган рафиқаси билан савлат тўкиб юрарди. Кейинроқ у майдонни умрида эгнига ҳарбий кийим киймай дунёни ағдар-тўнтар қилган, қора костюм-шим, қора галстук тақиб юрувчи тепакал «доҳий» ишғол этди. Фалакнинг гардишини қарангки, бу майдонда мундири эгнидан тушмаган гуржи боласининг 30 йилча савлат тўкиши ҳам бор экан. Ундан кейин навбатма-навбат хохоллар давру даврон сурди. Хуллас «доҳий» шогирдларининг пайтавасига қурт тушиб, бу майдон кўпчиликнинг орасида қўлма-қўл бўлиб кетди. Россия тақдирига ачинган сиёсатдонлардан бири яқинда: «Россияни диндор президентгина сақлаб қолади» деб ачиниб гапираётган эди.
Қизил уй эгалари вафот этгач, узоққа олиб борилмай ўша Қизил уй орқасигаёқ кўмиб қўйишади. Аммо Оқ уйда урф-одат бошқача экан. Оқ уйга келган ҳамма хўжайин бир жойга дафн қилинмас экан. Ҳар ким ўз туғилиб ўсган шаҳрига қайтарилиб, ўша ерга дафн қилинармиш. Вашингтон қабри бир жойда, Линколнники бошқа жойда, Рейганники яна бошқа бир жойда.
Подшоҳлар қабри ва дафн маросимини кўриб одамлар таъсирланади. Яқинда вафот этган нефт салтанатининг қироли Фаҳд ибн Абдулазиз Оли Сауднинг дафн маросими ва оддий қабрини кўриб ғарблик насоролар руҳонийси Исломни қабул қилган экан. Унинг таъсирланган жойи шуки, қирол бўла туриб оддий кафанга ўралади ва қабри безатилмайди. Зуҳду тақво, таркидунёга чақирувчи насоро руҳонийси ўлганда эса, дабдаба-ю асъасани кўринг. Бу ҳол унга қаттиқ таъсир қилиб Исломга киришига туртки бўлади. Эндиги навбат шаҳримиздаги қабристон зиёратига.

Ривоят қилинишича, ҳазрати Али разияллоҳу анҳу қабристонга келиб, қабр аҳлига нидо қилган эканлар: «Хотинларинг эрга тегиб кетди. Молларинг меросхўрлар орасида тақсимланди. Фарзандлар ўз фарзанди билан овора. Уй-жойлар бўлинган, от-уловлар минилган, қаровсиз, эгасиз нарса йўқ. Биздаги бор гап шу, сизларда нима гап?!» Бу ўн тўрт аср олдинги нидо эди. Биз йигирма биринчи асрнинг замондошимиз дафн қилинган қабри пойида ҳазрати Алидек айни шу нидони қилолмаймиз. Ахир орадан қанча вақт ўтди. Тил ўзгарди, дил ўзгарди. Дин, эътиқод, ахлоқ-одоб, урф-одат, турмуш, ҳаёт ўзгарди. Деярли ўзгармаган нарсанинг ўзи қолмади. Шунга яраша таъбир ҳам ўзгарган. Бизнинг аҳли қабрга бўлган хитобимиз ҳам аввалгиларга ўхшамас. Ҳар бир қабр пойида алоҳида садосиз хитоб, алоҳида сассиз итоб.

«Хотинингиз сиздан кейин эрга тегмади. Иддаси чиқмаёқ Тайванга кетиб қолди. «Тижоратга кетяпман», дейди-ю, лекин юк олиб кетганини ёки юк олиб келганини кимса кўрган эмас. Молингизни қаерга беркитганингизни ҳеч кимга айтмай кетган экансиз, қидиравериб уйни ағдар-тўнтарини чиқариб юборишди. Банкдаги ҳисоб дафтарингизни ҳам топишолмади. Дафнингиз кечикиш сабаби ҳам шу. Ҳамма қидир-қидир билан овора бўлиб, сиз совуқ уйда анча қолиб кетдингиз. Кимдир «дадаларинг фалончихоннинг домига қатнаб турарди. Пулни ўша ерга беркитган бўлиши мумкин» деб қолди. Ҳамма дув этиб айтилган жойга чопди. Эшик берк. Шовқин-суронни эшитиб қўшни чиқиб қолди.[14]

 – Бўлди, эшикни тепаверманг. Уй сотилган, эгаси кўчиб кетган. Бу ердаги жувон кетиб биз ҳам тинчиб қолдик.

– Қаёққа кетган?

– Ким билади, бизга айтиб кетармиди?!

Ҳамма аламзада, шумшайиб орқага қайтади…

Ўғилларингиз ўзингизга тортган, қизлар онасига…Машина қиморга бой берилди. Ҳовли-жой талаш… Биздаги бор гап шу, сизларда нима гап?»

Аслида бу каби хитоб дуруст эмас. Беадабгарчилик ҳисобланади. Бечоранинг ўз ташвиши ўзига етарлидир. Тупроқ устидагиларнинг ташвишини эслатиш «ўлганнинг устига тепган» бўлмасин.

Ҳар қандай хитоб ва нидони йиғиштириб, жимгина, фақат ибрат кўзини катта очиб қабристон аҳли билан танишайлик. Улар билан нидосиз суҳбат ўтказиб ибратланайлик.

Вафот этган кишини руҳини шод этадиган амаллар:

Қуръон ўқиб савобини унинг руҳига бағишлаш, дуойи хайрлар қилиш, эҳсон ва садақалар улашиш кабилардир.

            Шунингдек қабристонларни қаровсиз қолдирмаслик, балки уларни обод ва озода зиёратгоҳларга айлантириш айни савобли ва ибратли ишлардандир[15]. 

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот
маркази Кадрлар бўйича инспектори
Ш.Алимов
[1] Қабристон зиёрати одоби, Мирзо Ахмад Хушназар, Т., «Мовароуннаҳр» 2005 й.
[2] Қабристон зиёрати одоби, Мирзо Ахмад Хушназар, Т., «Мовароуннаҳр» 2005 й.
[3] Қуръони карим маънолари таржимаси, Абдулазиз Мансур Т.,»Шарқ»,2004 йил
[4] Қабристон зиёрати одоби, Мирзо Ахмад Хушназар, Т., «Мовароуннаҳр» 2005 й.
[5] Диний бағрикенглик ва мутаассиблик, ТИУ нашриёт-матбаа бирлашмаси, Т., 2007 й.
[6] (Фатовои Ихтиёр)дар
[7] Саҳиҳул Бухорий
[8] Сунан Термизий
[9] Саҳиҳул Бухорий
[10] У.Алимов.»Сўраган этингиз» 47-сон, 26.11.2008 й.
[11] У.Алимов.»Сўраган этингиз» 47-сон, 26.11.2008 й.
[12] Саҳиҳ Муслим
[13] Қуръони карим маънолари таржимаси, Абдулазиз Мансур Т.,»Шарқ», 2004 йил
[14] www.islom.uz
[15] Ҳидоят журнали,

Check Also

ШАМСУЛ АИММА ҲАЛВОНИЙ ҚАЛАМИГА МАНСУБ АСАРЛАР

Абдулазиз ибн Аҳмад ибн Наср ибн Солиҳ Ҳанафий Бухорий ал-Ҳалвоний (ваф. 448/1056-1057) ижтимоий-сиёсий фаолияти учун …