Home / МАҚОЛАЛАР / Адашган фирқаларга раддия беришда алломаларимиз илмий меросининг аҳамияти

Адашган фирқаларга раддия беришда алломаларимиз илмий меросининг аҳамияти

Ҳозирги вақтда фаолияти кузатилаётган диний-экстремистик оқимлар қарашларидаги аксар унсурлар асосан VII-IX асрларда вужудга келган хорижия, муътазилия, қирмития, қадария, жабария каби тоифалар ғояларининг инъикоси дейиш мумкин.

 Бинобарин, ўз даврида юртимиздан чиққан алломаларимиз асарлари билан калом илми бўйича ҳар бир масалада қарашларини билдириб, нақлга таянган ҳолда уларга илмий асосларга эга раддиялар берганлар. Бундай олимлар орасида мотуридия ақидаси ғояларига мувофиқ асарлар яратган насафлик буюк алломаларимизнинг илмий, маънавий, амалий мероси алоҳида аҳамиятга эга

Масалан Абу-л-Муин Насафий (1027-114) 15 га яқин асар ёзган бўлса-да, бизгача улардан фақат учтаси (“Табсирату-л-адилла”, “Баҳру-л-калом фи илми-л-калом”, “Ат-Тамҳид ли-қавоиди-т-тавҳид”) етиб келган ҳисобланади. Бу асарларнинг барчаси калом илмига тааллуқли бўлиб, уларда ҳанафия фиқҳий мазҳабига таянган мотуридия ақидавий мактаби ғоялари ёритилган. Айни пайтда экстремистик руҳдаги оқимлардан “Ҳизбу-т-таҳрир”нинг ақидавий масалаларга дахлдор муҳим қарашларидан бири қабр азобини инкор этишидир. Уларнинг ушбу иддаоси ўз қарашларидаги оҳод ҳадисларни инкор этишлари натижасида келиб чиққан.

Тарихдан маълумки, айни шу масала ҳақида сўз юритувчи мутакаллимлар қабрдаги азобни инкор қилиш ва тан олиш ўртасида ихтилофга борганлар. Зирор ибн Умар ва Бишр Марисий ва у сингари баъзи муътазилийлар қабр азобини, оғриқ ва лаззатни ҳаётсиз тасаввур қилиб бўлмаслиги сабаб, инкор қиладилар. Карромий Абу-л-Ҳасан Солиҳий ва Ибн Жарир Табарий маййитга ҳаётсиз ҳам азоб берилишини таъкидлайди.

Абу-л-Муин Насафий наздида ҳаёт илмнинг шарти. Ҳаётда илмсиз оғриқ ёки қувонч бўлмайди. Маййитга Аллоҳнинг инояти билан маълум даражада ҳаёт қайтарилиб, ўшанга нисбатан азоб берилади. Насафий азоб вақтида маййитнинг ақли ўзи билан бўлишини таъкидлайди. Чунки ҳаётсиз ақл мавжуд бўлмайди. “Парвардигоро, Сен бизларни икки бор ўлдирдинг ва икки бор тирилтирдинг ” ояти ушбу фикр учун далил бўлиб, маййит қабрда тирилади. Бундан ташқари, руҳни маййитга қайтармасдан туриб ҳам ҳаётдан бир кўриниш ҳосил қилиш мумкин. Қабр азобининг ҳақлиги “Қабр ё жаннатнинг боғларидан бир боғ, ёки дўзахнинг хандақларидан бир хандақдир”  ҳадиси шарифи билан ҳам далилланади.

Демак, қабр азоби ҳақ ва у муслим учун жоиз, кофир учун эса вожиб. Калом илмига оид масалалардан яна бири имомат бўлиб, унга кўра имом фақат диний раҳбар бўлиб қолмасдан, у дунёвий давлат бошлиғи ҳамдир. Шундай экан, унга бўйсуниш зарур. Давлат раҳбарига қарши чиқиш боғийлик ҳисобланиб, Насафий ўз даврида халафия фирқаси илгари сурган “жиҳод” масаласига муносабат билдириш жараёнида боғий ҳақидаги фикрларини баён қилган. Аллома шундай дейди: “Мусулмонларнинг қонини тўкиш ҳаром. Боғий эса ўлимга маҳкум”. Насафий урушни тўхтатган боғийни тирик қолдириш лозимлигини уқтириб, ўз фикрига далил сифатида “Агар мўминлардан икки тоифа ўзаро уришиб қолсалар, дарҳол улар ўртасини ислоҳ этингиз ” оятини келтиради.

Бу фикрлардан хулоса чиқарсак, ҳозирги кунда фаолият кўрсатаётган аксар диний-сиёсий оқимлар қарашларининг асослари ўрта асрларда шаклланган бўлиб, ўз даврида бундай ёт ғояларга қарши нақл ва ақлга суянган ҳолда курашган калом илми алломалари илмий-маънавий меросидан бугунги кунда ҳам самарали фойдаланиш мақсадга мувофиқдир.

 
Абдуллаев Бекназар
Хазорасп тумани “Шайх Ҳусайин бобо” масжиди имом хатиби

Check Also

ЎЗБЕКИСТОНДА ДИНИЙ-МАЪРИФИЙ СОҲАДА ХАЙРИЯ ВА ҲОМИЙЛИК ФАЗИЛАТЛАРИ: “ВАҚФ” ХАЙРИЯ ЖАМОАТ ФОНДИ ФАОЛИЯТИ МИСОЛИДА

Маълумки, хайрия ва ҳомийлик қадриятлари Ўзбекистон тарихининг турли даврларида турли кўринишларда акс этиб, ҳар хил …